Главная » Статьи » Iqtisod va Moliya |
Тижорат банклари ўз фаолияти давомида турли хил хизматлар кўрсатадилар. Тижорат банкларининг бу хизматлари улар учун маълум даромад олиб келади. Бу даромадлар комиссион мукофот, ўтказмалар ва йиғимлар шаклида бўлиши мумкин. Кейинги йилларда банк хизматларининг турлари ва миқдори ўсиб, бу соҳа банк фаолиятининг сезиларли йўналишига, уларнинг даромадининг манбаларидан бирига айланиб бормоқда. Ўзбекистонда тижорат банклар фаолиятининг таҳлили шуни кўрсатадики, баъзи банклар даромадлари таркибида асосий ўринни ҳар хил хизматлардан келадиган тушумлар ташкил қилади. Кейинги йилларда тижорат банклари фаолиятида ижара ёки лизинг (Leasing – ингл. «ижара») операцияларини молиялаштириш билан боғлиқ фаолият турлари кенг ривожланмоқда. Бу операцияларнинг моҳияти шундаки, банклар машина-ускуна, жиҳозлар, транспорт воситаларини саноат корхоналарига узоқ муддатли ижарага беради ва улар билан лизинг шартномаларини тузади. Бу ҳолда банк воситаларни сотиб олиш учун саноат корхоналарига ссуда бериш ўрнига уларни ўзи сотиб олади ва истеъмолчиларга ижарага берган ҳолда эгалик ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Бунда банк ссуда фоизини эмас, балки ижара ҳақини (лизинг тўловини) олади. Корхоналар учун эса лизинг инвестицияларни молиялаштиришнинг махсус усулларидан бири ҳисобланади. Иқтисодий ўсишга эришишни таъминлаш шароитида, ишлаб чиқариш самарадорлигини таъминлаш ва уни кенгайтириш учун ликвид маблағлар ҳажмининг чекланганлиги ва илмий-техника тараққиётини жорий қилиш шароитида инвестицияларни оптималлаштириш зарурияти лизинг операцияларнинг аҳамиятини оширади ва уларни иқтисодий фаолиятнинг муҳим воситасига айлантиради. Лизинг корхонага керакли воситаларни шу вақтнинг ўзида унчалик катта бўлмаган харажатлар эвазига олиш имконини беради. Ижарага олувчи восита (асбоб-ускуна, жиҳоз ва ҳоказоларни) сотиб олиш ва молиялаштиришни бир вақтда ҳал қилади. Лизинг усулида истеъмолчиларнинг илғор технологияга тезроқ ва арзонроқ эришиши енгилроқ кечади ва бу ишлаб чиқариш воситаларининг маънавий эскириши билан боғлиқ харажатлардан қутилиш имконини беради. Саноат корхоналари учун амортизация даражасининг юқорилиги, ишлаб чиқариш воситаларининг юқори самарадорлиги, ликвидликнинг сақланиши, хусусий капитал ҳаракати, ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида олиб борилиши, ўзаро қарздорликларнинг бўлмаслиги, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг бозор талабларига жавоб бера олиши ва бошқа омиллар уларнинг молиявий жиҳатдан барқарор бўлишини таъминлашнинг асосларидан ҳисобланади. Лизинг операцияларида уч субъект – ижарага берувчи, ижарага олувчи ва мол етказиб берувчи иштирок қилади. Ижарага берувчи бу – молиявий характердаги вазифани бажарувчи, ихтисослашган молиявий (лизинг) корхонадир. Лизинг, энг аввало, молиявий инвестицияларнинг воситаси ва ишончли молиявий манбаларни талаб қилгани учун жаҳон амалиётида лизинг компаниялари банклар томонидан назорат қилинади ёки уларнинг шўъба корхоналари бўлади. Ижарага олувчи – ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланиш учун воситаларни ижарага олувчи ишлаб чиқариш ёки савдо корхонасидир. Мол етказиб берувчи томон лизинг шартномаси объектини ишлаб чиқарувчи корхона ёки ташкилот бўлиб, у ишлаб чиқариш ёки савдо корхонаси сифатида бўлиши мумкин. Одатда, мол етказиб берувчи ва ижарага олувчи тижорат шартномасининг асосий шартларини ишлаб чиқади. Шу билан бир қаторда, ижарага берувчи (банк) молиялаштириш шартларини ўрганиб чиқади ва ижарага олувчи билан ижара шартномасини имзолайди. Молиялаштириш масаласини ҳал қилишда банк мижознинг даромад даражасини ўрганиб чиқади. Лизинг объектидан тўғри ва самарали фойдаланиш имкониятларини баъзида мутахассислар кўриб чиқиши ва қўшимча кафолатлар талаб этилиши мумкин. Шартномада лизинг операциялари бўйича ижара муддати, миқдори, валютасини, ижара ҳақини тўлаш муддати ва шартлари, ижарага олинувчининг воситанинг (асбоб-ускунанинг) таркиби, ишга яроқлиги бўйича мажбуриятлари ва бошқа кўрсаткичлар ўз ифодасини топиши лозим. Лизинг муносабатларини ташкил қилишнинг мажбурий шартларидан бири лизинг шартномаси даврида лизинг объектини суғурталаш ҳисобланади. Лизинг қиймати доимий (ҳар ярим йил, чорак, ой...) ижара тўловларининг йиғиндисидан ташкил топади. Ижара тўловининг асосий ташкил этувчилари амортизация ва кредит учун тўланадиган фоиздир. Бундан ташқари, лизинг тўловлари таркибига, шунингдек ижара шартномасида кўзда тутилган ижарага берувчи хизматлари ҳам киритилиши мумкин. Ижара тўловлари йиғиндиси ижарага берувчига ўз харажатларини қоплаш ва даромад олишини таъминлайди. Амалиётда лизингнинг бир неча турлари қўлланилади. Булар оператив ёки ишлаб чиқариш лизинги, молиявий лизинг ва бошқалардир. Оператив лизинг кўпроқ ишлаб чиқариш даври билан боғлиқ бўлиб; объект қисқа даврга, яъни унинг ҳаётий яроқлилик давридан қисқароқ вақтга ижарага берилади. Бу ҳолда объектнинг амортизацияси (эскириши) тўлиқ амалга ошмайди, яъни объектни яна бир неча марта ижарага бериш имконияти сақланиб қолинади. Тижорат банклари ва уларнинг лизинг компаниялари томонидан, одатда, кўпроқ молия лизинг операциялари ўтказилади. Лизингнинг бу тури энг кўп тарқалган лизинг шаклларидандир. У шартноманинг ўрта ва узоқ муддатлиги билан тавсифланади. Бунда амортизация тўлиқ бўлиши ёки ижара объекти қолдиқ баҳода қайтариб берилиши мумкин. Бу ҳақда ижарага олувчи ижара муддати тугашидан олдин эълон қилади. Молиявий лизинг ҳақиқатда ижара объектини узоқ муддатли кредитлаш бўлиб, оддий савдо-сотиқдан (эгалик ҳуқуқи харид вақтида истеъмолчига ўтади) фарқ қилади. Лизинг компания асосий воситаларни ижарага олувчи корхонанинг кўрсатмасига биноан сотиб олади. Уни шу корхонага узоқ ёки ўрта муддатга (3, 5, 7 йилга) ижара шартномасига асосан сотиши ва лизинг муддати тугагандан кейин қолдиқ баҳода сотиб олиш ҳуқуқи билан ижара шартномасини тузиши мумкин. Тижорат банкларининг молиявий операцияларининг яна бир тури бу факторинг операциялари ҳисобланади. Бу операциялар бутун хўжалик кўламида тўловлар айланишини амалга ошириш билан боғлиқдир. Факторинг (ингл. Factor – воситачи) – ҳисоб-китобларни ташкил этиш соҳасидаги янги хизмат турларидан бўлиб, мижознинг айланма капиталини кредитлаш билан мувофиқлашади. Бундай операцияларни чет элларда, одатда, махсус факторинг компаниялари амалга оширадилар. Улар банклар билан боғлиқ ёки уларнинг ихтисослашган шўъбалари ва компаниялари ҳисобланади. Факторинг оперцияларида банк ўз мижозларининг дебиторларга бўлган талабларини сотиб оладилар. Бунда банк талабнинг 70-90 % ни (фоиз даражаси мижознинг молиявий ҳолати, ликвидлик даражаси ва бошқа молиявий кўрсаткичларни ҳисобга олган ҳолда турли хил бўлиши мумкин) бўнак тариқасида бирданига тўлаши, қолган қисмини эса ( кредит учун фоизни ҳисобга олмаган ҳолда) белгиланган муддатда, дебитордан тўлов тушишидан қатъий назар тўлайди. Ҳозирги вақтда тижорат банклари талабларини (даъволарини) сотиб олганда молиявий таваккалчиликларни аниқлашлари мумкин, чунки кўпчилик корхоналарнинг, жумладан, хорижий корхоналарнинг молиявий аҳволи тўғрисида маълумотлар олиш имконияти қисман бўлса-да мавжуд. Бу имконият ривожланган давлатлардаги кенг қамровли йирик банклар ўртасидаги компьютер тармоқлари туфайли юзага келган. Бундай тизим доирасида банклар ўз мижозларига бухгалтерия, статистика ва бошқа ахборотларни тақдим этишга тайёр. Факторинг мижозларга хизмат кўрсатишнинг универсал шакли ҳисобланади. Чунки мижозлар ўз талаблари (даъволари) бўйича бухгалтерия ҳисобини юритиш уларнинг тўловлигини текширишдан ҳоли бўлишади. Банклар мол сотиб олувчиларнинг тўлов қобилияти тўғрисидаги ахборотни мижозларига етказишлари хорижий давлатлардаги тўловлар кафолатини ўз зиммасига олишлари мумкин. Банклар учун бу операциялар юқори даромад келтиргани учун ҳам улар бу операцияларни бажаришдан манфаатдор ҳисобланадилар. Ривожланган давлатларда факторинг операциялари мижознинг молиявий аҳволи, акционерлик капитали миқдори, маҳсулот тури, иш ҳажми ва бошқларга қараб йиллик айланмасининг сезиларли қисмини ташкил этади. Молиявий активлар миқдорининг ўсиши билан ривожланган мамлакатларда тижорат банкларининг ишонч (траст инг. Trust-“ишонч” ) операцияларининг ҳажмининг ошишига олиб келмоқда. Банкнинг бу хизматлари банк билан мижоз ўртасида ишончлилик муносабатларининг ўрнатилиши билан боғлиқ. Тижорат банкларининг траст бўлимлари, мижозлар топшириғи бўйича унинг номидан асосан мулк эгалиги билан боғлиқ ва бошқа хизматларни бажаради. Банклар траст операцияларини хусусий корхона ва фирмалар, шахслар ва бошқа ташкилотлар учун амалга оширади. Траст операцияларини уч турга бўлиш мумкин: далолатнома, ғамхўрлик билан боғлиқ операциялар ва воситачилик хизматлари бўйича кўрсатиладиган операциялардир. Меросни бошқариш билан боғлиқ траст операциялари хусусий шахслар далолатномаси бўйича амалга оширилиб, банкнинг траст бўлими қатор мажбуриятларни ўз зиммасига олади. Уларнинг асосийларига: меросхўрнинг меросини суд қарори ёки мерос хати асосида тўплаш, бошқарув маъмурий харажатларини тўлаш, меросхўрлар ўртасида меросни бўлиши ва шу оила аъзоларига хусусий хизматларни кўрсатиш киради. Траст бўлимлари балоғат ёшига етмаганлар, меҳнатга лаёқатсиз кишиларга оталик, ғамхўрлик қилиш учун айрим шахслар ишончномасига биноан мулкни бошқариш бўйича операцияларни бажаради. Ишончлилик бўйича энг кўп тарқалган операцияларга мулкни ишонч асосида бошқариш киради. Бунда мулкдор мулкни ўзи ишонган шахсга беради. Бу шахс, ўз навбатида, мулкни мулкдорнинг манфаати асосида ишлатади: уни сақлайди, инвестиция қилади, шартномага мувофиқ асосий сумма ва даромаддан фойдаланади. Унинг асосий вазифаси мулкни тўғри инвестиция қилиш ва маълум миқдордаги даромадни таъминлашдир. Инвестиция давлат қонуни, шартнома ва траст бўлим сиёсати асосида амалга оширилади. Воситачилик хизматларини тижорат банкларининг траст бўлимлари ўз зиммасига воситачилик вазифасини олиш орқали бажарадилар. Агар операция мулк билан боғлиқ бўлса, мулк эгалиги унинг эгаси қўлида сақланади. Хизматлар эса активларни сақлаш, бошқариш, юридик хизмат кўрсатиш ва бошқа воситачилик операциялари билан боғлиқ бўлади. Корхона ва фирмалар бундай хизматлар учун ўз тижорат банкларининг траст бўлимларига мурожаат қиладилар. Ишонч операцияларига облигация заёмига хизмат кўрсатиш (заём кафолати бўлиб хизмат қилувчи мулкдан фойдаланиш ҳуқуқининг ўтиши билан бирга олиб борилувчи) киради. Акционерлик компаниялари банк хизматларига акция ва облигацияларни, пенсия фондларини бошқариш (эгалик ҳуқуқининг ўтиши билан) акцияларни рўйхатдан ўтказиш ва бошқалар билан боғлиқ операциялар бўйича мурожаат қилишлари мумкин бўлади. Траст бўлимлари депозитарий функциясини ҳам бажарадилар. Масалан, овоз беришни ишонган акционерларнинг акцияларини сақлаш (овоз бериш трасти). Компания қайта ташкил топганда, тугатилган ёки банкрот бўлганда банк уни вақтинчалик бошқариши мумкин. Траст операцияларини амалга оширгани учун тижорат банклари комиссион тўловлари олади. Меросни бошқариш операциялари бўйича комиссион тўловларни ўрнатиш ва тўлаш қатор мамлакатларда қонун йўли ёки суд қарори билан белгиланади. Воситачилик хизматлари бўйича турлича тўловлар кўлами шартнома асосида белгиланади. Комиссион тўловлар траст даромадидан йиллик чегирмалар йиғиндиси ҳисобига ташкил топиши, шартноманинг асосий суммасидан йиллик бадал ва баъзи ҳолларда траст шатномаси тугагандан кейин умумий суммадан ажратма шаклида белгиланиши мумкин. Траст операцияларини амалга оширишда уларнинг ҳажми операциялар билан боғлиқ харажатларни қоплаб, банкка фойда келтирадиган даражада бўлиши керак.
| |
Просмотров: 1574 | |
Всего комментариев: 0 | |