Главная » Статьи » Qishloq xo'jaligi

Боғбонларга тавсиялар

Мамлакатимизда айни пишиқчилик. Ёзнинг энг иссиқ (чилла) даври ҳисобланган айни кунларда боғбону соҳибкорларимизнинг юмушлари янада кўпайган. Уларнинг асосий мақсади, пишиб етилган турли ноз-неъматларни йиғиб-териб олиб, халқимиз дастурхонига тортиқ этишдир. Бу борада улар қуйидаги тавсияларга амал қилишса, ишлари осонлашиб, даромадлари юқори бўлади. 

                                                           
Боғларимизда пишиб етилган турли ноз-неъматлар истеъмолчиларнинг талабидан келиб чиққан ҳолда техник пишиш ёки физиологик пишиш даврида терилади. Узоқ жойларга юбориладиган меваларни техник пишиш ҳолатида, ички бозорга чиқариладиганларини эса физиологик пишиш ҳолатида узиш мақсадга мувофиқ. Узилган мевалар сараланади ва идишларга (идиш ва транспорт турига қараб) жойланади. Ёш ва ҳосилли боғларда июль ойининг иккинчи ярмидан бошлаб ёзги шакл бериш (обрезка) ўтказилади. 
Бу жараён якунланмаган ерларда бу ишларни август ойининг биринчи ярми мобайнида албатта якунлаш лозим. Бу тадбир сифатли ўтказилса, келгуси йили эрта баҳорги шакл бериш ишларига эҳтиёж қолмайди. Ёш интенсив боғларда янги новдалар симбағазларга эгиб боғланса, мева куртакларининг шаклланишини жадаллаштиради. 
Новдани боғлашда иложи борича эркин ушлаб 70–800 бурчак остида эгиш зарур. Бундан ташқари, боғларда дорилаш ишларини ҳам ўз вақтида ўтказиш зарур. Беҳи, кечпишар олма ва нокзорларда олма қуртининг учинчи авлоди ва нок ширасига қарши июль ойи охирида пуркаш ўтказилмаган бўлса, августнинг биринчи беш кунлигида ўтказиш шарт. Бунда 100 л сувга Нурел-Д, БИ-58, Зиппер, Ариво, Циперфос (100–120 г) ёки Каратэ, Децис, Суми-альфа, Шерпо (40–50 г) препаратларидан бирини қўллаш яхши самара беради. 

 


Мева каналари тарқалиши кузатилганда, бу препаратларга Вертемекс, Неорон, Абаликтин, Нисорон (50–150 г) қўшиб пуркалади. Шунингдек, намланувчи олтингугуртнинг 1 фоизлиси ҳам самаралидир. 
Беҳизорларда монилиоз касаллигидан зарарланган новдалар олдинги ойларда кесилмаган бўлса, тезда кесиб, боғдан чиқариб ёқиб юбориш лозим. 
Токзорларда қалинлашиб кетган новдаларнинг юқори қисми қисқартириб, кесиб ташланади, яъни чеканка қилинади. Темир-бетон устунли токзорларда новдаларнинг охирги симбағаздан 50 см. дан юқори қисми кесиб ташланади. Чеканкани айрим ҳоллардагина жуда кучли ўсувчи токзорларда сийраклаштириш билан бир вақтда августнинг биринчи ярмида ўтказиш керак. 
Кечпишар узум навлари ҳосилини узишга 15–20 кун қолганда суғорилади. Чилла даври тугаши билан қалинлашиб кетган тупларда узум бошларини соялаб турган барглар олиб ташланади. Кул касаллиги тарқалиши кузатилса, олтингугурт (1 гектар токзорга 30–40 кг) чанглатилади. 
Данакли мевалар (шафтоли, олхўри), узумнинг кишмиш навларини узоқ муддат сақлаб бўлмайди (кўпи билан бир ой сақланади). Шунинг учун уларнинг мевасини қуритиш мақсадга мувофиқ. Мевалар салқин ерларда ёки махсус палаткаларда (полиэтилен плёнка билан қопланган) қуритилса, қуриган меванинг сифати анча юқори бўлади ҳамда узоқ сақланади. 
Кўчатзорларда қуйидаги ишлар амалга оширилади: 
-биринчи далалар пайвандтагга тайёрланади ва пайванд амалга оширилади. Биринчи бўлиб данаклилар пайванд қилинади. Сўнг уруғлилар ундан кейин эса манзаралилар (атиргуллар). 
-Пайванд қилинадиган навларнинг рўйхати олдиндан тузилади ва уларнинг она боғлари аниқланади. Она боғлар нав тозалигига жавоб бериши ва соғлом бўлиши шарт. 
-Иккинчи далада кўчатларнинг парвариши давом этади. Улар сувдан қолмаслиги зарур. Шу билан бир вақтда шохланган жойигача бўлган барглар олиб ташланади. Бу кўчатлар ичидаги ҳаво аэрациясини яхшилайди ва кўчатларга касал туширмайди. 
Мамлакатимизда мевали ўсимликлар ичида қулупнай ёзда – июль-август ойларида кўчатидан экилади. Жорий йилнинг 15 августигача экилган кўчатлар келаси йили тўлиқ ҳосил беради. Бундан кеч экилганда ҳосилдорлик камаяди, кузда экилган кўчатлар тўлиқ кўкаради, аммо келаси йили кам ҳосил беради. 
Қулупнай кўчатини экиш учун текис, унча нишаб бўлмаган, сув билан яхши таъминланган майдонлар танланади. Қулупнай учун энг яхши ўтмишдош экинлар – эртаки сабзавотлар, кўп йиллик кўк ўтлар ҳисобланади. Майдонга шудгор олдидан тупроқ унумдорлигига қараб, 40–60 т ярим чириган гўнгга 600–1000 кг суперфосфат аралаштирилиб солинади. Сўнгра камида 30 см чуқурликда шудгорлаб, кетидан текислаб, экиш эгатлари олинади. Кўчатлар қатор оралари 70–90, шағалли тупроқларда 60 см бўлиши, туп оралиғи эса 20–25 см қилиб экилади. 
Бунда 1 гектарга 44,4 мингдан 71,4 минг донагача кўчат экилади. Экиш учун қулупнайнинг яхши ривожланган илдиз тизими камида 4–5 см ўсган, 2–3 барг бўлган кўчатлар олинади. Қулупнай кўчатлари қўлда 5–7 см чуқурга экилади. Қулупнай кўчатини экиш олдидан далани қондириб суғориш зарур. Кўчатлар куннинг иккинчи ярмида соат 17 дан кейин экилади. Экиб бўлингач ҳаво ҳароратига қараб, 2–3 кун давомида жилдиратиб сув бериб, тупроқда намлик сақланади. Орадан 8–10 кун ўтгач кўчатлар текшириб чиқилади. 
Бунда тутмаган, қуриган кўчатлар ўрнига янгиси экилади. Қуриган кўчат ўрнига янги кўчатни илдиз атрофидаги нам тупроғи билан олиб келиб навбатдаги суғоришга тўғрилаб экилади. Кейинги суғоришлар ҳар 8–10 кунда ўтказилиб, кузга бориб эса ҳар 15–20 кунда бир маротаба сув берилади. Кўчат ўтқазилгандан сўнг 25–30 кун ўтгач биринчи ишлов берилади. Бунда кўчатлар атрофидаги бегона ўтлар, тупроқ катламлари ҳамда қатор оралари енгил юмшатилади. Тупроққа ишлов беришда ва суғориш ариқларини очишда илдизлари кесилиб, ўсимлик тупроқ билан кўмилиб қолишига йўл қўймаслик лозим. 
Қулупнай қатор ораларини ишлаш билан бир вақтда азотли ва фосфорли ўғитлар билан N60P30 ҳисобида озиқлантирилади. Ушбу озиқлантириш натижасида илдиз тизими, барглари ҳамда янги ҳосил куртакларининг ривожланишига имконият яратилади. Кузда қатор оралари чуқур ҳайдалиб, атрофлари кўмма чопиқ қилинади. Ёш ўсимликларнинг илдиз ва новдаларини қишнинг қаттиқ совуқларидан сақлаш мақсадида похол ёки чириган гўнг (гектарига 10–15 т) солинади

 

http://navoiagro.uz/interaktiv-hizmatlar/103-bo1171bonlarga-tavsiyalar.html

 

Категория: Qishloq xo'jaligi | Добавил: azizjon_ibragimov (18.06.2016)
Просмотров: 1153 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar