Главная » Статьи » Iqtisod va Moliya

Ссуда капитали жаҳон бозори (СКЖБ) ҳақида тушунча ва унинг эволюцияси

Ссуда капиталининг жаҳон бозори (СКЖБ)нинг моҳиятини тушуниш учун уни кенг ва тор маънода кўриб чиқамиз. Тор маънода СКЖБ деганда – халқаро кредит операциялари рўй берадиган бозор ёки ссуда капиталининг халқаро бозори тушунилади. У ўз ичига чет эл кредитлари ва заёмлар бозорини олади. Бу бозор, ўз навбатида, ссуда капитали (СК) миллий бозоридаги халқаро операцияларини келтириб чиқаради. Евровалюта бозори ёки евробозор бу чет эл валютасида мамлакат ташқарисида нақд пулсиз депозит – ссуда операциялари рўй берадиган бозордир. Евровалюта операциялари СКЖ бозорини деярли қамраб олганлиги туфайли баъзи адабиётларда СКЖБ синоними сифатида евробозор тушунчаси ҳам ишлатилади. (Баъзи бир маълумотларга қараганда СКЖБ даги 70-90% операциялар евровалюта опера­цияларига тўғри келади). Кенг маънода СКЖБ деганда ссуда капиталининг жаҳон миқёсида тақсимланиши ва кайта тақсимланишининг иқтисодий механизми тушунилади. Яъни бу жараён ссуда капитали миллий бозорини ва евробозорни мувофиқлаштиришга асос бўлади.

СКЖБ эволюцияси жаҳон иқтисодиётининг байналминалла-шув жараёни динамикасида ўз аксини топади. Бу ривожланиш бос-қичларини қуйидагича ифодалаш мумкин:

Биринчи босқич ривожланишининг монопол даражаси, СКЖБ кўп тарқалган СК миллий бозорларининг мувофиқлашуви си­фатида кўринган.

Иккинчи босқич, юқори ривожланиш даврида хўжалик алоқалариниш байналминаллашуви ва халқаро кредитнинг ривожланиши асосида СКЖБ шаклланади. Дастлаб халқаро кредитнинг ривожланиши миллий бозорларда фақат халқаро операциялар шаклида намоён бўлган. Аста-секин йирик бозорлар (Лондон, Париж, Нъю-Йоркда) жаҳон молия марказларига айланади. Бу молия марказларида ўтказилган операциялар жаҳон бозорининг иккинчи секторини шакллантирди. Бу марказлар оффшоринг. Off-shove – мамлакат ташқарисида маълум бир масофада жойлашган. Жаҳон молия марказларига банклар ва кредит-молия институтлари жамланган. Халқаро кредит олтин ва чет эл валютасида операциялар олиб борадиган бу муассасалар СКЖБ нинг ташкилий марказлари бўлиб қолди. 1929-1933 йилларда жаҳон иқтисодий таназзули, ундан кейин депрессия ва II Жаҳон уруши даврида ташқи савдо ҳажми шунингдек, жаҳон марказларида ҳам, миллий бозорда ҳам халқаро операцияларнинг сони қисқариб борди. Кейинги босқичларда СКЖБнинг ривожланишининг 50-йиллардаги евробозорнинг пайдо бўлиши билан боғлиқ. Валюта муносабатларини олиб боришда валюта чекловларининг юзага келиши ва СК миллий бозорлари орасидаги фарқланиш мавжудлиги шароитида халқаро молия капиталининг ҳаракати ва ривожланиши ягона, миллий давлат бошқарувидан ycтунроқ бошқарилувчи бозорни талаб қилди. Евробозор шундай бозор сифатида вужудга келди. У миллий бозорлар ўртасида ўзига хос фаолият олиб борувчи воситачи ҳисобланади. Чунки бунда операциялар миллий давлат ташкилотлари томонидан бошқарилмайди. Евробозорлар дастлаб евродоллар бозори шаклида ривожлана борди. Евродолларнинг пайдо бўлиши долларнинг чет эл банкларида жамғарилишига ва уларнинг кредит операцияларда ишлатилишига олиб келди. 60-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб евробо­зор операциялари евромарка, евростерлинг еврофранклар каби бошқа валюталарда олиб борила бошланди. Евробозор таъсирида Европада йирик жаҳон молия марказлари вужудга келди. Лондонда, Цюрихда, Парижда ва бошқа ривожланган давлатларда молиявий марказлар пайдо бўлиб борди. «Евробозор» терминидаги евро қўшимчаси шу билан изоҳланади. 60- йиллар иқтисодиётининг яна бир хусусияти шундаки, бу даврда Америка доллар бозори пайдо бўлди, 70-йиллардан бошлаб эса, Яқин шарқ доллар бозори таркиб топди. Шунинг учун «евро» қўшимчаси ўзининг дастлабки географик чизимини йўқотди.

«Евровалюта» географик жиҳатдан нафақат Ғарбий Европа мамлакатларига, балки бундан ташқаридаги мамлакатларга ҳам тегишлидир. СКЖБ ривожланишининг замонавий босқичи 80-йиллардан бошланди. Бу даврга келиб байналминаллашув ва интеграциянинг чуқурлашуви СКЖБларида валюта чегараларининг сусайиши ёки бекор қилинишига, миллий кредит механизмининг мукаммаллашувига, миллий бозорлар орасидаги фарқларнинг камайишига олиб келди.

Энди, СКЖБнинг таркибини кўриб чиқадиган бўлсак у таркибий жиҳатдан 2 хил бўлиб, улар институционал ва операциондир. Институционал таркибий қисми расмий институтлар (марказий банклар, халқаро молия-кредит ташкилотлари), хусусий молия-кредит муассасалари (тижорат банклари, суғурта компаниялари. пенсия фондлари), биржалар, фирмаларни ўз ичига олади. Бу ерда трансмиллий банклар ва корпорациялар acocий ўрин тутади.

Ссуда капиталининг ҳаракат қилиш муддатига қараб халқаро бозор 3 секторга бўлинади. Жаҳон пул бозори, ўрта ва қисқа муддатли чет эл ва еврокредитлар бозори, ва молия бозори. Жаҳон пул бозори бу қисқа муддатли (1 кундан 3 ойгача) чет эл ва еврокредитлар бозори бўлиб, бу бозор операцияларининг аксарияти банклараро ссудалар ёки банклараро депозитларга асосланади. Бу депозитларни (банк депозитларини бошқа банклардаги счётларга қўйиш) депозит сертификатлари, векселлар, банк акцептлари ташкил қилади. Жаҳон бозорининг 2-секторида 70-йилларда операциялар сонининг кескин ўсиши револьвер кредит техникасининг ривожланиши билан бoғлиқ. Бу даврдаги бозорни кўпинча синдикатлаш ёки синдикатлаштирилган бозори деб ҳам аталади. Банк синдикатлари синдикатлаштирилган асосда кредитлар таклиф қиладилар. СКЖБда 50-70-йиллар охирларида корпорациялар томонидан 3-6 ой муддатга «сузувчи» ставкаларда чиқараладиган қимматли қоғозлар-евроноталар тарқатилди. Евроноталар қисқа муддатли қоғозлар бўлишига қарамасдан улар ўpтa ва узоқ муддатли кредит сифатида берилган. Банклар заём чиқарувчи (фирмалардан евроноталарни сотиб олиб уларни иккиламчи бозорда сотиш билан шуғулландилар.

Жаҳон молия бозори – облигация заёмлари бозори 80-(йиллар-дан бошлаб шакллана борди. Унинг пайдо бўлиши билан СКЖБ да 2 та параллел бозор фаолият кўрсата бошлади:

–анъанавий хорижий заёмлар бозори ва еврозаёмлар бо­зори.

90-йиллар бошларида жаҳондаги заёмларнинг 80%и евроза-ёмлар ҳиссасига тўғри келди. Еврозаёмларнинг асосий устунлиги шундаки, улар кредитор ва қарздорлар учун ҳам валюта заёми мавқеига эга бўлади. Заёмларнинг бу турлари Буюк Британия, АҚШ тарқалган. Яна бошқа бир фарқи анъанавий хорижий заёмлар бирор мамлакат миллий бозорида чиқарилса, еврозаёмлар эса бир пайтда бир неча давлатларда тарқатилади. Еврооблигация, одатда, 7 йилдан 15 йил муддатга чиқарилади. 80-йилларда 30 ва ҳатто 40 йил муддатли облигациялар чиқарилди. Асосий заём чиқарувчилар бўлиб, давлат, халқаро ташкилотлар маҳаллий ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари фаолият кўрсатган. Еврозаёмлар, одатда, йирик банклар томонидан чиқарилган. Бу йирик банклар еврозаёмларни халқаро консорциумлар ва синдикат ташкилотлари сифатида чиқардилар. Консорциумлар фаолиятига банклар, ҳар хил молия-кредит институтлари: пенсия фондлари, cyғypтa ва инвестицион компанияларни жалб қилдилар. Жаҳон молия бозорида ҳар хил турдаги оддий ёки «доимий», «сузувчи» фоиз ставкали, ноль фоизли (купон билан), конвертирланган облигациялар кабилар амал қилади. Бу облигацияларнинг 60% ини оддий облигациялар ташкил қилади ва бу бўйича облигация эмитенти заём муддати тугагунча мустахкам (ўзгармас) фоиз тўлайди. «Сузувчи» ставкали облигациялар ставкаси ва даромади ҳам бозор фоизлари ўзгаришига боғлиқ ҳолда тебраниб туради.

Облигациялар бўйича сузувчи фоиз ставкалари Либор ставкасида ифодаланади. Ўзгарувчи ставкали облигациялар фарқли равишда индексацияланган фоизли облигациялар ҳисобланади. Бу облигациялар фоизи капитал бозоридаги фоиз ставкаларининг ўзгаришига эмас, балки маълум бир товар баҳоси индексига боғлиқ бўлади. Келишувга биноан бу облигациялар фоиз ставка­лари у ёки бу товар баҳоси ўзгаришига қараб ўрнатилади. Масалан, 80-йилларда мис, нефть ёки олтин баҳосига асосланган бир неча облигациялар машҳур бўлган. Бунда «сузувчи» фоизли обигацияларнинг фоиз сгавкаси баҳоларга қараб ўзгариб туради ва маълум бир даражага етганда барқарор фойда келтира бошлайди ёки облигациянинг бошқача бир тури мустаҳкам (ўзгармас) фо­изли облигация бўлиб, бунда облигация чиқарилганидан кейин биринчи беш йил давомида бир фоиздан маълум даражага етгунча даромад тўланган. Ноль купонли облигация ҳар йили эмас, балки фақат бир марта облигация қайта сотиб олинганида фоиз олиш имконини беради. Бу облигацияларга фоиз уларнинг эмиссияси курси бўйича тўланади. Эмиссия баҳоси номинал баҳода амалга оширилиши туфайли облигация эгаси эмиссион ва номинал курс суммалари орасидаги фарқ миқдорида даромад олади. Бу облигациялар бўйича инвесторлар фойдадан солиқ тўлашдан озод қилиниши мумкин. Шу туфайли бу облигацияларга бўлган талаб юқоридир. Конвертирланадиган облигациялар 80-йилларда кенг тарқалди. Бу турдаги облигациялар камроқ фойда келтиради. Бу облигацияларнинг ижобий томони шундаки, агарда заём чиқарувчи компания акцияларига тўланадиган дивиденд облигация фоизидан катта бўлса, конвертирланадиган облигацияларни акцияга алмаштириб олишга имкон беради.

80-йилларда еврооблигация бозорида пайдо бўлган яна бир янгилик аукционли облигациялар жойлашувини таъминлаш, яъни инвесторга ҳар хил шартнома вариантларидан ўзига қулай бўлган турини танлаб олиш ҳуқуқини берган. Бу усулнинг моҳияти шундаки, олдиндан ўрнатилган баҳо бўйича облигация эгасига 1 троя унция олтин сотиб олиш имконини берувчи заём чиқарилади. Агар олтиннинг бозор баҳоси ўрнатилган баҳодан юқори бўлса, бундай облигацияни сотиб олиш қизиқиш уйғотади. Бошқа опционли облигациялар бир қимматли қоғозни бошқасига алмаштириш имконини беради. Масалан, облигация­ни – акцияга, «сузувчи» ставкали облигацияни қатъий белгиланган ставкали облигацияга алмаштириш имконини бериш ва турли хил облигацияларни чиқариш шубҳасиз, инвестор ва кредиторларни жалб этади. Маблағларни еврозаём бозорига жалб этишда заём чиқарувчилар томонидан турли хил қимматли қоғозларни турли хил шартларда чиқаришга ёки облигацияларнинг кечиктириб сотиши ёрдам беради. Сотиб олувчи облигациянинг курс қийматини дастлаб бир қисмини тўлайди. Маълум вақтдан кейин қолган қисмини тўлайди.

