Главная » Статьи » O'simlik olami |
Кўка – мать и мачеха. Кўка (оққалдирмоқ) Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Фарғона, Қашқадарё ва Сурхондарё областларининг тоғли районларида тариқ ва жилға бўйларида, жарликларда, ғорларда ва кичик нам ўтлоқларда ўсади. Кўка кўп йиллик, бўйи 5 – 25 см гача етадиган ўт ўсимлик. Эрта баҳорда илдизпоядан гул ҳосил қилувчи бир нечта шохланмаган поя ўсиб чиқади. Поя қизил-қўнғир рангли тангачасимон баргчалар билан қопланган бўлиб, учида гултўплами жойлашган. Поя мева пишгандан сўнг қуриб қолади. Сўнгра узун бандли илдизолди барглар ўсиб чиқади. Илдизолди тўпбарглари юмалоқ ёки кенг тухумсимон, нотекис ўйилган тишсимон қиррали ва узун бандли, барг пластинкасининг пастки томони сертук, оқиш юқори томони эса яшил, туксиз. Гуллари тилла сариқ рангга бўялган бўлиб, саватчага тўпланган. Меваси – учмали писта. Апрел – май ойларида гуллайди, меваси май – июнда пишади. Кўка ўсимлигининг барги ва гули йиғилади. Ўсимлик гуллаш олдида гули саватчаси билан бандсиз қирқиб олинади. Барги ёз ойларида барг бандининг ярмидан узиб олинади. Йиғилган гул ва баргларни салқин ерга юпқа ёйиб қуритилади. Ўсимлик таркибида туссилягин ва бошқа аччиқ гликозидлар, сапонинлар, каротин, витамин С, органик кислоталар, эфир мойи, шиллиқ, ошловчи ва бошқа моддалар бор. Абу Али ибн Сино кўка ўсимлигининг баргини турли касалликларни даволашда кенг ишлатган. У кўка ўсимлигини кўкрак оғриғида, нафас олиш қийинлашганда, нафас йўллари ялиғланганда ва йўталда балғам кўчирувчи дори сифатида ишлатган. Булардан ташқари, барг порошогини нафасқисиши, ҳансираш ва нафас олиш қийинлашганда чекишга, қуритилмаган барг ширасини безгак ва ўпка сили касалликларида ҳамда ўт ҳайдовчи, терлатувчи дори сифатида қўллаган. Қуритилмаган баргни эзиб, яра ва чипқонларга боғлашни буюрган. Халқ медицинасида кўка ўсимлиги баргидан ёки гулидан тайёрланган дамлама ёки қайнатма меъда – ичак, буйрак, сийдик пуфаги, юқори нафас йўллари ялиғланиши касалликларида ишлатилади. Баргдан қайнатма тайёрлаш учун оғзи ёпиладиган идишга бир стакан сув қўйиб, баргнинг йирик порошогидан 15 гр солинади-да, бир оз қайнатилади. Докадан сузилади ва тайёрланган қайнатмадан ҳар 2-3 соатда бир ош қошиқдан ичилади. Баргдан ёки гул тўпламидан дамлама тайёрлаш учун бир литр қайнаб турган сувга қуритилган ва майдаланган баргдан ёки гулдан 20 гр солиб дамланади, сўнгра докада сузилади. Бу дамламадан меъда ва ичак яллиғланиши процессини ҳамда буйрак касалликларини даволашда кунига 4 маҳал ярим стакандан ичилади. Илмий медицинада кўка ўсимлигидан тайёрланган дамлама юмшатувчи ва балғам кўчирувчи ( йўталда, юқори нафас йўллари ялиғланганда ) дори сифатида ишлатилади. Кўка ўсимлиги барги терлатувчи ҳамда кўкрак оғриғи касалликларида ишлатиладиган чой – йиғмалар таркибига киради. | |
Просмотров: 1199 | |
Всего комментариев: 0 | |