Главная » Статьи » Turli mavzular

Ўзбекистон маданий туризми

 

Ўзбекистонда маданий туризм бошқа туризм турларига қараганда кўпроқ ривожланган. Сабаби, Ўзбекистонда туризмнинг маданий турини  ривожлантириш  даромадилроқ, негаки,  туризмнинг бошқа турлари учун яқин орада ўзига сарфланган маблағларнинг қоплаши қийинроқ – маданий туристик маҳсулот таклиф этилаётган вилоятларда эришилаётган рентабеллик кўрсаткичлари рекреацион туризм таклиф этилаётган вилоятлардагига нисбатан йирикроқдир.

Масалан, рекреацион туризм ривожлантириш имкониятлари кучли бўлган Фарғона водийси вилоятлари бўйича туризм соҳасида эришилган умумий рентабеллик охирги йилларда 10 %дан ошмаган бўлса, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм каби маданий туризм ривожланган вилоятларнинг ҳар бирида туризм бўйича эришилаётган рентабеллик кўрсаткичи 20 %ни ташкил этади. Чунки, маданий туризмни ташкил этиш харажатлари рекреацион туризмни ташкил этишдан кўра камроқ харажатларни талаб этади. Туризм борасида сўз юритилар экан, илмий муҳитда маданий туризмнинг бошқа туризм турларидан нимаси билан фарқ қилишини аниқ асослаб бериш масаласи кўтарилади. Шу сабабли, ушбу мақолада муаллиф томонидан маданий туризм маҳаллий ҳарт-шароитларни инобатга олган ҳолда тўлиқроқ ёритиб беришга ҳаракат этилди.

 

Инсон ёшлиги давриданоқ туризмга қизиқа бошлайди. Масалан, Ўзбекистон шароитида ҳам аксарият болалар ўз дўстлари, синфдошлари ёки ота-оналари билан яқин атрофлардаги маданий ёдгорликлар ва табиатнинг сўлим оромгоҳларига сайр-саёҳатлар уюштириб туришади. Тоғ-тошлару чўлу-биёбонларга чиқилувчи туристик походлар давомида ёшлар дала шароитларида чиниқишиб, ўзларининг жисмоний ҳолатларини яхшилаб олишади, ўзларинг билим ва кўникмаларини ривожлантиришади. Катта ёшдагилар эса, бундай туристик фаолият давомида ўзларининг меҳнат қобилиятларини қайта тиклаб олишади ва маданий эҳтиёжларини қондиришади.

Туризмнинг ўзи янги нотаниш жойларни очиш, ташқи муҳитдан ўзгаришлар қидириш ва таассуротларни бошдан кечириш мақсадидаги интилишлардан келиб чиққан бўлиб, ушбу атама дастлаб францўз тилида қўлланила бошланган. Туризм асосан, ўз ичига инсонларнинг кўнгил ёзиш, ҳордиқ чиқариб дам олишга мўлжалланган ҳатти-ҳаракатларини олади. Бундан ташқари, туризмга иш ҳамкорлари ва узоқлардаги дўст-қариндошлар билан учрашиш кабилар ҳам  киришсада, амалга оширилаетган бундай саёҳатлар давомида ҳам кўнгилхушлик ва ҳордиқ ёзишлардан воз кечилмайди.

Туризм ёш авлодни соғлом қилиб тарбиялашдаги аҳамиятини инобатга олган ҳолда туризмнинг ёшларнинг руҳиятига қиладиган муҳим таъсирларини ҳам унутмаслик керак: туризм ёшларни ватанпарвар этиб тарбиялашга ўз ҳиссасини қўшади! Яъни, ўз ўлкасида саёҳат қилган одам қандай табиий ва маданий бойликларга эгалик қилаётганлигини билиб олади; қандай ажойиботларга эгалик қилаётганини билган инсон ўзининг қўлга киритган меросидан  ғурурлана бошлайди; Миллий бойлигидан ғурурланаетган одам ўз юртини сева бошлайди. Шу сабабли қадимги шарқ мутафаккирлари инсонни дунёни кўришга чақиришган, чет элларга чиқишдан олдин ўз ватанлари ичида сафар қилишга ундашган (Масалан, Абдухолиқ Ғиждувоний шу каби  фикрларни қолдириб кетган).

Кўплаб қадимги юнон мутафаккирлар ҳам инсон тарбиясида саёҳатларнинг ўрни ва аҳамияти ҳақида фикрлар баён этишган (Арасту, Демокрит, Квинтелиан). Уларнинг фикрларича инсон тарбиясида табиатни ўрганишнинг аҳамияти катта, табиатни эса, фақатгина бевосита у билан муомала этганда ўрганиш мумкин. Саёҳатлар ўспиринни чиниқтиради, дунёқарашини ривожлантиради, мустақил ҳаётга тайерлайди, ўз ватанига муҳаббатини кучайтиради, уни ватан ҳимоясига ҳам жисмоний ҳам руҳий тайёрлайди; дунё кўрган киши доно бўлади.

Жан – Жак Руссо ўз назарияларида («Табиатни англаш ва табиий хулқ меъёрларини қайта ишлашга интилиш») туристик походларнинг ёшларни соғлом ва ватанпарвар қилиб тарбиялашдаги аҳамиятини қайд этиб, саёҳатларни тарбиянинг таркибий қисмларидан бири деб санади ҳамда шахсни шакллантиришга бошқа воситалар қаторида саёҳат максадларининг ҳам алоқасини очиб берди.

XX асрнинг бошларида Олмония, Дания ва Бельгия каби мамлакатларда «Саёҳатчи ўқувчилар» ҳаракати пайдо бўлди. Унинг низомида ўсиб келаётган авлодни тарбиялашда оғир шароитли походлардан фойдаланиш кераклиги қайд этилган эди. Ўша даврдаги сиёсий вазиятни инобатга олган ҳолда ёшларга туристик машқларни ўргатган ҳолда улардан бўлажак аскарлар тайёрлаш мақсади кўзланган эди.

Кейинроқ ташкил этилган Жаҳон туристик ташкилоти (WTO, WORLD TOURIST ORGANIZATION) 1967 йили қуйидаги шиор билан чиқди:

«Туризм – турли дин ва тарикатлар аъзолари, атеистлар ва диний қарашларга қизиқиш-танишиш билан ёндашаётган кишилар орасида янада самарали учрашув ва диалогларни таминловчи жаҳон йўли».

Демак, туризм инсоний қадриятларни ривожлантиради, шу  сабабли уни физиология масалаларидан ташқари, шахс ва унинг ғурурини ривожлантиришдаги рекреацион қайта тикланиш омили сифатида ҳам кўриб чиқиш керак. Инсон тинч-осойишта-хотиржам ҳолатда тўлиқ ишонч билан диалог юритиш имконияти мавжуд бўлган вазиятда эркинлик ва ҳаракатланишга бўлган эҳтиежини қайта ҳис қилади ва шахслараро ижобий муносабатлар ўрнатади. Туризм нафақат кундалик ҳаёт ва ишнинг бир хиллигини тўхтатиш учун мўлжалланган ҳордиқ чиқариш ва дам олишдир, бу шунингдек, инсон-одамлар ва атроф муҳитнинг бирлигини таъминлаш тимсолидир. WTOнинг Манилада имзоланган декларациясининг 21-моддасида қайд этилишича, туризмда руҳий омиллар техник ва моддий омиллардан устун бўлиши керак. Бундай омилларга қуйидагиларни киритиш мумкин: чегарасиз экспансия, маориф, инсон қадрининг  улуғланиши учун шахс сифатида озод қилиш, ҳар бир маданиятнинг такрорсизлигини тан олиш ва халқларнинг руҳий меросига асраган ҳолда муносабатда бўлиш.

Туризмда маданий омиллар бошқа барча омиллардан устивор бўлиши лозим экан, маданий туризм деганда нималарни тушуниш лозимлигини англаб олиш мақсадга мувофиқ бўлади. Маданий туризм деганда ўзга халкларни (ўзга жойларда яшовчиларнинг) маданияти, тарихи, этнографияси, археологияси, фолкьлори, ҳаёт тарзи билан қизиқувчи туристларнинг фаолияти тушунилади. Маданий туризм мобайнида инсонлар ўзга халқларнинг маданияти билан янада чуқурроқ танишиш мақсадида маҳаллий театрларга, миллий санъат ва халқ ижодиёти намойиш этиладиган жойларга кўпроқ эътибор беришади. Ҳатттоки, баъзи бир туристлар маҳаллий аҳоли истиқомат қиладиган уйларига меҳмон сифатида ташриф буюришдан воз кечишмайдики, буни резидентларнинг маданияти билан танишишнинг энг яхши усули деб ҳисоблашади.

2000 йилнинг сентябр ойида «Ўзбектуризм» Милллий компанияси қошида  ташкил этилган «Ўзтурсервис» Республика ташқи-иқтисодий савдо ишлаб чиқариш унитар корхонаси мутахассислари томонидан туристларнинг асосий мақсади – дунёни билиш, дунё халқлари тарихи, маданий обидалари билан танишиш, уларни ўрганиш ва алоқалоқаларни  янада мустаҳкамлашдир, деб таърифланди. Бу мутахассисларнинг фикрича, туризмдан мақсад – дунё маданиятини ўрганиш; ҳар хил минтақаларда яратилган инсоний қадриятлар, меъморий ёдгорликлар билан танишиш, улардан завқланиш, инсон яратган мўжизавий асарлардан илҳомланиш; турли халқлар маданиятини қиёсий ўрганиш; муқаддас диний зиёратгоҳларни кўриш, улардан руҳланиш, ибодатни бажо келтириш, инсоний бурчни адо этиш; ҳамда шулар орқали инсонлар орасидаги маданий-маърифий алоқаларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан иборат.

Маданий туризм ихлосмандлари туристик манзиллар аҳолиси тарихи (археология, этнография, ўлкашунослик), яшаш тарзи ва кун кечириш муҳитининг шарт-шароитлари, миллий ҳунармандчилик санъати кабиларга катта қизиқиш билдиришар экан, бунда маҳаллий ҳаёт билан яқиндан танишиш истаги қанчалик кучли бўлишидан қатъи назар, бу танишиш қандайдир ноқулайлик, қийинчилик ёки хавф-хатарни бошдан кечириш орқали амалга ошириладиган бўлса, бу ҳолда туристлар ўзларининг бундай мақсадларидан воз кечиб қўя қолишади.

Маданий туристларнинг баъзилари ўзларига ўхшаган бошқа туристлар гуруҳида саёҳат қилишни ёқтиришса, бошқалари якка ўзлари ёки кичикроқ гуруҳларни афзал кўришади. Туристларнинг баъзилари ўз саёҳатларини ўзлари режалаштиришлари, яъни, қачон қаерга бориш, у ерда қанча вақт тўхтаб туриш кабилар тўғрисида ўзлари мустақил қарор қабул қилишади. Улар фақатгина маҳаллий аҳоли вакилларидан бирор бир гид-таржимонни вақтинчалик ёллашлари ҳам мумкин. Бошқа баъзи бир туристлар эса, саёҳат ташкилотчилигини тўлалигича тур ташкилотлари - туроператорларига ишониб топширишади.

Хуллас, Маданий туризм инсонларнинг ўзга халклар маданиятлари билан танишишга бўлган қизиқишларига асосланади ва ҳар бир турист ўз эҳтиёжларини белгиланган талаблар орқали кондирилишини истайди.

Туристик эҳтиёж(талаб)ларни қондириш учун биринчи навбатда туристик ресурслар мавжуд бўлиши лозим. Ўзбекистонда маданий туризм талабларини қондирувчи ресурслар кўплаб топилади. Масалан, Республикамизда 4000 дан ортиқ архитектура ёдгорлиги мавжуд бўлиб, (уларнинг кўпчилиги мустақиллик шарофати билан  қайта таъмирланди). Туристлар эътиборига таклиф этилаётган ёдгорликларнинг аксарияти XII-XX асрларга мансуб бўлишса, уларнинг орасида IV-IX аср ёдгорликлар ҳам учраб туришади. Бухоро шимоли ва шимоли-шарқида жойлашган Сармиш, Нурота тоғ тизмаларида, Сурхондарё вилоятида ибтидоий жамоа тузумига хос ёдгорликларни ҳам учратиш мумкин. Шунингдек, кўплаб қадимий шаҳарлар қолдиқларида олиб борилган археологик қазишма ишлари, табиий қўриқхоналаримизда кўпайтирилаётган ноёб ҳайвонлар билан танишиш  ҳам маданий туризм ихлосмандларида кўплаб таассуротлар қолдириши мумкин. Республикамиз ҳукумати шу ҳолларни инобатга олган ҳолда кўплаб хайрли тадбирларни амалга оширмоқдаки, бу ишларнинг натижаси туризмнинг ривожланишига бевосита турки бермоқда. Масалан, кўплаб диний-маданий зиёратгоҳларимиз капитал таъмир этилди ва мутафаккирларимизнинг муборак юбилейлари нишонланди(Ал-Бухорий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳовуддин Нақшбандий, Ал-Мотуридий, Амир Темур ва бошқалар). Бухоро, Хива, Шаҳрисабз шаҳарларинг юбилейлари, «Алпомиш» достонини юбилейини нишонлаш тадбирлари натижасида кўплаб ёдгорликларимиз янада равнақ топишди. Шунингдек, болалар спортини ривожлантириш мақсадида қўйилаётган хайрли қадамларимиз: Универсиада – Баркамол авлод ўйинлари каби мусобақалар ҳам маданий туризм ишқибозлари эътиборидан четда қолмаслиги тайин.

Иккинчи навбатда, маданий туризмнинг ривожланиши учун (бошқа туризм турлари сингари) жозибадор ресурсларнинг мавжуд бўлишининг ўзи етарли эмас. Яъни, бундан ташқари,  маҳаллий туристик инфратузилмаси ҳам етарли даражада ривожланган бўлиши лозим.   Туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий Авиакомпанияси Марказий Осиёдаги энг яхши авиаташувчи ташкилотга айлантирилди; Тошкент-Бухоро темир йналишидаги хизмат даражаси кўтарилди,  Тошкент-Самрқанд йўналишида шинам тезюрар поезд қатнови ишга туширилди, Тошкент-Самарқанд темир йўли бутунлай электрлаштирилди; булардан ташқари Навои-Корақалпоғистон темир йўли қурилди, яқинда +орақалпоғистондан Хоразмга Амударё устидан ўтувчи темир йўл кўприги қуриб ишга туширилди. Ушбу кўприк қурилишига Ўзбекистон мамлакатига темир йўл транспортида ҳар йили 1 миллион А+Ш долларини тежаб қолиш имкониятини қўлга киритиш асосий сабаб бўлган бўлсада, бу тадбирнинг туристик аҳамияти ҳам беқиёсдир. Шунингдек, Тошкент, Самарқанд, Хоразм каби вилоятларда кўплаб янги замонавий меҳмонхоналар қурилди, куўпгина аэропортлар замонавийлаштирилди. Шулар билан чегараланиб қолинмай,  инфратузилмани ривожлантириш бораси бошқа ишлар ҳам олиб борилмоҳда. Масалан, Самарқанд вилоятидан Сурхондарёгача булган темир йўл тармоғини электрлаштириш, Тошкент вилоятидан Камчиқ довони орқали Фарғона водийсига ўтувчи темир йўл қуриш, Сурхондарёда замонавий меҳмонхоналарни ишга тушириш режалари қабул қилинган.

Учинчи навбатда, Ўзбекистон маданий туристик маҳсулотини халқаро ва ички туристик бозорда ўтказиш бўйича аниқ мақсадга қаратилган тўғри  маркетинг сиёсатини юргиза оладиган мутахассис кадрларни тайёрлаш зарур. Чунки, қўшни мамлакатлардан кўрсатилаётган кучли рақобат шароитида узоқлардан келувчи туристларни туристик манзилгоҳларимизга жалб қилиш учун бизнинг турмаҳсулотимиз билан қизиқадиган истеъмолчиларни топиш, уларни ўлкамизда айнан нималар қизиқтиришини  ва бу қизиқишни қандай усулларда қондириш лозимлигини аниқлаш, ҳамда шунга мос тадбирларни амалга ошириш фақатгина туризм соҳасидан хабардор бўлган етук маркетинг мутахассисининггина қўлидан келиши мумкин. Бу масаланинг ҳал этилиши мақсадида Тошкент Давлат ИқтисодиётУниверситетида «Халқаро туризм» факультети ташкил этилиб, унда туризм тармоғи учун малакали кадрлар тайёрланмоқда.

Кўриниб турибдики, маданий туризм  мамлакатимиз учун истиқболли саналган туризм турларидан биридир. Шу сабабли, уни ривожлантириш борасида изчил сиёсат юритилмоқда, туризм соҳасини ривожлантирувчи тадбирлар қўллаб қувватланмоқда. Оқилона юритилаётган туристик сиёсатни ўлкамизда янги яратилаётган туристик ташкилотларнинг сони кун сайин ошиб боришидан ҳам кўрса бўлади.

Туризмни ривожлантиришда эътиборга олиниш лозим бўлган яна бир томон – туристик ресурсларни улардан келгуси авлод ҳам манфаат олишлари учун сақлаб қолиш масаласи ўзининг долзарблиги билан ажралиб туради. Шуни инобатга олган ҳолда мамлакатимизда қурилаётган ҳар бир янги бино қурилиш услуби, дизайни каби жиҳатлари билан шу атрофдаги бошқа биноларга мос бўлишини таъминлаш зарур. +айта таъмирланган машҳур зиёратгоҳларимизда миллий қурилиш санъати анъаналарига содиқ қолинди. Эндиги масала, хусусий сектор томонидан тарихий масканларимизда қурилаётган янги биноларда ҳам шу муҳит усулидан кескин фарқланишнинг олдини олишни таъминлашдир. Шунингдек, тарихий бинолар таъмирлаётганда унинг асл кўриниши сақлаб қолиш муҳимдир. Бунда қайта таъмирлаш баҳонасида бинонинг ташқи безакларининг ҳаммасини бутунлай кўчириб, бу безакларни янги қурилиш материаллари билан қайтадан яратиш бинонинг тарихий қадрини тушириб юбориши мумкин. Чунки, маданий туризм ихлосмандларини айнан шу тарихийликкина жалб этган бўлиши мумкин. Яъни, тарих билан қизиқувчи маданий туристларни эски усулда қурилган янги бино эмас, айнан эски бинонинг ўзи кўпроқ қизиқтиради. Шу сабабли, таъмирлаш ишларини амалга оширганда бу каби хатоларга йўл қўйилишининг олди олиниши зарур бўлади.

Сўзсизки, туристларни жалб этувчи табиий бойликларимизни ҳам сақлаб қолиниши муҳим ҳам масаладир. Мамлакатимизда бу борада махсус чоралар кўрилаётгани таҳсинга сазовордир.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Ўзбекистон маданий туризмни янада ривожлантириш имкониятлари мавжуд бўлиб, унинг ривожланиши Ўзбекистоннинг халқаро алоқаларини ривожланишига ўз ҳиссасини қўшади. Халқаро алоқаларнинг ривожланиши халқимизнинг бошқа миллатлар билан янада яқинлаштиради, бу эса, ўзаро ҳамкорликни кучайтиради. Ўзаро ҳамкорликнинг кучайиши Ўзбекистонга кириб келаётган хорижий инвестицияларнинг ўсишига олиб келиши мумкин бўлади.

 

 

 

 

Категория: Turli mavzular | Добавил: azizjon_ibragimov (28.08.2016)
Просмотров: 1500 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar