Главная » Статьи » Avtoolam

Dizelni ta'minlash tizimi

Дизелни таъминлаш тизими ёнилғи баки, дағал ёнилғи тозалаш фильтри, ПБЁН, майин ёнилғи тозалаш фильтри, ЮБЁН, форсунка, ҳавотозалагич, турбокомпрессор, ҳавони оралиқ совитгич каби элементлардан ташкил топган. Турбокомпрессор ва ҳавони оралиқ совитгич бу элементларга бўлган заруратга қараб ўрнатилиши мумкин. Ёнилғи бакида ёнилғи сақланади, бак ҳажмига одатда дизелни 14-16 соат тинимсиз ишлашига етадиган ёнилғи кетади. Дағал ёнилғи тозалаш фильтрида ёнилғи йирик механик заррачалар (ўлчами 0.02 мм дан катта) ва сувдан тозаланади. Бу фильтрда тиндиришусулидан фойдаланилади, кейин эса ёнилғи латун сеткадан ўтказилади.
ПБЁН ёнилғини бакдан тортиб олиб паст босимда ЮБЁНга етказиб беради.Дизелларда кўпроқ поршенли ёки плунжерли типдаги ПБЁНдан фойдаланилади. Бу ерда илгариланма қайтма харакатланувчи поршен ёки плунжер мавжуд бўлиб у бир томонга харакатланганда ёнилғини сўради иккинчи томонга харакатланганда ёнилғини ҳайдайди. Бу насослар 0.15 МПа гача босим хосил қилади, улар одатда ЮБЁН корпусига ёки двигател блок картерига махкамланади. Майин ёнилғи тозалаш фильтрида фильтрловчи элементлар мавжуд, уларни сони битта ёки ундан кўп бўлиши мумкин. Улар кетма-кет ёки параллел равишда ишлайди ва ёнилғини 96...97%гача механик заррачалардан тозалайди. Фильтрловчи элементлар махсус қоғоздан ясалади.
ЮБЁН дизелни таъминлаш тизимидаги энг муҳим ва мураккаб тузилишга эга бўлган элементдир. Улар қуйидаги вазифаларни бажаради:
- Форсункага узатилаётган ёнилғи босимини юқори даражага кўтариб беради
- Хамма цилиндрларга бир хилда ёнилғи берилишини таъминлайди
- Цилиндрларга ёнилғини ўз вақтида берилишини таъминлайди
- Двигателга тушаётган юкланишга қараб цилиндрга узатилаётган ёнилғи миқдорини ростлаб
туради.
Дизелларда қаторли ёки тақсимлаш типидаги ЮБЁНдан фойдаланилади. Тақсимлаш
типидаги насосларда 1 ёки 2 та плунжер секцияси мавжуд. Қаторли насосларда плунжер
секциялари сони двигател цилиндрлари сонига тенг. Насос секциясида плунжер
илгаринланма қайтма харакат қилади ва бир ёки бир неча форсункага катта босимда ёнилғи
етказиб беради. Форсункалар цилиндрлар каллагида ўрнатилган бўлиб ёнилғини майда заррачалар шаклида катта босим билан цилиндрларга пуркаб беради. Уларни пуркаш босими 13 МПадан юқори. Дизелларда бир тешикли ёки кўп тешикли форсункалардан фойдаланилади.
Форсунка пуркагичидаги тешиклар сони ёниш камераси шакли ва ўлчамларига боғлиқ равишда кўп ёки кам бўлиши мумкин. Ҳавотозалагичлар двигател цилиндрларига киритилаётган ҳавони чанг заррачаларидан тозалайди. Улар мой ваннали (Д-144, Д-240 двигателларида) ёки қуруқ типда (СМД-62,А-41, Камаз-740, 4ВТ-3.9 двигателларида) бўлиши мумкин. Ҳаво одатда 2 ёки 3 босқичда инерцион, контакт ёки фильтрлаш усуллари ёрдамида чанг заррачаларидан тозаланади.Турбокомпрессор двигател цилиндрларига ҳавони босим остида киритиб бериш учун ишлатилади. Бу двигател қувватини оширади. Турбокомпрессор турбина ва компрессор
секциялари, вал ва втулкалардан ташкил топган. Турбокомпрессорда турбина ғилдираги
ёниб бўлган газлар энергияси ҳисобига айланади. Турбина ва компрессор ғилдираклари
битта валнинг икки томонига ўрнатилган бўлиб компрессор ҳавони босим билан
цилиндрларга ҳайдайди.Турбокомпрессорлар цилиндрларга киритилаётган ҳаво босимини ошириш билан бирга унинг температурасини ҳам оширади. Цилиндрларга киритилаётган ҳаво
температурасини керагидан катта бўлиши натижасида цилиндрларга нисбатан кам ҳаво
киради, цилиндр поршен гуруҳи деталларини иш шароити мураккаблашади ва деталларни
хизмат муддати камаяди.Бу камчиликларни бартараф қилиш учун айрим двигателларда турбокомпрессордан чиқиб цилиндрларга кираётган ҳаво оралиқ совитилади.

Категория: Avtoolam | Добавил: azizjon_ibragimov (14.02.2016)
Просмотров: 1270 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar