Главная » Статьи » Iqtisod va Moliya

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг вазифалари ва функциялари

Бозор иқтисодиёти шароитида Ўзбекистон Рсспубликасида Марказий банкнинг асосий мақсади пул-кредит тизими ва мил­лий валюта барқарорлигини таъминлаш асосида иқтисодий ўсишга эришишдан иборат.

Пул-кредит сиёсатини самарали амалга ошириш учун Марказий банк пул-кредит сиёсатини ривожлантиришнинг бир йилга мўлжалланган асосий йўналишларини ишлаб чиқади. Бу йўналишлар Олий Мажлис томонидан тасдиқлангандан кейин ҳаракат дастури сифатида қабул қилинади. Марказий банкнинг вазифалари хилма-хил бўлиб, бу қонунда акс эттирилган.

Ўзбекистон Реснубликаси Марказий банки ҳуқуқий шахс сифатида, давлат мулкига асосланган бўлиб, иқтисодий жиҳатдан мустақил муассаса сифатида ўз харажатларини даромадлари ҳисобидан қоплаши керак. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ўз миқёси ва фаолият даражасига кўра республикамиздаги энг йирик банк ҳисобланади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида»ги қонун асосида фаолият кўрсатмоқда. Бу қонуннинг 3-моддасида кўрсатилганидек, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг бош мақсади миллий валютанинг барқарорлигини таъминлашдир. Валюта барқарорлиги пул массаси, нарх-наво ва миллий валюта курсининг барқарор бўлиш тушунчасини ўз ичига олади. Албатта, пул массаси, валюта курси, нарх-навога таъсир қилувчи бошқа омиллар ҳам мавжуд. Миллий валютанинг барқарорлигини таъминлаш учун Ўзбекистон Респуб­ликаси Марказий банки қатор муҳим вазифаларпи ҳал этади. Уларнинг асосийлари қуйидагилардир:

– монетар сиёсатни ва валютани бошқариш сиёсатини шакллантириш, қабул қилиш ҳамда амалга ошириш;

– Ўзбекистон Республикасида ҳисоб-китобларнинг самарали тизимини ташкил қилиш ва таъминлаш;

– банклар фаолиятини тартибга солиш ва банклар фаолияти устидан назорат қилиш;

– Ўзбекистон Республикасининг расмий олтин-валюта захирасини сақлаш ва уларни бошқариш;

– Молия вазирлиги билан биргаликда давлат бюджетининг касса ижросини ташкил этиш.

Марказий банкка айрим банк корхона ва ташкилотларнинг капиталида қатнашиши, уларга молиявий ёрдам кўрсатиши, тижорат туридаги фаолиятларни олиб бориши ман қилинади. Марказий банкни бошқаришнинг юқори ташкилоти бошқарув бўлиб, у монетар сиёсатни ҳамда ўз зиммасига юклатилган бошқа вазифаларни амалга оширишда бошқа давлат ташкилотларининг бевосита ва билвосита аралашувидан ҳоли ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги асосий функцияларни бажаради.

1. Иқтисодиётни пул-кредит дастаклари ёрдамида бошқариш.

2. Ҳисоб-китоб ва пул ўтказиш операцияларини бажаришни йўлга қўйиш.

3. Тижорат банклари фаолиятини бошқариш ва назорат қилиш.

4. Бошқа кредит муассасаларининг касса захираларини сақлаш.

5. Расмий олтин-валюта захираларини сақлаш.

6. Ҳукумат учун ҳисоб-китоб ва кредит операцияларини бажариш.

7. Тижорат банкларига кредит бериш.

8. Пул эмиссияси.

Марказий банк ўз сарф харажатларини даромадлари ҳисобидан қопловчи иқтисодий жиҳатдан мустақил муассасадир. Марказий банкнинг мол-мулки унинг пул ва бошқа моддий бойликлардан иборат бўлиб, уларнинг қиймати Марказий банк балансида акс эттирилади.

Республика Марказий банкининг низом капитали 2 млрд. сўм деб белгиланган. Шунингдек, Марказий банк солиқлар ва божлардан «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида»ги қонуннинг 23-моддасига мувофиқ озоддир. Марказий банк келгуси йил учун Ўзбекистон Республикаси монетар сиёсатининг асосий йўналишларини ишлаб чиқади ва ҳар йили кейинги мо­лия йили бошланишидан 30 кун олдин Олий Мажлисга бу ҳақда ахборот беради. Марказий банк пул-кредит, молия, валюта ва нарх муносабатларининг аҳволига асосланиб, муомаладаги пул муассасининг битта ёки бир қанча кўрсаткичлари ўзгаришининг аниқ мақсадли мўлжалларини белгилаши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки пул-кредит сиёсати иқтисодиёт вазиятни таҳлил қилиш ва олдиндан айтишни, пул миқдорини йиллик ўстириш суръатларининг мақсадли кўрсаткичларини, кредит, фоиз ва валюта сиёсатини амалга ошириш йўналишларини ўз ичига олиб муҳим макроиқтисодий жараёнлар: пулнинг қадрсизланиши, миллий ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажми ҳамда меҳнат ресурсларининг бандлиги, тўлов балансини барқарорлаштришга йўналтирилган бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ўзаро ҳисоб-китобларнинг Ўзбекистон тижорат банки томонидан белгиланган ва ҳамма банк ҳамда мижозлар учун мажбурий бўлган қоидалар асосида олиб борилишини назорат қилади. Чунки белгиланган қоидаларнинг бир тахлитда қўлланилиши бутун республика ҳудудида ҳисоб-китобларнинг узлуксизлигини таъминлайди.

«Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонуннинг 50-моддасига мувофиқ, банкларни назорат қилишдан асосий мақсад банк тизимининг барқарорлигини таъминлаш, омонатчи ва кредиторлар манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки банк фаолиятини амалга оширишга рухсат беради. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки банк муассасаларининг ривожини хар томонлама ҳисобга олиб ва кузатиб боради, капиталнинг айнан бир хиллиги, ликвидликка доир талабларни ўз ичига олувчи иқтисодий меъёрларни (52-модда), шунингдек, кредитлаш ҳажми, лимитларини белгилайди. Капиталнинг етарлилиги, активларининг сифати, фойдалиги ва ликвидлилигига қараб тижорат банкларининг молиявий аҳволи баҳоланади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки валютани тартибга солиш ва валютани назорат қилиш давлат органидир. Шу билан бир-га, Марказий банк юридик ва жисмоний шахсларга чет эл валютасида операциялар ўтказишга лицензиялар бе­ради ва миллий валютани чет эл валютасига нисбатан курсини аниқлаш шартини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки халқаро ҳисоб-китобларда захирадаги актив ва кафолатли суғурта фонди вазифасини бажариш билан бирга дунё молия бозорларида операцияларни амалга ошириш йўли билан мамлакатимизнинг олтин-валюта захиралари қийматини ҳам яратади. Бошқа молия муассасалари, корхоналар ва хусусий шахслар ҳам хорижий валютага эга бўлиш ва валюта операциялари ўтказиш ҳуқуқи борлигига қарамасдан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки валюта захираларини сақловчи асосий депозитарий бўлиб қолиши лозим.

Марказий банк Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг банкири, маслаҳатчиси ва хазина вакили сифатида иш тутади.

«Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги қонуннинг 44-моддасига мувофиқ Марказий банк ҳукумат банкири сифатида ҳукумат муассасалари ва ташкилотларининг ҳисоб варақларини юритади, ана шу ҳисоб варақларда маблағларни жамғаради ва улардан тўловларни амалга оширади; давлат қимматбаҳо қоғозлари билан операциялар ўтказиб туради; давлатга бевосита қисқа муддатли ва узоқ муддатли ссудалар шаклида ёки давлат облигацияларини харид қилиш тарзида кредит бе­ради; ҳукумат идораларининг топшириғига биноан олтин билан ёки хорижий валютада операциялар бажаради.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳукуматнинг хазина вакили сифатида ҳукумат ҳисобварақларини юритади, Ҳукуматнинг молия операцияларига кўмаклашади бюджет даромад ва харажатлари масалалари юзасидан маслаҳатлар беради, давлат қимматли қоғозларини жойлаштиради, улар бўйича ҳисобварақлар юритади ва давлатнинг бошқа қарз мажбуриятлари бўйича тўловларни амалга оширади.

Банклар банки сифатида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳисоб-китоб-тўлов операцияларини ўтказиш, банклараро тўловларнинг ҳисоб-китоб-клиринг хизматини уюштириш тартибини белгилайди, тижорат банкларига кредитлар, тегишлича кўрсатмалар беради.

Тижорат банклари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидаги ўз ҳисоб варақаларидан ўзаро ҳисоб-китоблар учун фойдаланадилар. Бундан ташқари, уларнинг ўз маблағлари камлик қилса, Марказий банкдан кредит олишлари, нақд пул бўйича ҳам Марказий банкка мурожаат қилишлари мумкин.

Шунингдек, ўз ҳисоб ва кредит операциялари бўйича ставкаларни мустақил равишда белгилайди. Марказий банк Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний тўлов воситасида банкноталар ва танга кўринишидаги пул белгиларини муомалага чиқаради.

Марказий банк ва у ваколат берган талабга кўра бир номинал қийматдаги банкнота ва тангаларни бошқасига ҳеч қандай тўловсиз ёки воситачилик ҳақисиз алмаштириб беради. Нақд пул маблағларини муомалага чиқариш ва қайтариб олишни фақат Марказий банк амалга оширади.

Марказий банк тижорат банклари учун мажбурий захира миқдорини белгилаб беради. Ҳозирги кунда бу кўрсаткич миллий валютада 15 % ва хорижий валютада 8 %ни ташкил қилади. У пул муомаласини барқарорлаштириш ва банклар ликвидлигини таъминлашда аҳамиятга эга.

 

Категория: Iqtisod va Moliya | Добавил: azizjon_ibragimov (26.01.2016)
Просмотров: 1042 | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 0
avatar