80-йиллар ўрталарда СКЖБни қамраб олган «секьюритизация» нинг пайдо бўлиши билан облигациялар билан бўладиган операциялар сони кескин ошиб кетди ва банк операцияларининг сони қисқарди. Ривожланаётган мамлакатлар – Багами ороллари, Па­нама, Сингапур, Гонконг ва бошқа давлатлардаги халқаро молия марказлари нисбатан ёш ва янги халқаро молия-кредит бозорларидандир. Ривожланган мамлакатлардаги кредит-молия марказларининг шаклланиши ва кескин ўсиши СКЖБ ривожланишидаги қонуний босқичдир. Охирги йилларда дунё мамлакатларининг жаҳон хўжалиги структураси ва халқаро меҳнат тақсимотига кириб келиши кенгаймоқда. Ривожланган мамлакатларнинг йирик трансмиллий банкларининг ривожланаётган мамлакатларда халқаро бизнес ва миллий банк капиталига хизмат кўрсатиш фаолиятини кенгайтириб юборди. Лотин Америкаси, Жануби-шарқий Осиё ва Яқин Шарқдаги ссуда капиталига бўлган таклиф бу ҳудудларда ташқи миллий минтақавий евробозорларнинг ривожланишига олиб келди. Уларнинг вужудга келиши туфайли капитал ҳақиқий глобал аҳамият касб этди. У ўз ичига ривож­ланган мамлакатлар, ривожланаётган мамлакатлар марказларини ва ўзаро тўлдирувчи ҳамда алмашинувчи минтақавий халқаро молия комплексларини олди. 70-йиллардан бошлаб халқаро молиявий марказларда халқаро молия-кредит фаолияти бўйича ихтисослашув бошланди. Ғарбий Европа доирасида Лондон, аввало, ўзининг евровалюта операциялари бозори, турли хил фондлари, олтин, фьючерс билетлари билан машҳурдир. Цюрих халқаро капиталлар, олтин бозори ва уни сақлаш жойи вазифасини бажаради. Люксембург ўзининг фонд биржалари ва узоқ муддатли заёмлар маркази сифатида машҳур. Шунга ўхшаш ҳолат бошқа минтақаларда ҳам юз берди. Сингапур бош фондларни жамлаш вазифасини бажарди. Гонконг халқаро кредитлаш маркази сифатида машҳур. Баҳрайн Яқин Шарқда қисқа муддатли кредитларнинг асосий маркази, шунингдек, валюта, олтин бозори маркази сифатида машҳур. Йирик халқаро суғурта маркази Бермунд ороллари ҳисобланади. Бу йирик марказлар кўпрок Лотин Америкаси давлатлари эҳтиёжларига хизмат қилишга йўналтирилган.

1. Халқаро кредитларнинг таснифланиши.

Халқаро кредит ссуда капиталининг халқаро иқтисодий алоқалардаги ҳаракатини ифодалайди. Халқаро кредит XIV-XV асрларда халқаро савдо муносабатлари негизида пайдо бўлган. Бу кре­дит қайтарувчанлик, муддатлилик, тўловлилик, таъминланганлик ва мақсадлилик тамойилларига асосланади.

Халқаро кредит шаклларини қуйидаги турларга бўлиш мумкин:

– манбаларига кўра ички ва ташқи кредитлар;

– вазифасига кўра тижорат (ташқи савдо ва хизматлар билан бевосита боғлиқ), молиявий (тўғри капитал қўйиш, объектлар қурилишига, қимматбаҳо қоғозлар сотиб олиш, ташқи қарздорликни тугатиш, валюта интервенциясини ўтказишга), оралиқ (капитал чиқаришининг турига хизмат қилувчи);

– кўринишига кўра товарлар шаклида (экспорт қилувчи томонидан импорт қилувчига) валюта (банк томонидан пул шаклида) шаклида;

– валюта турига кўра қарздор мамлакат валютасида, креди­тор мамлакат валютасида, учинчи мамлакат валютасида, маълум давлатлар пул бирлигида (ЭКЮ, ЕВЮ ва бошқалар);

– муддатига кўра жуда қисқа (кунлик, ҳафталик, 3 ойгача) қисқа (бир йилгача), ўрта (бир йилдан 5 йилгача), узоқ, (беш йилдан ошиқ) муддатли бўлиши мумкин. Қисқа ва ўрта муддатли кредитлар узайтирилганда улар давлат кафолати билан узоқ муддатли ҳисобланади;

– таъминланганлигига кўра таъминланган (товар ҳужжатлари, векселлар, қимматбаҳо қоғозлар, кўчмас мулк ва бошқалар билан), бланкали-қарздор жавобгарлиги (соло-вексель);

– таклиф этилиши нуқтаи назаридан нақд акцептли (траттани банк ёки импорт қилувчи томонидан акцептланганда), депозит сертификатли облигация заёмли кредитларга бўлинади:

Ссуда капиталининг ҳаракати мобайнида ташқи савдони кредитлаш жараёни амалга оширилади.

Ташқи савдони кредитлаш деганда экспорт ва импортни кредитлаш тушунилади. Экспортни кредитлаш қуйидаги шаклларда олиб борилади.

1) Харидор бўнаклари шаклида юзага келувчи кредит муно-сабатлар бўлиб, бунда харидор бўнаклари бирор бир мамлакатга ёки экспорт қилувчига берилади. Харидор бўнаклари мазмуни қуйида-гича: биринчидан, улар хорижий буюртмачининг буюртмасини таъ-минлашнинг асоси сифатида хизмат қилади. Иккинчидан, бўнак сум-маси экспорт қилувчи капиталининг салмоғини оширади.

2) Банк томонидан кредитлаш шаклларига кўра: экспорт қилувчи мамлакат гарови остида кредит бериш, импорт қилувчи мамлакатдан товар ҳужжатлари ёки товарларини гаровга олган ҳолда кредит бериш.

Банк билан анчадан бери бирга ишлаб келаётган ишончли йирик экспорт қилувчи фирмалар товарларни гаровга қўймасдан банк кредити олишлари мумкин.

Импортни кредитлаш ҳам тижорат ва банк кредити шаклида бўлади. Тижорат ёки фирма кредитлари 2 га бўлинади. Очиқ ҳисоб бўйича кредит (экспорт қилувчи юкланган товарларни импорт қилувчи қарзи сифатида унинг ҳисобига ёзиб қўяди, импорт қилувчи эса кредитни маълум бир муддатда тўлаш жавобгарлигини олади). Бунда қарздорлик даврий тугатиб борилади. Товар ҳам, ўз навбатида, мунтазам жўнатилиб борилади. Бу ҳолатда банклар савдо контрагентлари ҳисоб-китобларида воситачи функциясини бажаради.

Харидорнинг тўловга лаёқатсизлик таваккалчилигини камайтириш учун ташқи савдога бериладиган кредитларни суғурталаш усуллари ишлаб чиқилган бўлиб, улар қуйидаги шаклларда бўлади. Хусусий суғурта, бунда махсус суғурта компаниялари хорижий импорт қилувчиларнинг тўловга лаёқатсизлик ҳолатида уларнинг қарзларини экспорт қилувчига тўлаш жавобгарлигини олади. Бу давлат кафолати шаклида бўлади ва таваккалчиликнинг олдини олишни давлат ўз зиммасига олади. Буюк Бриганияда экспорт кредитларини кафолатлайдиган давлат департаменти мавжуд. У экспорт қилувчига тўланмаган кредитнинг 85- 100% ини қоплашни кафолатлайди. АҚШ да бу функцияни экспорт-импорт банки, Францияда ташқи савдо «Савдо учун француз cyғурта» агентлиги, ГФРда «Гермес» акционерлик жамияти ва халқаро вазирлик қўмитаси (экспорт кредити бўйича) бажаради. Экспорт кредитини суғурталаш cyғypтa ташкилоти томонидан экспорт қилувчи хорижий харидорга кредитга сотган товарлари учун ўз вақтида тўлаш жавобгарлигига асосланади. Импорт қилувчи кредитни тўлай олмаганда, суғурта ташкилоти экспортга кафолатланган суммани қайтаради.

Вексель кредит – бунда экспорт қилувчи товарни кредитга сотиш битимини имзолаб, тратта (ўтказма вексель)ни импорт қилувчига тақдим этади. Охирида товар ҳужжатларини олган шахс траттани акцептлайди, яъни вексель суммасини кўрсатилган муддатда тўлаш жавобгарлиги­ни олади. Кўпинча, Англосаксония давлатларида фирма кредитларининг ҳисоб-китобида аккредитив шаклини қўллаш тез-тез учраб туради. Бу ҳолатда импорт қилувчи экспорт қилувчи билан келишган ҳолда аккредитив ҳисоб очади. Товар юклаб жўнатилганлиги ҳақида ҳужжатлар тақдим этилганидан кейин экспортга аккреди­тив ҳисобдан товарлар учун тўлов тўланади. Импорт бўйича банк кредитлари қуйидагича ҳам бўлиши мумкин:

1) Акцептли кредит-акцепт ёки импорт қилувчи банкнинг экспорт қилувчи траттасини тўлаш розилиги билан берилади. Бунда импорт қилувчи тўлов вақти келганда банкка қарз суммасини маълум қилади, банк унинг экспорт қилувчи олдидаги жавобгарлигини ёпади.

Акцептли кредит нафақат йирик банклар томонидан ўзи учун, балки хорижий экспорт қилувчиларга ҳам таклиф этилади. Масалан, I Жаҳон урушигача ўша пайтларда жаҳон молия маркази ҳисобланган Лондондаги банклар нафақат Англия ташқи савдоси учун, балки бошқа давлатлар учун ҳам хизмат қилганлар. II Жаҳон урушидан сўнг Америка банклари орасида акцептли кредитлаш операциялари кенг миқёсда қўлланилган.

2) Акцепт тўловли кредит импорт қилувчи томонга хизмат кўрсатаётган хорижий банк томонидан кафолатлаш шарти билан банк томонидан векселни акцептлаш орқали амалга оширилади. Бу ҳолда импорт қилувчи траттани тугаши вақтида ўз траттасини акцептлайдиган хорижий банкка ўтказиш учун ўз банкига олиб келиши керак. Шундан сўнг охирги шахс экспорт қилувчига траттани ўрнатилган муддатда тўлайди. 50-йиллар охири ва 60-йилларнинг бошида ривожланган мамлакатларда экспортни молиялаштиришнинг янги усуллари пайдо бўлади. Улар орасида хорижий харидорларни банк тўғри кредитлаши алоҳида ўрин тутади. Бунда банк фирма кредити беришга оид ўзига хос функцияларни бажаради. Банк кредити кредитор-мамлакат товарини харид қилиб олувчи томонга қисқа ўрта муддатли кредит сифатида берилади.

Баъзи давлатларда фирма кредити унча катта бўлмаган суммада қисқа муддатга берилади. Aгap 60-йилларнинг бошларида Буюк Британия ва Францияда ўрта ва узоқ муддатли кредитлашнинг умумий ҳажми бўйича банк ва фирма кредити орасидаги нисбат 1:2 бўлган бўлса, охирги йилларда банк кредити ҳиссасига экспорт кредитлашнинг 3/4 қисмидан ортиқроғи тўғри келган. Банкнинг бевосита кредитлаштириш механизми ривожланишида давлатнинг аҳамияти сезиларли кўтарилган. Давлат кафолати бўйича экспорт кредити зарур бўлган ҳолда, давлат кредит институтларида ўзининг хорижий активларини имтиёзли ставкаларда молиялаштирилади. Банклар маълум муддат ичида таклиф қилинадиган кредит ҳажмини оширадилар ва қарз олувчилар учун келтирилган қийматини таъминлайдилар. Дастлаб импорт қилувчиларни бевосита кредитлаштириши кредитни бир шартли битим билан «боғлаш» орқали амалга оширилган. Кейинги пайтларда кредит линиялари деб аталган банклар томонидан таклиф қилинган янгилик кенг тарқалди. Бу линиядан ташқи савдо битимларини тўлаш учун хорижий қарздорлар фойдаланади. Бундан ташқари, 70-йилларда экспортни кредит-молиявий рағбатлантиришнинг янги шакллари пайдо бўлади: қайта тузиладиган ёки револьвер кредит линияси (евровалюта бозори операцияларида қўлланиладиган кредит линияси тури) кабилар пайдо бўлди.

Факторинг – факторинг компаниялари товарини кредитга сотган экспорт қилувчи учун турли хизматлар кўрсатувчи махсус молия муассасалари ҳисобланади. У қарзни ундириш, экспорт операцияларини баҳолаш, назорат қилиш ва бошқаларни ўз зиммасига олади. Мижознинг қарздорга бўлган талабини қабул қилиб, фирма қарздордан ундирилган пулларни мижозига тўлашга жавобгар бўлади. Мабодо битимда кўрсатилган бўлса нақд пулда ҳам қарзни тўлаши мумкин. Харидордан қарзни ундириш ва кредит таваккалчилигининг олдини олиш билан бирга (факторинг компанияси саноат фирмаси экспорт операциялари билан боғлиқ бўлган жараёнларни) тижорат банки ва суғурта компанияси функцияларини ҳам бажаради. Факторинг қиймати одатдаги банк ссудасидан қимматроқдир. Берилган қарз воситалари ҳажмида факторинг 20 % дан ошади, шуни ҳисобга олиш керакки, унга нафақат олинган кредитни тўлаш ҳақи, балки бошқа хизматлар баҳоси ҳам киради. Шундай қилиб, факторинг тизими экспорт қилувчиларнинг қисқа муддатли кредит бериш имкониятларини кенгайтиради.

Форфейтинг операцияси. У 50-йилларда Fapбий Европада пай­до бўлиб, айланмани молиялаштириш деб аталган база асосида ривожланади. Бу усул АҚШда векселларни қайта молиялаштириш номи билан камроқ тарқалган. Бу операцияларнинг мазмуни шундаки, экспорт қилувчи томонидан импорт қилувчига талаб ҳуқуқи банк-форфейторига берилади, у эса бу ҳуқуқни сақлаши ёки халқаро бозорда сотиши мумкин. Банк эса экспорт қилувчига бу қимматли қоғозларни қийматини нақд пул билан тўлайди. Бунда қатъий ҳисоб ставкаси, мукофот (банк томонидан мажбуриятларни тўламаслик хавфини олганлиги учун) чегириб ташланади. Форфейтинг операцияларида ишлатиладиган молиявий воситалар банклардаги анъанавий савдо векселлари ҳисоб-китоблари каби қўлланилади. Фарқи шундаки, вексель эгаси ягона импорт қилувчи сифатида форфейтингда таваккалчилик билан боғлиқ бўлади. Оддий ҳисоб-китобда эса вексель қонунчилигига биноан кўпгина ҳолларда қарздорлик жавобгарлиги экспорт қилувчининг харидорни кредитлашни узайтиришига имкон беради. Банкнинг форфейтинг операциялари бўйича таваккалчиликни ўз зиммасига олиши инвесторлар учун ўз маблағларини узоқ муддатга қўшимча жойлаштиришга қизиқишни оширади. Форфейтинг операцияларида иштирок этувчи банклар учун евровалюта бозори, молиявий воситалар бозори бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун форфейтинг ҳисоб ставкаси бу бозордаги ўрта муддатли кредит фоиз ставкаси билан чамбарчас боғлиқ. Асосий валюта битимлари нисбати ГФР маркаси –50%, АҚШ доллари 40% ва Швецария фран­ки– 10 % миқдорида амалга оширилади.

Халқаро лизинг операциялари халқаро миқёсда машина ва жиҳозлар савдосининг шакли бўлиб бормоқда. Лизинг – ижара операцияларининг бир кўриниши бўлиб, бунда ижарага берувчининг мулкка эгалик ҳуқуқи сақланиб қолади. Ижарага олувчи вақти-вақти билан товардан вақтинча фойдаланганлиги учун ҳақ  тўлаб туради. Лизинг жиҳозларини махсус кредит муассасасининг компанияси томонидан олдиндан сотиб олишни англатади. Бу компания кейинчалик ижара берилувчи товар истеъмолчиси билан билан бевосита алоқага киришади. Бундай операцияларнинг объекти, асо-сан, турли хил жиҳозлар, транспорт воситалари, ЭҲМ ва бошқалар ҳисобланади. Лизинг операцияларини суғурталаш харажатлари ижарачи зиммасида бўлади. Ижара кредит олишнинг ўзига хос шакли бўлиб, экспорт қилувчи товарининг ташқи бозордаги ҳаракатини енгиллаштиради. Оддий товар кредити билан лизинг операцияларини ўтказиш шартларини бир-бирига яқинлаштиради. Ижарага олувчи ўз пул маблағларини марказлаштиришдан холос бўлади. Ижара тўловлари бўлак-бўлак шаклида бутун ижара даврида тўлаб борилади. Аммо лизингнинг мақсади товарга эгалик ҳуқуқини олиш эмас, балки товарнинг истеъмол хусусиятларидан фойдаланиш ҳуқуқини олишдир. Халқаро савдода ижара операцияларининг ҳажмининг ошиши кўплаб молия маблағлари жалб этилишини тақозо этади. Шунинг учун ҳам, кўпчилик мамлакатларнинг йирик тижорат банклари лизинг компанияларини молиялаштиришда фаол иштирок этадилар. Кейинчалик лизинг компаниялари банклар ихтиёрига ўтади. Кейинги йилларда экспортни молиялаштиришнинг миллий тизимларининг байналминаллашув анъанаси нафақат фирмани кредитлаш, балки форфейтинг бозоридаги ва банк кредити соҳасидаги операцияларни кенгайтиришда ҳам яққол намоён бўлмоқда. Банклар компенсация битимлари бўйича узоқ  муддатли кредитларни тақдим (бу операциялар бир хил қийматда товарларни келтиришга асосланган тез-тез учраб туради) қиладилар. Бунда қарз олувчи давлат 15-20 йилга фойдаланишга олинган материаллар, жиҳозлар, табиий ресурсларни ўзлаштириш учун олинган кредит бўйича қарзни тугатиш мақсадида қарз эвазига қурилган корхоналар ишлаб чиқарган маҳсулотидан кредит суммасига мос равишда кредиторга етказиб беради. Компенсация битимларининг ўзига хос хусусиятларига кенг миқёсда узоқ  муддатли ва экс­порт-импорт битимларининг ўзаро келишилганлигини киритиш мумкин. Мультмиллий шартномалар деб ном олган йирик суммадаги шартномалар бажарилишини мустақил пудратчилар сифатида турли хил мамлакат фирмалари ўз зиммасига оладиган шартномалар кенг тарқалган. Бундай шартномалар унда қатнашувчи давлатларининг банклари ва экспортни кредитлаш миллий суғурта муассасалари томонидан суғурталанади. Шуни таъкидлаш жоизки, бир неча мамлакатнинг фирмалари томонидан шартномаларни молиялаштириш мақсадида вақтинчалик банк корпорациялари тузилиши мумкин. Молиялаштириш муаммолари концорциум ичида яъни қарз олувчи учун ягона муассаса сифатида кўринувчи ташкилотда ҳал этилади. Экспорт кредитлари тушунчалари билан бу шаклдаги молиялаштиришни бирлаштирувчи нарса – унинг молиявий асоси эмас, балки мақсадли характерда бўлиши ва операцияларнинг кафили сифатида тегишли давлатларнинг ҳукумат ташкилоти иштирок қилишидир.

Халқаро узоқ муддатли кредит четга капитал чиқариш, тадбиркорликни қўллаш мақсадида ажратилган ва ташқи қарз кўринишидаги ссуда капиталининг ҳаракати шаклида бўлади. Халқаро қарзлар, аввало, кредит муносабатларининг субъектлари бўйича фарқланади:

Ташқи қарзларга кўра қарздорлар: саноат ва бошқа хусусий корхоналар – ҳокимият, муниципалитетлар ва бошқа ҳуқуқий муассасалар бўлиши мyмкин. Ташқи қарзларга кўра кредитлар: хусусий ишлаб чиқарувчилар ва банклар, облигация заёмлари эга-лари, давлат, халқаро валюта-кредит ташкилотларига бериладиган кредитларга бўлинади. Шунга мyвoфиқ равишда халқаро узоқ муддатли кредит хусусий, давлат ва хусусий-давлат турларига бўлинади, 50-йиллар охирларидан бошлаб халқаро хусусий кредит халқаро кредит муносабатларининг ажралмас бир қисмига айланади. Бу даврда ривожланган мамлакатлар кредити ўз валютасида тўлашни жорий қилдилар. Халқаро молиявий кредитларнинг урушдан кейинги тез ривожланишига кўпчилик Ғарбий мамлакатларда юзага келган иқтисодий танглик асос бўлди. Урушдан кейинги вайрон бўлган иқтисодиётни тиклаш учун йирик мо­лиявий харажатлар зарур эди. Бу вақтда ягона тўловга қобилиятли давлат АҚШ бўлиб қолди. Бошида ижарага олувчи давлатлар АҚШдан кредитларни шу давлатнинг ўзида товарларни сотиб олиш шарти билан олишар эди. Лекин секинлик билан долларнинг кўпроқ миқдори бошқа давлатларнинг товарларини сотиб олиш учун сарфланди. Бу эса долларнинг Ғарбий Европа банклари ҳисобларида тўпланишига олиб келади. Шундай қилиб, евродол­лар бозори вужудга келди. Шу асосда эса хусусий молиявий кре­дит ва қарз бериш институтлари шаклланди. Халқаро молиявий кредит ва қарзларнинг асосий манбаси халқаро депозитлар ва евродоллар депозит сертификатлари гарови остидаги қўйилмалар ҳисобланади. Кўпгина депозит ва қўйилмалар қисқа муддатли, шунинг учун банкларнинг долзарб вазифаси уларни узоқ муддатга жалб қилишдан иборат эди. Узоқ муддатли ссудалар, одатда, облигация кўринишида чиқарилиб улар хорижий ва халқаро облигация заёмларига бўлинади. Халқаро облигация 60-йилларда узоқ муддатли инвестициялашда асосий ўрин тутган. Улар савдоси евровалюта бозорида ўтказилганлиги учун еврооб­лигация ҳам деб аталади. Охирги йилларда уларнинг миқдори ошиб бормоқда. Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институти маълумотига кўра 1985 йилда облигация ҳажми 167,8 млрд.долларни ташкил этган бўлса, 1989 йилда эса 254 млрд.долларгача ошган. Давлатлараро заёмлар I Жаҳон уруши даврида АҚШда Европага қурол-аслаҳалар етказиб бериш билан боғлиқ равишда кенг ривожланган. Бу даврда давлатлараро қарзларнинг умумий суммаси 11 млрд. долларга етди. 1929-1933 йиллардаги жаҳон иқтисодий таназзули даврида Германия, Франция ва бошқа бир қанча давлатлар қарзни тўлашдан бош тортдилар. Шунга мувофиқ, II Жаҳон уруши даврида АҚШ кредит ўрнига қурол-аслаҳа, воситаларни қарзга беришга кўпроқ эътибор берди. Урушдан кейин 50-йиллар ўрталаригача АҚШ давлатлараро кредит бериш бўйича монопол давлат эди. 1946 йилдан 1950 йиллар орасида АҚШ ва бошқа ривожланган мамлакатлар қарзлари 30,2 млрд. долларини ташкил қилди. Шундан 2/3 қисми Ғарбий Европа мамлакатларига тўғри келади. Улардан энг каттаси Буюк Британиянинг АҚШга 3750 млн. доллар миқдоридаги қарзи эди. Бу қарз 50 йил муддатга 2% фоиз олиш шарти билан берилган. Қарзни бундай имтиёзли бериш билан бирга, АҚШ Буюк Британияга АҚШ капиталининг стерлинг зонасига киришидаги тўсиқлар ва валюта чекловлари олиб ташланишини талаб қилди. 1946 йил май ойида АҚШ Францияга 650 млн. доллар миқдоридаги қарзни 35 йил муддатга фойдаланишга берди ва бу сумманинг ярмидан урушдан сўнг Францияда қолган Америка ҳарбийлари билан боғлиқ харажатларни қоплашда фойдаланиш шартини қўйди. Давлатлараро кредитлар баъзида молиявий ёрдам тариқасида ҳам берилади. Масалан урушдан кейинги даврда «Маршал режаси» доирасида иқтисодиётни тиклаш учун молиявий ёрдам сифатида йирик кре­дит ажратилди. 1950-55 йиллардаги АҚШнинг 17 та Ғарбий Ев­ропа давлатларига берган ёрдам ҳажми 17 млрд. долларни ташкил этди. Бу ёрдам асосан Иқтисодий Ҳамкорлик ва Ривожланиш Ташкилоти (ОЭСР) давлатларидан ривожланаётган давлатларга берилди. 70-80-йилларда валюта интервенцияси ўтказиш йўли билан валютани қўллаб-қувватлаш мақсадида давлатлараро қарзлар саноати ривожланган мамлакатлар томонидан ривожланаётган мамлакатларга берилган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин қарз бериш халқаро валюта-кредит ташкилотлари томонидан амалга ошрила бошлади.

Халқаро ва минтақавий валюта-кредит молиявий муносабатлар ташкилоти бу халқаро иқтисодий бошқарув, шунингдек, валюта-кредит ва молиявий назорат мақсадларида давлатлараро келишувга биноан тузилган институтлардир. Бундай ташкилотларга Халқаро ҳисоб-китоблар банки, Халқаро валюта фонди, Халқаро  тикланиш ва тараққиёт банки, шунингдек, минтақавий банклар киради. Халқаро ҳисоб-китоблар банки (ХҲБ)-биринчи давлатла­раро банк бўлиб, 1930 йилда Марказий банкларнинг халқаро банки сифатида Базелда ташкил топди. Унинг ташкилотчилари: Англия, Франция, Италия, Германия, Белгия, Япония эмиссион банклари ва Морган банкир уйи бошчилигида бир гуруҳ америка банклари ҳисобланади. ХҲБ нинг асосий вазифаларидан бири марказий банклар ва улар орасидаги ҳисоб-китобларни мувофиқлаштиришдан иборат эди. ХҲБ ўзининг асосий функциясидан бири ҳисобланувчи ривожланган мамлакатлар Марказий банкларининг координатори функциясини ҳалигача сақлаб турибди. У, асосан, Европа банкларини бирлаштиради. ХҲБ Европа валюта тизими мамлакатлари орасидаги ҳисоб-китобларни ишлаб чиқади. Европа кўмир ва пўлат уюшмаси депозитарияси функциясини бажаради, ХҲБ депозит, ссуда, валюта ва фонд операцияларини бажаради. Шуни­нгдек, савдо-сотиқ ва олтин сақлаш вазифалари билан бирга муайян мамлакат Марказий банкининг агенти вазифасини бажаради. ХҲБ Ғарбий Европа халқаро банкининг бўлими сифатида валюта-кредит муносабатлари бошқарувини амалга оширади.

Халқаро валюта фонди (ХВФ) – БМТнинг махсуслаштирилган муассасаси мақомига эга бўлган валюта-кредит ташкилотидир. ХВФ Бруттон Вудс (АҚШ)даги халқаро валюта-молия конференциясида тузилгaн. У 1944 йилда ташкил қилинган бўлса-да, 1947 йилда фаолият кўрсата бошлади. ХВФ бошқаруви 5 та бош департаментларда: Африка, Европа, Осиё, Ўрта Шарқ ва Ғарбда тузилган. ХВФ капитали унинг мижозларига ўрнатилган квотага мос равишда тўланадиган бадаллар ҳисобига шаклланади. Квота мамлакатнинг иқтисодий тараққиёти даражасига, жаҳон иқтисодиёти ва халқаро савдодаги ўрнига қараб белгиланади. 1947 йили фондга 49 мамлакат кириб, квотанинг умумий суммаси 7.7 млрд. долларни ташкил этган. 1991 йилнинг ўрталарига келиб ХВФ аъзолари 155 тага ва унинг капитали 90 млрд. долларга етди. Шундан 2/3 қисми саноати ривожланган мамлакатларга (шу жумладан, АҚШга 1/5 қисми), 1/3 ривожланаётган мамлакатларга (фонднинг 4/5 қисми) тўғри келади. ХВФ бошқарув органларига квоталар ўлчамига қараб мамлакатлар орасида овоз тақсимланди. Барча овознинг 46% и АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатларига тегишли, қолган овозлар ривожланаётган давлатларига тегишли. ХВФ бошқарув органи бўлиб, бошқарув кенгаши ҳисобланади. У ҳар йили бир марта қатнашувчи мамлакат вакиллари билан бирга тўпланади. Ижро этувчи орган Директорат бўлиб, у 6 та аъзодан, яъни кўпроқ квота олган мамлакат аъзоларидан ташкил топган. Шунингдек, географик белгисига кўра танлаб олинган 6 аъзо ҳам шунга киради. Мажлис ўтказувчи орган бўлиб бошқарув қўмитаси шўъба қўмитаси ҳисобланади, унинг таркибига 22 мамлакат Молия вазирлари киради.

ХВФ кредитлари бир неча турларга бўлинади: 1) ХВФнинг захира позицияси чегарасида турувчи мамлакатларга бериладиган кредит. Тўлов баланси дефицитини қоплаш учун мамлакатлар валюта фондидан қарз олишлари мумкин. Бу қарз миллий валютани хорижий валютага алмаштириш йўли билан 3-5 йил муддатга олинади. Ссуданинг тўланиши эса аксинча бўлади. Миллий валюта эркин конвертирланадиган валютада сотиб оли­нади. 25% квота атрофида мамлакат кредитни чекловларсиз олиши мумкин. Шунингдек, олтин фонд меъёрида белгиланган кредит ҳажмида хорижий валютада кредит олиши мумкин. Бу кредит салмоғи 200% квотадан ошмаслиги керак; 2) юқори захира улушига бериладиган кредит. Бундай ссудалар мамлакат валютасининг иқтисодий ҳолатини ўрганиб чиқиб, ХВФнинг барқарорлаштириш чора-тадбирлари талабини бажаргандан сўнг берилади. ХВФнинг барқарорлаштириш дастури ички кредитларни чегаралаш, бюджет харажатларини камайтириш каби масалаларни ҳал қилади. Бироқ ХВФ дан кредит олиш мамлакатларга хусусий банклардаги кредитларни ҳисоб-китоб қилиш имконини беради. ХВФ давлатлараро валюта-кредит муносабатларини бошқаришда асосий ўрин эгаллайди. Бреттон Вудсдаги келишувга биноан, фонд олдига аъзо мамлакатлар валюта паритетларини бошқариш ва қўллаб-қувватлаш, валюта курсларини бошқариш вазифаси қўйилган. Низомга мувофиқ аъзо-давлатлар мустаҳкам валюта курслари асосида жорий операциялар ўтказиши ҳамда валюта чегараларини бекор қилишга қаратилган сиёсат олиб бориши лозим эди. Аммо амалда бу вазифаларни кўпгина давлатлар ўзлари мустақил бажардилар. Валюта чегаралари фақатгина 60 та давлатда бекор қилинди. Натижада, 1973 йилда ўрнатилган паритетлар ва валюта курслари бекор қилиниб, «сузувчи» валюта курслари киритилди. 1979 йил апрелдан валюта тизимида ҳуқуқий жиҳатлар мустаҳкамлангандан кейин ХВФ аъзолари унга расмий олтин захиралари ва валюта захиралари, иқтисодиётнинг ҳолати, тўлов баланси, пул муомаласи, инвестициялар ҳақида ахборот бериши лозимлиги тўғрисида йўриқлар қабул қилинди. Бу маълумотлар қарз олувчи мамлакатга қарз берувчи хусусий банклар томонидан уларнинг тўловга лаёқатлилиги текшириш учун фойдаланади. Шуни таъкидлаш лозимки, ХВФ га аъзо бўлган давлатлар учун Халқаро тикланиш ва тараққиёт банкига мурожаат қилиб, унинг шўъбаси бўлган халқаро тараққиёт ассоциациясидан имтиёзли кредитлар олиш муҳим ҳисобланади. Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки (XТTБ) БМТнинг махсус муассасаси, давлатлараро инвестицион институти ҳисобланади. У Бреттон-Вудс халқаро конференциясидаги Қарорга биноан ва ХВФ муассислигида ташкил топган. ХТТБ низоми расмий равишда 1945 йилда кучга кирди. У Вашингтонда жойлашган бўлиб, 1946 йилдан иш бошлади. ХЁТТБнинг мақсади аъзо давлатлар иқтисодиётига узоқ муддатли кредитлар ва қарзлар бериш, хусусий инвестицияларини кафолатлашдан иборат. Дастлаб, ХТТБ капиталистик давлатлардан йиғилган давлат бюджети маблағлари асосида бошлади. 50-йиллар ўрталарида Ғарбий Европа давлатлари хўжалигига ёрдам беришдан кейин, ХТТБ фаолияти Осиё, Африка ва Лотин Америкасига қаратилди. ХТТБнинг олий органи Бошқарув кенгаши ва ижро этувчи Директорат ҳисобланади. Банк аъзолари ХВФ аьзоси бўлиши лозим, овозлар ҳам мамлакатнинг ХТТБ капитали (35,2 млрд. доллар)даги квотаси улушига қараб белгиланади. ХТТБнинг 155 аьзоси бўлишига қарамай асосий ўринни етти йирик давлат: АҚШ, Япония, Буюк Британия, ГФР, Франция, Канада ва Италия кабилар эгаллайди. Банк ресурслари манбасини акционерлик капиталидан ташқари америка бозори ҳисобига олинган валюталар ташкил этади. XТTБ томонидан кредитлар давлат кафолати остида берилади. ХТТБ, шунингдек, бошқа банкларнинг узоқ муддатли кредитлари бўйича кафолатлар беради. Шуни қайд этиш зарурки, банк ўзининг кредити билан объектнинг 30% қийматини қоплайди. Кредитларнинг қолган қисми эса инфраструктурасинининг бошқа тармоқларига: энергетика, транспорт, алоқага сарфланади. 80-йиллар ўрталаридан банк қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасига берадиган кредит ҳажмини оширади. Саноатга 15% дан камроқ кредит сарфланади. Охирги йилларда ХТТБ ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиётини бошқаришни кучайтириш муаммоси устида ишламоқда. Кредитларнинг 1/3 қисми хамкорликда молиялаштириш шаклида берилади. Банк иқтисодиёт структурасини бошқариш, тўлов балансини ҳолатини ижобийлаштириш учун структуравий кредитлар беради. Халқаро муносабатларнинг ривожланиши ХЁТТБга қўшимча равишда Халқаро тараққиёт уюшмаси, халқаро молия корпорацияси, кўп қиррали инвестициялар бўйича агентликлар каби институтлар тузилди. 1991 йилда бу ташкилотларга 155 мамлакат аъзо эди. Шу давр мобайнида банк ва унинг ташкилотлари 245 млрд. долларлик 5 мингдан ортиқ заём чиқардилар. Деярли 3/4 қисм заём ХТТБга тўғри келди, яъни улар учун йилига 15 млрд. доллар молия бозори ставкаси даражасида фоиз тўланди.

Халқаро тараққиёт ассоциацияси – (ХТА) 1960 йилда ривожланаётган давлатларга имтиёзли кредитлар ( 0.75% йиллик фоиз ставкада) бериш мақсади ташкил этилган. ХТА йилига 5 млрд. долларгача кредит ажратади.

Халқаро молия корпорацияси – (ХМК) 1950 йилда ривожланган мамлакатларга капитал қўйишни кенгайтириш мақсадида АҚШ ташаббуси билан тузилган. ХМК ХЁТТБ дан фарқли равишда давлат кафолатисиз юқори самарадор хусусий корхоналарга кредитлар беради. Кредитлар 15 йил муддатга лойиҳанинг 20% игача миқдорида берилади. Шундай қилиб, ХМК хусусий сектор томонидан тузилган лойиҳаларни қўшимча молиялаштиришга ҳамкорлик қилади.

Кўп қиррали инвестициялар бўйича агентлик капитал қўйилмаларни сиёсий таваккалчиликлар: урушлар, фуқаролар норозилиги ва шартномалар бузилиши кабилардан ҳимоялайди. Бундан ташқари, 60-йилларда минтақавий тараққиёт банклари пайдо бўлади. Хусусан, 1949 йилда америкааро тараққиёт банки ташкил қилиниб, унга минтақанинг 27 ривожланаётган ва 16 ривожланган мамлакатлари кирди. 1964 йилда Африка тараққиёт банки тузилиб унга ҳам минтақанинг 50 та ривожланаётган ва 25 та ривожланган мамлакатлари киритилди. 1966 йилда Осиё тараққиёт банки (31 та ривожланаётган, 14 ривожланган мамлакатлар) тузилди. Минтақавий банкларнинг умумийлиги уларнинг мақсадлари ва молиялаштириш услубларида намоён бўлиб, кредитлаштириш объектлари: инфраструктура қурилиши, портлap, аэропортлар қурилиши соҳалари, шунингдек, қўшимча ва қайта ишлаш саноати ҳисобланади. Минтақавий банкларнинг асосий мақсади, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, ривожланаётган мамлакатлар интеграциясини чуқурлаштириш орқали эски мустамлакачиликдан халос бўлишдан иборат. Европа инвестиция банки (ЕИБ) 1958 йилда тузилган бўлиб, мақсадлари: қолоқ туманларга 20 йилдан 25 йил муддатгача кредит бериш орқали уларнинг иқтисодий аҳволини тиклаш, давлатлараро лойиҳаларни амалга ошириш ишлаб чиқариш тарифлари тузилмасини замонавийлаштиришдан иборат.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) 1990 йил 29 майда ташкил қилинди. Бу ташкилот Парижда Марказий ва Шарқий Европа давлатларининг бозор иқтисодиётига ўтиш муносабати билан ҳамкорлик қилиш мақсадида иш бошлади. Банкнинг асосчилари 40 та мамлакат: Албаниядан ташқари Европанинг барча давлатлари, шунингдек, АҚШ, Канада, Мексика, Венесуэла, Марокаш, Миср, Исроил, Япония, Жанубий Корея, Австралия, Янги Зеландия ва икки халқаро ташкилот – Европа иқтисодий жамияти ва Европа инвестиция банки ҳисобланади. ЕТТБ ўз фаолиятини 1991 йил апрелдан бошлади. Унинг 70 млрд. долларлик капитали қуйидагича тақсимланади: 50 % и Европа ҳамжамияти комиссиясига ва 12% – Европа тизими давлатларига, 11,3% бошқа Европа давлатларига, 24% бошқа давлатларга, шу жумладан: АҚШ – 10%, Япония – 8,52%, Шарқий ва Марказий Европа давлатларига – 13,7%, Россия Федерациясига 6% миқдоридаги капитал тўғри келади. ЕТТБ нинг мақсади – Марказий ва Шарқий Европа давлатларида тармоқ инфратузилмасига капитал жалб қилишни рағбатлантиришда етакчилик қилиш, кредитлаш билан бирга, банк Ғарб саноатчиларига Шарқдаги бозорларни эгаллашда мавжуд таваккалчиликларни бартараф қилишда кўмаклашишдан иборат. Бу, ўз навбатида, Шарқий Европа давлатларининг иқтисодий ва валюта барқарорлигига эришиш ва унинг мустаҳкамланишига ёрдам беради.

Категория: Iqtisod va Moliya | Добавил: azizjon_ibragimov (26.01.2016)
Просмотров: 1577 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar