Главная » Статьи » Qishloq xo'jaligi

Қишлоқ хўжалиги экинларига суспензия сепиш тавсиялари

Ушбу тавсиянома ЎзҚХИИЧМ Ғўза селекцияси, уруғчилиги ва агротехникаси бўлими бошлиғи қ.х.ф.д. Р.С.Назаров, Навоий вилоят бўлими директори А.Қаюмов, бош мутахассис, б.ф.н,доцент Ф.Ҳамраев, ПСУваЕАИТИ ҳамда ДЭИТИларининг Навоий илмий тажриба станциялари директорлари Ф.Тухтаев, Р.Умедовлар томанидан тайёрланди. 
Тавсияномадан қишлоқ хўжалиги соҳасига алоқадор барча мутахассислар, фермер хўжалиги раҳбарлари, соҳага доир илмий ходимлар, шунингдек, Олий ва ўрта махсус касб-ҳунар коллежларини қишлоқ хўжалик йўналишидаги талабаларига мўлжалланган.
Тавсиянома ЎзҚХИИЧМ Навоий вилоят бўлимининг 2015 йил 15 январдаги 2-сонли умумий йиғилишида маъқулланган.

15.01 . 2015 йил.
Навоий шаҳри. 

 

Кириш



Навоий вилоятининг турли тупроқ ва иқлим шароитларида кузги буғдой ва ғўза навларидан янада юқори ва сифатли ҳосил олиш учун агротехник тадбирлар орасида минерал ўғитлардан самарали фойдаланиш йўлларини ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади.
Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий тадқиқот институти(ПСУЕАИТИ), Ўзбекистон ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий тадқиқот институти (ЎзЎҲҚИТИ) ва бошқа институтларнинг маълумотларига қараганда, ғўза ва кузги буғдойга озиқа сифатида берилган азотнинг энг кўпи билан-50, фосфорнинг-20 ва калийнинг-40-50 фоизи ўсимликлар томонидан ўзлаштирилади. 
Азотнинг бир қисми нитрит ва нитрат сифатида ҳавога чиқиб кетса, бир қисми тупроқнинг пастки, илдиз етмаган чуқурликларга, яна бир қисми эрозион жараёнлар натижасида тупроқ билан бирга ювилиб кетади. 
Калий ҳам горизонтал ва вертикал ҳолатда тупроқдан ювилади. 
Берилган фосфорнинг ўсимлик томонидан кам ўзлаштирилишининг сабабларидан бири унинг тупроққа тушгандан кейин қийин ўзлаштириладиган ҳолатга ўтишидир. Ўрта Осиё, ҳусусан Ўзбекистонда тарқалган тупроқларда карбонат ангидрид миқдорининг кўп бўлишидир. Ўғит сифатида берилган фосфор карбонат ангидрид таркибидаги калций билан бирикиб, уч калцийли фосфат ҳосил қилади ва туз кам эрийдиган бўлиб, ўсимлик уни ниҳоятда қийинчилик билан ўзлаштириши мумкин (бази бир олимлар уни ўсимлик ўзлаштираолмайди дейишади). Бу ҳолатлар ўсимликка оптимал равишда керак бўлган элементларни етказиб беришда салбий таъсир кўрсатади. Бу камчиликни тўлдириш учун ўсимликни қўшимча баргидан озиқлантириб, унинг ўсиши, ривожланишига замин яратиб, мўл ва сифатли ҳосил етиштириш мумкин. 
Бунда экинларни баргидан озиқлантириш учун суспензия қўлланилганда ўсимлик озиқа моддаларини илдиз орқали эмас, барг ва поялари орқали ўзлаштиради. Баргга тушган суспензия ўсимлик тўқималарига сўрилиб, озуқа сифатида ишланади. 
Вилоятнинг барча туман ва хўжаликларида бу тадбир қўлланилиб, яхши натижаларга эришмоқдалар. 
Бу ҳолда ўсимликнинг ўсиш ва ривожланиши жадаллашиб, сўрувчи зараркунандалар ва касалликларга бардошлилиги кучайиши ҳамда ҳосилдорликни ошиши олимлар ва ишлаб чиқариш ходимлари томонидан исбот қилинган. 

Ғўзани барги орқали озиқлантириш.

Ғўза ривожланишининг дастлабки даврларида жуда секин ўсади, лекин озуқага талабчан бўлади. 2-3 чин барг ҳосил қилган пайтда N(азот)Р(фосфор)К(калий) билан тўла озиқлантирилмаса кейинги ривожланиш даврларининг чўзилиб кетиши олимларимиз ва миришкор деҳқонларимизнинг кўп йиллик тажрибаларида исботланган. 
Ўсимлик барг орқали берилган қўшимча азотли, фосфорли ўғитлар билан озиқлантирилганда илдиздан оладиган минерал ўғитларга нисбатан 1,0- 1,5 марта тез ўзлаштириши фанда исботланган. Баргни қалинлаштириши натижасида сўрувчи зараркунандаларга қарши чидамлилигини оширади (барг пластинкасини қалинлаштиради), суспензия таркибидаги олтингугурт эса ўргимчакканаларга қарши олдини олувчи (профилактик) тадбир сифатида хизмат қилади. 
Ишчи эритма тайёрлаш: Ҳашоратларга қарши курашишда ишчи эритмани тайёрлаш ва қўллаш учун 3 та катта- кичик бочка ёки идиш тайёрланади. 
Биринчи идишга 5 кг карбамид солиниб 20 литр сувда эритилади. 
Иккинчи идишга 30 литр сувда 10- 12 кг миқдорда суперфосфат ўғити эритилади. 
Учинчи идишга 30 литр сувда 900 грамм синтетик ювиш воситаси (порошок) эритилиб, 12 кг олтингугурт намланадиган талқони(СП) солиниб қўшилади ва бир хил масса бўлгунга қадар аралаштириб эритма ҳосил қилинади. 
Тайёрланган уч идишдаги эритмалар ОВХ бочкаларига қуйилиб, ишчи эритма 200- 300 литр ҳисобида тайёрланиб бир гектар майдон учун сарфланади. Таъкидлаш керакки, эритмани ўсимликка салбий таъсир кўрсатишини олдини олиш учун пуркаш ишлари эрталаб ва кечки салқин (25 0С даражадан юқори бўлмаган) пайтларда ўтказилиши лозим. 


Ғўза ҳашоратларига қарши суспензияли ишлов бериш меъёрлари ва муддатлари.

Суспензия эритмаси

Сарфланадиган минерал ўғит меъёри (физик ҳолда) 1 гектар ғўза майдонига сарфи (литр) Қўллаш муддати
1,5% ли концентрати 4,5 кг карбамид 300 литр 2-3 чин барг даврида
3,0 % ли концентрати 3,0-3,5 кг карбамид+ 6,0 кг суперфос 300 литр 5-6 чин барг даврида
4,5 % ли концентрати 4,0 кг карбомид + 9 кг суперфос + 7,0 кг калий хлор, 12,0 кг олтингугурт талқони 300 литр Шоналаш даврида

Барг орқали озиқлантиришни меъёрларини белгилашда ғўза кўчатлари қалинлигига, ривожланиш даражасига, барг сатҳи юзасига эътибор бериш лозим. Барг орқали озиқлантиришда суспензия тайёрлиш учун азотли, фосфорли, калийли ўғитлардан фойдаланиш тавсия этилади. Ўсимлик 2-3 чин барг чиқарганда 1,5-2,0 %, шоналаш даврида 2,5-3,6 %, гуллаш даврида 4,0-5,0 % суспензия аралашмаси ишлатилади. 

Ғўзани барги орқали озиқлантиришда ишчи эритмаларни тайёрлаш.

Қўллаш
даврлари Суспензия таркиби Қўлланиладиган эритма меъёри

2-3 чин барг 3,0-4,0 кг/га карбамид, 8,0-10, кг/га суперфосфат (ёки 2,5-3,5 кг аммофос); 2,5-3,5 кг/га калий хлор 300 л/га

Шоналаш
4,0-6,0 кг/га карбамид, 10,0-12,0 кг/га суперфосфат (ёки 3,5-4,0 кг аммофос); 3,0-4,0 кг калий хлор 300 л/га

Гуллаш даврида (10 июлгача) 6,0-7,0 кг/га карбамид; 12,0-15,0 кг/га суперфосфат (ёки 4,0-5,0 кг аммофос), 4,0-6,0 кг/га калий хлор 300 л/га

Кузги буғдойни барги орқали озиқлантириш тартиби:

Шу кунларда бўлиб ўтган ёғингарчиликлардан ғалла майсалари ривожи янада тезлашди. Умуман олганда, ғалла парваришида об-ҳаво маълумотларига қараб ишловни ташкил этиш муҳим аҳамият касб этади. Аммо ҳар бир тадбирнинг ўз ўрни, хусусияти ва меъёри бўлади. Баъзи фермерлар бу йил ёғин кўп бўлди, ерда нам етарли бўлади, деган хулосага келиб, майсаларга сув беришни кечиктириши мумкин. Баъзилар эса ғаллага етарли ўғит бердим, лекин майсанинг ривожи яхши эмас, деган фикрларни билдирмоқдалар. 
Бунинг сабаблари ернинг ҳамда майсаларнинг ҳолати билан боғлиқ. Биринчидан, майсанинг ҳозирги ҳолатида унинг попук илдизи ер қатламининг 10-15 сантиметрида бўлиб, найчалаш ва бошқа жараёнлар секин кечмоқда. Шунингдек, илдизлар ҳали нозик, шу боис, сувга талабчан, иссиққа чидамсиздир.
Иккинчидан, ёмғир ва қор сувлари ишқорли ҳисобланади. Шу боис, куз-қиш ойларида ўсимлик илдиз тизими яхши ривожланмайди. Натижада берилган маҳаллий ва минерал ўғитларни секин ўзлаштиради. ғалла оқар сув билан суғорилганда эса ўсимлик илдизи ишқордан ювилади. Шунингдек, ернинг пастки қатламидаги ишқорли тузларнинг концентрацияси пасаяди. Натижада сув қўйилган майдонлардаги ғалланинг ҳолати кескин ўзгаради. Яъни унда янги оқ илдизлар пайдо бўлади ва улар пастга қараб тушишига шароит яратилади. Берилган озуқа моддаларни яхши ўзлаштиради ва ғалла найчалаш ҳамда бошоқлаш босқичига ўтади.
Кузги буғдой бошоқлаш ва гуллаш даврида азотли ўғитларга жуда талабчан бўлади. Бу талабни қондириш учун амиакли селитра, карбамид ўғитларининг ёки амиакли сувнинг 3,0 фоизли (3,0-3,5 кг карбамид ёки 5,0 кг аммиакли селитра) эритмасини ОВХ-600 ёки ОН-400 русумли пуркагичлар ёрдамида сепилади. 
Фосфорли ва калийли ўғитлар тавсия этилган миқдорда берилмаган майдонлардаги ўсимликларга бу озиқа моддалари етишмаслигини олдини олиш, фосфордан унумли фойдаланиш, уларнинг ҳар хил касаллик ва зараркунандаларга бардошлилигини ошириш мақсадида шу ўғитлар эритмасини (суспензиясини) ғаллага сепиш мақсадга мувофиқдир. Бу агротадбир, айниқса буғдой ўсимликларининг тупланиш-найчалаш ҳамда сут пишиш даврларида юқори самара беради. 
Ғалла ривожини тезлатиш ва бошоқдаги дон вазнини ошириш учун майсаларни баргидан озиқлантириш тизимини ташкил этиш лозим. Суспензия тайёрлаш учун 24 килограмм карбомид, 12 килограмм аммофос ва 6 килограмм калий ўғитини 600 литр сувда эритиб, 2 гектар майдонга сепилади. 
Суспензия қўлланганда "Агрозим", "Гумимакс", "Фитовак", "Байкал ЭМ 1" сингари биоўғитлар қўшилган ҳолда комплекс ишлов бериш яхши самара беради. Суспензияни майсалар тўлиқ найчалаш босқичига кирганда ўтказиш лозим. Ғаллани баргдан озиқлантириш ҳосилдорликни 3-5 центнерга оширади ва дон сифатини яхшилайди. 
Суспензия тайёрлаш учун азотли ўғитлардан бири бўлган мочевинадан (карбомид) фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Чунки мочевина сувда яхши эрийди. Ундан ташқари, бу ўғитнинг молекулалари ўсимлик барглари томонидан яхши ўзлаштирилади. Мочевина эритмаси реакцияси нейтрал бўлиб, ўсимликка салбий таъсир кўрсатмайди. Шунингдек, мочевина таркибидаги таъсир этувчи модда энг юқори ҳисобланади.
Ишчи эритма тайёрлаш: Бунинг учун алоҳида идишга 8,0 кг оддий суперфосфат(ёки 2,5-3,0 кг аммофос), иккинчи идишга 8,0 кг калий хлор ўғити солиниб, уларга нисбатан 2 ҳисса кўп миқдорда сув қўшиб, яхшилаб аралаштирилади ва тиндирилади. Дока ёки майда сим тўрдан ўтказилиб, 300 литрли ишчи эритма тайёрланади ва бир гектардаги ўсимликларга пуркалади. Худди шу тарзда ва юқорида кўрсатилган (3,0-3,5 кг карбамид ёки 5,0 кг аммиакли селитра) меъёрда азотли ўғитлар суспензияси тайёрланиб алоҳида ёки қўшилган ҳолда бошоқли дон экинларига пуркалади. 

Кузги буғдойни суспензияли озиқлантириш меъёрлари ва муддатлари.

Суспензия эритмаси Сарфланадиган минерал ўғит меъёри (физик ҳолда) 1 гектатар ғалла майдонига сарфи, л Қўллаш муддати
1,5 % ли концентрати 4,0 кг карбамид 300 л
Тупланиш-найчалаш даврида 3,0 % ли концентрати 3,0-3,5 кг карбамид ёки 5,0 кг аммиакли селитра, 6,0 кг суперфос 300 л
Бошоқлаш, сут-мум пишиш даврида

Эрта экилган ва ривожи яхши бўлган ғаллага сариқ занг, ун шудринг, септориоз каби касалликлар эрта тушади. Касалликнинг дастлабки аломатлари майсалар 3-4 тадан тупланганда пайдо бўлади. Касаллик бу вақтда кўзга кўринмайди. Занг спораларининг ривожланиши асосан бошоқли дон экинларининг найчалаш ва бошоқлаш даврида кузатилади. Шу даврда бегона ўтлар ҳам ривожланади. Мутахассислардан кузатувчилар қўйиш ва уларнинг хулосаларига кўра, касаллик, зараркунандалар ва бегона ўтларга қарши кураш чоралари кўрилиши талаб этилади. Бунинг учун кимёвий препаратлар захираси 20- февралга қадар яратилиши зарур. 
Замбуруғли касалликларга (сариқ занг, қўнғир занг, септориоз, ун шудринг) қарши "Фоликур БТ" 22,5% 0,3-0,5 л/га, “Энтоликур” 0,2-0,3л/га "Алто супер" 33% 0,3 л/га, "Колосаль" 0,3-0,5 л/га, "Титул" 390 к.э.к. 0,3 л/га, "Бампер" 25% 0,3-0,5 л/га, "Зангцид" 22,5% 0,3-0,5 л/га, "Уредоцин" 22,5% 0,3-0,5 л/га ва бошқа фунгицидлар билан ишлов бериш мумкин.
Бир йиллик икки паллали бегона ўтларга қарши "Гранстар ДФ" 75% 15-20 г/га, "Далстар" 75% 20-30 г/га, "Биостар" 75% 10-20 г/га, "Энтостар" 75% 15-20 г/га, Моерстар 75% 15-20 г/га"Атлантис" 200-300 мл/га. ёки рухсат этилган гербицидларни, бошоқдошлар оиласига мансуб бегона ўтларга қарши "Авестр" 10% 0,6-0,8 л/га, "Пума Супер" 1,2 л/га, "Топик" 080 0,3-0,4 л/га, "Атлантис" 200-300 мл/га, "Далзлак" 7,5% с.м.э. 0,6-0,8 л/га, "Овсюген Экстра" 140+35г/л 0,3-0,4 л/га гербицидларини қўллаш мақсадга мувофиқдир.

Ғўзани ривожланиш фазаларида қўллаш учун корбамид (мочевини)нинг эритмасини тайёрлаш тартиби:

Корбамид (мочевина)нинг 0,5 фоизли; 0,7 фоизли; 1,0 фоизли; 1,5 фоизли ва 2,5 фоизли эритмалари тайёрланиб ғўзанинг ривожланиш фазаларига қараб баргдан озиқлантириш мақсадида ғўзанинг танасига эрталаб ва кечга яқин, ҳаво салқин пайтларда сепилади.
Корбамид (мочевина)нинг эритмаси сепилганда унинг таркибидаги азот ғўзага барги орқали, тупроққа солинган ўғитга нисбатан 10 баробар тез сингади. Шу сабабли ғўзанинг ривожланиши тезлашади, баргининг эпидермис қавати қалинлашиб касалликларнинг инфекцияси кириши, зарарли ҳашоратларнинг таъсир этиш жараёни қийинлашади. Шунингдек ғўзанинг касаллик ва сурувчи зараркунандалари(шира,трипс, ургимчаккана)га чидамлилиги ошади. 
Ғўза 3-4 та чинбарг чиқаргунча бўлган даврда корбамид (мочевина)ни 0,5-0,7 фоизли, шоналашдан гуллашгача бўлган даврда 1,0-1,5 фоизли, гуллашдан пишишгача бўлган даврда 2,5 фоизли эритмаси пуркалади.
Корбамид(мочевина)ни 1,0 литр; 1,5 литр; 10,0 литр ва 100 литр сувдаги концентрацияли эритмасини тайёрлаш тартиби:

Корбамид (мочевина) эритмаси концентрацияси (фоизда)
Сув ҳажмига қараб солинадиган корбамид(мочевина)
грамм

Имкониятга қараб ушбу эритма 10,0 литрлик , 100,0 литрлик идишларда тайёрланади. Эритма ОВХ русумли пуркагич ёки ранцовой махсус пуркагичлар билан сепилади. 
Эритмани сепиш меъёри 1 гектар майдонга ғўза 3-4 та чинбарг чиқаргунча 100 литр, шоналашдан гуллашгача 150 литр, гуллашдан кейин ( 10 июлгача ) 200 литр бўлиши тавсия этилади. 

Олтингугуртнинг оҳакли қайнатмаси ( ООҚ)ни тайёрлаш ва ғўзага сепиш тартиби:
ООҚ икки этапда тайёрланиб, кейин ғўзага сепилади.
1-этапда: ООҚни оналик эритмаси тайёрланади.
2-этапдп: Оналик эритма сувда эритилиб, ишчи эритма тайёрланади.
Оналик эритмани тайёрлаш.
Оналик эритма тайёрлаш учун эхтиёжга қараб, қўйидаги жадвал бўйича кўрсатилган миқдордаги сувга олтингугурт ва оҳак солинади.

Ушбу аралаша 70 минут давомида бир маромда доимий равишда қўзғаб турилиб майин қайнатилади. Қайнатиш давомида сув ҳажми камайиб боради, шунинг учун идишга биринчи қайнаш белгисигача сув қўшиб турилади. 


Оналик эритмани ғўзага сепишга тайёрлаш:
Оналик эритмани ўзини тўғридан-тўғри ғўзага ишлатиб бўлмайди, уни концентрацияси юқори бўлади, ғўзани куйдиради, шунинг учун бу эритма қўйидаги жадвалга қараб сувда эритилади. 
ООҚ (олтингугуртнинг оҳакли қайнатмаси)дан ишчи суюқлигини тайёрлаш:

ООҚ ”она” суюқлигининг қўввати 0,5%ли 100 литр ишчи суюқлигини тайёрлаш учун лозим бўлган “она суюқлиги” ва сувнинг миқдори(л. ҳисобида) 1,0%ли 100 литр ишчи суюқлигини тайёрлаш учун лозим бўлган “она” суюқлиги” ва сувнинг миқдори (л. ҳисобида) 1,5%ли 100 литр ишчи суюқлигини тайёрлаш учун лозим бўлган “она” суюқлиги” ва сувнинг миқдори ( л. ҳисобида)

Тайёрланган эритма юқорида курсатилган меъёрларда ОВХ ёки ОН-400 русумли , шунингдек ранцовой махсус пуркагичлар орқали ғўзага сепилади. 

ОВХ-600 русумли пуркагич билан эритмани сепиш тартиби:

Экинларга суспензия билан ишлов беришдан олдин пуркагичнинг ишчи тезлиги ва қамров кенглиги, суюқлик босими ва сарфи ростланиши, ҳалқачалар тўғри ўрнатилиши ва филтрлар тозалиги таъминланиши лозим. 
Суспензияни пуркагич орқали сепишда эритма имкони борича майда томчилардан иборат бўлиши, эритма баргларга бир текис сепилиши лозим. Бунинг учун ҳалқачаларни тўғри ўрнатиб, суюқликни 2-4 атмосфера босими остида сепиш мақсадга мувофиқ. 
Пуркагичнинг ишчи кенглигини созлашда соплони ердан экин ривожиги қараб 0,5-1,0 метр баландликка ўрнатиш, уни марказий ўқидан 10-12 даража(градус)га тик ҳолатига келтириш талаб этилади.
Суспензияни куннинг иссиқ даврида сепиш тақиқланади.

Суспензия билан озиқлантириш тадбирини ўтказишда кўриладиган эҳтиёт чоралари:

Суспензия эритмасини қўлланилишида меҳнат ҳовфсизлиги қоидалари билан ҳар бир ходим таништирилиши шарт.
Экинларга суспензия билан ишлов беришда қатнашувчи шахслар иш бошлашда ҳимояловчи кўзойнак тақиши, овқатланишдан олдин албатта қўлини совун билан ювишлари, ишдан кейин ювиниб, иш кийимларини уй кийимлари билан алмаштиришлари лозим.
Иш жойида овқатланиш, сув ичиш ва чекиш ман этилади.
Ушбу тадбирларни ўтказишда 18 ёшга тўлмаган ўсмирлар, ҳомиладор ва эмизикли аёлларни қатнашишларига рухсат этилмаслиги лозим.


ЎзҚХИИЧМ Навоий вилоят бўлими
директори: А. Қаюмов 
Бош мутахассиси: Ф.Ҳамраев  http://navoiagro.uz/interaktiv-hizmatlar/252-12022015-1178ishlo1179-hzhaligi-ekinlariga-suspenziya-sepish-tavsiyalari.html

Категория: Qishloq xo'jaligi | Добавил: azizjon_ibragimov (18.06.2016)
Просмотров: 4173 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar