Главная » Статьи » O'simlik olami

Тоғрайҳон – Душица мелкоцветная

Тоғрайҳон – Душица  мелкоцветная

Тоғрайҳон Тошкент, Андижон, Фарғона, Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё областларидаги тоғли районларда тоғларнинг пастки ва ўрта қисмидаги майда тошли қияларда ўсади.

Тоғрайҳон кўп йиллик, бўйи 30 – 60 см га етадиган хушбўй ўт ўсимлик. Пояси тўрт қиррали,юқори қисми шохланган. Барги тухумсимон бўлиб, банди билан пояда қарама – қарши жойлашган. Гуллари майда, улар барг қўлтиғида 2 – 3 тадан жойлашиб, қалқонсимон тўпгулни ташкил қилади. Қалқонсимон тўпгуллар эса поя учида рўваксимон тўпгулни вужудга келтиради. Меваси – тўртта ёнғоқча.

Июн – август ойларида гуллайди, меваси июл – сентябрда пишади.

Ўсимлик гуллаганида ер устки қисмини ўриб олиб, соя ерда қуритилади. Сўнгра майдалаб, ғалвирда элаб олинади.Поянинг йирик қисми ташлаб юборилади.

Тоғрайҳон таркибида эфир мойи бор. Эфир мойи асосан феноллардан, терпенлардан ва бошқа бирикмалардан ташкил топган.

Халқ медицинасида тоғрайҳон дамламаси йўтал, нафас қисиши, ўпка сили, меъда – ичак касалликларида ишлатилади.

Ўсимликдан дамлама тайёрлаш учун идишга бир стакан қайнаб турган сув қўйиб, устига тоғрайҳоннинг майдаланган ер устки қисмидан 15 грамм  солинади ва 2 соат дамлаб қўйилади. Сўнгра докада сузиб олинади ва кунига   3 - 4 маҳал бир ош қошиқдан ичилади.

Илмий медицинада тоғрайҳон дамламаси ичакнинг заифланиши касаллиги ҳамда иштаҳа очувчи ва ҳазмни яхшиловчи, балғам кўчирувчи, сийдик ва ел ҳайдовчи  дори сифатида оддий тоғрайҳон дамламаси ўрнида қўлланилади. Фармацевтика текшириш натижасида тоғрайҳон ўсимлиги гижжа ҳайдаш таъсирига эга эканлиги ҳам аниқланди.  

 

 

 

Категория: O'simlik olami | Добавил: azizjon_ibragimov (14.10.2015)
Просмотров: 1102 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar