Главная » Статьи » Iqtisod va Moliya

Давлат томонидан нарх шакллантириш ва унинг асосий жиҳатлари

Бозор иқтисодиётининг мухим талабларидан бири ишлаб чиқарилаётган маҳсулотга эркин нарх шаклланишидир. Бозор шароитида корхона талаб ва таклиф нисбатидан келиб чиқиб мустақил нарх белгилаш имконига эга бўлади. Шу билан бирга, кейинги йилларда нархлар ишлаб чиқариш чиқимларини хам ўз ичига олиши зарурлиги тобора кўпроқ тушунилмоқда. Бундай тенденция ўтиш иқтисодиёти мамлакатларида ва ривожланган бозор иқтисодиётли давлатларда ҳам кузатилмоқда.

Ўзбекистон иқтисодиётининг аксарият тармоқларида нархни шакллантириш асосан бозор тамойиллари асосида амалга оширилмоқда. Фақат тоғ-кон тармоқлари, ёнилғи-энергетика мажмуаси соҳалари, шунингдек, ишлаб чиқариш чиқимлари нархга таъсир қилмайдиган фаолият сохалари бундан мустасно. Марказлашган бошқарув тизимидан мерос қолган монопол "анъаналар"ни хисобга олиб, шунингдек, хўжалик юритишнинг бир хил шароитларини яратиш мақсадида давлат нарх белгилаш жараёнларини бошқариш вази-фасини бажариб келмоқда. Бунга ишлаб чиқарилаётган махсулот таннархига киритиладиган харажатларни шакллантириш қоидаларини жорий этиш, шунингдек, корхоналар даромадларига солиқ солиш мақсадида молиявий натижаларни белгилаш йўли билан эришилади. 1994 йилдан бошлаб республикада харажатларни шакллантиришнинг ўзига хос тартиби амал қилиб, унга кўра корхона томонидан нарх белгилашда ишлаб чиқариш таннархи ва давр харажатлари ҳисоблаб чиқилади. Бунда, жорий харажатлар, маъмурий ва бошқа айрим харажатлар давр харажатлари (ялпи фойда)га киритила бошланди. Маҳсулотнинг "тўлиқ таннархи" ибораси нарх белгилаш бўйича услубий қоидалардан умуман чиқарилиб ташланган эди. Натижада махсулотнинг ишлаб чиқариш самарадорлигини белгиловчи тўлиқ таннархига нисбатан рентабеллиги кўрсаткичини аниқлаш мумкин бўлмай қолди. Давлат маҳсулот таннархининг калькуляцияланиши масалаларига камроқ эътибор бера бошлади. Кўпчилик корхоналар ўз харажатларини тахлил қилишга расмий қарай бошлашди. Фақат табиий монополиялар ва қонунчиликка мувофиқ ўз маҳсулотлари нархини ва-колатли органларда декларациялаши лозим бўлган монополист-корхоналар бундан мустаснодир. Айни пайтда, айрим корхоналар ўз харажатларини фаолият турлари бўйича хам, иқтисодий элементлар бўйича ҳам хисоблашни давом эттирдилар. Мазкур усуллардан фойдаланиш корхоналарга талаб ва таклифдан келиб чиққан холда сотув ҳажмлари ва нархлар нисбатини аниқ ҳисобга олишга имкон беради, бу эса ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг рақобатбардошлигини оширади. Нарх белгилашнинг бундай тартибидан ҳозирги пайтда бирмунча ўзгартиришлар билан фойдаланилмоқда.

Иқтисодий назария нуқтаи назаридан, сотувчи томонидан муайян даражада рентабелликка эришишни кўзда тутувчи нарх даражасини асосланган тарзда шакллантириш сотув хажмлари ва битта бирлик буюмни ишлаб чиқаришга сарфланган харажатлар ўртасидаги бевосита алоқани тушуниб етишни тақозо этади. Маҳсулот нархи уни ишлаб чиқаришга кетган тўлиқ харажатлар (таннархи)дан юқори бўлиши керак. Деярли ҳар қандай товарнинг таннархига хисобга олиниши керак бўлган ўзгарувчан ва доимий харажатлар киради.

Хорижий амалиётда фаолият турлари бўйича чиқимларни ҳисобга олишнинг замонавий усулидан (Activity-Based Costing – АВС) кенг фойдаланилади ва ишлаб чиқариш хажми, харажат объектлари ва бошқа омиллар таъсирига боғлиқ ҳолда харажатларни тавсифлашнинг кўп даражали тизими қўлланилади. Мазкур ёндашув муаллифларидан бири, иқтисодчи Жон Л.Дейлининг фикрича, "... фаолият турлари бўйича чиқимларга асосланиб нархни шакллантиришнинг мақсади ҳамма ҳолатлар учун умумий бўлган универсал нарх формуласини ишлаб чиқиш эмас, балки менежерга нарх белгилашнинг самарали воситалари тўпламини таклиф қилишдир". АВС усули компания фаолияти турларини аниқлаш ва сарф-харажатларни юзага келтирувчи омилларни таҳлил қилиш учун мўлжалланган. АВС усули асосида нарх шакллантириш жаҳон амалиётида АВР модели деб аталади ва турли вазиятлар учун нархни ҳисоблаб чиқиш услубини ишлаб чиқиш учун хизмат қилади. Мазкур усуллар ёрдамида кўпгина трансмиллий корпорациялар ишлаб чиқарилаётган махсулотларнинг рақобатбардошлигини сезиларли оширишга эришмоқдалар.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, жахоннинг ривожланган мамлакатларидаги саноат, улгуржи савдо, чакана савдо ва сервис компанияларида нарх белгилашга юқорида кўрсатилганидек ёндашув кенг қўлланилади. Ҳозирги пайтда турли тармоқ корхоналари ўртасида чиқимлар ва нархлар хақида ахборот алмашуви йўлга қўйилмоқда.

Шундай қилиб, микродаражада амал қилувчи нарх белгилаш механизми рақобат курашининг самарали воситасидир. Ишлаб чиқариш чиқимлари динамикасини тушуниб етиш чекланган сондаги истеъмолчилар учун товарлар ишлаб чиқарадиган корхоналар учун аҳамиятли бўлиб, улар сифат даражаси ва хизмат кўрсатишга турлича талаб қўйишлари билан ажралиб туради. Ишлаб чиқариш чиқимларини ўрганиш асосида ҳар бир корхона микродаражада тегишли нарх стратегиясини амалга оширишга интилади.

Нарх белгилаш ва рақобатбардошлик ўртасидаги боғлиқликни назарий жихатдан кўриб чиқиб, ўтиш иқтисодиёти шароитида юзага келадиган хусусиятларни тахлил қилиб чиқиш мақсадга мувофиқ. Маълумки, маъмурий-буйруқбозликдан бозор иқтисодиётига ўтиш шароитида ишлаб чиқариш секторининг ривожланишига тўсқинлик қилувчи алохида элементлар сақ-ланиб қолади. Ўтиш иқтисодиётининг илк босқичида саноат корхоналарининг юқори даражада ихтисослашуви ва кооперацияланиши кўпинча бозорларнинг монополлашувига олиб келади. Табиий монополиялар ва монополист-корхоналар аксарият ҳолларда харажатларни қоплаш муаммосини ўз махсулоти (хизматлари) нархи ва тарифларини ошириш йўли билан ҳал қилишга уринади. Бозорнинг монополлашуви даражаси қанчалик юқори бўлса, харажатлар ва нархларни ошириш ҳолатлари ҳам шунчалик кўпдир. Хом ашё тармоқлари корхоналари (пахта тозалаш, металлургия ва хоказо) учун, айниқса, қулай вазият юзага келади. Уларнинг махсулоти, одатда, хар қандай нархларда хам ўз харидорини топади. Технологик занжирнинг хар қайси кейинги бўғинида сотиш муаммоси тобора кучайиб бораверади. Охирги махсулот (ишлаб чиқариш ускуналари, технологиялар, халқ истеъмоли товарлари) ишлаб чиқарувчилар айниқса, мураккаб ахволда қолади. Мазкур махсулотнинг юқори нархлари уни сотиш имкониятларини сезиларли пасайтиради. Бундан ташқари, бундай товарларни ишлаб чиқарувчилар импорт қилинаётган товарлар билан доим хам рақобатлаша олмайдилар. Сифатни ошириш учун бозор конъюнктурасини ўрганиш учун сарф-харажатларни оширишни, махсулотнинг истеъмол кўрсаткичларини яхшилашни талаб қилади. Шунинг учун, товар ишлаб чиқарувчи асосан нарх бўйича рақобатни енгишга кўпроқ харакат қилади.

 Ўз товарини экспорт қилмоқчи бўлган махаллий товар ишлаб чиқарувчилар учун хам вазият, айниқса, мураккаблашади. Жаҳон бозорларидаги рақобат бугунги кунда шунчалик кескинлашиб бормоқдаки, нарх рақобати таъсири шароитида экспорт қилинадиган товарларнинг юқори сифатини ҳам таъминлаш зарурияти туғилмоқда. Хитой, Малайзия, Туркия ва бошқа ривожланаётган мамлакатлар товар ишлаб чиқарувчилари, меҳнат хақи учун сарф-харажатларни камайтириб ва имтиёзли солиқ тизимидан фойдаланиб, бозорга юқори рақобатбардош маҳсулотларни паст нархларда чиқармоқдалар. Шу билан бирга, амалиётнинг кўрсатишича, ўтиш иқтисодиётли мамлакатларда истеъмолчиларнинг аксарият қисми пастроқ нархга пастроқ сифатли товарни харид қилишни афзал кўради.

Маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлатнинг ички бозорда маҳаллий маҳсулотнинг импорт қилинадиган товарларга нисбатан рақобатбардошлигини оширишга қаратилган стратегияни, яъни макродаражадаги нарх сиёсатини олиб бориши мақсадга мувофиқдир. Аммо, шу билан бирга, мазкур сиёсатни амалга оширишда барча маҳаллий корхоналар учун бир хил иқтисодий шароитларни яратишга интилиш керак, бу эса бозор иқтисодиётининг асосий талабидир (солиқ солиш, хомашё ва кредитлардан фойдаланиш ва хоказолар). Бундай шароитда махаллий товар ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги рақобат ишлаб чиқарилаётган махсулотнинг сифатига ижобий таъсир кўрсатади ва у аста-секин худди шундай импорт қилинаётган товарлар билан рақобатлаша олади.

Айтиш жоизки, давлатнинг ички ва жахон бозорларида фақат хомашё бўлмаган маҳаллий махсулот турлари бўйича нарх рақобати учун шароит яратиши мақсадга мувофиқдир. Товарларнинг бундай тоифасига, шунингдек, энергия ташувчилари ва металлургия махсулотларини киритиш мумкин. Хом ашё махсулоти, одатда, доим сотув бозорида талабга эга. Мазкур махсулот нархида қўшимча қиймат улуши жуда кам. Шунинг учун хом ашёдан, биринчи навбатда, миллий иқтисодиёт тармоқларида фойдаланишни рағбатлан-тириш зарур. Бу ЯИМни оширишга имкон беради ва янги иш ўринларини яратади.

Маҳаллий махсулотнинг рақобатбардошлигини ошириш муаммоси глобаллаштириш шароитида, айниқса, алохида ахамият касб этади. Масалан, мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши иқтисодиётга катта фойда келтириши, аммо, шу билан бирга, салбий оқибатларга хам олиб келиши мумкин. Агар нарх белгилаш ва бошқа савдо элементларини эркинлаштириш натижасида кўпгина махаллий товарлар импортга нисбатан нарх ва сифат бўйича рақобатбардош бўлмаса, у ҳолда тегишли фаолият сохалари инқирозга юз тутади. Бундай шароитларда махаллий ресурслардан фойдала-нувчи корхоналарнинг имкониятлари кўпроқ бўлади. Ўзбекистонда бундай корхоналарга ўз хом ашёсини қайта ишловчи корхоналар киради. Булар – пахта, сабзавот ва меваларни қайта ишловчи, тайёр тўқимачилик махсулотлари (ип-газлама, мато, кийим-кечак) ишлаб чиқарувчи ва бошқа корхоналардир. Мазкур маҳсулотлар рақобатбардошлигининг асосий омили товарнинг сифати муносиб бўлганда унинг сотиш нархидир. Шу муносабат билан товар ишлаб чиқарувчи ишлаб чиқариш чиқимларини камайтиришга ҳаракат қилиши керак. Давлат иқтисодий механизмлар орқали харажатларни камайтиришни рағбатлантирар экан, махаллий товарларнинг рақобатбардошлигига хам таъсир кўрсатиши мумкин.

Нарх шакллантириш ва нархларни тартибга солиш механизмини яхшилаш, харажатларни камайтириш воситаларини жорий қилиш натижасида бозор тамойилларига мувофиқ саноат ва қишлоқ хўжалиги, иқтисодиётнинг устувор ва турдош тармоқлари ўртасида махсулотни тенг қийматларда алмаштириш шароитларини яратиш имкони тукилади. Табиий монополиялар ва монополист-корхоналар фаолиятини харажатларни ва маҳсулот (хизматлар) рентабеллиги даражасини оширмасдан самарали бошқариш имкони юзага келади. Тармоқлараро алоқаларнинг мутаносиблигига эришиш нафақат кичик, балки йирик корхоналарда хам ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини оширишга ёрдам беради. Таклиф этилаётган чора-тадбирларнинг мақсади – товар ишлаб чиқарувчига бошқа тенг имкониятлар шароитида асосланган харажатларни қоплаш ва хом ашё ишлаб чиқаришдан тортиб то охирги махсулот тайёрлашгача бўлган ишлаб чиқаришнинг барча босқичларида оптимал фойда олишни таъминлашдир. Бундай шароитларда Жахон савдо ташкилоти (ЖСТ) қоидаларидан фойдаланишга ўтиш иқтисодий ўзини оқлайди ва миллий иқтисодиётимиз товар ишлаб чиқарувчилари учун самарали бўлади. Махаллий маҳсулотларнинг мақбул сифат даражасидаги оптимал нархлари иқтисодиёт реал секторининг юқори рақобатбардошлиги учун кафолат, истеъмол нархлари ва тарифларини шакллантириш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Шундай қилиб, махаллий товар ишлаб чиқарувчиларнинг ички бозорда хам, жаҳон бозорларида ҳам рақобат афзалликларини ошириш кўп жиҳатдан нархни шакллантириш ва нархларни бошқариш, солиқ солиш, кредитлаш, харажатларга қарши самарали таъсир чоралари ва бошқаларнинг белгиланган қоидаларига боғлиқ. Таҳлил натижалари шуни кўрсатадики, маҳаллий маҳсулотнинг нарх бўйича рақобатбардошлигига таъсир кўрсатувчи асосий омиллар ( харажатлар нуқтаи назаридан) қазиб чиқариш тармоқлари, ЁЭМ ва металлургия махсулотларининг баҳосидир. Давлат иқтисодиётнинг устувор тармоқлари махсулотлари нархининг ўсишини жиловлаш чораларини кўриши зарур.

Миллий иқтисодиётнинг мазкур тармоқлари махсулотлари учун нархларни ҳосил қилиш механизмини ишлаб чиқишнинг асоси сифатида хорижда кенг тарқалган "АВС" усулидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Бундай ёндашув фаолият турлари бўйича ишлаб чиқариш чиқимларини хисобга олишни назарда тутгани боис, уни Ўзбекистоннинг юқори монополлашган иқтисодиёти шароитларига осонгина мослаштириш мумкин. Бунинг учун "ишлаб чиқариш харажатлари нархи" назариясидан келиб чиқадиган тамойиллар асосида таннарх ва молиявий натижаларни шакллантиришнинг амалдаги тизимига муайян ўзгартиришлар киритиш керак[2]. Иқтисодий назария ва амалий фаолият турлари бўйича харажатларни ҳисоблаш тажрибасига эга, бу тажриба режали иқтисодиёт шароитида хам, бозор муносабатларига ўтишда хам тўпланган. Аммо, сўнгги йилларда нархни шакллантириш ва, хусусан, таннархнинг кулькуляцияланиши борасида ишлаб чиқилган кўпгина фойдали ғоялар амалиётга татбиқ қилинмади.

Юқорида санаб ўтилган чораларни жорий этишдан мақсад – маҳаллий товар ишлаб чиқарувчиларга глобаллашувнинг кескин талабларига мослашишга ёрдам бериш, уларнинг фаолиятини мавжуд ресурслардан самарали фойдаланишга ва ишлаб чиқарилаётган махсулотнинг рақобатбардошлигини оширишга қаратишдир. Баён қилинган нархи шакллантиришни татбиқ қилиш ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган махсулотлар ва истеъмол товарлари (хизматлари) нархларининг баланслашган тизимини қарор топтиришга имкон беради. Нархлар даражаси тегишли бозорларда истеъмолчи томонидан талаб ва таклифдан келиб чиққан холда эътироф этилган ишлаб чиқариш харажатларининг энг мақбул миқдорига нисбатан ўзгариб туради.

 
Категория: Iqtisod va Moliya | Добавил: azizjon_ibragimov (09.06.2016)
Просмотров: 1764 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar