Главная » Статьи » Iqtisod va Moliya

Даромадларга декларация асосида солиқ солиш

 

Декларация асосида солиқ солинадиган даромадларга Ўзбекистон Республикаси резидентларининг қуйидаги даромадлари киради:

мулкий даромад, фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида олинган даромадлар, агар бу даромадларга тўлов манбаида солиқ солинмаган бўлса;

иккита ёки ундан кўп манбадан олинган даромадлар;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлар.

Агар солиқ тўловчининг асосий бўлмаган иш жойидан олган даромадларидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи белгиланган энг юқори ставка қўлланилган ҳолда унинг аризасига кўра ушлаб қолинган бўлса, даромадлар тўғрисида декларация тақдим этилмайди.

Фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ва улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида даромадлар олувчи жисмоний шахслар бундай фаолиятни якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмаган ҳолда амалга ошириш ҳуқуқига эга.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинадиган даромадларига жисмоний шахслар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини давлат солиқ хизмати органининг ёзма хабарномаси асосида тўлайди.

Фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ва улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи олаётган жисмоний шахс даромадлар олиш билан боғлиқ даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиши шарт ҳамда у ижодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ, ҳақиқатда қилинган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатларни даромаддан чегириш ҳуқуқига эга, бироқ чегирма олинган жами даромад суммасининг 30 фоизидан кўп бўлмаслиги керак.

Ижодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларга қуйидагилар киради:

фан, адабиёт ва санъат асарларини яратиш ва улардан фойдаланиш учун зарур материаллар олишга доир харажатлар;

фақат фан, адабиёт ва санъат асарларини яратиш, нашр қилиш, ижро этиш ёки улардан бошқача тарзда фойдаланиш мақсадида фойдаланиладиган бино ва мол-мулк ижарасига доир харажатлар.

Жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация солиқ тўловчининг олинган йиллик даромади тўғрисидаги ёзма аризасидан иборат бўлади.

Жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация шакли Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланади ҳамда унда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:

солиқ тўловчининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили, жинси, фуқаролиги, доимий яшаш жойи манзили;

солиқ тўловчининг идентификация рақами;

солиқ солиниши лозим бўлган даромадлар турларга ажратиб кўрсатилган ҳолда олинган жами йиллик даромад (бир марталик операциялардан ҳамда мол-мулкни ижарага беришдан олинадиган даромадларни декларация қилиш учун фақат ушбу операцияларнинг ўзидан олиш мўлжалланаётган даромад акс эттирилади);

даромадларнинг манбалари;

даромад олиш билан боғлиқ харажатлар, мажбурий тўловлар, чиқимлар ва ажратмаларнинг суммалари;

жисмоний шахсларнинг даромадларидан олинадиган солиқ бўйича имтиёзлар;

ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси;

ҳақиқатда тўланган солиқ суммаси.

Жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияда жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадини декларация қилиш билан боғлиқ бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.

Жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация почта орқали буюртма хат шаклида, шунингдек электрон шаклдаги ахборот тарзида тақдим этилиши мумкин.

Жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация бланкалари солиқ тўловчиларга давлат солиқ хизмати органлари томонидан бепул берилади.

Жисмоний шахс тақдим этган жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияда тўланиши лозим бўлган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасининг камайишига олиб келувчи хатолар аниқланган тақдирда, жисмоний шахс декларацияга зарур ўзгаришлар киритиши шарт.

Агар жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни ўзгартириш ҳақидаги ариза жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш муддати тугагунига қадар берилса, солиқ тўловчи белгиланган жавобгарликдан озод қилинади.

Агар жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни ўзгартириш ҳақидаги ариза жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш муддати тугаганидан кейин, бироқ хатолар давлат солиқ хизмати органи томонидан аниқлангунига қадар берилса, солиқ тўловчи солиқнинг етишмаётган суммасини ҳамда унга тегишли пеняни тўлаган тақдирда, жавобгарликдан озод этилади.

Жисмоний шахс давлат солиқ хизмати органининг тақдим этилган жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияда аниқланган хатолик тўғрисидаги билдиришномасини олган кун давлат солиқ хизмати органи томонидан хатолик аниқланган кун деб ҳисобланади.

Солиқ тўловчилар олган даромадлари бўйича жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни, доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган чет эллик жисмоний шахс ўтган солиқ даври учун даромадлар тўғрисида жорий йилнинг 1 апрелигача декларация тақдим этади.

Чет эллик жисмоний шахс – Ўзбекистон Республикасининг резиденти ушбу бобда белгиланган тартибга мувофиқ солиқ солиниши лозим бўлган даромад келтираётган фаолиятини календарь йили ичида тугатган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқиб кетаётган бўлса, унинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган вақтда жорий солиқ даврида ҳақиқатда олган даромадлари тўғрисидаги декларация мазкур жисмоний шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқиб кетишидан бир ой аввал тақдим этилиши лозим. Агар чет эллик жисмоний шахс – Ўзбекистон Республикасининг резиденти жорий йилнинг 1 февралига қадар доимий яшаш учун хорижга чиқиб кетаётган бўлса, жорий йил учун даромадлар бўйича декларация тақдим этилмайди.

Тақдим этиш тартиби даромадлар тўғрисидаги декларация бўйича ҳисоблаб чиқарилган жисмоний шахсларнинг даромадларидан олинадиган солиқни тўлаш декларация топширилган пайтдан эътиборан ўн беш кун ичида амалга оширилади.

Грант олган жисмоний шахс даромадлар тўғрисидаги декларацияни топшираётганда грант бўйича олинган даромад суммасини, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи миқдорини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ваколат берилган фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш бўйича органнинг тегишли хулосасини кўрсатади.

Мол-мулкни ижарага беришдан даромад олаётган жисмоний шахс белгиланган тартибда даромадлар тўғрисидаги қуйидаги декларацияларни тақдим этади:

дастлабки декларацияни – шундай даромадлар юзага келган кундан эътиборан бир ой ўтгач, беш кунлик муддатда, агар бу даромадларга жисмоний шахслар даромадларига тўлов манбаида солинадиган солиқ солинмаган бўлса;

якуний декларацияни – ўтган солиқ давридан кейинги йилнинг
15 январига қадар.

Мол-мулкни ижарага беришдан даромадлар олиш тугаган тақдирда жисмоний шахс доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органини бу ҳақда ёзма шаклда хабардор этади.

Жисмоний шахслар – Ўзбекистон Республикасининг резидентлари даромадлар тўғрисидаги декларациянинг маълумотлари асосида ҳисоблаб чиқарилган, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ўтган солиқ давридан кейинги йилнинг 1 июнидан кечиктирмай тўлайдилар.

Жисмоний шахслар – Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ҳисоблаб чиқарилган даромад солиғини хорижий давлатда жойлашган банк ҳисобварағидан чет эл валютасида тўлаши мумкин. Бунда жисмоний шахслардан олинадиган, миллий валютада ифодаланган солиқ жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўланган санада Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича чет эл валютасида қайта ҳисоблаб чиқилади.

Мол-мулкни ижарага беришдан даромадлар оладиган жисмоний шахслар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тақдим этилган дастлабки декларация асосида ҳар ойда даромад олинган ойдан кейинги ойнинг бешинчи кунигача тўлайдилар. Йил тугагач, жисмоний шахсларнинг даромадларидан олинадиган солиқнинг йиллик суммаси ҳақиқатда олинган даромад бўйича ҳисоблаб чиқарилади. Бу сумма билан йил мобайнида тўланган суммалар ўртасидаги фарқ келгуси йилнинг 15 мартигача солиқ тўловчидан ундирилиши ёки унга қайтарилиши керак.

Жисмоний шахсларнинг даромадларидан олинадиган солиқ тўланган сана қуйидагилардир:

юридик шахслар ёки жисмоний шахслар томонидан банкдаги ҳисобварағидан тўлангани тақдирда – уларнинг банкдаги ҳисобварағидан маблағлар ҳисобдан чиқарилган кун;

жисмоний шахслар томонидан нақд пул маблағлари киритилган тақдирда – банк кассасига маблағлар тўланган сана.

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан ҳисоблаб чиқариладиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш тўлов хабарномасида кўрсатилган муддатларда амалга оширилиши керак.

Категория: Iqtisod va Moliya | Добавил: azizjon_ibragimov (27.01.2016)
Просмотров: 1153 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar