Главная » Статьи » Qishloq xo'jaligi

ХАНДОН ПИСТА – "ЯШИЛ ОЛТИН"

Уни экиш келажак учун киритилган сармоя билан баробар
Маълумки, бугун хандон пистанинг бир килограмми бозорларимизда 45 минг сўмгача сотилмоқда. Унга жаҳон бозорида ҳам талаб катта бўлиб, ёнғоқ ва бодомга нисбатан 5-6 баробар қиммат туради. Шу боис унга "яшил олтин" дея таъриф беришади.
Манбаларда ёзилишича, писта денгиз сатҳидан 500 метрдан 2200 метргача баланд бўлган жойларда яхши ўсади. 500-1300 метр бўлган жойларда юқори ҳосил беради. Қурғоқчиликка чидамли бўлгани туфайли уни тоғолди ҳудудларда парваришлаш ҳар томонлама истиқболлидир. Пистазорлар яратиш нафақат иқтисодий, балки экологик жиҳатдан ҳам ниҳоятда фойдали. Негаки, тоғолди ҳудудлар ва адирликларда пистазорларнинг ташкил этилиши нафақат даромад манбаи, балки ерларнинг эрозияга учраши олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Бир сўз билан айтганда, унинг турган-битгани хазина. Хўш, вилоятимизда мазкур тармоқни ривожлантириш имкони борми? Албатта бор. Чунки воҳамиз ҳудудининг каттагина қисмини тоғолди ерлар ва адирликлар ташкил этади. Мазкур ҳудудлар писта етиштириш ва ундан яхши ҳосил олиш учун жуда қулай.
Айтиш керакки, баъзи жойларда бу борада ишлар бошлаб юборилган. Масалан, Қамаши давлат ўрмон хўжалигида бугунги кунда 163 гектар ерда писта дарахти парваришланмоқда.
- Писта уч йилда бир марта яхши ҳосил беради, қолган икки йилда эса ҳосили сийракроқ бўлади, - дейди ўрмон хўжалиги директори вазифасини бажарувчи Фарҳод Худойназаров. - Аммо шунга қарамай, унга бозорда талаб юқори бўлгани учун яхшигина фойда келтиради. Қолаверса, писта дарахти қирғоқбўйи емирилишларининг олдини олиш, уларни мустаҳкамлаш, сув ҳавзаси атрофида микроиқлим яратишда ўзига хос хусусиятга эга. Шунинг учун ҳам пистазорларни янада кенгайтириш, уларни маданийлаштириш мақсадида уруғдан кўкартириб экиш ишларини олиб бораяпмиз. Аввал целлофан халтачада маҳаллий ва минерал ўғит билан аралаштирилган тупроққа уруғ ташлаб, қазилган ўраларга жойлаштирамиз. Намликни бир маромда сақлаш учун маълум муддатда суғориб турилади. Уруғ нишлаб кўкаргач, эрта баҳорда ниҳоллар танланган ерга ўтқазилади. Шу тариқа ҳар йили пистазорлар кенгайтириб борилаяпти. Энди баъзи кам ҳосилли писта дарахтларини яхши ҳосил берадиган навларга пайванд қилишни режалаштираяпмиз. Бунинг учун Жиззах вилояти ва Фарғона водийсидаги писта етиштирувчи деҳқонлар билан маслаҳатлашган ҳолда иш тутиш ниятидамиз.
Бу борада Китоб давлат ўрмон хўжалигида ҳам хайрли ишларга қўл урилаяпти экан. Бош ўрмончи Учқун Аллаевнинг айтишича, пистазор ҳар йили 40-50 сотихга кенгайтириб борилмоқда.
- Айни пайтда писта экилган ҳудуд 23 гектарга етди, - дейди у. - Шундан 3 гектаридагиси ҳосилга кира бошлади. Агар пистазоримиздаги дарахтларнинг ҳаммаси тўлиқ ҳосилга кирса 1,5 тоннагача ҳосил олишимиз мумкин бўлади. Бу каттагина даромад дегани. Шу боис ҳар йили пистазорни кенгайтириб бораяпмиз.
Мутахассисларнинг айтишича, бир гектар ерда 150-180 та писта дарахти экиш мумкин. 50 даражагача иссиққа ва 41 даражагача совуққа чидайди. Ҳосилдор нав бўлса ва тўлиқ ҳосилга кирса, битта дарахт 100 килограммдан ортиқ ҳосил берар экан. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг: бир гектар ердан ҳосил яхши бўлган йили ўртача 15 тоннадан ортиқ ҳосил олиш мумкин. Бу ярим миллиард сўм нари-берисидаги маблағ дегани. 
Вилоятимизда писта етиштириш мумкин бўлган минглаб гектар ерларимиз бор. Уларнинг бир қисми ўрмон хўжалигига, бир қисми аҳолига, бир қисми эса фермер хўжаликларига қарашли. Уларда пистазорлар ташкил қилинса, бу маҳсулот билан нафақат ички бозорни тўлдириш, балки ташқи бозорга экспорт қилиш ҳам мумкин. Энг муҳими, писта дарахтлари узоқ йиллар ҳосил беради. Масалан, вилоятимиз ҳудудида жойлашган Қуруқсой тизимида 1000 ёшга етган бир неча хандон писта дарахти сақланиб қолган бўлиб, улар ҳозирда ҳам ҳосил бермоқда. Бироқ ҳозир улар бор-йўғи бир нечта, аввал эса бутун бир ўрмон бўлган.
Кўриб турганингиздек, вилоятимизда соҳани ривожлантириш борасида нималардир қилинмоқда. Аммо буни етарли деб бўлмайди. Нега? Биринчидан, пистазорлар ташкил этишнинг афзалликлари ҳақида кўпчилик етарли тушунчага эга эмас, иккинчидан эса писта нисбатан кеч ҳосилга киради, яъни 7-8 йилда илк мевасини бериб, ҳар уч йилда "дам олади". Айни шу жиҳат унга нисбатан қизиқишнинг камайишига сабаб бўлган. Бироқ писта дарахти деярли сув талаб қилмаслиги, минг йилгача мева бериши лалмикор ерлардан самарали фойдаланишда қўл келади.
Археологик қазилмаларнинг гувоҳлик беришича, эрамиздан 10000 йиллар аввал Ўрта Осиёда 2 миллион гектар пистазорлар бўлган. Замонамиз аввалида одамларнинг ўйламай қилган ишлари (кесиш, пода боқиш) сабабли 300000 гектарга тушиб қолган. Кейинчалик эса бу майдонлар бир неча ўн йилликларда 70000 гектарга, кейинчалик эса 12000 гектаргача қисқарган.
Фаррух Ҳамроев http://navoiagro.uz/interaktiv-hizmatlar/274-23022015-handon-pista-yashil-oltin.html

 

 
Категория: Qishloq xo'jaligi | Добавил: azizjon_ibragimov (18.06.2016)
Просмотров: 1562 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar