Главная » Статьи » Qishloq xo'jaligi

Ерларни экин экишга тайёрлаш бўйича тавсиялар

Мамлакатимизда жорий йил январь ойи кўп йиллик ўртача об-ҳаво ҳароратига нисбатан илиқ келди. Ёғингарчилик миқдори нисбатан кам бўлганлиги туфайли экин майдонларида намлик етарли бўлишини таъминлаш зарур. Бунинг учун февраль ойида агротехник тадбирлар қуйидаги тарзда ўтказилиши мақсадга мувофиқ.
Республикамизнинг табиий тупроқ-иқлим шароитларида қишлоқ хўжалиги экинларини сунъий равишда суғормасдан туриб, кўзланган ҳосилни олиб бўлмайди. Чунки, мамлакатимизда табиий ёғингарчилик миқдори жуда кам (текис чўл-саҳро минтақаларида 90–120 мм атрофида холос, фақатгина тоғ ва тоғ олди минтақаларида унинг йиллик миқдори 360 мм. гача етади) бўлиб, у ҳам мавсумий характерга эга бўлганлиги учун тупроқда тўпланган табиий намлик қишлоқ хўжалиги экинлари уруғини ундириб олишга етмайди. Бундан ташқари, сув манбалари жуда чегараланган.
Шунинг учун тупроқда нам тўплаш, сақлаш ва уруғни (айниқса, чигитни) ернинг табиий намига ундириб олиш, ғўза парваришидаги барча агротехник тадбирларни сувдан оқилона фойдаланишга қаратиш муҳим аҳамият касб этади. Тупроқда етарли даражада нам тўплаш ва сақлаш, кузда ерларни шудгорлаш, текислаш, тупроқ шўрини ювиш, қишда яхоб суви бериш, баҳорда захира суви тараш ва бошқа тадбирлар билан чамбарчас боғлиқдир.
Сув танқислиги кутилаётган ушбу йилда мазкур комплекс тадбирларни қулай муддатда ва сифатли амалга ошириш зарур. Кўп йиллик тажрибаларга асосан шамол эрозияси кучли ҳудудлар, яъни Қўқон гуруҳи туманлари енгил тупроқларида ер асосан баҳорда шудгор қилинади. Сўнгра майдонларда намликни йўқотмаслик ва сақлаб қолиш мақсадида пешма-пеш борона ўтказилади.
Кучсиз шўрланган ерларда шўр ювиш ишлари бир маротаба ўтказиладиган Андижон, Фарғона, Наманган, Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг айрим ҳудудларида уруғ экиш ишлари олдидан суғоришни ташкил этиш керак. Бунда суғориш меъёри тупроқ механик таркибидан келиб чиққан ҳолда 800–1000 м3/га. ни ташкил этади. Мақсад чигитни табиий намлик эвазига ундириб олишдир.
Тупроққа ишлов беришда унинг ҳолатига қараб қуйидаги тадбирлар амалга оширилади: шўрланмаган, бегона ўтлардан тоза майдонлар бир вақтнинг ўзида бороналанади ва текислагич агрегатлар ёки мола ёрдамида текисланади. Чизель-культиваторларга тиркалган бороналар воситасида кўп йиллик бегона ўтлар илдизлари тозалаб чиқарилади. Юзада қолган илдизлар эса қўлда терилиб, ёқиб юборилади. Айрим майдонлардаги нотекисликларни бартараф этиш учун енгил мола ўтказилади.
Кузда шудгор остига минерал ўғитлар солинмаган бўлса, шунингдек, шўр ювилган майдонларда экиш олдидан фосфорли ўғитларнинг йиллик меъёрини 60–70 фоизи (физик ҳолда аммофос 200 кг/га ёки супрефос 385 кг/га ёки нитрофос 600 кг/га) ҳамда маҳаллий калийли ўғитнинг йиллик меъёрини 50 фоизи (калий хлориди 80 кг/га) солинади. Белгиланган ўғитлар ўз муддати ва меъёрида қўлланилмаса, тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорлик йил сайин пасая боради. Қолаверса, ҳосилнинг қарийб ярми ўғит ҳисобига шаклланишини унутмаслик жоиз.
Республикамизнинг жанубий ва бошқа минтақаларида тупроқ оби-тобига келишига қараб, барча майдонлар асосан эрта баҳорда бороналанади. Бунда икки қатор борона тиркалган занжирли тракторлардан фойдаланилади. Бороналаш муддати тупроқнинг механик таркиби, об-ҳаво шароити ва тупроқнинг етилишига қараб белгиланади. Ёғингарчилик кам бўладиган ҳудудларда бороналаш февралнинг иккинчи ярми ва мартнинг бошларида, бошқа ҳудудларда эса мартнинг иккинчи ярмида ўтказилади.
Бороналаш ўтказилмаса тупроқдаги намлик тез қуриб, чигитни табиий намлик эвазига ундириб олиш имконияти пасаяди. Бороналаш тупроқ юза қисмининг майда донадор бўлиши, намнинг узоқ сақланиши ҳамда зарарли тузларнинг юқори қатламларга кўтарилишининг олдини олиши баробарида бегона ўтларга қарши курашда самара беради.
Эрта баҳорги бороналаш бир марта, фақат айрим ҳоллардагина ер бети қатқалоқ бўлиб қолганда қайтадан ўтказилади. Яхоб суви берилган, айниқса, тупроқнинг шўри ювиладиган Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятлари экин майдонларида ҳайдов қатлами зичлашган бўлса, бороналаш самара бермаслиги мумкин.
Бундай тупроқлар борона тиркалган ҳолда чизелланади ёки дискаланади. Ишлов беришда тишли ва дискли бороналардан тўғри фойдаланиш тупроқнинг ҳайдов қатламини зичлаштирмасдан уруғ экишга сифатли тайёрлашни таъминлайди. Кузда шудгор қилиниб, шўри ювилган майдонларда ҳайдов қатлами зичлашмаган бўлса, 8–10 см чуқурликда икки қаторли зиг-заг борона билан бороналанади.
Мазкур тадбирларни вақтида ва сифатли ўтказилиши экин майдонини баҳорги экин-тикин мавсумига тайёрлаш имконини беради. Пировардида барака уруғи қулай фурсатда экилишига эришилади.

http://navoiagro.uz/interaktiv-hizmatlar/248-07022015-erlarni-ekin-ekishga-tayerlash-byicha-tavsiyalar.html

Категория: Qishloq xo'jaligi | Добавил: azizjon_ibragimov (18.06.2016)
Просмотров: 1051 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar