Главная » Статьи » Iqtisod va Moliya

Солиқ тушунчаси, унинг зарурлиги ва иқтисодиётда тутган ўрни

Ўзбекистон Республикасини Солиқ Кодексининг 12- моддасига асосан Солиқлар деганда-муайян миқдорларда ундириладиган, мунтазам, қайтариб берилмайдиган ва беғараз хусусиятга эга бўлган, бюджетга йўналтириладиган мажбурий пул тўловлари тушунилади.

Бошқа мажбурий тўловлар деганда белгиланган давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий пул тўловлари, божхона тўловлари, шунингдек ваколатли органлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни тўловчиларга нисбатан амалга ошириш учун, шу жумладан муайян ҳуқуқларни ёки лицензиялар ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларни бериш учун тўланиши лозим бўлган йиғимлар, давлат божи тушунилади.

Солиқлар мажбурий тўловни ифода этувчи пул муносабатларини билдиради. Бу муносабатлар солиқ тўловчилар билан солиқни ўз мулкига айлантирувчи давлат ўртасида бўлади. Корхона ва ташкилотлар аҳолига хизмат кўрсатганида, ишлар бажарганида ёки бозорларда олди-сотди қилганда ҳам пул тўловлари мавжуд. Лекин улар солиқ бўла олмайди. Солиқ муносабати бўлиши учун давлат мамлакатда яратилган ижтимоий маҳсулот қийматини тақсимлаш йўли билан мажбуран давлат бюджетига маблағ тўплаш жараёнини амалга оширади.

Солиқларнинг ўзига хос белгилари мавжуд бўлиб, уларга: мажбурийлик, хазинага тушишлик, қатъийлик ва доимийлик, аниқ солиқ тўловчи учун эквивалентсизлик белгилари мавжуддир.

  1. Биринчи белги-мажбурийлик. Солиқлар ва йиғимлар мажбурий бўлиб, бунда давлат солиқ тўловчининг бир қисм даромадларини мажбурий бадал сифатида бюджетга олиб қўяди. Бу мажбурийлик Ўзбекистон Республикаси Солиқ Кодексининг тамойили асосида амалга оширилади. Мажбурийлик белгиси ҳуқуқий томондан давлат учун кафолатланган.
  2. Иккинчи белги солиқларнинг давлат мулкига айланишидир. Солиқлар албатта хахинага-давлат бюджетига ва бошқа давлат пул фондларига тушади.
  3. Солиқлар қатъий белгиланган ва доимий ҳаракатда бўлади. Тарихда 50 ва 100 йиллаб ўзгармасдан ҳаракатда бўлган солиқлар мавжуд. Илмий асоси қанча чуқур бўлса, солиқлар шунча қатъий ва узоқ йиллар ўзгармасдан ҳаракат қилади ёки жуда кам ўзгаради.
  4. Тўланган солиқлар мамлакат миқёсида ҳаммага бир хил миқдорда қайтиб келади. Лекин, давлатга тўланган солиқ суммаси тўловчининг шахсан ўзига тўлиқ қайтиб келмайди, яъни у эквивалентсиз пул тўловидир. Масалан, солиқ тўловчи бу йили давлатнинг соғлиқни сақлаш ва маориф хизматларидан ҳеч фойдаланмаган бўлиши мумкин. Лекин бозор иқтисодиёти шароитида ҳамма солиқ тўловчиларнинг тўлаган солиқ ва йиғимлари давлатнинг уларга кўрсатган хилма-хил хизматлари (мудофаа, хавфсизликни таъминлаш, тартиб-интизомни ўрнатиш ва бошқа ижтимоий-зарурий хизматлар) орқали ўзларига қайтиб келади.

Солиқлар иқтисодий категория бўлганлигидан тўловчилар ва бюджет ўртасида даромадлар тақсимланаётганда томонларнинг иқтисодий манфаатини, албатта, эътиборга олиш зарур. Солиқ тўловчилар даромадини давлат истаганича ололмайди, солиқларни бюджетга олишнинг маълум чегараси мавжуд. Бу ҳақда йирик иқтисодчи олимлар ва давлат арбоблариўз асарларида кўрсатиб ўтган. Уни давлат, шу билан бирга солиқ тўловчиларнинг маҳсулот ишлаб чиқариш ва фойда олишдаги фаолиятини ҳисобга олиб солиқ белгиланади. Иккинчи томондан, солиқлардан макроиқтисодиётни ривожлантириш, бозор инфратузилмасини яратиш ва бошқа умумдавлат мақсадлари учун етарли молиявий ресурслар тўплаш учун фойдаланилади. Солиқлар моҳияти солиқ тўловчилар билан давлат ўртасидаги доимий, узоқ муддатли муносабатларда ўз ифодасини топади. Аниқроқ айтсак бу ерда иқтисодий муносабат яъни пул муносабати мавжуддир.

Солиқларнинг объектив зарурлигини бозор иқтисодиётига ўтиш шароитида икки ҳолат билан ифодалаш мумкин: биринчидан, давлатнинг қатор вазифаларини маблағ билан таъминлаш зарурлиги, иккинчидан, бозор иқтисодиёти қонун-қоидалари. Давлатнинг бажарадиган функциялари ва вазифалари кўп ва бозор иқтисодиёти ривожлана бориши билан баъзи ижтимоий ҳимояланган бозор муносабатларига мос келмайдиган вазифалар пайдо бўла бошлайди. Бугунги кунда республикамизда турли хил мулкчилик шаклидаги корхона ва ташкилотлар фаолият юритиб келмоқдалар. Ўларнинг фаолиятига давлатнинг ҳа деб аралашувини ёқтирмайди, қабул қилмайди. Чунки, бозор иқтисодиёти эркин иқтисодиёт, бу ерда ҳар бир хўжалик субъекти эркин фаолият кўрсатади, бутун фаолиятига ўзи жавоб беради. Давлатнинг улар фаолиятига аралашувига фақат қонун йўли билан, яъни солиқлар орқали бўлади.

Бозор иқтисодиётига ўтиш даврида давлатнинг янги вазифалари пайдо бўлади. Буларга бизнинг республикамизда кам таъминланганларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, бозор иқтисодиёти инфратузилмасини ташкил қилиш киради. Шу ерда давлат кучли социал сиёсат тадбирларини амалга ошириш учун пенсионерлар, нафақахўрлар, талабалар, кўп болали оналар ва бошқаларни кўпроқ маблағ билан таъминлаш зарурлигини англаб чекланган товарлар баҳосидаги фарқни бюджет ҳисобидан қоплайди ва уларга бошқа харажатларни давлат ҳисобидан амалга оширади, маҳаллаларда кам таъминланганларга моддий ёрдамлар ташкил этади. Шу билан бирга, Ўзбекистон давлати жамият аъзолари осойишталигини сақлаш мақсадида ўзининг мудофаа қобилиятини сақлаб ва мустаҳкамлаб туришга, техника ва ўқ-дориларга ҳам маблағлар сарфлайди. Қолаверса, давлат фуқаролар хафвсизлигини сақлаш, мамлакатда тартиб интизом ўрнатиш, уни бошқариш функцияларини бажариш учун ҳам кўплаб маблағ йўналтиришга мажбур. Бундай харажатларни амалга оширишнинг мажбурийлиги улар учун манба бўлган солиқларни ҳам объектив зарур қилиб қўяди.

Категория: Iqtisod va Moliya | Добавил: azizjon_ibragimov (27.01.2016)
Просмотров: 1504 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar