Главная » Статьи » O'simlik olami

Алой – Алоэ

Алой – Алоэ

Хоналарда асосан алойнинг қўйидаги турлари ўстирилади: дарахтсимон алой, эру алой, гулдор алой, йўл-йўл алой, тўқ рангли алой ва бошқалар.

             Алой – пиёзгулдошларга мансуб кўп йиллик доим яшил дарахтсимон ёки ўт ўсимлик. Ватани Жанубий Америка. Алой беор  уй ўсимлиги  айниқса жануби-шарқий томонга қараган дераза токчаларига қўйилган туваклардаги алоэлар яхши ўсади. Хоналарда алоэнинг дарахтсимон тури кўпроқ ўстирилади. Яхши парвариш қилинса бута шаклида ўсиб, барглар ёзади.Ҳафтада  бир марта аммиакли селитра эритмаси билан (1г га 1 л сув қўшилади) озиқлантирилса яхши ривожланади. Алой меъёрида суғоришни ва ҳар йили кўчириб ўтқазишни талаб этадиган ўсимлик.Пояси тик ўсади, пастки қисми эса шохланган. Барги яшил, қалин, сершира, юмшоқ, қиличсимон, юқори томони ботиқ, пастки томони дўнг бўлиб чиққан, қирраси тиконлар билан қопланган. Баргларининг узунлиги20-65см , қалинлиги 12-15мм-га етади. Кўпинча поянинг юқори қисмида тўпбарг ҳосил бўлади. Гуллари поянинг юқори қисмида жойлашган тўпбарг ўртасидан чиқади, улар узун цилиндрсимон гулўқида жойлашган шингилни ҳосил қилади. Меваси – уч қиррали, цилиндрсимон кўсакча. Алой поянинг пастки қисмидаги қишловчи куртаклардан ўсиб чиққан ён новдалардан кўпайтирилади.  

             Халқ медицинасида алой баргидан ва унинг ширасидан турли касалликларни: ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак яралари, ўпка силини ва бошқаларни даволашда фойдаланилади. Ўпка силини даволашда алой баргини асал ва чўчқанинг ички ёғи билан аралаштиририб пиширилади ва беморга истеъмолга берилади.

             Алой барги терини пичоқ ва бошқа нарса билан кесиб олганда йиринглаб кетмаслиги учун даво бўлади.Бунинг учун алой баргини ўртасидан узунасига ёриб, шу кесилган жойга қўйиб боғланади.

             Илмий медицинада ишлатиш учун алой турларидан қўйидаги доривор препаратлар тайёрланади:

             1. Алой барги ширасидан сабур олинади. Сабур алой баргининг қуритилган ширасидир. Алой баргини пресслаб шира олинади. Олинган ширани қуритиб сабур тайёрланади.

             Сабур таркибида сурги таъсирига эга бўлган антрагликозидлар аралашмаси-алоин, смолалар, озроқ эфир мойи,аччиқ модда ва бошқа бирикмалар бор.

             Сабурни 0,5-1граммдан ичилса, сурункали қабзиятга учраган одамларга сурги таъсири кўрсатади.

             Сабурни оз миқдори (0,05-0,2г) эса, аччиқ  бўлгани туфайли иштаҳа очади, бунда овқат яхши ҳазм бўлади.

             Сабур препаратларини бавосил касаллигида, хомиладорликда ичиш мумкин эмас, акс ҳолда кўп қон кетади ва хомиладор аёлларда бола тушиши мумкин.

             2. Алой баргини прессаш усули билан шира олинади. Бу шира қуритилмайди. Ширага спирт қўшиб консервация қилинади. Шира ёқимли ҳидга ва аччиқ маззага ҳамда бактерицид хусусиятга эга. Консервация қилинган шира билан куйган жойни, юқумли ёмон яраларни даволанади. Шунингдек, шира яна меъда ва ичакнинг баъзи касалликлари (гастрит, колит)ни даволашда ишлатилади.

             3. Алой  баргидан биоген стимуляторларга бой экстракт ҳам тайёрланади. Биоген стимуляторларга бой препаратлар организмнинг касалликларга қарши курашиш қобилиятини оширади, организмга куч-қувват беради. Шунинг учун алой баргидан тайёрланган биоген стимуляторли экстракт кўз касалликларини, сурункали артрит, ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак яраси ҳамда бошқа касалликларни даволашда кенг қўлланилади.

             4. Алой эмульцияси – бу препаратни биоген стимуляторларга бой алой баргларига эвкалипт эфир мойи қўшиб тайёрланади. Алой эмульцияси қуруқ ва ҳўл эпидермит ҳамда нур терапияси натижасида II ва  III даражали кўйган жойларни даволашда ишлатилади.

                 

 

 

 

 

 

Категория: O'simlik olami | Добавил: azizjon_ibragimov (14.10.2015)
Просмотров: 1542 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar