Главная » Статьи » O'simlik olami |
Сувқалампир – Водяной перец. Сувқалампир ариқ, ҳовуз ва кўлмаклар бўйида ўсади. Сувқалампир бўйи 20 – 60 см га етадиган бир йиллик ўсимлик. Пояси тик ўсувчи, цилиндрсимон, қизғиш рангли, асосқисмидан бошлаб шохланган. Барги чўзиқ ланцетсимон, текис қиррали, пастки қисмидагилари эса бандсиз бўлиб, пояда кетма – кет жойлашган. Гуллари майда, кўримсиз, поя учида эгилган, сийрак гули, бошоқсимон тўпгулни ҳосил қилади. Меваси – ёнғоқча. Июл – октябрда гуллайди ва меваси пишади. Сувқалампир гуллаганда ўсимлик ер устки қисмининг юқорисидан ўриб олинади. Сўнгра тезда салқин ерга юпқа қилиб ёйиб қуритилади. Тез қуритилмаса қорайиб кетади. Сувқалампир таркибида гликозидлар ( полигопиперин ), витамин С, К, каротин, флавоноидлар (рутин, кверцитрин ), қандлар, органик кислоталар, ошловчи, аччиқ ва бошқа моддалар бор. Халқ медицинасида сувқалампир дамламаси безгак, ич кетиш, бавосил касалликларида ҳамда қон оқишни ( ичдан, бачадондан, йўғон ичакдан) тўхтатувчи ва оғриқ қолдирувчи дори сифатида ишлатилади. Булардан ташқари сувқалампир турли яраларга даво қилинади. Ўсимликдан дамлама тайёрлаш учун оғзи ёпиладиган идишга бир стакан қайнаб турган сув қўйиб, устига сувқалампирнинг майдаланган ер устки қисмидан бир ош қошиқ солинади ва бир соат дамлаб қўйилади. Сўнгра докада сўзилади. Юқорида айтиб ўтилган касалликларга даво қилиш учун кунига 3 маҳал овқатдан олдин бир ош қошиқдан ичилади. Илмий медицинада сувқалампир ўсимлигининг доривор препаратлари (суюқ экстракт, дамлама, гидропиперин препарати) ҳайз бузилганда,қон кетишни тўхтатувчи дори сифатида ҳамда бавосил касаллигини даволашда қўлланади. Сувқалампир ўсимлигининг суюқ экстракти бавосил касаллигида ишлатиладиган “Анузол” шамчаси таркибига киради.
| |
Просмотров: 1151 | |
Всего комментариев: 0 | |