Главная » Статьи » Avtoolam

Машиналарнинг ишончлилиги ва уларни таъмирлаш

 

 

 

 

 

Ҳозирги замон деҳқончилик-саноат мажмуасини ривожлантиришнинг асосий йўналиши уни янада механизациялаш, электрлаштириш ва автоматлаштиришдан иборат. Бу йўналишнинг асосини машиналар тизими ташкил этади. Мазкур вазифани бажариш учун машиналарнинг ишончлилигини ошириш ва машина трактор паркида таъмирлаш, хизмат кўрсатиш ҳамда сақлаш базасини яратиш зарур. Бу паркдан юксак унумдорлик билан фойдаланишни таъминлаши лозим.

Тракторлар, пахта териш машиналари, автомобиллар ва бошқа қишлоқ хўжалик машиналари фойдаланиш чоғида ҳар хил ташқи таъсирларга учрайди. Натижада лойиҳалаш ва тайёрлаш жараёнида киритилган ишончлилик, бузилмасдан ишлаш, чидамлилик, таъмирлашга яроқлилик ҳамда сақланувчанлик кўрсаткичлари пасаяди. Бунга машиналар деталларида турли хил нуқсонлар пайдо бўлиши ва уларнинг ейилиши сабаб бўлади.

Техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашнинг режали олдини олиш тизими машиналарни ишга яроқли ҳолатда тутиб туриш учун хизмат қилади. Техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш тизими дегандаилмий асосланган ташкилий, техник, технологик ва иқтисодий тадбирлар мажмуи, шунингдек, қишлоқ хўжалик машиналарининг ишга яроқли ҳолатда тутиб туриш ҳамда тиклашни таъминлайдаган воситалар тушунилади.

Техник хизмат кўрсатиш. Техник хизмат кўрсатиш машиналардан фойдаланиш ва уларни сақлаш чоғида уларни соз ҳолатда тутиб туриш учун бажариладиган ишлар мажмуидир. Бу ишлар бузилишини олдини олиш характерига эга бўлиб, машинадан фойдаланиш бутун даври мобайнида даврий равишда амалга оширилади.

Техник хизмат кўрсатиш ювиш, тозалаш, назорат қилиш, диагностика, ростлаш, мойлаш,суюқлик билан тўлдириш, маҳкамлаш, монтаж-демонтаж қилиш, сақлашга тайёрлаш ишларини ўз ичига олади. Техник хизмат кўрсатишда машинанинг айрим таркибий қисмлари алмаштирилиши мумкин.

Машиналарга техник хизмат кўрсатишнинг  турлари маълум:

Ҳар сменада техник хизмат кўрсатиш;

Техник хизмат кўрсатишнинг рақамли турлари (1,2,3-ТХК);

Мавсумий техник хизмат кўрсатиш;

Алоҳида шароитларда фойдаланишда техник хизмат кўрсатиш;

Ишлатиб кўришда техник хизмат кўрсатиш;

Сақлаш чоғида техник хизмат кўрсатиш.

  Таъмирлаш – ишлаш қобилиятини тиклаш мақсадида машинанинг нуқсонларини бартараф этиш ишлари мажмуидир.

Машиналар таъмирлаш корхоналарида таъмирланади. Бу корхона машинасозлик корхонасининг бир тури бўлиб, унда машинанинг яхши ишлаш қобилиятини йўқотган, аммо ҳали таъмирлашга яроқли бўлган ҳамда ушбу ишлаб чиқариш учун асосий деталлар вазифасини бажарадиган қисмлари техник шартларга мувофиқ тарзларда таъмирланади.

Таъмирлар икки турда олиб борилади:

  1. Жорий таъмирлаш;
  2. Капитал таъмирлаш.

Жорий таъмирлаш. Машина, агрегат, узелнинг ишлаш қобилиятини таъминлаш ёки тиклаш учун ҳамда уларнинг айрим қисмларини алмаштириш мақсадида жорий таъмирлаш ўтказилади.

Олдини олиш характеридаги жорий таъмирлаш асосан берилган маркадаги машиналар учун белгиланган техник хизмат кўрсатишнинг муайян тури билан бирга бажарилади. Ишламай қолиш оқибатлари эса бу нуқсон пайдо бўлганидан ва сабаблари аниқланганидан кейин бартараф этилади.

Жорий таъмирлаш унинг мураккаблигига қараб машинадан фойдаланиладиган жойнинг ўзида ҳам, махсус техник хизмат кўсатиш устахоналари ва станцияларида ҳам амалга оширилади.

Капитал таъмирлаш. Капитал таъмирлаш деганда машинанинг исталган қисмларини, шу жумладан, баъзи қисмларини алмаштириш ёки тиклаш йўли билан буюмнинг ресурсини тўлиқ ёки шунга яқин даражада тиклаш ҳамда созлигини тиклаш учун бутун машинани таъмирлаш тушунилади. Машинани агрегат ёки бошқа таркибий қисмини капитал таъмирлаш шунга кўра фарқланади.

Капитал таъмирлашда  қуйидаги ишлар бажарилади: машина, унинг агрегатлари ва узеллари деталларга ажратилади. Нуқсонли деталлар таъмирланади ёки алмаштирилади, машина йиғилади, ростланади, аста-секин ишга солинади, бўялади, синалади.

Ишлаш қобилияти–машинанинг шундай ҳолатики, бунда машина берилган вазифаларни техник ҳужжатлар талабларига мос келувчи параметрлар бўйича бажара олади.

Машинанинг ишлаш қобилияти кўп жиҳатдан ундаги йиғиш бирликлари, агрегатлар, қисмлар ва деталларнинг ишончлилигига боғлиқ.

 Ишончлилик–машинанинг берилган вазифаларни белгиланган иш кўрсаткичлари қийматларини сақлаган ҳолатда техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва ташиш тартиботлари шартларига мос келган ҳолда бажариш хусусияти. Ишончлилик комплекс хусусият бўлиб,объектнинг вазифасига ва ундан фойдаланиш шароитига қараб бузилмасдан ишлаш, чидамлилик, таъмирлашга яроқлилик ва сақловчанликни алоҳида-алоҳида ёки биргаликда цз ичига олиши мумкин. Ишончлиликка оид атамалар ГОСТ – 27, 002-83 да белгиланган.

         Бузилмасдан ишлаш – машинанинг қандайдир ҳажмдаги ишни бажаргунга қадар ўзининг ишлаш қобилиятини мажбурий танаффусларсиз сақлаш хусусияти. Ишламай қолиш деганда ишлаш қобилиятининг бузилишидан иборат бўлган ҳодиса тушунилади.

Чидамлилик – машина, агрегат, узел, туташманинг ўзининг ишлаш қобилиятини охирги ҳолатгача сақлаш хусусияти. Буюмнинг охирги ҳолати бундан кейин ундан фойдаланиш мумкин эмаслиги, самарадорлигининг пасайиши ёки хавфсизлик талабларининг бузилиши билан белгиланади. Чидамлилик кўрсаткичлари машинанинг ундан фойдаланила бошлангандан то ҳисобдан чиқарилгунга қадар бўлган хизмат муддати ёки ресурси киради.

Таъмирлашга яроқлилик – машинага техник хизмат кўрсатиши ва таъмирлаш йўли билан ишламай қолиши ҳамда нуқсонларининг олдини олиш, аниқлаш ва бартараф этишга мослашганлигидан иборат.

Сақловчанлик- буюмнинг ўз иш кўрсаткичларини сақлаши ва сақланиш муддати давомида ва бу муддат тугагандан кейин ҳам техник ҳужжатларда кўрсатилган қийматларда сақланиб туриш хусусияти.

Бажарган иши – объектнинг ишлаш давомийлиги ёки ҳажми. Агар объект танаффуслар билан ишлайдиган бўлса, у ҳолда жами бажарилган иши ҳисобга олинади. Объектнинг бажарган иши вақт, узунлик, майдон, ҳажм, масса ва бошқа бирликларда ўлчаниши мумкин. Ушбу атама ГОСТ 27.002-83 га киритилган.

Ишламай қолгунга қадар бажарган иши – таъмирланаётган буюмнинг ишламай қолишлар оралиғида бажарган ишининг ўртача қиймати. Мазкур атама ГОСТ 27.002-83 га киритилган.    

Носозлик – буюмнинг шундай ҳолатики, бунда у техник ҳужжатлардаги талабларнинг лоақал биттасига ҳам мос келмайди. Бу атама ГОСТ 27.002-83 га киритилган.

Ишламай қолиш – объектнинг ишлаш қобилияти бузилишидан иборат бўлган ҳодиса. Ишламай қолиш меъёри мезонларини белгиловчи – техник ҳужжатларда келтирилади. Турли камчиликлар, фойдаланиш қоидалари ва меъёрларининг бузилиши, турли хил шикастланишлар, шунингдек, табиий ейилиш ва эскириш жараёнлари ишламай қолишларга сабаб бўлади.

Хизмат муддати – объект ишлатила бошлангандан ёки капитал таъмирлангандан то техник ҳужжатларда изоҳланган охирги ҳолатга келгунга  ёки ҳисобдан чиқарилгунга қадар  календар ишлаш давомлилиги.

Ресурс – буюмнинг техник ҳужжатларда изоҳланган охирги ҳолатга қадар бажарадиган иши. Биринчи таъмирлашгача бўлган ресурс, таъмирлашлараро ресурс, белгиланган ресурс ва бошқа ресурслар фарқланади.

Таъмирлараро хизмат муддати ёки таъмирлараро ресурс – таъмирланган машинанинг техник ҳужжатларда изоҳланган охирги ҳолат юзага келгунга қадар бажарадиган иши. Охирги ҳолат юзага келганда машиналар таъмирланади ёки агрегатлари алмаштирилади.

Деталь – номи ва маркаси бир хил бўлган ашёдан йиғиш ишларини бажармасдан тайёрланган буюмдир. Лемех, тирсакли вал, поршен бармоғи, поршен ҳалқаси, болт, гайка ва шу кабилар  деталларга мисол бўла олади.

Йиғиш бирлиги–йиғиш жараёнида таркибий қисмлари ўзаро бириктирилган буюм. Йиғиш бирликларига двигатель, узатмалар қутиси ва бошқалар мисол бўла олади.

Буюмнинг охирги ҳолати бундан кейин ундан фойдаланиш мумкин эмаслиги ёки самарадорлигининг пасайиши ёҳуд хавфсизлик талабларига кўра белгиланади ва техник ҳужжатларда изоҳланади.

Масалан, агар деталь машинанинг иш органи бўлса, бу ўзгаришлар машинанинг иш сифати пасайиши, шунингдек, ишқаланувчи деталларининг жадал ейилишига олиб келади. Шу билан бирга машинанинг маҳсулот бирлигини ишлаб чиқаришга сарфлайдиган қуввати, ашёларни сарфлаши ва шу каби иш кўрсаткичлари ҳам ўзгариши мумкин.

Одатда, охирги ҳолат ишламай қолишдан иборат бўлиб, уларнинг рўй бериши у ёки бу иш бирлигининг ресурслари тугаганлигини билдиради. Камида шундай икки ҳолат мавжудки, бу ҳолатларга кўра мезонларни бирмунча умумлашган тарзда бериш лозим.

Биринчи ҳолат шу билан боғлиқки, охирги ҳолат мезони йиғиш бирлигини капитал таъмирлашга жўнатиш зарурлигини билдирувчи мезондан бошқа нарса эмас. Тракторлар агрегатлари учун улар бажарган ишнинг миқдори мезон бўлиб хизмат қиладики, шу пайтда капитал таъмирлашга жўнатилса, бутун хизмат муддати мобайнида қилинадиган халқ хўжалик ҳаражатлари энг кам бўлади.

Иккинчи ҳолат эса шу билан боғлиқки, муайян агрегатнинг охирги ҳолати мезонини аниқлаш учун фойдалана бошлангандан бери жами қилинган ҳаражатлар функциясини билиш керак бўлади. Ўз навбатида, бундай функция охирги ҳолат тушунчасини янгича талқин қилади.   

Тракторлар, пахта териш машиналари ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги машиналарининг охирги ҳолати ҳамда йиғиш бирликлари қуйидагилар билан ифодаланади:

  1. Машинанинг биринчи ёки навбатдаги таъмирлашга бўлган талаби билан;
  2. Машинани ҳисобдан чиқаришнинг мақсадга мувофиқлиги билан;
  3. Машина тузилишининг маънавий эскириши билан;

Шунга кўра машинанинг ёки йиғиш бирлигининг чидамлилиги қуйидаги турларга бўлинади:

  1. Таъмирлашгача, яъни фойдаланила бошлангандан то биринчи таъмирлашгача бўлган чидамлилик;
  2. Таъмирлашлараро, яъни аввалги таъмирлашдан то навбатдаги таъмирлашгача бўлган чидамлилик;
  3. Тўлиқ, яъни фойдаланила бошлангандан то ҳисобдан чиқарилгунга қадар бўлган чидамлилик;

«Ишончлилик даражаси» деганда тайёрлаш вақтида машинага киритилган ва у ишлаганда сарфланадиган ҳамда таъмирлаш жараёнида тикланадиган бузилмасдан ишлаш, чидамлилик, таъмирлашга яроқлилик ва сақловчанлик каби барча кўрсаткичлар мажмуи тушунилади.

Машинанинг ишончлилик кўрсаткичининг юқорилиги унинг нархига эквивалент бўлиб, умумлашган тарзларда пул бирликлари ўлчамларида берилиши мумкин.

Машинадан фойдаланиш жараёнида унинг ишончлилик даражасининг пасайиб бориши эскириш деб аталади. Машина ёки йиғиш бирлиги эскиришининг асосий кўрсаткичлари ишончлилигининг пасайиш тезлиги ортиши ҳамда таъмирлашлараро ресурсининг камайишидан иборат.

Академик А.И. Селиванов ҳар бир машинада элементларнинг икки гуруҳини ва унинг ишга яроқлилигининг икки ташкил этувчисини фарқ қилишини таклиф этади.

Машина ишлётганда конструктив элементларнинг зарур боғланишини ёки меъёрида ишлашини таъминлайдиган барча элементларга ноконструктив элементлар деб айтилади. Бундай элементларга машинанинг ишлаб чиқаришдаги хизмат вазифаларини бажаришга яроқли ҳолатга келтирадиган йиғиш, ростлаш, бўяш, мойлаш ва бошқа жараёнлар киради.

 Машинанинг яроқлилиги деганда унинг ўз вазифаларини ёки берилган жараённи ишлаб чиқаришдаги энг мақбул хизмат муддати мобайнида рухсат этилган четлашишлар доирасида бажариш хусусияти ҳамда потенциал имкониятлари тушунилади.

Машинанинг яроқлилиги қисмларга ажратилади, улардан ҳар бири қандайдир конструктив ёки ноконструктив элементнинг яроқлилигини ифодалайди.

Яроқлилик тушунчасини жорий этиш фойдаланиш ва эскириш жараёнида машинанинг умумий аҳволини таҳлил қилишга, машинадан фойдаланишнинг бошидан то охиригача ана шу аҳволнинг ўзгаришини кузатиб боришга имкон беради. Машинани ташкил қилувчи алоҳида элементларнинг хизмат муддатлари доирасида ҳам шу тарзда таҳлил қилиш мумкин.

 

 

 

Категория: Avtoolam | Добавил: azizjon_ibragimov (14.10.2015)
Просмотров: 2923 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar