Главная » Статьи » O'simlik olami |
Дўлана . Дўлана – раъногулдошлар оиласига мансуб тиканли дарахт ёки буталар туркумига киради. Ўсимликнинг бўйи 8 – 10 м гача етади. Барглари яшил, туксиз, устки ва остки томони сийрак тукли. Баргларнинг бўйи ва эни деярли бир хил катталикда. Асоси кенг понасимон. 5 – 7 бўлакчаларга бўлинган бўлади. Дўлана гуллари оқ, пушти, кўп ҳоллар қалқонсимон мураккаб тўпгулларга жойлашган. Мевалари турига қараб қизил, сариқ, хушбўй ва таъмли. Дўлана июнда гуллайди ва сентябрда пишади. Мевасининг диаметри 15 – 18 мм баъзи бир дўлана турлари мевасининг диаметри 3см гача бўлиши мумкин. Меванинг икки – учта данакчаси бўлади. Дунёда дўлананинг 100 га яқин тури мавжуд. Республикамиз жанубида дўлананинг бешта тури маълум бўлиб, улар деярли барча тоғли ҳудудларда денгиз сатҳидан 1000 – 2600 м баландликдаги майда шағалли қияликларда якка – якка, тўп – тўп ўсиб, дўланазорларни ташкил этади. Халқ табобатида дўланадан киши толиққанда, ақлий хорғинликда, уйқусизликда, юрак атрофида оғриқ пайдо бўлганида даво сифатида фойдаланилган. Абу Али ибн Сино дўлана мевасини ич кетишини тўхтатувчи восита сифатида тавсия этган. Дўлана кардиовален препарати таркибига киради. Дўлана препаратлари юрак мушакларининг қисқаришини яхшилайди, унинг безовталанишини,қон таркибидаги холестеринни камайтиради. Дўлана препаратлари сут безларининг фаолиятини яхшилайди. Дўлана меваларидан дориворлар тайёрлаш учун кузда мевалари пишганда улар банди ва бегона аралашмаларидан ажратилади ва қуритилади. Дўлананинг гул тўпламлари ўсимлик гуллаганда йиғиб олинади ва салқин, ҳаво кириб турадиган жойда қуритилади. Агар дўлана заҳа қилинмай терилса, 30-40 кунгача сақланиши мумкин. Ўрта ёшдаги дўлананинг ҳар бир тўпидан 70 – 80 кг –гача ҳосил олиш мумкин. Дўлана мевасидан уй шароитида қайнатма тайёрлаш учун 20 гр дўланага ярим чойнакча (200 гр) қайноқ сув солиб енгил аланга устида 15 минут қайнатилади.Қайнатма шарбатини чой ўрнида ичилса ҳам бўлади. Гулларидан қайнатма тайёрлаш учун 2 ош қошиқ қуритилган дўлана гули устига бир стакан миқдорда қайноқ сув солиб, енгил аланга устида 10 минут қайнатилади.Қайнатма совитилгач, докада сузилиб, ош қошиқда кунига уч марта ичилади. Хонаки қиём тайёрлаш учун 25 гр дўлана меваси 200 гр қайноқ сув билан қайнатилиб қуюлтирилади. Қиёмсимон моддадан кунига 3 маҳал овқатдан сўнг 40 томчидан ичилади.
| |
Просмотров: 1192 | |
Всего комментариев: 0 | |