Президентимизнинг 2013 йил 12 февралдаги "2013 йилда ғўза навларини жойлаштириш ва пахта етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида"ги Қарорига асосан жорий йилда вилоятимизда 74000 гектар ерга ғўзанинг "Бухоро-8", 41600 гектар майдонга "Бухоро-6", 14800 гектарга "Бухоро-102", 12200 гектарга "Наманган-77", 12800 гектарга "Бешқаҳрамон" навлари, 5000 гектар ерга бир қатор янги навлар экилади. Умуман олганда, вилоят деҳқонлари бу йил 160400 гектар ерга чигит қадашмоқда. Бу майдоннинг 81400 гектарига 60, 29000 гектарига 90 сантиметрлик асосда, 50000 гектарига эса қўш қатор усулида чигит экиш белгиланган. Ушбу маълумотларга таяниб айтиш мумкинки, чигит экиладиган майдоннинг 72,1 фоизига ўртапишар ("Бухоро-6" ва "Бухоро-8"), 27,9 фоизига эса эртапишар навлар ("Наманган-77", "Бешқаҳрамон", "Бухоро-102" ва янги навлар) жойлаштирилмоқда. Бу эса ишни об-ҳаво кўрсаткичлари, ҳар бир навнинг морфологик белгилари, биологик хусусиятлари, агротехник тадбирлари, ўрта ва эртапишар навларга талаб этиладиган самарали ҳарорат йиғиндисини ҳисобга олган ҳолда ташкил этишни тақозо этади.
Кўп йиллик илмий кузатувларда ғўза экинининг яхши ривожланиши учун ҳаво ҳарорати + 25-30 даража оралиғида бўлиши кераклиги аниқланган. Чигит униб чиқиши учун зарур бўлган минимал ҳарорат 10-12 даражадир. Бошқача айтганда, чигитнинг униб чиқиши учун 100, экилганидан ўсимлик гуллагунга қадар 870-900 (биринчи рақам эртапишар навлар, иккинчи рақам ўртапишар навлар учун), дастлабки кўсак очилгунча 1730-1880 ва кўсакларнинг тўлиқ очилиши учун 550-750 даража самарали ҳарорат йиғиндиси талаб этилади. Бу ўртапишар навларда тўлиқ пишиши учун 2630 ва эртапишар навлар учун 2280 даража самарали ҳарорат кераклигини кўрсатди.
Ўртапишар навларнинг биринчи кўсаги 120-125 кунда очилади. Эртапишар навларда эса бунинг учун 105-110 кун етарлидир. Кўп йиллик ўртача ҳарорат кўрсаткичлари таҳлил қилинганда, вилоятнинг Қарши чўли шароитида йиллик самарали ҳарорат йиғиндиси 2867,6 даражани ташкил этди.
Умуман олганда, вилоятимиз об-ҳавоси ўзига хос бўлиб, ўзгарувчан баҳори (айрим йилларда апрель ойида тинимсиз ёғингарчиликлар ва салқин ҳарорат кузатилади), ўта иссиқ ва қуруқ ёзи (иссиқ гармсел шамоли, чангли ва қумли тўзонлар эсади), салқин кузи (айрим йиллари октябрь ойида самарали ҳарорат 80 даражадан ошмайди) билан характерланади. Баъзида апрель ойидаги тинимсиз ёғингарчиликлар ва салқин ҳарорат чигитнинг май ойида экилишига сабаб бўлади. Ёки экилган уруғ униб чиқмайди, чирийди. Бу эса ҳосилдорликка жиддий салбий таъсир кўрсатади. Масалан, май ойида экилган ўртапишар навларнинг биринчи кўсаги 1 сентябрда очилади. Сентябрь ва октябрь ойларида эса кўсакларнинг тўлиқ пишиши учун талаб этиладиган 700-750 даража ҳарорат бўлмайди ва шу боис улар тўлиқ очилмай қолади.
Июнь ойининг учинчи ўн кунлигида, июль ойида тўлиқ ва август ойининг биринчи ўн кунлигида кунлик ҳарорат ўта юқори бўлиши ғўза ўсимлигидаги кўплаб ҳосил элементларининг тўкилиб кетишига олиб келади. Бу эса деҳқонларимиздан ана шундай шароитда тўпланган ҳосилни сақлаб қолиш имконини берадиган агротехник тадбирларни қўллашни талаб этади. Яъни тажрибалар шуни кўрсатмоқдаки, ўртапишар ғўза навлари 20 апрелгача экилса, кўсакларнинг тўлиқ пишиб етилиши учун зарур бўлган самарали ҳарорат 1 ноябргача жамғарилади. Демак, кўсаклар 1 октябргача тўлиқ пишиб етилиши учун чигит экишни 10 апрелгача тугатиш лозим. Эртапишар ғўза навлари 10 майга қадар экилганда ҳам кўсаклар 1 октябрга қадар тўлиқ пишиб етилади. Аммо турли омилларга кўра, бу даврда экилган эртапишар навларнинг биринчи кўсаги 25 августдан 1 сентябргача очилиши мумкин. Натижада сентябрь ва октябрь ойларида мавжуд кўсакларнинг тўлиқ пишиши учун талаб этиладиган ҳарорат тўпланмайди. Бу ўз навбатида, бир қисм кўсакларнинг очилмай қолишига ва ҳосилдорликнинг кескин пасайиб кетишига сабаб бўлади.
Умуман олганда, ҳосилни 10 октябргача тўлиқ йиғиштириб олишни мўлжал қилган деҳқонларимиз чигитни 10 апрелга қадар экиб олишлари керак. Бу нафақат мўл ва сифатли пахта етиштириш, балки кузги донни мақбул муддатда экиб, ундан ҳам юқори ҳосил олиш имконини беради.
Қарши об-ҳавони кузатиш маркази томонидан берилган маълумотларга кўра, 2012 йилнинг июль ойида йиғилган фойдали ҳарорат йиғиндиси 632,2 даражани, 2011 йилда 612,7 даражани ва кўп йилликнинг ўртачаси 634,3 даражани ташкил этди. Бу 2012 йилнинг юқорида айтилган давридаги ҳарорат йиғиндиси кўп йиллик ўртача маълумотлардан 2,1 даражага кам, аммо 2011 йилга нисбатан 19,5 даражага кўп бўлганини кўрсатади. 2012 йил апрель ойининг дастлабки икки ўн кунлиги фойдали ҳарорат йиғиндиси ўртача кўп йиллик кўрсаткичдан (ўн кунликларга мувофиқ равишда) 2 ва 1,5, 2011 йил кўрсаткичидан эса (ўн кунликларга мувофиқ равишда) 34 ва 21 даража кўп бўлганлиги кузатилди. Аммо учинчи ўн кунликда ҳарорат пасайиб, ўртача кўп йиллик кўрсаткичга тенглашган бўлса-да, 2011 йил кўрсаткичидан 46 даражага паст бўлди.
Ўтган йил апрель ойининг учинчи ўн кунлигида ҳаво ҳароратининг пасайиши шу муддатда экилган ғўза ниҳоллари олган фойдали ҳарорат йиғиндисининг 2011 йил кўрсаткичидан 94,2 даражага кам бўлишига олиб келди. Ҳарорат пастлиги май ойида ҳам давом этиб, 2011 йилга нисбатан биринчи ўн кунликда 16,8, иккинчи ўн кунликда 33,3 ва учинчи ўн кунликда 6,4, умуман, бир ойда 56,5 даража паст бўлди. Июнда ҳам шундай ҳолат кузатилди. Июлда эса фойдали ҳарорат йиғиндиси 2011 йилнинг шу даврига нисбатан 19,5 даражага кўп, август ва сентябрь ойларида бу кўрсаткич 2011 йилдагига қараганда кам, октябрь ойида эса тенг бўлди. Қисқаси, ўрганишлар ўтган йили барча муддатларда экилган ғўза ниҳоллар олган фойдали ҳарорат йиғиндиси 2011 йилги кўрсаткичдан кам бўлганини кўрсатди.
Ушбу об-ҳаво маълумотлари таҳлили натижасига асосланиб хулоса қилиш мумкинки, деҳқонларимиз юқоридаги тавсияларга амал қилган ҳолда иш кўрсалар, фойдадан ҳоли бўлмайдилар.
Яна бир жиҳат: экилиши режалаштирилган ўрта ва эртапишар навларнинг агротехнологияси билан танишишни унутманг. Шунингдек, ўртапишар навларни 10 апрелдан кечиктирмай экиш тавсия этилади. Айрим сабабларга кўра, чигит экиш муддати 15 апрелдан кейинга суриладиган бўлса, албатта, эртапишар навни экишга эришиш лозим.
Ф.Ҳамроев http://navoiagro.uz/interaktiv-hizmatlar/298-14042015-chigitni-1178achon-ekkan-ma1178ul.html
|