Главная » Статьи » Qishloq xo'jaligi

БЕДА — ЧОРВАГА ҚУВВАТ

Беда лалмикор майдонларда бошоқли дон ва бошқа экинлар учун яхши ўтмишдош экин ҳисобланади. Ем-хашак экинлари орасида беда асосий экин ҳисобланади. Экин майдонининг кўплиги, ҳосилдорлиги, пичан тўйимлилиги узоқ вақт сақланиши ва хўжалик учун фойдали жиҳатдан беда бир йиллик ем-хашак экинларидан устун туради. Беда уруғини экиш учун бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонлар 20–22 см чуқурликда, кеч кузда ёки эрта баҳорда (февраль-мартда) ағдариб ҳайдалади. Ерни текислаш ҳамда бегона ўтларни йўқотиш учун оғир вазнли ўткир тишли зиг-заг бороналар билан ишлов берилиб, мола босилади. Шунда уруғ бир текис 1–2 см кўмилади, бу уруғнинг меъёрида униб чиқишини таъминлайди. Қир-адирлик минтақаларда февралнинг учинчи ўн кунлигида, мартнинг биринчи ўн кунлигида, тоғолди ва тоғли минтақаларда эса март ойининг учинчи ўн кунлиги ва апрелнинг биринчи ўн кунлигида уруғини экиш энг мақбул муддат ҳисобланади. Экиш меъёри лалмикор майдонларнинг қир-адир минтақаларида 8–10 кг/га, тоғ олди ва тоғли минтақаларда 10–12 кг/га ҳисобида бўлади. Экиш чуқурлиги тупроқ механик таркибига қараб, хусусан енгил қумоқли тупроқларда 2–3 см, оғир таркибли тупроқларда 1–2 см атрофида бўлади. Беда бошқа дуккакли экинлар қатори фосфорга талабчанлиги сабабли экиш олдидан ёки экиш билан биргаликда гектарига 70–80 кг соф ҳолда фосфорли ўғитлар берилади. Тупроқнинг гумус (чиринди) миқдори кам, унумдорлиги паст майдонларда гектарига 80–120 кг соф ҳолда азотли ўғитлар билан озиқлантириш беда ҳосилдорлигини ошириш имконини беради. Беданинг ўсиш-ривожланиш даврларида асосий эътиборни бегона ўтлардан тозалаш учун агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун уруғ униб чиқмаган майдонларда зиг-заг ўткир тишли ўрта вазнли бороналар билан даланинг диагонали бўйлаб ишлов берилади.
С.Тешаев http://navoiagro.uz/interaktiv-hizmatlar/264-17022015-beda-chorvaga-1178uvvat.html

Категория: Qishloq xo'jaligi | Добавил: azizjon_ibragimov (18.06.2016)
Просмотров: 1223 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar