Главная » Статьи » Iqtisod va Moliya

Ижтимоий-иқтисодий тараққиёт босқичлари ва уларни билишга бўлган турлича ёндашувлар

Кишилик жамияти ишлаб чиқариш муносабатлари ва ишлаб чиқарувчи кучларнинг ўзаро бирлиги ва зиддияти асосида тараққий этиб бориб, унинг турли босқичларига ўзига хос бўлган иқтисодий тизимлар мувофиқ келади. Инсоният тараққиёти босқичлари ва ҳар бир босқичга хос бўлган иқтисодий тизимларни ўрганиш иқтисодий жараёнларни, уларни ўзгарувчан эканлигини билишда муҳим аҳамиятга эгадир.

Тараққиёт босқичларини билишда турли хил ёндашувлар мавжуд бўлиб, улардан асосийлари сифатида қуйидагиларни ажратиб кўрсатиш мумкин:

- тарихий-формацион ёндашув;

- маданийлашиш (цивилизация) даражаси жиҳатдан ёндашув;

- техника ва технологик тараққиёт даражаси жиҳатидан ёндашув;

- социал-иқтисодий шакллар ўзгариши жиҳатидан ёндашув.

Ижтимоий тараққиёт босқичларини билишга тарихий-формацион ёндашувда ишлаб чиқаришнинг ижтимоий усуллари ва унинг таркибий қисмларини таҳлил қилишга эътибор берилган.

Ишлаб чиқариш усули ишлаб чиқарувчи кучлар ва ишлаб чиқариш (иқтисодий) муносабатларининг бирлигидан иборат. Ишлаб чиқаришнинг шахсий ва моддий омиллари, яъни ишчи кучи билан ишлаб чиқариш воситалари биргаликда жамиятнинг ишлаб чиқарувчи кучларини ташкил қилади. Бошқача айтганда, ишлаб чиқарувчи кучлар – бу ижтимоий ишлаб чиқариш жараёнида кишилар билан табиат ўртасидаги боғланишни амалга оширувчи шахсий ва техник-буюмлашган элементлар тизимидан иборат. Ишлаб чиқарувчи кучларнинг ривожланиш даражаси ижтимоий тараққиётнинг энг муҳим мезони ва умумий кўрсаткичидир.

Одамлар ишлаб чиқариш жараёнида фақат табиат ашёлари ва бошқа моддий ашёлар билан эмас, шу билан бирга ўзаро бир-бири билан ҳам муносабатларда бўладилар, яъни ишлаб чиқариш муносабатларига киришадилар. Бунда ишлаб чиқаришда таркиб топадиган ташкилий-иқтисодий ва ижтимоий-иқтисодий муносабатлар бир-биридан фарқ қилади. Ташкилий-иқтисодий муносабатлар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш жараёнида вужудга келади. Мазкур муносабатлар кишилар ўртасидаги алоқалар сифатида намоён бўлиб, шу билан бирга ишлаб чиқариш ҳолатини бевосита тавсифлайди, ишлаб чиқарувчи кучлар тараққиёти муайян босқичларининг хусусиятларини ва уларнинг ижтимоий уйғунлашувини акс эттиради. Бу масалан, меҳнат тақсимоти, уни ихтисослаштириш ва кооперациялаш, ишлаб чиқаришнинг тўпланиши ва уйғунлаштирилишидир.

Ишлаб чиқариш ҳар доим муайян ижтимоий шаклга эга бўлади. Бу ижтимоий шакл ижтимоий-иқтисодий муносабатларни вужудга келтиради, уларнинг моҳияти ва асосини ишлаб чиқариш воситаларига мулкчилик муносабатлари ташкил этади.

Ижтимоий-иқтисодий муносабатлар – бу кишилар учун зарур бўлган ҳаётий неъматларни ишлаб чиқариш, тақсимлаш, айирбошлаш ва истеъмол қилиш жараёнида вужудга келадиган муносабатлардир. Улар такрор ишлаб чиқариш муносабатлари ёки иқтисодий муносабатлар деб ҳам аталади.

Ишлаб чиқарувчи кучлар ривожининг муайян даражаси ишлаб чиқариш муносабатларининг у ёки бу турини тақозо қилади. Муайян тараққиёт даражасидаги ишлаб чиқарувчи кучлар ва ишлаб чиқариш муносабатлари муайян турининг бирлиги ва ўзаро таъсири ишлаб чиқариш усулини ташкил этади.

Ишлаб чиқариш муносабатлари фақат ишлаб чиқарувчи кучлар билангина ўзаро алоқада бўлиб қолмайди. Улар бир вақтда базис ҳам ҳисобланиб, унинг устида ишлаб чиқариш муносабатларининг ушбу тизимига хос бўлган алоҳида сиёсий, ҳуқуқий, мафкуравий, миллий, оилавий ва бошқа ижтимоий муносабатлар ҳамда тартиботларнинг алоҳида турлари қад кўтаради. Ана шуларнинг йиғиндиси жамиятнинг устқурмасини ташкил этади. Сиёсат, ҳуқуқ, аҳлоқ ва устқурманинг бошқа элементлари ҳам фаол рол ўйнайди, ўзларини вужудга келтирган ишлаб чиқариш муносабатларига, улар орқали эса жамиятнинг ишлаб чиқарувчи кучларига ҳам акс таъсир кўрсатади.

Бу ерда икки ҳолатга эътибор бериш муҳим. Биринчидан, ишлаб чиқариш муносабатлари мустақил, алоҳида тизимни ташкил қилмайди. Улар ишлаб чиқарувчи кучлар билан ҳам, шунингдек устқурма билан ҳам ҳар доим ўзаро таъсирда бўлади. Иккинчидан, турли формацияларда ўзига хос ишлаб чиқариш муносабатлари амал қилади ва бу эса ҳар бир формацияга мос келувчи ишлаб чиқариш усулини белгилаб беради.

Инсоният жамияти тарихида бир-бири билан изчил алмашиниб турган қатор ишлаб чиқариш усуллари ва шунга мувофиқ ижтимоий-иқтисодий формациялар ажралиб туради.

Ишлаб чиқариш усуллари алмашинишининг классик намунаси европада намойиш қилинган деб ҳисобланади. европа ҳудудида бир-бири билан алмашиниб, ибтидоий жамоа, қулдорлик, феодал ва капиталистик муносабатлар изчил таркиб топди. Бошқа қитъаларга келганда эса, бу ерда капитализмгача бўлган даврда мана шу марраларнинг ҳаммаси аниқроқ қайд  этилган. Осиё, Африка, Австралияда европа мустамлакачилигининг таъсири сезилади. Адабиётларда Осиёча ишлаб чиқариш усули деб аталмиш усул ҳақида ҳам қайд қилинади. Бу усулнинг шаклланишида мамлакатларнинг катта туркумига хос бўлган ишлаб чиқарувчи кучлар ва ишлаб чиқариш муносабатларининг суғориш тизимларини марказлаштирилган тарзда тартибга солиб туриш ва давлатнинг ана шу шароитларда алоҳида роли билан боғлиқ сифат хусусиятлари акс этади.

Иқтисодий фанда ижтимоий тараққиётни цивилизациянинг тарихий ривожланиш типлари натижаси сифатида ўрганиш ҳам муҳим ўрин тутади.

 «Цивилизация» сўзи лотинчада фуқароларга оид, ижтимоий деган маъноларни англатади. Бу тушунча фанга француз файласуфлари томонидан нисбатан яқин вақт – икки аср олдин киритилган бўлиб, тафаккур ва эркинлик ҳукмрон бўлган жамиятларни тавсифлаш учун қўлланилган. Умуман олганда цивилизация ривожланган мамлакатлардаги иқтисодий ва ижтимоий-ҳуқуқий муносабатларнинг оқилона ташкил этилган тузуми сифатида талқин этилади.

Жамият тараққиётини цивилизация нуқтаи-назаридан ўрганишда цивилизацияларнинг алмашуви назарияси муҳим ўрин тутади. Бу назария тарафдорлари қуйидаги 7 та босқичдан иборат цивилизацияни ажратиб кўрсатадилар:

  1. давомийлик муддати 30-35 асрни ўз ичига олган неолит даври; 
  2. давомийлик муддати 20-23 асрни ўз ичига олган шарқий қулдорлик даври (бронза асри);
  3. давомийлик муддати 12-13 асрни ўз ичига олган антик давр (темир асри);
  4. давомийлик муддати 7 асрни ўз ичига олган эрта феодал даври; 
  5. давомийлик муддати 4,5 асрни ўз ичига олган индустрлашишдан олдинги давр; 
  6. давомийлик муддати 2,5 асрни ўз ичига олган индустриал даври;
  7. давомийлик муддати 1,3 асрни ўз ичига олган юқори индустрлашиш даври.[1]     

Бу қайд қилинган босқичлардан кўриниб турибдики, ушбу назарияда турли қарашлар ва ёндашувларни аралаштириш ҳолатига йўл қўйилиб, жамият тараққиёти босқичларини ажратишнинг аниқ бир мезони ёки белгиси мавжуд эмас.

Жамият тараққиёти босқичларига технологик ёндашув ҳам маълум бир оқим хисобланади. Улар жамият тарихий тараққиёти давомида рўй бераётган ўзгаришлар кўлами ва тавсифини яхшироқ тушуниб олиш учун ишлаб чиқаришнинг турли технологик усулларини таҳлил этиш, машиналашган ишлаб чиқаришнинг вужудга келиши ва ривожланиш тарихига мурожаат қилиш зарур деб ҳисоблайдилар.

Меҳнат воситалари, материаллар, технология, энергия, ахборотлар ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш билан биргаликда ишлаб чиқаришнинг технологик усули дейилади.

Улар ўртасидаги чегараларни жамият тараққиёти тарихининг йирик босқичлари ажратиб туради. Бир технологик ишлаб чиқариш усулидан бошқасига ўтиш асосан меҳнат воситаларининг тавсифидаги ўзгаришлар, фан ва техника тараққиёти билан белгиланади.

Ишлаб чиқариш технологик усулларининг дастлабки учта босқичлари алоҳида фарқланади. Булар оддий кооперация, мануфактура ва машиналашган ишлаб чиқариш. Оддий кооперация – бу бир хил ишни ёки хизмат вазифасини бажарувчи ходимларнинг энг оддий шаклидаги уюшиши, биргалашиб маълум тартиб асосида ишлайдиган кишилар гуруҳидир. Кооперациянинг якка тартибдаги ҳунармандчилик ишлаб чиқаришига нисбатан афзалликлари қуйидагилар орқали намоён бўлади:

  1. кўплаб ишчиларнинг биргаликдаги меҳнати ишчи кучидаги алоҳида тафовутларнинг йўқолишига, уларнинг сифат жиҳатидан бир хилдалашувига олиб келди;
  2. бино ва иншоотлардан биргаликда фойдаланиш натижасида ёқилғи, ёритиш ва бошқа шу каби харажатларнинг кам сарфланиши маҳсулот бирлигига тўғри келувчи ишлаб чиқариш воситаларининг тежалишига олиб келди;
  3. биргаликдаги меҳнат беллашувни келтириб чиқариб, меҳнат унумдорлигини оширди.

Мануфактура – бу меҳнат тақсимотига асосланган, лекин машина ҳали мавжуд бўлмаган шароитдаги кооперациядир. Мануфактура даврида ишлаб чиқаришнинг умумлашув жараёни давом этади. Ялпи ишчи кучи таркиб топади, ҳар бир айрим ходим эса ялпи ишчи кучининг таркибий қисмига айланади. Бунда оддий кооперациядагидек қўл меҳнатига ва қўл меҳнатига асосланган қуролга таянади.

Мануфактура ихтисослаштирилган қурол ва асбоблар вужудга келтириб ҳамда ишчини тор операцияларни бажаришга боғлаб, йирик машиналашган ишлаб чиқаришга ўтиш учун зарур шарт-шароит тайёрлайди. Бу даврда ишлаб чиқаришни ташкил этиш, меҳнатнинг мазмуни ва тавсифида, ишлаб чиқаришнинг бутун технологик усулида, иқтисодий муносабатларда ва бутун ижтимоий ҳаётда ҳам туб ўзгаришлар рўй беради. ХВИИИ асрнинг сўнгги 30 йили ичида бошланган саноат революцияси натижасида йирик машиналашган ишлаб чиқариш вужудга келди.

Йирик машиналашган ишлаб чиқариш меҳнат тақсимоти ҳамда машинали меҳнатга асосланган кооперациядир. Фабрика ичидаги меҳнат тақсимоти тамомила машиналарнинг вазифалари билан белгиланади.

Фан-техника, технология ва ахборот тизимидаги ўзгаришларга қараб Р.Арон, Дж. Гелбрейт, У.Ростоу ва бошқа олимлар жамият тараққиёти босқичларини уч босқичга: индустрлашгангунгача бўлган жамият, индустрлашган жамият, юқори индустрлашган ёки ахборотлашган жамиятларга бўлиб ўрганишни тавсия этадилар.

Бунда улар индустрлашгангунгача бўлган жамиятнинг асосий белгилари сифатида: а) аҳолининг асосан қишлоқ хўжалиги билан бандлиги; б) қўл меҳнатининг ҳукмронлиги; в) меҳнат тақсимотининг жуда саёзлиги (деҳқончилик, чорвачилик, хунармандчилик, савдо, бошқарув ва бошқалар); г) натурал хўжаликнинг ҳукмронлигини кўрсатади.

Жамият тараққиётининг иккинчи муҳим босқичи индустрлашган жамиятнинг асосий белгилари деб: а) ишлаб чиқаришнинг машиналашганлиги; б) саноатнинг фан-техника ютуқлари асосида ривожланиши, унда ишчилар сонининг кўпайиши; в) шаҳар аҳолисининг қишлоқ аҳолисига қараганда кўпайиши ва бошқалар.

Тараққиётнинг учинчи муҳим босқичи юқори даражада индустрлашган жамиятнинг асосий белгилари: а) хизмат кўрсатиш соҳасининг юксак даражада ривожланиши; б) ишчи кучининг асосий қисми (60-70%) шу соҳада банд бўлиши; в) фаннинг бевосита ишлаб чиқарувчи кучга айланиши, фан ходимларининг ва малакали мутахассислар ролининг ошиши; г) иқтисодиётнинг ҳамма соҳаларида ва кундалик ҳаётда ахборот ва ҳисоблаш техникаларининг кенг қўлланилиши; д) товарлар ва хизматлар сифатига путур етказмасдан иқтисодий ресурсларнинг ҳамма турларини тежаш имконини берадиган янги техника ва технологияларнинг кенг қўлланилиши ва бошқалар.

Биз юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, техника ва технологиядаги ўзгаришлар жамият тараққиётида асосий ролни ўйнайди ва ташкилий, бошқарув тизимларининг, ишчи-хизматчилар таркибининг ўзгаришига, меҳнат унумдорлигининг ўсишига олиб келади. Лекин бу техник ўзгаришларга қараб бир томонлама ёндашув билан жамият тараққиёти қонунларини аниқлаб бўлмайди. Айниқса, иқтисодий тизимлар ва уларнинг характерини билишда ҳам техник ҳам ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларнинг биргаликда олиб, уларнинг ўзаро бир-бирига таъсирини ва шу диалектик алоқадорлик ва таъсир натижасида содир бўладиган тараққиёт қонунларини ўрганиш зарурдир.

Жамият тараққиётига, жумладан техника ва технологиянинг ривожига ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг кучли таъсирини шунда кўриш мумкинки, бир неча минг йиллаб ривожланмай ётган техника ва технология тараққиёти товар хўжалиги ва бозорнинг вужудга келиши билан гуркираб ўсиб кетди.

Техника тараққиётининг ҳамма босқичлари яъни оддий кооперация, мануфактура, машиналашган яъни индустрлашган ишлаб чиқариш, юқори даражадаги индустрлашган, ахборотлашган жамият босқичлари кейинги 250-300 йилга, яъни товар хўжалиги ривож топган даврга тўғри келади. Шунинг учун ҳам кейинги пайтда кўпгина иқтисодчилар жамият тараққиёти босқичларини иқтисодий тизимларга бўлиб ўрганадилар.

Категория: Iqtisod va Moliya | Добавил: azizjon_ibragimov (18.07.2016)
Просмотров: 1923 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar