Главная » Статьи » O'simlik olami

Газанда – Крапива двудомная.

Газанда – Крапива двудомная.

 

Газанда (Қичитқи ўт,  чаёнўт)  халқ медицинасида қадимдан ишлатиб келинаётган шифобахш ўсимлик. Ўзбекистоннинг деярли ҳамма областларидаги тоғли районларда, сувга яқин зах ерларда, йўл ёқаларида, аҳоли яшайдиган ерларга яқин жойларда, бутазорларда, уйларда атрофида ўсади.

Газанда  кўп   йиллик,  буйи 60-100 см, баъзан 150 см га етадиган  ўт  ўсимлик. Пояси тик ўсувчи, тўрт қиррали, шохланмаган, баъзан қарама – қарши шохланган. Барги тухумсимон – юраксимон ёки йирик тишсимон қиррали, учи ўткир пояда узун банди билан карама – қарши жойлашган. Гуллари майда, яшил рангли бўлиб,  барг қўлтиғидан чиққан бошоққа тўпланган . Меваси – тухумсимон ёки эллипссимон, сариқ – кул ранг тусли ёнғоқча.

Ўсимликнинг  ҳамма қисми ачитувчи туклар билан қопланган.

Май – сентябр ойларида гуллайди ва меваси етилади.

Газанда ўсимлиги гуллаганда  фақат баргларини қўлқоп кийиб териб  олинади. Кўпинча  ўсимликнинг ер устки қисмини ўриб олиб, сўлитиб қўйилади  (ўсимлик сўлиганда тукларининг ачитувчи хусусиятлари йўқолади),  сўнгра  баргларини қўл билан териб олинади. Йиғиб  олинган  барглар соя ерда қуритилади.

Ўсимлик таркибида каротин, витаминлар С,  К, В2 , паннтотен ва чумоли кислоталар , уртицин  гликозиди,  гистамин,  хлорофилл,  крахмал,  ошловчи ва бошқа моддалар бор.

Абу Али ибн  Сино газанда ўсимлиги мевасини нафас қисиши  касаллигини даволаш учун, баргини эса қон оқишни тўхтатувчи ва сурги дори сифатида ишлатган.

Халқ  медицинасида  ўсимлик баргидан тайёрланган дамлама ёки қайнатма ва порошок кўкрак оғриғи, бод, иситма, нафас қисиши, бавосил  касалликларини даволашда ҳамда балғам кўчируви,  сийдик ҳайдовчи,  қон оқишини  тўхтатувчи  дори сифатида  қўлланилади.

Газанда ўсимлигидан дамлама  тайёрлаш учун қопқоқли идишга бир стакан қайнаб турган сув қўйиб,  майдаланганбаргдан бир ош қоши солинади ва бир соат дамланади.  Сўнгра докада сузилади. Дамламадан  кунига  3-4 маҳал овқатдан ярим соат олдин бир ош қошиқдан ичилади.

Илмий медицинада газанда ўсимлигининг  доривор  препаратлари ( дамлама, суюқ экстракт)  қон  оқишларни (ўпкадан, бўйракдан, ичакдан, бавосил касаллигида, ҳайз  бузилганда, бачадондан  қон кетганда) тўхтатувчи дори сифатида ҳамда сурункали яраларни,  витаминлар  етишмаслигидан келиб  чиққан касалликларни  (авитаминозлар)  даволаш учун қўлланилади. Газанда ўсимлиги барги меъда касалликларида  ҳамда  қон тўхтатуви  дори сифатида ишлатиладиган  чой – йиғмалар таркибига киради.

Баргидан ажратиб олинган хлорофилл озиқ – овқат саноатида ва фармацевтикада бўёқ модда  сифатида ишлатилади.   

 

Категория: O'simlik olami | Добавил: azizjon_ibragimov (14.10.2015)
Просмотров: 1701 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar