Икки тактли карбюраторли двигателларда газ тақсимлаш механизми (киритиш ва чиқариш клапанлари) йўқ, бу двигателлар цилиндрида учта киритиш, ҳайдаш ва чиқариш дарчалари мавжуд. Ёнувчи аралашмани ёки ҳавони киритиш ва ёниб бўлган газларни чиқариш дарчалар орқали бажарилади, бу дарчаларни ҳаракатдаги поршен ўз вақтида очади ва ёпади. Иш цикли қуйидагича амалга оширилади: Поршен ПЧНдан ЮЧН томон ҳаракатланганда дастлаб ёнувчи аралашмани ёки ҳавони ҳайдаш дарчасини кейинроқ эса чиқариш дарчасини бекитади. Шундан кейин цилиндрга киритилган янги заряд сиқила боради. Поршен пастида кривошип камерасида сийракланиш ҳосил бўлади ва поршен пастки қисми киритиш дарчасини очиши билан ёнувчи аралашма ёки ҳаво кривошип камерасига киритилади. Поршен ЮЧНга яқин қолганда карбюраторли двигателларда свечадан учқун берилади ва ёниш жараёни бошланади. Дизелларда эса поршен ЮЧНга яқин қолганда форсунка орқали ёнилғи пуркалиб аралашма ҳосил қилинади, босим ва температура юқори бўлганлигидан ёнувчи аралашма ўз-ўзидан алангаланади. Ёниш бошлангандан кейин цилиндрдаги босим ва температура кескин ортади. Босим остида поршен ПЧН томон ҳаракатланади, поршен киритиш дарчасини
ёпгандан кейин кривошип камерасида ёнувчи аралашма ёки ҳаво сиқила боради. Поршен ПЧНга етмасдан олдин ёниб бўлган газларни чиқариш кейин эса ёнувчи аралашма ёки ҳавони ҳайдаш дарчалари очилади. Ёниб бўлган газлар атмосферага чиқарилади ва янги заряд цилиндрга киритилади. Икки тактли кўпчилик дизеллар цилиндрида киритиш дарчаси ва поршен юқорисида жойлашган чиқариш клапани мавжуд. Бу двигателларда иш жараёни икки тактли карбюраторли двигателлардаги каби кечади, фақат ёниб бўлган газларни атмосферага чиқариб юборишда чиқариш клапанидан фойдаланилади. Тўрт тактли двигателлар кенг тарқалган, улардан қ/х.да ишлатиладиган трактор ва автомобилларда кенг фойдаланилади. Умуман олганда карбюраторли двигателлар ва дизеллларни бир-бирига солиштирадиган бўлсак карбюраторли двигателлар габарит ўлчамлари дизелларга нисбатан кичик, лекин тежамкорлиги паст. Дизеллар тежамкорлиги карбюраторли двигателларга нисбатан яхши лекин уларни габарит ўлчамлари катта, атроф мухит температураси паст бўлганда юргизиб юбориш қийин. Икки тактли двигателлар асосий камчилиги уларни тежамкорлиги пастлигидир.
|