Главная » Статьи » Qishloq xo'jaligi

Сабзавот ва полиз экинларини парваришлаш бўйича тавсиялар

Сабзавот, полиз ва картошка экинларидан юқори ҳосил олишда навларни тўғри танлаш, экиш, озиқлантириш, суғориш, турли касаллик ва зараркунандаларига қарши кураш ишларини мақбул муддатда сифатли ўтказиш муҳим ўрин тутади. Бу борада қуйидаги агротехнология тадбирларига амал қилишни тавсия этамиз.
Помидор халқимиз томонидан энг кўп ва севиб истеъмол қиладиган экинлардан биридир. Бунда аввало помидор ва унинг оиласига мансуб ширинқалампир, бақлажон каби сабзавот кўчатларини сифатли тайёрлашга жиддий эътибор қаратиш лозим. Ташқи муҳит шароитига чиниқтириш мақсадида кўчатларни очиқ далага ўтқазишдан 6–8 кун олдин кўчатхона эшик ва дарчаларни вақти-вақти билан очиб туриш лозим. Бўйи 15–18 см, 5–7 та барг чиқарган помидор кўчатлари жанубий вилоятларда эртаги навлар мартнинг 3-ўн кунлигида, ўрта ва кечпишар навлар эса апрелнинг 1–2-ўн кунлигида очиқ далага экилади.
Марказий минтақада жойлашган ҳамда Фарғона водийси вилоятларида эртапишар навлар апрелнинг биринчи ярмида, ўрта ва кечпишарлари эса иккинчи ярмида ҳамда майнинг биринчи ярмида экиш мақбул муддат ҳисобланади. Помидор уруғини очиқ майдонларга тўғридан-тўғри апрелнинг 1-ўн кунлигида экиш мумкин. Шимолий минтақаларда эса эртапишар навлар кўчати апрелнинг 2-ўн кунлигида, ўрта ва кечпишарлари апрелнинг 3-ўн кунлиги ва майнинг 1-ўн кунлигида, уруғи бевосита очиқ майдонга апрелнинг 2-ўн кунлигида экилади. 
Помидорнинг эртапишар ва ўртапишар навлари кўчати нишаб бўлмаган далаларда 70х25(30) см, текис майдонларда 90х25(30) см, узун палакли навлар 90х40 см схемада экилади. Экилгандан кейин кўчатларни албатта суғориш зарур. Орадан 10–12 кун ўтгач, биринчи ишлов берилади. Бунда қатор оралари КРН-2,8А, КХО-4, КОН-2,8А русумли агрегатлар билан 12–14 см чуқурликда юмшатилади. Ўсимликлар атрофи ҳам енгил юмшатилиб, минерал озиқалар солингач суғорилади. 13–15 кундан кейин яна суғорилади ва тупроқ етилиши билан иккинчи ишлов ўтказилади. Бунда қатор оралари культиватор билан 15–16 см чуқурликда юмшатилиб, бегона ўтларни йўқотиш учун яхшилаб чопиқ қилинади.
14.04.2015 Сабзавот ва полиз экинларини парваришлаш бўйича тавсиялар
Сизот суви чуқур жойлашган ерларда помидор, бақлажон ва қалампир ўсув даври мобайнида ҳар гал 500–600 м3/га ҳисобида 18–20, сизот суви юза жойлашган ўтлоқи ва ўтлоқи-ботқоқ тупроқли майдонлар эса 600–800 м3/га ҳисобида 12–15 марта суғорилади. Сизот суви чуқур жойлашган ерларда ҳосил етилгунча ҳар 8–12, ҳосил ёппасига етилганда 5–7 кунда суғорилади. Помидор қийғос пишганда ёрилиб кетмаслиги учун ҳосил териб олингандан кейин суғорилади. Помидорнинг тупроқ унумдорлигига талаби кучли бўлиб, мўл ҳосил етиштириш учун бўз тупроқли майдонларга гектарига 25–30 т/га гўнг берилганда экинни 180–200 кг азот, 140–160 кг фосфор ва 100 кг калий, ўтлоқи тупроқли майдонларда эса 140–150 кг азот, 100–120 кг фосфор ҳамда 80–100 кг калий ўғитлари билан озиқлантириш тавсия этилади.
Ўғитлашда органик ўғит миқдорининг ҳаммаси ва фосфорли ўғитнинг 75 ҳамда калий ўғитининг 50 фоизи кузги шудгорлашдан олдин солинади. Кўчат экишдан аввал фосфорли ўғитнинг қолган қисми ва азотли ўғитнинг 20 фоизи ҳамда азотли ўғитнинг қолган 80 фоизини тенг иккига бўлиб, биринчи қисмини кўчатлар тутиб олгандан кейин, қолган қисмини эса калий ўғитининг қолган 50 фоизи билан аралаштирилиб ўсимликлар мева тугиш даврида солинади.
Оқбош карамнинг ўртапишар “Тошкент–10”, “Саратони” ҳамда “Термиз–2500” навлари кўчатларини ўтлоқи, ер ости суви юза, чиринди миқдори кўп майдонларга экиш мўл ва сифатли ҳосил етиштириш имконини беради. Жанубий вилоятларда ўртаги оқбош карам кўчатларини экишнинг энг мақбул муддати 10–20 май, марказий минтақада ва водий вилоятларида 15 апрелдан 1 майгача, шимолий минтақаларда 1–15 апрель ҳисобланади. Бунда кўчатлар 70х35(40) см оралиқда экилади. Кўчатлар экиб бўлингач кетма-кет суғориш уларнинг тўлиқ тутиб олишини таъминлайди. Кўчатлар тўлиқ тутиб олганидан 16–18 кун ўтгач ўсимликларга комплекс ишлов берилади, яъни ўсимлик қатор оралари КРН-2,8А русумли агрегат ёрдамида 15–16 см чуқурликда юмшатилади.
Юмшатиш баробарида минерал ўғитлар билан озиқлантирилади. Ўсимлик оралари қўлда енгил чопиқ қилиниб, бегона ўтлардан тозалангач, суғорилади. Экинни ўғитлашда 20–25 тонна гўнг, соф ҳолда 150 кг азот, 100 кг фосфор, 50 кг калий берилиши керак. Бунда фосфорли ўғитларнинг 70–75 ва калийнинг 50 фоизи шудгорлаш пайтида берилади. Фосфорнинг қолган қисми ва азотнинг 50 фоизи биринчи ишлов пайтида, азот ва калийнинг қолган қисми карам бош ўрай бошланганда берилади.
14.04.2015 Сабзавот ва полиз экинларини парваришлаш бўйича тавсиялар
Бодринг экини жанубий минтақаларда 1–15 апрель, марказий минтақада жойлашган ва водий вилоятларида 10–20 апрель, шимолий минтақаларда эса 20–30 апрелда экилади. Бунда уруғлар очиқ майдонга СБУ-2,4А сеялкасида 70х30, 90х20 см схемада, 4–5 см чуқурликка экилади. Уруғ сарфи гектарига 4–5 кг. Ниҳоллар уруғ палла чиқарганда биринчи, битта чинбарг даврига киргандан кейин эса иккинчи марта ягана қилинади. Қатор ораларига КРН-2,8А, КОН-2,8, КХО-4 русумли агрегатлар билан 15–16 см чуқурликда ишлов бериб, ўсимлик атрофини мунтазам юмшатиб, озиқлантириб ва суғориб туриш керак.
Вегетация мобайнида ҳар икки-уч суғоришдан кейин қатор оралари 15–16 см чуқурликда юмшатиб турилади. Мўл ҳосил етиштириш учун гектарига 20 тонна гўнг, соф ҳолда 180 кг азот, 100 кг фосфор ва 75 кг калий ўғити бериш тавсия этилади. Ерга асосий ишлов берилганда органик ўғитнинг ҳаммаси, фосфор ва калийнинг 75 фоизи солинади. Биринчи озиқлантиришда фосфор ва калийнинг қолган қисми, азотнинг 50 фоизи, иккинчи озиқлантиришда азотли ўғитнинг қолган ярми берилади.
Бодринг жуда серпалак экин. Унинг асосий пояси 1–2 метргача етади. Илдизи эса унчалик ривожланмаган ва унинг асосий қисми тупроқнинг ҳайдалма қатламига, яъни 25–30 см чуқурликка таралади. Ўсимликни ернинг устки қисми билан илдизларининг ривожланиши ўртасидаги номувофиқлик экинни тез-тез суғориб туришни тақозо этади. Шу боис бу экин сувга ўта талабчандир. 
Полиз экинлари уруғининг униб чиқиши экиш муддатини тўғри белгилашга боғлиқ. Юртимизнинг марказий минтақасида жойлашган ва водий вилоятларида қовун ва тарвузнинг эртаги навлари 15 апрелгача, ўртагиси 20 апрелдан 10 майгача, кечкиси 15 майдан 10 июнгача, жанубий вилоятларда эртаги навлар 10 апрелгача; ўртагиси 10–20 апрелда; кечкилари эса 10–20 июнда экилади.
14.04.2015 Сабзавот ва полиз экинларини парваришлаш бўйича тавсиялар
Шимолий минтақаларда эртаги навларни 20 апрелгача; ўртагисини 25 апрелдан 10 майгача; кечкисини 20–30 майда экиш лозим. Бунда қовуннинг эртапишар «Рохат», ўртапишар «Суюнчи–2», «Олтин водий», «Лаззатли», «Олтинтепа», «Кичкинтой», «Обиноввот», «Гурвак», «Бўрикалла», кечпишар «Тўёна», «Гурлан», «Амударё», «Гулоби Хоразмий», «Заргулоби», «Саховат», тарвузнинг эртапишар «Ўринбой», «Манзур F1», «Чиллаки», «Крисби», «Кримстар» ва ўрта эртапишар «Сурхон тонги» навларини экиш тавсия этилади. Ер кузда 35–40 см чуқурликкача шудгор қилинади.
Ҳайдаш олдидан маъдан ва органик ўғитлар солинса янада яхши самара беради. Баҳорда тупроқ намини сақлаб қолиш учун дала бороналанади, экиш олдидан эса чизелланади. Полиз экинлари уруғи тупроқ ҳарорати 14–15о С га етганда экишга киришилади. Қатор оралари 210–280 см. ли кенг эгат олинади. Бу полиз экинлари қатор ораларига тўрт ғилдиракли тракторлар билан ишлов бериш имконини беради. Экиш шакли қовун учун (210+70):2х70, тарвуз учун (270+90) :2х70 см. Уруғлар 3–6 см чуқурликка экилади. Қовун ва тарвузнинг майда уруғларини экишда гектарига 4 кг, йирик уруғларини экишда эса 5–6 кг уруғ сарфланади. Ўсимликларни яганалаш, тупроқни юмшатиш, озиқлантириш, чопиқ қилиш, суғориш, палакларни тўғрилаш, бегона ўтлар ва зараркунандаларга қарши кураш ишлари ўз вақтида маромига етказиб бажарилса, ҳосил янада мўл бўлади. 
Яганалаш икки босқичда: биринчиси ўсимлик чинбарг чиқарганда ва биринчи чопиқ вақтида ўтказилади. Ниҳоллар ялпи униб чиқиши билан қатор ораларини юмшатишга киришилади. Эртаги муддатда экилган карам майдонларидаги бегона ўтлар ҳамда касаллик ёки зараркунандаларни йўқотиш бўйича кураш чораларини амалга ошириб, тупроқ тури ҳамда ер ости сувлари чуқурлигига мувофиқ 8–10 кун оралатиб 550–600 м3/га меъёрда суғорилади. Ҳар иккинчи суғоришдан сўнг қатор ораларини КРН-2,8А русумли агрегат билан ишлов бериш ҳосилнинг ўз вақтида етилишини таъминлайди. Эртаги муддатда сепилган пиёз майдонларида униб чиқаётган бир ва кўп йиллик бегона ўтларни ўз вақтида ўтаб, ортиқча ўсимликларни ягана қилиш, тупроқ тури, намлиги ҳамда ер ости сувлари чуқурлигига кўра, майдонларни суғориш, 2–3 суғориш оралиғида ўсимлик эгатлари орасини 12–14 см чуқурликда юмшатиб қатор ораларида пайдо бўлган ўтларни йўқотиш, ўсимликларни ҳолатига қараб тавсия этилган минерал ўғитлар билан озиқлантириш, ўсимликларнинг ўсиб-ривожланишини таъминлайди.
Пиёзни биринчи суғориш одатда баҳорги ёғин-сочинлар тўхтагандан ке¬йин ўтказилади. Кўклам серёғин келган йилларда бу муддат апрелнинг иккинчи ярмига, ёғингарчилик кам кузатилган йилларда эса апрелнинг бошларига тўғри келади. Сизот суви чуқур жойлашган бўз тупроқли ерларда кўкламнинг охири ёзнинг бошларида ҳар 7–10 кунда суғорилади. Пиёзни суғориш то пиёзбоши шаклланишининг охиригача давом эттирилиб, янги барг ўсиб чиққандан сўнг тўхтатилади. Пиёзбошининг ўсиши тўхтагандан кейин 12–14 кун оралатиб икки марта суғорилади. Сизот суви чуқур жойлашган бўз тупроқли ерларда қишга яқин ва кўкламда экилган пиёзни ўсув даврида 11–13, сизот суви яқин жойлашган майдонларда эса 7–9 марта суғориш керак. Ҳар галги суғориш меъёри 350–400 м3/га. ни ташкил этиши лозим. 
14.04.2015 Сабзавот ва полиз экинларини парваришлаш бўйича тавсиялар
Эртаги муддатларда экилган илдизмевали сабзавотлар ўсув даврида сувни ҳар хил миқдорда талаб қилади. Уруғнинг униб чиқиши, шунингдек, баргнинг жадал суратда ўсиши ва ҳосил тўплаш даврида экинларнинг сувга талабчанлиги ошади. Илдизмева етилган вақтда экинни ҳаддан кўп суғориш мева сақланишига тўсқинлик қилиш билан бирга мева ёрилишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Тўқсонбости муддатда ва эрта баҳорда экилган илдизмевали сабзавотлар апрель ойининг иккинчи ярмидан бошлаб суғорилади. Дастлабки даврда экин ҳар 12–15 кунда, майнинг иккинчи декадасидан бошлаб яъни илдизмевалар жадал катталашаётганда, ҳар 7–8 кунда суғорилади. Сизот суви чуқур жойлашган ерларда эртаги сабзи ва ош лавлаги ўсув даврида 8 марта, сув юза жойлашган далаларда эса 5–6 марта суғорилади. Суғориш меъёри 550–600 м3/га.
Сабзи бошқа кўплаб сабзавотлар қаторида тупроқ унумдорлигига, асосий озиқа элементларига талабчандир. Ўсимлик учун озиқа етарли миқдорда берилганда юқори ҳосил олиш имкони ортади. Бўз тупроқ ерларда эртаги ва ўртаги сабзи майдонларига гектарига соф ҳолда 220 кг азот, 160 кг фосфор, 100 кг калий ўғитлар бериш керак. Ўтлоқи, ўтлоқи-ботқоқ тупроқли майдонларда эса 175 кг азот, 130 кг фосфор, 80 кг калий бериш тавсия этилади. Бунда фосфор ўғитининг йиллик миқдорининг 75 фоизи, калийнинг ҳаммаси ерларни асосий ишлов даврида, фосфорнинг қолган қисми ерни бороналаб, эгат олишда берилади. Азотли ўғит ўсимлик вегетация даврида иккига бўлиб берилади. Биринчиси ўтоқ қилиниб, ўсимликлар сийраклаштирилгандан сўнг, иккинчиси эса 2–3 тадан чинбарг пайдо бўлганда солинади. Ўғитлар қатор ораларига ўсимликка яқинроқ қилиб берилиши мақсадга мувофиқ.
Эртаги картошкадан юқори ҳосил олиш учун ўсимликлар ўсув даври давомида ўтлоқи-тупроқли майдонларда 4–6, бўз тупроқли майдонларда эса 5–7 маротаба суғориш тавсия этилади. Ҳар икки суғориш оралиғида қатор оралари 10–12 см чуқурликда юмшатилади. Бу тадбир КРН-2,8А, КОН-2,8А, КХО-4 русумли культиватор билан ўсимликлар шоналагунча амалга оширилади. Эртаги картошкадан юқори ҳосил олиш учун бўз тупроқларга гектарига соф ҳолда 220 кг азот, 170 кг фосфор, 115 кг калий, ўтлоқи, ўтлоқи-ботқоқ ерларда эса 180 кг азот, 150 кг фосфор, 100 кг калий бериш тавсия этилади. Бунда 70–75% фосфорли, калийнинг ҳаммаси кузда ерни экишга тайёрлаганда берилади. Қолган 25% фосфор, 20–25% азот билан экиш эгатлари олишда экиш билан бериш зарур. Азотнинг қолган 30–35 фоизини туганаклар тўлиқ униб чиққанда, 50 фоизини эса қийғос шоналашда берган маъқул. Сабзавот, полиз ва картошка экинлари парваришидаги барча агротехник тадбирлар ўз вақтида сифатли бажарилса, мўл ва сифатли ҳосил олишга эришилади. Бу эса ўз навбатида, халқимиз дастурхонини тўкин-сочин бўлишини таъминлайди.

С.Тешаев http://navoiagro.uz/interaktiv-hizmatlar/306-14042015-sabzavot-va-poliz-ekinlarini-parvarishlash-byicha-tavsiyalar.html

Категория: Qishloq xo'jaligi | Добавил: azizjon_ibragimov (18.06.2016)
Просмотров: 1551 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar