Главная » Статьи » O'simlik olami |
Эрмон – Полынь горькая. Эрмон (аччиқ шувоқ ) Ўрта Осиёда кўп тарқалган шифобахш ўсимлик бўлиб, асосан тўқайларда, ариқ бўйларида, йўл ёқаларида, тоғ ва тепаликларнинг ён бағирларида ҳамда бегона ўт сифатида экинлар орасида ўсади. Эрмон кўп йиллик, бўйи 50 – 100 см гача етадиган ўт ўсимлик. Пояси тик ўсувчи, бир оз қиррали бўлиб, юқори қисми шохланган. Илдиз олди барглари узун бандли, учбурчак-юмалоқ, икки-уч марта патсимон ажралган. Ўрта қисмидагилари ҳам патсимон ажралган, юқоридагилари эса уч бўлакли бўлиб, пояда банди ёрдамида (юқоридагилари бандсиз ) кетма – кет жойлашган. Эрмоннинг поя ва баргларида туклар кўп бўлгани учун ўсимлик кумуш рангда кўринади. Гуллари майда, сариқ, саватчага тўпланган. Саватчалардан ташкил топган шингиллар рўваксимон гултўпламини ҳосил қилади. Меваси – ўткир учли, чўзинчоқ, қўнғир рангли писта. Май – июн ойларида гуллайди, меваси сентябрда пишади. Ўсимлик гуллашидан олдин ёки гуллаганида фақат илдизолди барглари йиғилади, тўлиқ гуллаганида эса поянинг учидан 25 – 30 см узунликда ўриб олинади ва соя ерда қуритилади. Эрмон ўсимлигининг ер устки қисми таркибида эфир мойи, абсинтин ва анабсинтин аччиқ гликозидлари, хамазулен, органик кислоталар, витамин С ва К, каротин, ошловчи ва бошқа моддалар бор. Абу Али ибн Сино эрмон ўсимлигининг ер устки қисмидан тайёрланган қайнатмани кўз яллиғланишига даво қилган ҳамда ўт, сийдик, гижжа ҳайдовчи ва аёлларда тўхтаб қолган ҳайзни келтирувчи дори сифатида қўллаган. Ўсимлик ширасини сариқ касаллигини даволашда ва иштаҳа очувчи дори сифатида ишлатган. Эрмон ўсимлигини янчиб, унга атиргул ва хина мойларидан қўшиб, жигар ва қорин оғриғида оғриган ерга боғлаган. Халқ медицинасида эрмон ўсимлигининг ер устки қисмидан тайёрланган дамлама жигар, ўт пуфаги, ичак яраси, безгак, бавосил, овқат ҳазмининг бузилиши, ич кетиш касалликларини ҳамда яраларни даволашда, иштаҳа очувчи, ухлатувчи, гижжа ва ел ҳайдовчи, терлатувчи дори сифатида ишлатилади. Эрмон ўсимлиги қайнатмасини зарпечак қайнатмасига аралаштириб, тутқаноқ касаллигига ва камқонликка даво қилинади. Эрмон ўсимлигидан дамлама тайёрлаш учун оғзи ёпиладиган идишга 2 стакан қайнаб турган сув қўйилади, устига қуритилган ва майдаланган ўсимликнинг ер устки қисмидан бир чой қошиқ солиб дамланади ( қайнатилмайди ). Сўнгра докада сузиб, кунига 3 маҳал овқатдан ярим соат олдин чорак стакандан ичилади. Илмий медицинада эрмон ўсимлигининг доривор препаратлари (дамлама, настойка, экстракт) овқат ҳазм қилишни яхшиловчи, иштаҳа очувчи дори сифатида ишлатилади. Эрмон ўсимлигидан ажратиб олинган хамазулен моддаси бронхиал астма, бод, рентген нури таъсирида куйган ерларни даволашда қўлланади. Эрмоннинг ер устки қисми иштаҳа очувчи йиғмалар – чойлар, меъда касалликларида ишлатиладиган таблеткалар ва аччиқ настойкалар таркибига киради.
| |
Просмотров: 4232 | |
Всего комментариев: 0 | |