Главная » Статьи » O'simlik olami

Атиргул – Роза – Rosa

Атиргул турлари ёввойи ҳолда учрамайди. Улар чиройли манзарали гул сифатида Ўзбекистоннинг деярли ҳамма вилоятларида ўстирилади.

Атиргул турлари бўйи 1,5 – 2 м гача бўлган бута. Пояси сершох бўлиб, тиконлар билан қопланган. Барга тоқпатли бўлиб мураккаб, 3 – 5, баъзан 7 та баргчалардан ташкил топган, поя ва шохларида банди ёрдамида кетма – кет ўрнашган. Гуллари йирик, хушбўй, чиройли, қизил, пушти, сариқ, оқ рангга бўялган бўлиб қалқонсимон тўпгулни ёки қалқонсимон рўвакни ташкил этади. Баъзан гуллари айрим – айрим ҳам жойлашади. Мевалари ёнғоқчасимон, бир уруғли бўлади, у қизил ва бошқа рангли чўзинчоқ  сохта мева ичида жойлашган.

Май ойидан бошлаб гуллайди.

Атиргул турларининг гулбарги йиғилади. Гулбарги таркибида эфир мойи, каротиноидлар ва бошқа моддалар бор. Гулбаргидан ёқимли , хушбўй эфир мойи олинади.

Атиргул турлари Шарқ давлатлари медицинасида кенг миқёсда қадимдан қўлланиб келинган. Бу ўсимликнинг гулбарги ва ундан тайёрланган суви (атиргул суви) кўпгина мураккаб дориларнинг таркибига киради.

Гулбаргини  шакар билан қайнатиб , гулқанд тайёрланади. Бу гулқанд иссиқлик хусусиятига эга. Халқ медицинасида гулқандни совуқ ошганда, айниқса болалар шамоллаб қолиб йўталганда, организм холсизланганда истеъмол қилиш буюрилади. Атиргул гулбарги баъзан ич кетганда, ўпка шамоллаганда балғам кўчирувчи ва йўтални тўхтатувчи дори сифатида ишлатилади.

Атиргул мойи асосан парфюмерияда қўлланилади.Фармацевтикада атиргулнинг эфир мойидан тайёрланган атиргул суви баъзи бир бадбўй, тами ёқимсиз дориларнинг ҳиди ва мазасини яхшилаш учун ишлатилади.     

 

Категория: O'simlik olami | Добавил: azizjon_ibragimov (14.10.2015)
Просмотров: 1391 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar