Главная » Статьи » Qishloq xo'jaligi

Эртанги сабзавот экинлари етиштириш технологияси.

Аҳолини сабзавот экинларига бўлган талабини қондириш долзарб аҳамиятга эга. Шунинг учун минтақаларнинг об-ҳаво шароитидан келиб чиққан ҳолда режалаштирилган, экин майдонларига сабзавот экинларини (помидор, бодринг, картошка, сабзи, пиёз, оқ бош карам, ширин қалампир, бақлажон, редиска, кўкатлар) уруғ ва кўчатлардан экиш тавсия этилади.
Очиқ майдонларга экиш учун помидор, ширин қалампир, бақлажон, оқ карам каби сабзавотларнинг кўчатлари дастлаб иссиқхоналарда тайёрлаб олинади. Бунда помидорнинг ўрта эртапишар- Тошкент тонги, Шафақ; ўртапишар Сурхон, Ўзбекистон, Авиценна, Баҳодир каби навлари; ширин қалампирнинг Тошкент туҳфаси, Шарқ юлдузи, Зумрад ва эртапишар Наргиза навлари; бақлажонни Аврора ҳамда эртапишар Алмоз каби серхосил навларини экиш мумкин.
Асосан кўчат етиштириш жараёнида икки ҳил тадбир амалга оширилади: биринчи навбатда уруғларни сепиб, ниҳол тайёрлаб олиш бўлса; иккинчидан униб чиққан ниҳолларни кўчириб (5х5, 6х6 см оралиғида пикровка) экиш билан парвариш қилишдан иборат. Уруғларни сепишдан олдин кўчатхона-иссиқхоналарга солиш учун етарли миқдорда озиқа аралашмаси тайёрлаб олиниши керак. (озиқа аралашма таркиби қуйидаги миқдорда тайёрланади: дала тупроғи 40%, чириган гунг-40% ёғоч қипиғи ёки сомон, шоли шулхаси-20% дан иборат бўлиб, аралашманинг хар 1 м3 ҳисобига 5-6 кг суперфосфат ўғити қўшилади).
Кўчатхоналарга солинадиган аралашма қалинлиги, уруғ-сепиб, ниҳол тайёрлашда 10-12 см; ниҳолларни кўчириб ўтказиб (пикровка) парваришлаш учун 15-18 см бўлиши лозим.
Сабзавотларнинг уруғлари 100% униб чиқишини таъминлаш учун аввало улар саралаб олинади сўнгра экилади. Уруғларни саралаш учун, уруғ миқдорига мос келадиган идишга 3-5 фоизли ош тузи эритмаси тайёрланиб унга (помидор, ширин қалампир, бақлажон) сабзавот экинлари уруғлари солинади. Пуч ва сифатсиз уруғлар эритманинг юза қисмига чиқади, сифатли, тўқ уруғлар эса эритма остига чўкади. Эритма юзасидаги уруғлар олиб ташланади, эритма остида қолган тўқ уруғлар тоза сувда 2-3 маротаба чайқалиб, сўнг ёйиб қуритилади.
Ҳар гектар майдонга экиш учун етарли миқдорда кўчат тайёрлаш учун помидор уруғи 350-400 грамм, ширин қалампир, бақлажон ҳамда карам уруғларидан 800-1000 грамм ҳисобида сарфланади.
Кўчат тайёрлашда помидор уруғи 1 м2 майдонга 8-10, ширин қалампир 16-20, бақлажон 8-10 граммдан 0,5-1,0 см. чуқурликда экилади, акс холда уруғларнинг униб чиқиши кечикади ёки сийрак бўлиб қолади. 
Экилган уруғ устидан чириган гунг ёки чириган қипиқ билан гунг аралашмаси сепилади, сўнгра устидан сув сепилади. Экилган уруғлар ердан бир текис униб чиқиб орадан 25-28 кун ўтгач ёки ниҳолларда 2-4 чин барг пайдо бўлганда уларни (маъдан ўғитлари билан) биринчи озиқлантириш тадбири бажарилади. Бунинг учун 10 литр сувга 14-15 грамм аммиак селитраси, 18-20 грамм суперфосфор ва 10-15 грамм ҳисобида калий хлорид ўғитларини солиб эритилиб, ушбу тайёрланган эритма 3-3,5 м2 майдондаги ниҳолларга сарфланиши лозим.
Иккинчи озиқлантириш кўчатларни очиқ майдонга кўчириб, экишдан 15-16 кун олдин амалга ошириб, бунда хар 10 литр сувга солинадиган юқорида таъкидланган ўғит турлари миқдорини икки хисса кўпроқ қўшган ҳолда хар 3-3,5 м2 майдондаги кўчатлар озиқлантирилади.
Экин турлари бўйича тайёрланган кўчатларни очиқ майдонларга экишдан 15-17 кун олдин, ниҳолларни ташқи муҳит шароитига мослаштириш мақсадида аввал иссиқхонани ён томонлари, экишга бир ҳафта қолганда эса устки қисмдаги плёнкалари очилиб, кўчатлар чиниқтирилади.
Об-ҳаво шароитига қараб экиш учун тайёрланган кўчатлар бўйи 16-20 см, 6-7 кўк барг ҳосил қилиб бақувват ривожланганлари апрел ойининг 1-2 ўн кунлигида чиқариб экилгани маъқул.
Эртанги карам кўчатини тайёрлаш учун 50-55 кун давом этади. Карам кўчатларини очиқ далага экиш вилоятимиз шароитида март ойининг 2-3 ўн кунликларига тўғри келади. Сабзавот экинлари кўчатларини очиқ далага экишдан 1-2 кун аввал 80 фоизи сувда эрувчан олтингугурт дорисидан 40 граммни 10 л сувдаги эритмаси билан (5 м2 майдонга) ёки 2,5 фоизли Децис дорисидан 10 л сувга 5 грамм қўшиб 20 м2 майдондаги кўчатларга сепилса кўчатлар очиқ далага экилгандан кейин 1-1,5 ой мобайнида турли касаллик ва зараркунандаларга чалинмайди.
Экин турларига қараб, очиқ далага экилган кўчатлар тўлиқ тутиб олгандан 10-12 кун ўтгач дастлабки ишлов берилади. Бунда қатор оралари КПН-4,2 русумли юмшатгич билан 12-14 см чуқирликда юмшатилиб, минерал озуқа берилади ва суғорилади. Тупроқ етилиши билан иккинчи ишлов берилади, бунда қатор оралари КРН-4,2 русумли юмшатгич мослама билан 15-16 см чуқурликда юмшатилиб бегона ўтларни йўқотиш чоралари кўрилади.
Уруғдан экиладиган пиёз, сабзи, редиска, кўкат, сабзавотлар (укроп, кашнич, петрушка, салат) уруғлари 16 февралдан 26 мартгача экилганда, эртанги, сифатли мўл ҳосил олиш имконияти яратилади.
Эрта муддатда экиш учун:
-пиёзнинг Истиқбол, Зафар, Қоратол, Испан-313;
-сабзининг Мшак-195, Нурли, Мирзаи қизил, Мирзаи сариқ навлари тавсия этилади.
Эрта баҳорда картошка экишнинг муқобил муддатлари 1-16 март ҳисобланади. Қисқа даврда пишиб етиладиган картошканинг эртанги Агава, Санта, Зарафшон; ўрта пишар Аринда, Белуга, Вектория, Морфона, Пикассо каби навларини эккан маъқул.
Картошка ҳосилини кўпайтириш, сифатини яхшилаш ва эрта етилишини таъминлаш учун уни ундирилган (нишлатилган) туганакларини экиш керак. Ундирилган туганакларни эрта баҳорда экиш ундирилмаган туганакларга нисбатан хосили 12-15 фоиз ошади ҳамда 10-15 кун эрта пишишига имкон беради. Картошкани фақат эртанги қилиб экилганда туганакларни кесиб экишга рухсат этилади, сабаби эрта баҳорда тупроқ ҳарорати паст бўлиб касаллик қўзғатувчи бактетия ва замбруғлар ривожлана олмайди. Картошка ўртанги ва кечки қилиб экилганда кесиб экилса тупроқ ҳароратининг юқори бўлганлиги сабабли касалликка чалиниб ҳосилдорлик кескин камайиб кетишига олиб келади.
Экинлардан мўл ҳосил етиштириш учун хар бир экин талабига мувофиқ уларнинг озуқага бўлган талабини тўлиқ қондириш лозим бўлади. Жумладан помидор етиштиришда гектарига азот-200, фосфор-150, калий-100, 
карам учун азот-250, Фрсфор-150, калий-100; 
картошкага азот-200, фосфор-100, калий-100 кг 
ҳисобида солиниши улардан кўзланган миқдордаги ҳосилни етиштириш имконини беради.
.
ЎзҚХИИЧМ Навоий вилоят бўлими http://navoiagro.uz/interaktiv-hizmatlar/246-01022015-ertangi-sabzavot-ekinlari-etishtirish-tehnologiyasi.html

Категория: Qishloq xo'jaligi | Добавил: azizjon_ibragimov (18.06.2016)
Просмотров: 1993 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar