Навоий Вилоятида чорвачилик билан шуғуланувчи фермер хўжаликлари сони йилдан-йилга кўпаймоқда. Фермерлар маҳсулот миқдори ошириш ва сифатини яхшилаш чораларини кўришмоқда.
ҚОРАМОЛЧИЛИККА ихтисослашган фермер хўжаликларда моллар бош сонини тўлиқ сақлаб қолиш, маҳсулдорлигини ошириш кўп жиҳатдан йилнинг мавсумлари бўйича биноларнинг зоогигиеник ва санитария талабларига жавоб берадиган тадбирлар ўтказилишига боғлиқдир. Молхоналар ҳавосининг ҳарорати, нисбий намлиги, зарарли газлар (аммиак, кўмир ангидриди, мерконтан) миқдори энг муҳим зоогигиеник шартлар ҳисобланади. Ҳавонинг ҳарорати ўртача 16-200С, нисбий намлик 45-70 фоиз, аммиак гази 10-20 МО/м3 ва микроблар сони бир кубометр ҳавода 40.000 дан ошмаслиги керак. Бу кўрсатгичлар йилнинг барча мавсумларида амал қилиш шарт.
Чорва моллари сақланадиган биноларда мазкур микроиқлим кўрсаткичларидан бирортаси меъёрдан ошса ёки камайса, ҳайвонларнинг физиологик ҳолатига салбий таъсир этади, маҳсулдорлиги пасаяди ва турли касалликларга чалинишига сабаб бўлади.
Шунинг учун молларни тўйимли озиқлантириш билан бирга уларга санитария ва гигиена талабларига биноан микроиқлим яратиб бериш зарур.
Молхоналардаги гўнглар узлуксиз тозаланиши ва дезинфекция қилиниши керак, молларни ҳар куни камида икки соат сайрга чиқариш керак. Бунинг учун молхона ёнида бостирмалар қуриш мақсадга мувофиқ. Юқумли касалликлар ва ҳашаротларга қарши кураш тадбири сифатида молхона атрофини доимо тоза сақлаб, гўнгини вақтида йиғиштириб олиш, ҳашаротларга қарши дезинфекцияловчи эритмалар билан ишлов бериб туриш тавсия этилади.
Бунда 0,1% неацидол, 3% креолин ва 25%ли циперметрин препаратларининг эритмаларини қўллаш яхши натижа беради. Бундан ташқари, янги эритилган оҳак жуда кучли дезинфикциялаш хусусиятига эга. Шунинг учун баҳор келиши билан молхона деворларига ойига 1 марта оҳак билан ишлов берилса, молхонанингсанитария ҳолати ва ҳаво тозалигини яхши сақлаб туради, натижада турли касалликлар олди олинади.
Март-апрель ойларидан кечиктирмасдан бузоқларни пастереллёз касаллигига қарши эмлаш зарур. Чунки май ойида ҳавонинг исиши билан қишда совуқдан ўпкасини олдирган бузоқлар касалланади. Бунинг олдини олиш учун мазкур вакцина билан эмлаш зарур. (Бунда пастереллёз касаллиги бирламчи инфекция ҳолатида организмда сақланади, шунда организмнинг, яъни бузоқлар организмининг эрта баҳорда нимдон бўлиши унинг иммун фаоллигини сусайиши натижасида бирламчи инфекция иккиламчи инфекция ҳолатига ўтиб касалликни келтириб чиқаради).
Юқумли ва юқумсиз касалликларни келтириб чиқарувчи асосий омилларга қўйидагилар киради:
* молларни зах, ифлос ва совуқ биноларда сақланиши;
* кимёвий омиллар – молхонада турли заҳарли газлар: карбонат ангидрид, аммиак олтингугурт оксидлари ҳосил бўлиши;
* ҳайвонларни сайрга чиқарилмаслиги;
* тартибсиз озиқлантириш, рационда етарли озиқ моддалар, витамин ва микроэлементлар бўлмаслиги.
ҚЎЙЧИЛИК тармоғини ривожлантириш аҳолини оқсилга бой чорвачилик маҳсулоти – гўшт билан таъминлашда муҳим ўринни эгаллайди. Бундан ташқари, қўйлардан олинган жун маҳсулотидан енгил саноатда кенг фойдаланилади. Қўйчиликни ривожлантиришга кўпгина омиллар салбий таъсир кўрсатади. Шулардан асосийлари қўйларни тўйимли ва сифатли озуқалар билан таъминламаслик, шунингдек, ўз вақтида ветеринария тадбирларини ўтказмаслик, ҳар хил юқумли, юқумсиз ва инвазион касалликларнинг олдини олиш ҳамда касалликлар қайд этилган ҳолатларда даволаш тадбирларини олиб бормаслик.
Чорва моллари бош сонини кўпайтириш мақсадида сақланаётган қўйлар асосан она қўйлардан, камроқ бўлсада ўстиришга олиб қолинган урғочи қўзилардан иборат бўлади. Совлиқлар асосан октябрь-ноябрь ойларида қочирилади ва февралнинг охири март ойларида улардан тўл олинади, яъни қўзилатиш мавсуми бўлиб ўтади. Бу вақтда қўйларни сақлаш шароитига эътибор бериш керак, яъни қўзилар учун алоҳида қўзихоналар ташкил қилиниши лозим. Қўйларни эса кунларни иссиқ вақтига қараб айвонларга чиқариш лозим. Бўғоз қўйларни ҳар куни 10-12 км, қўзилаган қўйларни эса 6-8 км масофани босиб ўтадиган жойларга бориб боқиб келиш лозим. Қўйларни яйловларга ҳайдашдан олдин, эрталаб албатта, дағал озуқалар (хўжалик шароитига қараб беда, янтоқ, сомон, маккажўхори, ҳар хил ўтлар пичани ва бошқалар) берилиши керак. Чунки эрталаб куннинг ҳароратига қараб совуқ кунлари қиров, иллиқ кунларда эса шудринг тушган бўлади. Шунинг учун қиров ёки шудринг кўтарилгандан сўнг қўйларни яйловга ҳайдаб боқиб келиш тавсия этилади. Қўйлар қиров ёки шудринг ҳолатида яйловда боқилса озуқанинг совуқлиги сабабли ошқозон-ичак системасида модда алмашинуви бузилади. Ҳазм системасида муҳитни ўзгариши турли касаллик қўзғатувчиларини фаоллашувига олиб келади. Натижада қўйларда касалликлар тарқалади, кўпинча бола ташлаш ҳоллари кузатилади. Қўйларни суғориш вақти ҳам тушдан сунг, яъни куннинг иккинчи ярмида бажарилгани мақсадга мувофиқ. Кучли озуқаларни хўжалик имкон даражасига ҳамда қўйларни семизлик ҳолатига қараб кечги пайт бериш тавсия қилинади. Баҳор ойларида иқлим шароити анча ўзгариб қолади, кунлар исийди ва ўртача ҳарорат 200С дан ошган вақтлари қўйларни кечаси соат 2-4 вақт оралиғида 2 соат яйловда боқиб келиш фойдали ҳисобланади.
Қўйлар соғлиғини таъминлаш, улардан насл олиш даражасини оширади, яъни туёқ сонини ошишида катта роль ўйнайди. Шунинг учун қўйлар сақланаётган хўжаликларда йил давомида, жумладан баҳор фаслида ҳам тегишли ветеринария тадбирлари ўтказиб туриш шарт. Бунинг учун аҳоли пунктидаги ёки хўжаликдаги ветеринария врачи томонидан ўтказиладиган ветеринария тадбирлари режасини тузиб, ўз вақтида профилактика ишларини олиб бориш лозим.
Қиш мавсуми тугаб баҳор бошланишида қўйлар кўпинча ориқ бўлади. Шунинг учун аввало барча қўйларни инвазион касалликлардан эктопаразитларга (бит, бурга, кана) қарши таркибида иверектин сақловчи препаратлар билан тери остига укол қилиниши, шу билан бир вақда ошқозон-ичак, жигар ва упкада ривожланадиган гельминтларни келтириб чиқарадиган гельминтоз касалликларига қарши антигельминтиклар билан (альбен 3.5 фоизли альбазен,
10 фоизли альбендазол, Уz-альбен, Уz-альбендекс) тегишли йўриқномаларга асосан гижжасизлантирилиши шарт.
Шунингдек, хўжалик шароитларида отарлардаги итларни ҳам гижжасизлантирилиш, тўғилган қўзиларни 2 ойлигида ценуроз касаллигига қарши эмлаш керак.
Юқумли касалликлардан оқсил, брадзот, энтеротоксемия, дизентерия, ёмон сифатли шиш, пастереллёз, сальмонеллёз, колибактериоз касалликларига қарши эмлаш тадбирлари режа асосида ўтказилиши қўйлар соғлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Юқорида таъкидлаб ўтилган маслаҳатларга амал қилган чорвадорлар қўйчилик тармоғини ривожлантиришга эришадилар.
http://navoiagro.uz/interaktiv-hizmatlar/293-31032015-chorvachilikda-bahorgi-zooveterinariya-tadbirlari.html
|