Главная » Статьи » Madaniyat va sa'nat

Аёл - оиланинг, жамиятнинг ишончи, таянчидир

Инсоният тарихи шундан гувоҳлик берадики, минг йиллар давомида ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси ва маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланган. Аёлни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш Шарқ халқларига, жумладан, ўзбек халқига хос хусусиятдир.

Муборак ҳадиси шарифдаги “Жаннат оналар оёғи остидадур”, “Аввал онангизга, яна онангизга, ва яна онангизга, сўнгра отангизга яхшилик қилинг”, деган беназир сўзларда ҳам ана шу адоқсиз эҳтиром намоён бўлиб турибди. Шу маънода мустақил Ўзбекистонимизда хотин - қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш борасида давлат аҳамиятига молик салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Ватанимизда аёлларга алоҳида берилаётган эътиборни шунда кўриш мумкинки, 1999 йил “Аёллар йили” , 2000 йил “Соғлом авлод” йили, 2001 йил “Оналар ва болалар” йили,  2005 йил “Сиҳат-   саломатлик йили”, 2012 йил “Мустаҳкам оила йили” ва ниҳоят амалдаги 2013 йил “Обод турмуш йили” деб эълон қилинишида ва шу муносабат билан амалга оширилаётган эзгу ишлар, тадбирлар замирида ҳам аёлга ҳурмат, эҳтиром, жисмоний камолоти хусусида фикрлаш, қайғуриш ҳисси борлиги яққол намоён бўлади.

Республикамизда аёллар билан боғлиқ масалалар давлат ва жамиятнинг диққат марказидадир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46 – моддасида “Хотин – қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар”  деб таъкидланишида, ҳамда бунга ҳаётнинг барча жабҳаларида амал қилиниши фикримиз далилидир.

Мамлакатимиз раҳбарининг 2004 йил 25 майда чиқарган “Ўзбекистон хотин – қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб – қуватлаш борасидаги қўшимча чора – тадбирлар тўғрисида”ги Фармони хотин – қизларнинг ижтимоий – сиёсий фаоллигини, жамият ва давлат қурилишига оид вазифаларни бажаришдаги ўрнини ошириш бўйича олиб борилаётган ишларни бутунлай янги босқичга – юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар талаби даражасига кўтарди.

Оила ва унинг таъсирида шаклланувчи инсоний фазилатлар, биринчи галда, онанинг оқ сутидан, унинг чақалоққа бўлган меҳр – муҳаббатидан, бешик тебратиб ўтказган бедор тунларидан, эҳтиросга ва завқ – шавққа тўла ҳавасманд онларидан бошланади.

Аёл алласи ўзига хос миллат мадҳиясидир. Чунки бунда Ватанни ўзига жам қилган онанинг орзуси, унинг жавобгарлиги, унинг меҳри жўш уриб туради.

Оналикдек мукаррам туйғулар, доимий машаққатга сабр қила олиш, фарзандга муносабат борасидаги чексиз меҳр ва назокат – бу улуғ сифатларнинг барчаси аёлга юклатилганлиги, хомиладор бўлиш ва эмизиш вазифаларини қийналмай бажариш учун манба бўлган сифатлардир. Ана шу сифатларнинг ҳатто бири бўлмаган тақдирда ҳам аёллик ва оналик табиатига путур етади.

Меҳрнисорлик, мухлислик, маъсумалик – мана шу хусусиятлар фақат онага хос бўлган туйғуларки, она фарзандининг ҳар бир ҳаракати ва талаб – эҳтиёжини ана шу туйғулар орқали идрок этади.

Миллат аёлларни нечоғлик улуғласа, унинг ўзи ҳам шунчалик улуғланади. Давлат аёллар, уларнинг эркинлигини, ораста турмуш шарт – шароитларини қанчалик кенг яратса, аёл ифтихори, унинг қадри, келажак олдидаги масъуллиги  учун шунча кенг имконият очилади.

Оқила, гўзал аёллар ўзларининг ғамхурлиги, меҳрибонлиги, қалби дарёлиги билан оиладаги, қолаверса бутун жамиятдаги мувозанатни, поклик, ҳалоллик, самимият ва адолат муҳитини сақлаб турадилар.

Мамлакатимизнинг сиёсий ҳаётида, давлат ва жамият бошқарувида, иқтисодиётимизнинг барча тармоқларида,  маданият, илму - фан, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, спорт каби ижтимоий соҳаларда аёлларимизнинг ўрни ва роли ортиб бораётганлиги айниқса эътиборлидир.

Бугун Ўзбекистонда демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этилмоқда. Фуқаролик жамияти аёллардан ҳам ўз ҳақ – ҳуқуқларини, манфаатларини ҳимоя қилишни ва улардан ўз муаммоларини ечишга бўлган табиий интилишни талаб қилади. Хотин қизларнинг бунга тайёр бўлиши муҳим ижтимоий аҳамиятга эга.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, фермерлик, кичик ва ўрта бизнес, хусусий тадбиркорлик фаолияти каби хозирги замон ва бозор муносабатлари талаб қилаётган соҳаларда ҳам хотин – қизларнинг фаол иштироки ва нуфузи тобора кучайиб бораётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Қизларимиз, аёлларимизнинг жисмонан бақуват бўлиши бизнинг бундан кейинги тараққиётимизнинг муҳим заминларидан ҳисобланади. Қизларимизнинг идеали машҳур Тўмарис, Бибихоним, Зебунисо, Барчиной, Нодирабегим кабилар бўлиши керак. Чунки улар ўзларида ақлий ва жисмоний баркамолликни бенуқсон уйғунлаштирганликлари билан, ўзларининг жасорат ва матонатлари, ақл – заковати, нафосат ва назокати билан ўчмас ном қолдирганлар.

Бугунги кунда кўплаб ёш қизлар, аёлларимизнинг асосий мақсади ижтимоий – иқтисодий ислоҳотлар жараёнида фаолликни ошириш, юксак маънавий фазилатларни мужассамлаштириш, миллий тафаккурни шакллантиришдан иборат. Ёшларни маданий, тарихий анъаналаримизга ҳурмат, Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, қизларни оилавий турмушга тайёрлаш, тадбиркорлик ва касб – ҳунарга ўргатиш бугунги куннинг долзарб масалаларига айланди. Ёш аёллар, қизларни иш билан банд этиш, тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишда, кичик ва ўрта бизнесда, айниқса қишлоқ жойларида хотин – қизлар ташаббусларини қўллаб қувватлаш, уларга ҳуқуқий ва ижтимоий шарт – шароитларни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга.

Хулоса қилиб айтганда, аёл – ижодкор, аёл – ҳар ишда мададкор. Ҳаётни ҳаётга, авлодни авлодга уловчи аёл. Аёл – оиланинг, жамиятнинг ишончи, таянчидир.

Категория: Madaniyat va sa'nat | Добавил: azizjon_ibragimov (28.08.2016)
Просмотров: 1245 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar