Главная » Статьи » Iqtisod va Moliya |
2014 йилда монетар сиёсат ва банк тизимининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2013 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида белгилаб берилган вазифаларнинг бажарилишига қаратилади. Хусусан: – иқтисодиётни ўстиришнинг барқарор юқори суръатларини таъминлаш бўйича қабул қилинган стратегияни давом эттириш, бунинг учун мавжуд резервлар ва имкониятларни сафарбар этиш; – саноатда юқори технологияли ва замонавий бўлган энг муҳим объектлар ҳамда қувватларни ишга тушириш, инвестиция жараёнини ошириш ва такомиллаштириш; – мамлакатда ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ва модернизациялашнинг, жаҳон бозорларига чиқишнинг асосий омили ҳисобланган тўлақонли рақобат муҳитини шакллантириш; – ишбилармонлик муҳитини («бизнес билан шуғуллан» тамойили бўйича) шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада рағбатлантириш; – ижтимоий соҳани ривожлантириш, иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш, уй-жойлар қуриш ва аҳоли пунктларини ободонлаштириш, таълим жараёнини ва соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилишни давом эттириш ва такомиллаштириш; – «Соғлом бола йили» Давлат дастурини амалга ошириш 2014 йилги пул-кредит сиёсатининг ва банк тизими фаолиятининг энг муҳим устувор йўналишлари этиб белгилаб олинди. 2014 йилда республикамизда ялпи ички маҳсулотнинг 8,1 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда. Иқтисодий ўсишнинг бундай юқори суръати мамлакатимизда саноат, қишлоқ хўжалиги, капитал қурилиш, аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш тармоқларида маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш ҳажмининг юқори суръатларда ошиши ҳамда экспорт ҳажмининг кўпайиши ҳисобига таъминланади. Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг 8,3 фоизга, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш ҳажмининг 6,0 фоизга ва чакана савдо айланмасининг 13,9 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда. Шунингдек, бозор хизматлари ҳажмининг 16,2 фоизга ошиши ҳисобига хизматлар ҳажмининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 55,0 фоизга етиши прогноз қилинмоқда. Иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари иқтисодиётни таркибий жиҳатдан диверсификация қилишни чуқурлаштириш, юқори технологик ишлаб чиқаришга асосланган янги корхоналарни барпо этиш ва фаолият юритаётган корхоналарни замонавий талаблар асосида модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ жойларда янги, замонавий инфратузилмага эга бўлган турай-жой массивларини барпо этиш, ижтимоий объектларни кенгайтириш ва реконструкция қилиш каби инвестицион лойиҳаларни амалга оширишга йўналтириладиган капитал қўйилмалар реал ҳажмини ошириш ҳисобига эришилади. Жорий йилда асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар умумий ҳажмининг ўтган йилга нисбатан 10,1 фоизга ўсиши ва 14,3 млрд. долларни ташкил этиши прогноз қилинмоқда. Хусусан, 2014 йилда 3,9 млрд. доллардан зиёд ёки 2013 йилга нисбатан 29 фоиз кўпроқ ҳажмдаги хорижий инвестиция ва кредитларнинг ўзлаштирилиши кутилмоқда. Аҳоли реал даромадларининг ортиши, ўз навбатида, ялпи ички маҳсулот таркибида истеъмол компонентининг ҳамда аҳоли томонидан узоқ муддатли товарлар ва хизматларга бўлган талабнинг ўсишида, шунингдек, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнеснинг ривожланишида ўз аксини топади ҳамда ялпи ички маҳсулот ҳажмига ижобий таъсир этади. 2014 йилга тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига мувофиқ унинг дефицитини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1 фоиздан оширмаслик ҳамда уни ноинфляцион манбалар ҳисобидан молиялаштириш кўзда тутилмоқда. Ички бозорда истеъмол товарлари нархларининг шаклланишига таъсир қилувчи омилларни, жаҳон бозоридаги нархлар динамикасини, шунингдек, ички талабни рағбалантириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирларни инобатга олган ҳолда, 2014 йил учун инфляция 6-7 фоиз миқдорида бўлиши кутилмоқда. 2014 йилга мўлжалланган пул-кредит кўрсаткичларининг прогнози Ҳукумат томонидан белгилаб берилган юқоридаги асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг прогноз параметрларига мувофиқ ишлаб чиқилди. Ушбу асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози доирасида 2014 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 8,1 фоизга ўсишининг пулга бўлган реал талаби ва аҳоли даромадлари ўсиб бораётганлигидан келиб чиқиб, ўртача йиллик пул массаси ялпи ички маҳсулотга нисбатининг 1,0 фоиз бандга ошиши кўзда тутилмоқда. Ўз навбатида, инфляция даражаси ва пул массасини мақсадли параметрлар доирасида ушлаб туриш ва ташқи омилларнинг инфляцияга таъсирининг олдини олиш мақсадида Марказий банк томонидан 2014 йилда ҳам монетар сиёсатнинг бозор инструментларидан кенг фойдаланилади. Жумладан, тўлов балансини прогноз кўрсаткичларининг ва Марказий банкнинг ҳукуматга бўлган соф талабларининг ўзгариш динамикасини ҳисобга олиб, банк тизимида вужудга келиши мумкин бўлган ортиқча ликвидликнинг инфляцион босимининг олдини олиш мақсадида Марказий банк томонидан амалга ошириладиган стерилизация операциялари ҳажмини 1,2 мартага ошириш мўлжалланмоқда. Шунингдек, фоиз сиёсатида асосий эътибор пул бозорининг барқарорлигини ва банк депозитлари жозибадорлигини таъминлашга, жумладан, аҳоли омонатлари бўйича реал фоиз ставкаларининг ижобийлигини сақлаб қолиш ҳамда тижорат банклари депозитлар портфелидаги узоқ муддатли депозитлар улушини оширишга, шунингдек, иқтисодиётнинг реал секторига ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг мақбуллигини таъминлашга қаратилади. 2014 йилда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини ва иқтисодиётнинг реал секторидаги инвестицион фаолликни қўллаб-қувватлаш ҳамда истеъмол нархлари индексининг 6-7 фоиз даражада прогноз қилинаётганлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви томонидан 2014 йилнинг 1 январидан бошлаб қайта молиялаш ставкасини амалдаги йиллик ҳисобда 12 фоиздан 10 фоизга тушириш бўйича қарор қабул қилинди.(2016 йил холатига қайта молиялаш ставкаси 9 %) Қайта молиялаш ставкасининг туширилиши натижасида банк кредитлари бўйича ўртача фоиз ставкаларининг пасайиши ва натижада хўжалик юритувчи субъектларнинг инвестицион фаоллиги ошиши кутилмоқда. Жумладан, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашга йўналтирилган дастурларни молиялаштиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган кредитлар ва микрокредитлар бўйича фоиз ставкалари пасаяди ҳамда кредитлар ҳажмининг ошиши ҳисобига қўшимча янги иш ўринлари яратилади. Экспорт қилувчи корхоналар фаолиятини рағбатлантириш ва импорт ўрнини босувчи товар ва хизматлар ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда импорт қилинадиган халқ истеъмоли маҳсулотлари нархларини пасайтириш орқали инфляцияни прогноз параметрлари доирасида бўлишини таъминлаш мақсадида ўзгариб борувчи бошқариладиган алмашув курси стратегияси қўлланилади ва алмашув курси мақсадли коридор доирасида ушлаб турилади. Монетар сиёсат инструментлари ва улардан фойдаланиш. Марказий банк 2014 йилда ички ва ташқи молия бозорларидаги ўзгаришларни инобатга олиб, монетар сиёсатнинг тегишли бозор инструментларини кенг қўллаган ҳолда қатъий пул-кредит сиёсатини юритишни давом эттиради.Шу билан бирга, монетар сиёсат инструментларининг самарадорлигини янада ошириш ва кўрилаётган чора-тадбирларнинг пул бозори ҳолатига таъсирини кучайтириш бўйича аниқ мақсадли ишлар олиб борилади. Банк тизими ликвидлигини доимий равишда мониторинг қилиш орқали тижорат банкларининг вакиллик ҳисобварағидаги ва бошқа юқори ликвидли активларининг ҳаракати таҳлил қилиб борилади ва уларнинг энг мақбул даражада бўлишини таъминлаш учун Марказий банк томонидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилади. Мажбурий резервлар нормаси банк тизимининг ликвидлик даражаси пул массаси ва тижорат банклари кредит қўйилмаларининг ўсиш суръатларидан келиб чиққан ҳолда белгиланиб, зарур ҳолларда ўзгартириб борилади. Шунингдек, банк тизимида вужудга келиши мумкин бўлган ортиқча ликвидликнинг инфляцион босимининг олдини олиш ҳамда пул массасини тартибга солиш мақсадида тижорат банкларининг бўш турган пул маблағларини Марказий банкдаги турли муддатли депозитларга жалб қилиш орқали стерилизация операциялари ўтказиб борилади. Банк тизимида вақтинчалик ликвидлик етишмовчилиги юзага келган ҳолларда Марказий банк томонидан ликвидлик билан таъминлаш инструментларидан, хусусан: Марказий банк томонидан тижорат банкларидан хорижий валютани (АҚШ доллари, евро, япон иенаси ва фунт стерлинг), белгиланган муддат ва алмашинув курсида қайта сотиш шарти билан, сотиб олиш операциялари – валютавий СВОП операцияларидан фойдаланилади. Шунингдек, ички валюта бозоридаги барқарорликни ва сўмнинг алмашув курсининг белгиланган коридор доирасида бўлишини таъминлаш мақсадида Марказий банк банклараро валюта бозорида олди-сотди операцияларини амалга оширади. Банк тизими ликвидлигини тартибга солиш тизимини бозор тамойиллари асосида янада такомиллаштириш фоиз сиёсатининг самарадорлигини ошириш ва пул бозорида фоиз хатарларини пасайтириш имконини беради. | |
Просмотров: 1320 | |
Всего комментариев: 0 | |