Главная » Статьи » Qishloq xo'jaligi

Cабзавоткорларнинг юмуши бисёр

Қуёш тиғи тобора забтига олаётган айни кунларда сабзавоткорларимиз учун масъулиятли мавсум бошланмоқда: эртаги муддатда экилган сабзавотлар, картошка ҳамда бошоқли дон экинлари ҳосилини нест-нобуд қилмай йиғиштириш, ўрнига такрорий экинларни мақбул муддатларда экиб олиш каби долзарб юмушларни бажаришлари талаб этилади. Пишиб етилган эртаги сабзавот ва картошка ҳосили ўз вақтида йиғиб олинмаса, сифати пасайиб, миқдори 15–25 фоизгача камаяди. Бу эса ўз навбатида иқтисодий самарадорликнинг 15–20 фоиз пасайишига сабаб бўлади. Республикамизнинг марказий қисмида жойлашган вилоятлардаги сабзавотчилик хўжаликлари майдонларига экилган эртаги сабзавотлар, картошка ва ғалла экинларидан (июнь ойининг 1–2- ўн кунлигида) бўшаган майдонларни пешма-пеш қайта экин экишга тайёрлаб, уларга такроран-бодринг, сабзи, ош лавлаги ҳамда картошкани ўртаги ва кечки навларини экиш тавсия этилади. Эртаги сабзавотлар, картошка ва ғалла экинларидан июнь ойининг 2–3 ўн кунлигида бўшаган майдонларга эса такроран - кечки карам, сабзи, картошка навларини экилиши ушбу майдонлардан мўл ҳосил олишни таъминлайди. Такроран кечки карам ҳамда картошка экиш учун тайёрланган майдонларни экиш олдидан суғориб сўнгра ер етилиб механизм кириши мумкин бўлган даврдан кечиктирмай карам кўчатларини кичик майдонга қўлда, катта майдонларга эса СКНБ-4 русумли кўчат экиш механизми ёрдами билан, картошкани эса СН-4Б мосламада экилади. Экилган асосий экинлардан помидор, пиёз, бодринг, картошка ҳамда полиз экинларидан қовун, тарвуз, қовоқ, ўртаги муддатда экилган карам майдонларида ҳам шу кунларда бажарилиши лозим бўлган асосий парвариш тадбирлари - қатор ораларини КРН-2,8А ёки КОН-2,8 русумли юмшатгичлар билан, ўсимликлар ораларини эса қўлда чопиб юмшатиш, бегона ўтларни йўқотиш, маданий ҳамда маҳаллий ўғитлар билан озиқлантириш, ўз вақтида суғориш, касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш чораларини амалга ошириш зарур. Ҳозирги кунларда сабзавот далаларини ҳар бир экин турига мувофиқ майдонларни 7–12 кун оралатиб 450–500 м3/га меъёрда суғориб, сув тан¬қислигини инобатга олиб ҳар 2–3 маротаба сув қўйилган ўсимликлар қатор ораларини КРН-2,8А ёки КРН-4,2 русумли юмшатгичлар билан 12–14 см чуқурликда юмшатиш, бегона ўтларни йўқотиш ҳамда ўсимликларни сувдан ва озуқа моддаларидан тўлиқ фойдаланишда катта аҳамиятга эга. Эртаги сабзавот, картошка ҳамда ғалла экинларидан бўшаган майдонларни қайта экишга тайёрлашда дала тупроғи намлиги етарлича бўлмаса енгил суғориб, ер етилгач шудгорлаш лозим. Акс ҳолда йирик кесаклар пайдо бўлиб, такрорий экинларни экиш ҳамда кейинги парвариш ишларига салбий таъсир этади. Такрорий экиш учун ҳайдалган майдонлардаги намлик парланиб кетмасдан кетма-кет ЧКУ-4 ёрдамида 10–12 см чуқурликда юмшатиб, КРН-2,8 А русумли юмшатгич билан экиш эгатлари тортилади. Такрорий экинларнинг сифатли кўчат ва уруғлари ўз вақтида экилса, кўзланган ҳосилни етиштиришга эришилади, акс ҳолда такрорий экинлар ҳосили етилиши кечикиб, ҳосилдорлиги 20–30 фоизгача пасайиб кетади. Хориждан келтирилган уруғлик картошкани экилгунга қадар қоплардан бўшатиб, салқин жойларда 3–4 қатор қалинликда сақлаш ва унган туганакларни ажратиб экиш тавсия этилади. Республикамиз минтақаларида уруғлик картошка июнь-июль ойларида (кечпишар ва ўртапишар навлар эртароқ, эртапишар навлар эса кечроқ) экилади. Ер етилгач уруғлик картошка СН-4Б русумли мосламада ёки қўлда 10–12 см чуқурликка экилади. Уруғликни эгатнинг қуёш тушмайдиган томонига экиш мақсадга мувофиқ. Картошкани парваришлаш агротехник тадбирлари тупроқ ҳароратини камайтиришга қаратилган бўлиши керак. Буларнинг бари мўл ва сифатли ҳосил етиштиришга пухта замин бўлади. Сабзавот ва картошка экинларидан мўл ҳосил олишда турли зараркунанда ва касалликларнинг тарқалишига йўл қўймаслик муҳим аҳамиятга эга. Айни пайтда экинзорларда учрайдиган бузоқбоши, кўкқурт тунлами, нематода, симқурт, шира, кана, оқпашша ва колорадо қўнғизларига қарши курашда қуйидаги препаратларни қўллаш яхши самара беради: Моспилан 20% кук.н. – 0.25–0.3; Децис – 2.5% эм.к. – 0.2–0.5; Конфидор 20% к.э. – 0.05–0.1; Каратэ 5% эм.к. – 0.1–0.2; Омайт 57% эм.к. – 1.5; Вертимек 1.8% – 0.1–0.2 л/га. Шунингдек, экинларга касалликлардан илдиз чириш, фузариоз сўлиш, фитофтороз, ун шудринг, сохта ун шудринг, қўнғир доғланиш каби касалликлар катта зарар етказади. Ушбу касалликлар туфайли барг¬лар сарғайиб, ўсимлик сўлиб қолади. Доғ касалликларида эса ўсимликнинг фотосинтез ҳолати сустлашиб, модда алмашинуви бузилади, экинлар гулига салбий таъсир кўрсатади. Касалликларга қарши курашда қуйидаги препаратлар яхши таъсир қилади: Ридомил 68% с.д.г. – 2.5; Привикур 60.7% – 1.5; Курзат Р н.кук. – 2–2.5 л/га; Байлетон 25% кук.н. – 0.2–0.6 кг/га. Юқоридаги чора-тадбирларни ўз вақтида ва маромига етказиб бажариш, сабзавот ва картошкадан касаллик ва зараркунандаларга ўз вақтида ишлов бериш, юқори ва сифатли ҳосил олишга замин яратади.
Фаррух Ҳамроев http://navoiagro.uz/interaktiv-hizmatlar/240-29012015-cabzavotkorlarning-yumushi-biser.html

Категория: Qishloq xo'jaligi | Добавил: azizjon_ibragimov (18.06.2016)
Просмотров: 1127 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar