Главная » Статьи » O'simlik olami

Ўрик – Абрикос обыкновенный.

Ўрик – Абрикос обыкновенный.

              Ўрик ёввойи ҳолда Ўзбекистоннинг тоғли районларида денгиз сатҳидан 500 – 1200 м баландликда учрайди. Ўрикнинг жуда кўп навлари Ўзбекистоннинг  ҳамма вилоятларида мевали дарахт сифатида ўстирилади.

              Ўрик бўйи 5-8, баъзан 17 м гача етадиган  сершох дарахт. Танаси кул ранг – қўнғир тусли пўстлоқ билан қопланган. Барги тухумсимон, юмалоқ ёки юраксимон, аррасимон қиррали, банди билан пояда кетма – кет ўрнашган. Гуллари оқ ёки пушти рангда бўлиб, шохларида алоҳида – алоҳида жойлашган. Меваси – турли шаклда (тухумсимон, юмалоқ, тескари тухумсимон ва ҳоказо ), сариқ, қизғиш, зарғалдоқ ва бошқа ранглардаги данакли ҳўл мева.

             Март – апрел ойларида ( барг чиқармасдан олдин ) гуллайди, меваси май – июлда пишади.

              Ўрик меваси ва елими йиғилади.

              Пишиб етилган ўрик  меваси қоқиб олинади ва меванинг юмшоқ қисмидан данаги ажратилади. Сўнгра данагини чақиб, уруғи йиғилади.

             Уруғидан мой олинади.

             Дарахт пўстлоғининг дарз кетган жойидан ўрик елими оқфиб чиқиб, қотиб қолади. Ана шу елим ҳам йиғиб олинади.

             Ўрик меваси таркибида қандлар, декстрин, пектин моддалар, органик кислоталар, каротин, витамин С, РР ва бошқа бирикмалар бор. Ўрик елими бутунлай арабиндан ташкил топган бўлиб, таркибида галактоза, арабиноза, глюкунор кислота, минерал ва бошқа моддалар бор.

             Халқ медицинасида ўрик меваси юрак -  қон томирлар системаси касалликларини даволашда ишлатилади.

             Фармацевтика амалиётида ўрик елими эмульсия тайёрлашда ( четдан келтириладиган гуммиарабик ўрнида ) эмульгатор сифатида ишлатилади. Ўрик мойи эса баъзи дорилар ( камфора ва бошқа )ни эритиш ҳамда суртма дорилар тайёрлаш учун қўлланади.       

 

 

Категория: O'simlik olami | Добавил: azizjon_ibragimov (14.10.2015)
Просмотров: 1484 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar