Ҳосилни нест-нобутсиз қисқа муддатда йиғиштириб олиш кўп жиҳатдан ғалла комбайнларининг сифатли таъмирланишига боғлиқ. Маълумки, «Кейс» комбайнлари «ЎзКейссервис» қўшма корхонасининг жойлардаги сервис марказларида, «Нива», «Дон» ва «Енисей» каби русумдаги комбайнлар эса туман машина-трактор парклари устахоналарида капитал ва жорий таъмирдан чиқарилмоқда.Муҳандис-техник ходимлар, чилангарлар, комбайнчилар ва жойларда ташкил этилган қабул комиссияси аъзолари комбайнларни таъмирлаш, мазкур тадбирни ташкил этиш ва тикланганларини далолатномалар орқали қабул қилишда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратишлари зарур. Двигатель. Ювиб тозаланади, бўлакланади, соз ва носоз қисм ҳамда деталлар аниқланади. Деталларни таъмирлаш, уларни йиғиш, двигательни чиниқтириш ва сифатини текширишда бажариладиган ишлар тубандагилардан иборат: форсунканинг синган нинаси янгисига алмаштирилади ва босими (17,5—18 атм.) текширилади. Таъмирланган клапан ва шайин орасидаги тирқиш 0,46—0,50 мм атрофида бўлиши керак. Носоз поршень, бармоқ, ҳалқа ва гильзалар ўрнига созлари ўрнатилади. Илашиш муфтаси деталлари қайта тикланади, дисклари алмаштирилади. Муфта ажратиш йўлининг узунлиги (21—22 мм) ростланади. Магнето ва юргизиб юбориш двигатели деталлари текширилади. Капитал таъмирдан чиққан двигательнинг қуввати янгисиникининг 80 фоизидан кам бўлмаслиги шарт. Fилдираклар кўприклари. Дискаларнинг ёриқлари пайвандланади, қийшайган жойлари тўғриланади. Протекторлари тамоман едирилиб кетган шиналар алмаштирилади, фрикцион ленталар ва тормоз шкивлари тузатилади, улар орасидаги тирқиш кенглиги (0,5—1,5 мм) созланади.
Жатка ва қия камера. Жатка остидаги сирпанувчи бошмоқларнинг эгилган жойлари тўғриланади, синган четларига металл қопланади ва юзаси силлиқланади. Тишлари тамоман ейилган ёки синган сегмент пичоқлари янгиланади. Қарши кесувчи пластинкалар сийқалашган бўлса созлари билан алмаштирилади, дарз кетган жойлари пайвандланади ва тошқайроқда текисланади. Пичоқ ва пластинкалар пайвандланганда бир-бирига тегмаса тўғри таъмирланган бўлади. Шнек қанотлари текисланади, ёриқлари пайвандланади ва стендда мувозанатга келтирилади. Жатка корпусининг таг қисмидаги ёриқларига металл тўлдирилади. Синган ёки қийшайган шнек бармоқлари тузатилади. Талаб даражасида таъмирланган жатка қисмлари ортиқча шовқинсиз ишлаши зарур. Қия камеранинг синган планкалари ямалади, туб қисмидаги ёриқлар пайвандланади, транспортёрнинг эскирган занжирлари ёки қайишлари янгиланади, бўшашган пружиналар тарангланади. Дон янчгич. Ҳамма дон савағичлар ечиб олинади. Едирилиб кетганлари тузатилади ёки янгилари билан алмаштирилади. Савағичлар тарозида тортилиб оғирлиги бир хилда эканлигига ишонч ҳосил қилингандан кейингина барабанларга (роторларга) маҳкамланади. Барабан остлигининг синган тишлари кўп бўлса янгиланади, оз бўлса таъмирланади. Эгилиб кетган ғалвирлар ечиб олиниб тўғриланади. Транспортер ленталарининг барчаси текшириб чиқилади. Уларнинг узилган жойлари уланади, дон ва бошоқ шнекларидаги носозликлар бартараф этилади. Барча сақлаш муфталари жорий таъмирланади ва ростланади. Сомон тўплагич. Қопқоғи ва тубидаги ёрилган жойлар пайвандланади. Сомон тўплайдиган паншаха бармоқлари эгилган бўлса тўғриланади, синганда алмаштирилади. Қипиқ тўпланадиган новлардаги тешиклар ёпилади. Тўплагични синишдан сақлайдиган муфта деталлари тикланади ва созланади.
Бошқариш механизми. Илашиш муфтаси ва тормоз гидроузатмаларининг суюқлик идишлари тешилган бўлса янгиларига алмаштирилади. Уларда ёриқлар ва тешиклар бўлишига йўл қўйилмайди. Илашиш муфтаси сифатли таъмирланган ва ростланган бўлса тепкининг эркин ва ишчи силжиши қийматлари тегишлича 25—35 мм ва 200 мм атрофида бўлади. Барча носоз гидроцилиндр ва гидроузатмалар тузатилади. Таъмирдан чиқарилган барча детал, қисм ва узеллар сифати назоратчи механик томонидан текширилади ва баҳоланади. Йиғилган, ростланган ва бўялган комбайнлар устахонанинг ўзида чиниқтирилади. Малакали мутахассислардан иборат комиссия томонидан далолатномалар орқали қабул қилингандан кейингина соз деб баҳоланади ва эгаларига (туман машина-трактор парклари ёки фермерларга) топширилади. Fалла комбайнларини таъмирлашда юқоридаги тавсияларга амал қилинса, ўрим-йиғим мавсумида агрегатларнинг бетўхтов хизмат қилиши ва юқори унумдорлиги таъминланади.
Фаррух Ҳамроев http://navoiagro.uz/interaktiv-hizmatlar/236-29012015-kombaynlarni-sifatli-tamirlash.html
|