Главная » Статьи » Qishloq xo'jaligi

Боғларни томчилатиб суғориш

Боғларни томчилатиб суғориш.
Томчилатиб суғориш ўзи нима?

Томчилатиб суғориш оғир иқлим шароитларига эга ва сув захиралари чекланган мамлакатларнинг қишлоқ хўжалигида ўсимликларни суғоришнинг танлаб олиш имкониятини бермайдиган ягона усули сифатида вужудга келган.
Бир қарашда томчилатиб суғориш, полиэтилен трубаларни тортиб, тешиб қўйсангиз, сув томчилаб турибдида, жуда оддийку, деб ўйлайсиз.
Йўқ бундай эмас, ундай ҳолатда биридан кўп, биридан оз сув чиқиб, босим камайган ерида чиқмай ҳам қолиши мумкин.

Томчилатиб суғоришда эса, сувни қувурнинг бутун узунлиги бўйича, бир хил керакли бўлган миқдорда етказиб бериш масаласи ҳал этилган. Демак, суғориш суви ва озиқ моддалар узлуксиз ёки вақти-вақти билан ўсиш ва мева беришнинг мазкур даврида унинг талабига мувофиқ бевосита илдиз таралган қисмга бир меъёрда ва буюрилган миқдорда бериб турилади.

Томчилатиб суғориш ўзининг қандай реал натижаларини берди?

Сув захиралари чекланган мамлакатлардан бири бўлган Исроилда томчилатиб суғориш усулини саноат миқёсида қўлланди. Натижада илгари аҳолиси тез ўсиб бораётган, ярим оч, озиқ-овқатлар карточка усулида тарқатиладиган Исроил мамлакати бир неча йил ичида қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг йирик экспорт қилувчисига айланди.

Сувдан самарали фойдаланиш борасида Самарқанд вилоятида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 99,2 минг гектар майдондаги ғўзани суғориш ишлари аниқ тузилган чора-тадбирлар асосида олиб борилди.

Вилоят бўйича томчилатиб суғориш технологияси 2009 йили жами 698,5 гектар, жумладан, Нарпай туманидаги "Нарпайобод" фермер хўжалигида 290, Самарқанд туманидаги "Оҳалик олтин боғи меваси" фермер хўжалигида 408,5 гектар майдонда жорий этилди. Ўтган йили Булунғур туманидаги сабзавотчиликка ихтисослашган "Наврўз Хўшвақт невараси", Нуробод туманидаги "Шарапов Тоҳиржон боғлари", Самарқанд туманидаги "Илонсой", Каттақўрғон туманидаги "Ризаева", "Зафар" фермер хўжаликларида ҳам ушбу усул кенг қўлланилди.

Шунингдек, "Аму-Сурхон" ирригация тизимлари ҳавза бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, айни пайтда Денов туманида 27,1 гектар, Қумқўрғонда 26, Жарқўрғон туманида 5, Сариосиёда 50, Олтинсой ва Шўрчи туманларида 10 гектардан майдондаги интенсив боғларда томчилатиб суғориш технологиясидан самарали фойдаланилмоқда.

- Президентимиз Фармонида ҳам томчилатиб суғориш усулини жорий этишга алоҳида эҳтибор қаратилган, - дейди. ОАВдан олинган маълумотларга кўра, Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон туманидаги "Шаропов Сиддиқ" фермер хўжалигида олти гектар майдондаги олма экилган интенсив боғларда томчилатиб суғориш технологиясини қўллаб, унинг жуда қулай, тежамкор ва самарали эканлигига ўз тажрибалари асосида ишонч ҳосил қилишган. Олти гектар майдонни жўяклаб суғориш учун икки-уч нафар сувчи овора бўлган бўлса, томчилатиб суғорилганда эса бу ишни бир киши бемалол уддалаган. Минерал ўғитларнинг сув орқали юборилиши ҳам ишчи кучи, озуқа ва вақтни тежаш имконини берган. Сув сарфи жўяк олиб суғоришга нисбатан кескин камайиб, мева сифати ва ҳосилдорлиги ошган.

Томчилатиб суғоришнинг қандай афзалликлари бор?

– Томчилатиб суғориш бу - сувни аста-секин, милтиратиб айнан ўсимлик илдизи жойлашган ерга етказиб беришдир. Тупроқдаги намликни оптимал даражада ушлаб турар экан, бу суғориш усули сувнинг қуёш ва шамолда буғланиб кетишига ҳам йўл қўймайди.

– Сув кераксиз жойдаги тупроқни, яъни ариқ ораларини ҳам намлантириш учун сарфланмайди ва илдиз атрофида намликнинг энг мақбул даражаси сақлаб қолинади.

– Суғоришинг мазкур усулидан фойдаланилганда, ўсимликларнинг ўсиши, ривожланиши ва ҳосил бериши учун оптимал шароитлар яратилади.

– Ускунанинг таннархи арзон эканлиги ва суғоришни автоматлаштириш имконияти мавжуд эканлиги, энг кам харажат билан энг катта самарага эришиш имконини беради.

– Мутахассисларнинг эътироф этишича, томчилатиб суғоришнинг афзаллиги, энг аввало, сув ресурсларини иқтисод қилишда намоён бўлади. Бунга суғориш режимининг ўзига хослиги, буғланишнинг пастлиги, обиҳаётнинг беҳуда оқиб кетмаслиги туфайли эришилади, албатта. Пировардида экин турига қараб, 20 фоиздан 80 фоизгача сув тежалади. Энг муҳими, томчилатиб суғорилганда тупроқ қотмайди. Натижада қўл меҳнатига, кулpтивация қилишга ҳам ҳожат қолмайди.

– Минерал ўғитнинг эритилган ҳолда берилиши эвазига эса унинг самарадорлиги бир неча баробарга ортиб, 50 фоизгача иқтисод қилишга эришилади ҳамда ўсимлик озуқа моддалар билан яхши тўйинади.

– Ушбу усулда суғоришнинг асосий принципи шундан иборатки, сув ўсимликнинг фақат илдизига боради. Сув ва ўғитлар бериш тартибини бошқариш ўсимликларнинг ўсишини тезлаштириш ёки секинлаштириш имконини беради.

– Узумчиликда сувни тежаш 45, боғдорчиликда 40, мева-сабзавотчиликда 35-45 фоизни ташкил қилади.

 Бунда экинлар ҳосилдорлигини ошириш кўрсаткичи 15-30 фоизга етади.

– Сувнинг ташламага чиқиб кетиши мутлоқ тугатилиб, фаол қатлам остига сизиб кетиш миқдори кескин камайиши натижасида сувдан фойдаланиш коэффициенти 0,98га қадар ортади.

– Тупроқнинг табиий унумдорлигини тиклаш ва ошириш учун суғориш суви билан минерал ўғитлар, микроэлементлар ва кимёвий мелиорантларни дозаланган миқдорда солишга эришилади.

Система қандай механизмда ишлайди?

Томчилатиб суғориш системасига: суғориш манбаи, бош иншоот, ерни намиқтириш учун қурилма томчилатгичи бўлган тақсимлагич трубопроводлар ва намлагичлар киради. Сув бош иншоотдан диаметри 50 мм. ли полиэтилен тақсимлагич трубопроводларга берилади, улар у ерда 0,5 м чуқурликда қўйилади, бу эса суғориладиган участкаларда ерга ишлов беришда уларни зарарланишдан сақлайди.

Тақсимлагич трубопроводлардан кетувчи намлагичлар ҳар қайси қатор бўйлаб тупроқ юзасида ёки ерда 15 см. чуқурликда қуйилади. Юза жойлаштириш уларни ростлаш ва алмаштириш имконини беради. Намлагичлар диаметри 16-25 мм ли полиэтилендан тайёрланади. Битта дарахтга 2-3 та томчилаттич ўрнатилади. Унинг роли шундан иборатки, сув босимини пасайтириб нолга яқин келтиради ва сув томчилари кучсиз оқим ҳосил қилиб ерга тушади.

Тақсимлагич трубопроводлардаги сув сарфини ВҚ-50 маркали сув ўлчатгич ёрдамида, ҳар қайси дарахтга келадиган сув эса, томчилатгичларнинг сув сарфига қараб белгиланади. Суғоришдаги асосий шароит-намлагич узунаси бўйлаб сув беришни таъминлаш. Бу томчилатгичларни ростлаш йўли билан амалга оширилади.

Томчилатгичдан сув томчилаб ёки майда оқим билан ерга тушади ва капилляр ҳамда гравитацион кучлар таъсири остида ҳаракатланиб ерни намиқтиради. Сув сарфи уни томчилатгич орқали берилиши ва суғоришнинг давомийлиги орқали тартибга солинади.

Суғориш автоматлаштирилган бўлиши мумкин. Битта дарахт учун суғориш нормаси 60-100 л ни, суғоришлар орасидаги интервал эса, 1-6 суткани ташкил этади. Тупроқ типи ва мева тури учун, унинг нави ёки ёшига кўра томчилатгичга, суғоришнинг қанча давом этиши ва сув сарфи белгиланиши керак.

Томчилатиб суғоришнинг муаммоли томонлари:

1. Боғ ва узумзорларда бу тизимлар бир ўрнатилганича ўн йиллаб ишлатилади. Ҳайдаладиган экин майдонларида томчилатиб суғориш тизимини ҳар йили йиғиштириб олиш зарур. Йиғиштириб олиш харажатларини янада арзонлаштириш ва қулайлаштириш усуллари яратилиши керак.

2. Электр узиладиган жойларда иккинчи резерв линияларни таъминланиши амалга оширилиши керак.

3. Боғлар тез шўрланиб кетадиган ерларга экилган бўлса, олимлар томонидан дастлабки даврларда томчилатиб суғориш тавсия этилмайди. Бундай ҳолатларда боғларни вояга етганидан сўнг, ҳамда мақбул усуллар орқали қўлланиш технологиялари устида изланишлар олиб борилиши керак.

4. Ҳудудларимизнинг кўп қисмида йилнинг фаслларига қараб, лойқа ва қумли сув келади. Шундай ҳудудлар учун ҳам махсус томчилатиб суғориш қурилмалари етказиб берилсинки, қўшимча тиндириш ва тозалов иншоотларга зарурият қолмасин.

http://navoiagro.uz/interaktiv-hizmatlar/148-25052013-bo1171larni-tomchilatib-su1171orish14092014y.html

Категория: Qishloq xo'jaligi | Добавил: azizjon_ibragimov (18.06.2016)
Просмотров: 2612 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar