Главная » Статьи » Iqtisod va Moliya

Mулкчиликнинг турли шакллари ва уларнинг иқтисодий мазмуни

Жамият ривожининг ҳозирги босқичида мулкчилик муносабатлари ўз ичига давлат мулкини, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва матлубот соҳаларидаги жамоа мулкининг хилма-хил турларини, ижтимоий ташкилотлар мулкини, уй хўжалиги ва шахсий томорқа хўжалиги ҳамда якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан боғлиқ бўлган меҳнаткашларнинг шахсий мулкини, ташқи иқтисодий муносабатлар соҳасидаги аралаш мулк шаклларини ва хусусий мулкларни олади.

Шу сабабли «Ўзбекистон Республикасининг мулкчилик тўғрисида»ги қонунида турли-туман мулклар қуйидаги мулк шаклларига киритилади: давлат мулки, жамоа мулки, хусусий мулк, шахсий мулк, аралаш мулк.

Мулкчилик турли шаклларининг мавжуд бўлиши ва уларнинг иқтисодий мезони, аввало, ишлаб чиқарувчи кучларнинг ривожланиши ва ишлаб чиқаришнинг умумлашуви даражаси билан боғлиқ. Шу билан бирга мулкчилик шакллари ишлаб чиқарувчи кучларнинг ҳолати, ижтимоий меҳнат тақсимоти ва ташкилий-иқтисодий муносабатларининг етуклик даражаси билан мос келиши зарур.

Давлат мулки – эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф қилиш давлат ихтиёрида бўлган мулк объектларидан иборат. Давлат мулки асосан икки йўл билан ҳосил бўлади:

1) хусусий мол-мулкни миллийлаштириб, давлат қўлига олиш;

2) давлат маблағлари ҳисобидан корхоналар қуриш, давлатга қарашли корхона ва ташкилотларда инвестицияларни амалга ошириш.

Давлат мулки ҳақиқатда ҳам халққа қарашли бўлган, бўлинмайдиган ёки умумий ресурслардан фойдаланиш учун жуда мосдир. Бунга мисол қилиб такрор ишлаб чиқариб бўлмайдиган табиий ресурсларни, йирик иншоотлар ва транспорт воситалари, йўллар каби иқтисодий тузилманинг каттагина қисмини кўрсатиш мумкин.

Ўзбекистонда Фуқаролик Кодексига мувофиқ давлат мулки Республика мулкидан ва маъмурий-худудий (муниципал) тузилмалар мулкидан иборат бўлади. ер, ер ости бойликлари, сув, ҳаво бўшлиғи, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар, республика хокимияти ва бошқаруви тузилмалари мол-мулки, давлатга қарашли маданий ва тарихий бойликлар, бюджет маблағлари, олтин захираси, валюта фонди ва бошқа давлат фондлари республика мулки ҳисобланади.

Маъмурий-ҳудудий (муниципал) тузилмалар мулкида давлат ҳокимияти маҳаллий органлари мол-мулки, маҳаллий бюджет маблағлари, муниципал уй-жой фонди ва коммунал хўжалиги корхоналари ва бошқа мулкий мажмуалар, халқ таълими, маданият, соғлиқни сақлаш муассасалари кабилар мол-мулки бўлади.

Жамоа мулки – муайян мақсад йўлида жамоага бирлашган кишилар томонидан моддий ва маънавий бойликларни ҳамжиҳатлик билан ўзлаштиришни билдиради. Жамоа мулки давлат мулкини корхона жамоаси сотиб олиши, бадал тўлаб корхона қуриши, акция чиқариб, уларни сотиш каби йўллар орқали пайдо бўлди. Жамоа мулкининг муҳим хусусияти шундаки, ишлаб чиқариш воситалари ва меҳнат маҳсулига айрим шахслар эмас, балки маълум гуруҳ, кишилар эгалик қилади.

Жамоа мулкига кооперативларнинг, ижара ва жамоа корхоналарининг, акционерлар жамиятлари, хўжалик жамиятлари ва ширкатларининг, жамоа ташкилотлари ва диний ташкилотларнинг мулки киради.

Шахсий мулкбу фуқаролар мулки бўлиб, уларнинг шахсий ёки оилавий эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади. Бу мулк шакли асосан шахснинг ёки унинг оила аъзоларининг меҳнати асосида кўпаяди ва ривож топади.

Фуқаронинг шахсий мулки асосан уларнинг ижтимоий ишлаб чиқаришда иштирокидан, ўз хўжалигини юритишдан тушган меҳнат даромадлари ҳисобига вужудга келади ва кўпаяди. Бозор иқтисодиёти шароитида шахсий мулк акциядан келадиган дивиденд, банк фоизлари, хусусий соҳибкорлик даромади каби янги манбааларга асосланади.

Шахсий мулк объектлари – бу турар жойлар, боғ-ҳовли ва уйлар, транспорт воситалари, пул жамғармалари, уй-рўзғор ва шахсий истеъмол буюмлари, якка тартибда ва бошқа хўжалик фаолияти учун керакли ишлаб чиқариш воситалари, уларда ҳосил қилинган маҳсулот ва бошқалар бўлиши мумкин. «Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида»ги қонунда кўрсатилганидек, савдо, умумий овқатланиш, маиший хизмат соҳасидаги, халқ хўжалик фаолиятининг бошқа тармоқларидаги майдароқ корхоналар фуқаро ва уларнинг оила аъзоларининг мулки бўлиши мумкин. Шахсий мулк объектлари эҳтиёжларини қондириш доирасидан чиқиб, даромад топиш йўлида ишлатилиши мумкин.

Хусусий мулк – айрим соҳибкорларга қарашли ёлланма меҳнатга асосланган ва ўз эгасига фойда келтирувчи мулкдир.

Ўзбекистон Республикасининг мулкчилик тўғрисидаги қонунида (7-модда), хусусий мулк ўз мол-мулкига хусусий эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқидан иборатдир деб кўрсатилган. Шу билан бирга хусусий мулк бўлган мол-мулкнинг миқдори ва қиймати чекланмаслиги таъкидланади.

Хусусий мулк ҳам, бошқа ҳар қандай мулк шакллари каби, ўзининг ижобий ва салбий томонларига эга. У, сўзсиз, ташаббускорлик ва тадбиркорликни, меҳнатга маъсулиятлилик муносабатларини рағбатлан-тиради. Шу билан бирга, товар ишлаб чиқариш шароитида у хуфёна даромад орттиришга интилиш ҳиссини туғдиради. Мулкчиликнинг бу шаклини тан олиш халқ хўжалигида уни қўллаш фойдали бўлган бўғинларни аниқлаш, уни тартибга солишнинг молиявий ва ҳуқуқий механизмларини шакллантиришни тақозо қилади. Лекин хусусий мулкчиликни бундай тан олиш уни мутлақлаштириш билан умуман боғлиқ эмас. Бу мулк сотиб олинган ишлаб чиқариш воситалари асосида мустақил хўжалик юритиш ёки давлат корхоналари, кооператив фирмалар, магазин, ошхона ва шу кабиларни сотиб олиш орқали вужудга келиши мумкин.

Турли шаклдаги мулкларнинг бирикиб кетиши натижасида аралаш мулк пайдо бўлади. Бу мулк алоҳида олинган объектнинг турли мулкдорлар иштирокида ўзлаштирилишини билдиради.

Категория: Iqtisod va Moliya | Добавил: azizjon_ibragimov (18.07.2016)
Просмотров: 3259 | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 0
avatar