Главная » Статьи » Salomatlik va Go'zallik sirlari

Xotira pasayib, semiryabsizmi? Uyquga to'ymaslik alomatlari

Тиббиёт ходимларининг айтишича, уйқуга тўймасликка жиддий қараш керак. Катта ёшли кишиларнинг 30-40 фоизи уйқуга тўймасликни ҳеч бўлмаганда бир марта бошдан кечирган. 10-15 беш фоизи эса сурункали уйқуга тўймасликдан азият чекади. Тадқиқотчилар уйқуга тўймасликнинг муҳим 8 аломатини келтиради. Улардан бирортаси кузатилса, уйқу меъёрини тўғирлашни маслаҳат бермоқда.

 

1. Иш унумининг тушиб кетиши. Бунда уйқуга тўймаган киши фикрини керакли йўналишга жамлай олмайди. Бу яна диққат, ҳушёрликнинг камайишига, зарур пайтда тўғри қарор қабул қила олмасликка сабаб бўлади.

2. Хотиранинг ёмонлашуви. Организмга уйқу, ҳордиқ етишмаяптими, демак ахборотни қабул қилиш учун ҳам етарлича қувват етишмайди.

3. Руҳий тушкунлик (депрессия) ва жиззакилик. Уйқунинг етарлича бўлмаслиги депрессия, жиззакилик, асабийлик ва беҳаловатлик билан бевосита боғлиқ. Гарвард тиббиёт мактаби тадқиқотчиларининг ҳисоблашича, кунига ўртача тўрт ярим соат ухлайдиган кишида бир ҳафтадан сўнг ақлий қобилиятида салбий ўзгаришлар кузатила бошларкан.

4. Иштаҳанинг очилиши. Оддий аксиома: уйқу қанча кам бўлса, вазн шунча тез орта боради. Негаки, уйқуга тўймаган киши кўп овқат истеъмол қилишга мойил бўлади. Қонда кортизол моддаси камайиб кетади ва у кучли очлик ҳиссини уйғотади. Тажрибаларда аниқланишича, кунига олти соатдан кам ухлайдиганларда семириб кетиш хавфи 30 фоизга кўп бўларкан.

5. Мелатонин етишмаслиги. Бу гормон уйқу цикли учун масъул ҳисобланади. Айрим сабабларга кўра, масалан, ёш ўтиши билан, мазкур гормоннинг ажралиб чиқиши камайиши кузатилади. Мелотонин сут, асал, курка гўштида кўп бўлади.

6. Кўришдаги муаммолар. Мия ҳужайралари етарлича ҳордиқ олмагач, рисоладагидек ишламай қўяди ва бу кўзнинг кўриш қобилиятига салбий таъсир кўрсатади.

7. Нутқдаги муаммолар. Уйқуга тўймаслик гапиришда ҳам муаммолар туғдиради. Ҳатто, нутқ ва бошқа когнитив функция (хотира, диққат, хатти-ҳаракатлар мувофиқлиги, тафаккур)лар уч кунлик меъёридаги уйқудан сўнг ҳам кўнгилдагидек тикланмаслиги мумкин. Нейронларнинг нобуд бўлиши ёки турли касалликларнинг «ёпишиши» эса одамнинг олиб бораётган турмуш тарзига бевосита боғлиқ.

8. Стресс ҳолати. Агар организм уйқуга тўймаса, стресс ҳолати тезда ўзини намоён қиларкан. Салбий ҳиссиётлар ва кечинмалар билан курашишда уйқу жуда яхши самара беради.

 Manba: Oila Davrasida gazetasining saytidan olindi: od-press.uz

Категория: Salomatlik va Go'zallik sirlari | Добавил: azizjon_ibragimov (10.01.2016)
Просмотров: 1743 | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 0
avatar