Махсарнинг халқ хўжалигидаги аҳамияти. Махсар уруғларида 25-35 фоиз мой бўлиб, у озиқ-овқат ва енгил саноатлари учун қимматбаҳо хом-ашё ҳисобланади. Махсарнинг мойи кунгабоқар мойидан мутлақо фарқ қилмайди. Ташқи кўриниши жиҳатидан оч-сариқ бўлиб, таъми кунгабоқар таъмига жуда ўхшайди. Махсарнинг мойи чала қурийдиган мой бўлиб, олиф, лак бўёқ ишлаб чиқаришда кўплаб ишлатилади. Махсарнинг гултож баргларидан медицинада эфир мойлари олиш учун, кондитерлик саноатида бебахо ранг берувчи модда сифатида фойдаланилади. Махсарнинг кунжараси чорва моллари учун тўйимли озуқа ҳисобланади, аммо пўчоғи ва мағзининг пўсти ажратиб ташланиши керак, акс ҳолда кунжараси аччиқ бўлади. Шу сабабли пўчоғи ёқилғи сифатида ишлатилади. Махсар пичанини чорва ҳайвонлари хуш кўриб истеъмол қилади, тўйимлилиги жиҳатидан беда пичанига тенглашади. Унинг 100 кг кунжарасида 15 озиқ бирлиги бор. Махсарнинг ўртача ҳосилдорлиги гектарига 8-10 центнерни ташкил этади. Бу ўсимлик асосан лалми майдонларда ўстирилади. Махсарнинг ботаник - морфологик тузилиши. Махсар - бир йиллик ўтсимон ўсимлик бўлиб, астрадошлар оиласига мансуб. Илдизи ўқ илдиз шаклида бўлиб, 1,5-2 метр чуқурликка кириб боради. Тупроқнинг пастки қатламларидан намни ва озиқ моддаларни ўзлаштириб олади. Поялари тик ўсади, дағал дарахтсимон, қиррали, оқ рангда, ялтироқ, шохланувчи, поясининг ичи оқ юмшоқ бўлиб, бўйининг баландлиги ташқи иқлим шароитларига қараб 40-50 см дан 100-120 см гача етади. Махсар пояси баъзан пастдан учига томон, баъзан поясининг ярмигача шохлайди. Асосий пояси гул саватчалари билан тугайди, ҳосил бўлган ён шохлари ва иккинчи тартиб шохлари ҳам гул саватчаси билан тугайди. Районлашган махсар навлари тарвақайлаб шохлайди, ён шохлари кўп, асосий поядан узоқлашиб кетган бўлади. Барглари бандсиз, туксиз, дағал, турли хил шаклда ва рангда бўлиб, четлари тишли, кўпинча тиканли ва тикансиз бутун бўлади. Тўпгулининг диаметри 1,5-4,0 см. Саватчасида 24-28 тагача уруғлари мавжуд. Саватчанинг чети ўрама барглари билан зич ўралган, ана шу барглар уруғни тўкилишидан, қушлар чўқиб кетишидан сақлайди, узоқ вақт йиғиштирилмаса ҳам тўкилмайди. Гуллари найсимон бўлиб, юқори қисми сариқ бўлади, сўлиган пайтда қизғиш тусга киради. Бир гектар майдондан 50 дан 200 кг гача сариқ гул баргларини териб олиш мумкин. Меваси ташқи кўриниши жиҳатдан кунгабоқар пистасига ўхшаш, ранги оқ, туксиз, ялтироқ, тўрт қиррали бўлиб, учи ингичкалашган. Гуллари жуда хушбўй хидли бўлиб, ўзида нектар сақлайди. Шунинг учун асаларилар бу ўсимликни хуш кўради. Хушманзара гул сифатида ҳам экиш мумкин. Уруғининг йириклиги нав ва ташқи муҳитга боғлиқ. Пўчоғи писта вазнининг 50-60 фоизини ташкил қилади. 1000 дона уруғининг вазни 30-42 грамм келади. Махсарнинг биологик хусусиятлари. Махсар иссиққа талабчан ўсимлик. Худди дон экинларидек уруғлари 1-20С да уна бошлайди. Майсалари 6-100С совуққа бардош беради, шунинг учун ҳам кеч кузда экиш мумкин. Махсар лалмикор майдонларда юқори ҳарорат ва қурғоқчиликка чидамли ўсимлик ҳисобланади. Махсарнинг илдизлари бақувват бўлганлиги учун тупроқнинг 1,5-2,0 м пастидан намни ўзлаштириб, ўсимликнинг ривожланиши учун шароит яратади, намни жуда тежаб сарфлайди. Ўсимлик гуллаган пайтда ҳаво нам бўлиб ёмғир кўп бўлса, унинг чангланиши пасайиб кетади. Ҳаво қурғоқчил бўлиб, гармсел шамоллари бўлса, гуллари уруғланмайди ва оқибатда уруғлари пуч қолади. Шунинг учун махсар ривожланаётган пайтда мутлақо суғориш ярамайди, чунки ўсимлик бити босиб кетиши мумкин. Қурғоқчилик йилларда имконият мавжуд бўлса, дон тўлиш фазасида бир марта енгил суғориш мумкин. Махсар тупроққа талабчан эмас, лекин унумдор тупроқларда жуда юқори ҳосил беради. Кучсиз шўрланган тупроқларда ҳам бемалол ўсиб ривожланаверади. Ўзбекистоннинг лалми туманларида махсар униб чиққанидан токи уруғлари пишиб етилгунгача 105-120 кун ўтади. Ўта қуруқ регионларда ўсиш даври 95-110 кундан иборат бўлади. Махсар навлари. Республикамизнинг лалми майдонларида махсарнинг “Милютин-114” ва “Ғаллаорол” навлари районлаштирилган. Бу навлар иккаласи ҳам Суғориладиган ерларда ғалла ва дуккакли ўсимликлар илмий-тадқиқот институтининг Ғаллаорол филиалида яратилган бўлиб, “Милютин-114” нави 1950 йилда, “Ғаллаорол” нави эса 2008 йилда Қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрига киритлган. “Милютин-114” нави. Бир туп ўсимликда 6-7 донагача ён шохлари бўлади, ён шохлари пояга ёпишиб жойлашган. Баргининг четлари бутун, барг банди йўқ, пастки барглари чўзиқ, учи ингичка, юқори барглари йирик зич жойлашган. Гуллари сариқ, қизғиш ва зарғалдоқ рангида. Сўлиганда қизил рангга киради. Уруғи чўзинчоқ, иккита қирраси кўриниб туради, ичи мағиз билан тўла бўлади. Ўртача ҳосилдорлиги 8,7 ц/га ни ташкил этади, ўсув даври 114-120 кун, ўсимлик баландлиги 115 см гача, бир ўсимликда саватлар сони 10-12 тагача, бир саватда дон сони 24-28 тагача, 1000 та дон вазни 34-36 граммгача, дон таркибидаги ёғ миқдори 23-27 фоизни ташкил этади. “Ғаллаорол” нави Туркистон типига мансуб бўлиб, Эрон 355 рақамли намунасидан якка танлаш йўли билан яратилган. Ўсимликнинг барг четлари ва учида 0.5-0.7 м.ли катталикдаги майда тиканлари мавжуд. Поясининг ранги оқ рангда бўлиб, поя йўғонлиги 1,2-1,8 см ни ташкил этади. Савати ўртача катталикда, бир саватда 29-36 тагача дон, бир ўсимликда 14-16 тагача саватлар мавжуд, 1000 та дон оғирлиги 39-43 граммни, дон таркибидаги ёғ миқдори 25-30 фоизни ташкил қилади. Навнинг ўртача ҳосилдорлиги 10-11 ц/га бўлиб, “Милютин-114” навига нисбатан бир ҳафта олдин пишиб етилади. Ерларни шудгорлаш. Махсар экини тупроққа талабчан бўлмаганлиги учун ўтмишдош ўсимликка ҳам талабчан эмас. Уни турли ҳил экинлардан кейин ҳам экиш мумкин. Лалмикор ҳудудларда экилган махсар, донли экинлар учун энг яхши ўтмишдош ҳисобланади. Аммо, махсар экинини сурункали бир майдонда икки йилдан ортиқ экиш мумкин эмас. Акс ҳолда экинга хос бўлган бегона ўтлар ва зараркунандалар кўпайиб кетиб, ҳосилнинг камайишига олиб келади. Махсар экиладиган далалар кузда 25-30 см чуқурликда шудгор қилинса ундан юқори ҳосил етиштириш таъминланади. Ерларни баҳорда шудгорлаш яхши натижа бермайди. Кузда чуқур шудгор қилинмаган (25 см дан кам) майдонларда анм етарли даражада бўлмайди. Умуман олганда баҳорда ҳайдалган жойга махсар экиш ярамайди. Мабодо ерни кузда ҳайдашга улгурилмаган бўлса, эрта баҳорда шудгор қилиб ёки чуқур чизеллаб изидан дарҳол борона юргизиш керак бўлмаса тупроқнинг нами қочиб кетади. Кузда шудгор қилинган майдонлар баҳорда қайтадан ҳайдалмайди.
Ерларни экишга тайёрлаш. Агар тупроқ баҳорда жуда зичлашган бўлса, юзасини чизеллаш керак. Бунда чизель пичоқларини тўлиқлигига, улар тиғларини ўткирлигига алоҳида эътибор қаратмоқ зарур. Далаларни экишга шундай тайёрлаш керакки, токи бегона ўтлар ўсиб чиқмасин. Чунки махсар кенг қаторлаб экилгани ва барглари кичик бўлгани боис бегона ўтлар уларни соялатиб, ривожланишдан қолдиради. Бегона ўтлар кўп босадиган далаларни диоганаллари бўйлаб камида икки марта чизеллаш ёки бороналаш талаб этилади. Далаларнинг боши ва охирида пичоқларда ўралиб қолган ўт-ўланлар тозалаб олинади ва йўқотилади. Махсар уруғларини экиш. Экиш учун уруғ тайёрлашга катта эътибор бериш керак. Чунки, сифатсиз уруғ экилганда ҳосилдорлик камайиб кетади. I класс уруғларнинг тозалиги 98 фоиз, унувчанлиги 95 фоиз бўлиши лозим. II класс уруғларнинг тозалиги 95 фоиз, унувчанлиги 92 фоиз бўлса экишга яроқли ҳисобланади, ундан паст бўлса экишга руҳсат этилмайди. Махсар деҳқончиликда энг эрта экиладиган ўсимликлар қаторига киради. Уни эрта баҳорда февралнинг охири ёки март ойининг биринчи декадасида экиб тугатиш лозим. Ўзбекистоннинг жанубий ва марказий худудларида кеч кузда - “тўқсонбости” (декабрь ойида) қилиб ҳам экса бўлади. Махсар эрта экилган пайтда уни хашоратлар кам зарарлайди, уруғларида мой миқдори юқори бўлади. Экиш кечикиб, март ойининг охири ва апрел ойининг бошларига сурилиб кетса, ҳосилдорлик 28-30 фоизга камайиб кетади. Экиш нормаси уруғнинг сифати ва экиш чуқурлигига қараб ўзгаради. СЗТ-3,6 маркали сеялкалари билан қатор оралари 30 см қилиб экилганда, экиш меъёри 25 кг, қатор ораси 45 см қилиб экилганда эса 18-20 кг бўлади. Бир гектар майдонга 300-350 минг дона униб чиқадиган уруғ ҳисобида экиш тавсия этилади. Тоғ ва тоғолди худудларида махсарни қатор орасини 30 см қилиб, гектарига 25 кг уруғ сарфлаб экиш мақсадга мувофиқ. Махсар уруғи 4-5 см чуқурликка ташланади, “туксонбости” қилиб экилганда уруғни 6-7 см чуқурликка ташлаш лозим. Махсар уруғлари ерга ташланганда ҳарорат 4-50С иссиқ бўлса, 10-15 кунда, агарда 1-20С иссиқ бўлса 20-25 кундан кейин униб чиқади. Махсар ўсимлигига ишлов бериш ва озиқлантириш. Ниҳоллар униб чиқиши чўзилса далалар албатта бир марта енгил борона қилинади. Бороналаш майсалар униб чиқмасдан олдин бажарилади. Агар далада ниҳоллар сони кўп бўлса, уларни ягоналаш мақсадида кўндалангига енгил борона қилинади. Бу усул баъзан далани бегона ўтлардан тозалаш учун ҳам амалга оширилади. Махсар лалмикор худудларга экилгани учун минерал ўғитлар кўп берилмайди. Бунга сабаб тупроқ қуруқ бўлганда минерал ўғитлар яхши самара бермайди. Фосфорли ўғитлар 30-40 кг таъсир этувчи модда ҳисобида шудгор қилиш пайтида, азотли ўғитлар эса гектарига 30-40 кг экиш билан бирга берилади. Агарда экиш билан бирга ўғит берилмаган бўлса, баҳорги бороналашдан олдин ёки ўсимлик барглари 7-8 см бўлганда озиқлантириш тавсия этилади. Махсарнинг зараркунандаларига қарши кураш чоралари. Республикамизда ёз ойлари нисбатан салқин ва нам келган йиллари ва экин кеч экилганда махсар ўсимлиги бир неча ҳил зараркунандалар билан зарарланади. Бунинг натижасида 2009 йили баъзи далаларда 50-60 фоизгача ҳосилнинг йўқотилишига йўл қўйилди. Махсарнинг кенг тарқалган зараркунандаларидан махсар пашшаси, махсар узун буруни, симқуртлар, тунламлар ва шираларни кўрсатиш мумкин. Махсар капалаги – Махсар етиштириладиган худудларда кенг тарқалган бўлиб, унинг энг хавфли зараркунандаси ҳисобланади. Бу зараркунанда ўсимлик ғунчасини нобуд қилади, поясини кемиради, гулини шикастлайди ва саватчадаги уруғларни ҳам еб тугатади. Махсар капалаги вегетация даврида бир авлод беради. У зарарлаган экин майдонларида ҳосилдорлик 50-60 фоиз ёки ундан ҳам кўпроқ пасайиши мумкин. Махсар пашшасининг личинкалари саватча ичига пастки томонидан тешиб кириб, уруғларни пайдо қиладиган бошланғич бўртмаларни йўқ қилади. Натижада махсар уруғларини истеъмолга яроқсиз қилиб қўяди. Айрим йиллари зараркунанда кенг таркалганда, ўсимлик ҳосилининг 70-80 фоизини нобуд қилиши кузатилган. Бу зараркунандаларга қарши Циракс (циперметрин)-0.3 литр/га ёки бензофасфат (фазалон) – 2.5-3.0 литр/га сепилади. Бундан ташқари далаларда каналар, трипслар, ширалар, ўргимчакканалар, чигирткасимонлар ҳам мавжудлиги аниқланса, уларга қарши карбофос-2.0 литр/га ишлатилиши керак. Бу препаратларни махсарнинг вегетация даврида зараркунандаларнинг кўпайиш сонига қараб 1-2 марта қўллаш мумкин. Махсарни 3-4 та чин барг чиқаргунча бўлган даврида кузги тунлам, хумбош (кравчик), лавлаги узун бурун қўнғизларидан ҳимоя қилиш учун карбофос гуруҳига кирувчи инсектьицидлардан бирортасини қўллаш зарур. Ундан ташқари, чин барг чиқара бошлаган экин кўчатларига ўсимликка таъсири кам бўлган препаратлар билан ишлов бериш мақсадга мувофиқдир. Асосий кимёвий ҳимоя тадбирлари экин гуллашдан олдин ёки гуллашнинг охирги даврида ташкил этилиши керак. Чунки қўлланиладиган препаратларнинг таъсир этувчи моддаларининг парчаланиши ҳосилни йиғиб оладиган давргача тўлиқ тугаши лозим. Биологик усул. Махсар зараркунандаларига қарши биологик усул ҳали тўлиқ ишлаб чиқилмаган. Аммо амалиётдаги дастлабки тажрибаларга кўра, махсар капалаги ва пашшасининг қуртларига қарши бракон энтомофагини гектарига 1000-1500 донадан вегетация даврида 2-3 маротаба тарқатиш юқори самара бериши қайд этилган. Шунингдек, уларнинг тухумларига қарши трихограмма қўллаш ҳам дастлабки синовдан ўтмоқда. Бунда аниқланган тухум миқдорига, паразитнинг зараркунандага бўлган нисбати 1:1 ёки 1:2 қилиб олиниши тавсия этилади. Масалан ҳар гектарда 20 минг тухум борлиги аниқланса, шу далага 20 минг кушанда қўйилади. Махсар ҳосилини йиғиштириб олиш. Махсар уруғлари пишиб кетса ҳам тўкилмайди, чунки улар саватча барглари билан маҳкам ўралган. Ўсимликнинг ва саватнинг тикансимон барглари махсарни ўсиб турган пайтда уй ҳайвонлари томонидан зарарлашига имкон бермайди. Ана шу хусусияти махсар уруғларини нобуд қилмасдан механизация ёрдамида йиғиштириб олишга имкон яратади. Махсарнинг пишганлиги дарҳол кўзга ташланмайди. Аввал барглари сарғаяди ва асосий пояси сал буришади. Ён шохларда барглари сарғаяди-ю, лекин улар тўкилиб кетмайди. Баргларнинг сарғайиши ва саватчалар гул баргларининг қизариши бу махсарнинг пишганлиги эмас, балки бу пайтда ўсимликда нам миқдори юқори бўлиб, мой ҳосил бўлиш жараёни давом этаётганидан далолат беради. Махсар уруғлари пишгандан кейин мавжуд дон комбайнлари ёрдамида йиғиштириб олинади. Бунда комбайин барабанларининг айланиш тезлиги минутига 650-700 мартадан ошмаслиги зарур. Барабанлар тез айланса, уруғлар майдаланиб ҳаво босими билан ташқарига чиқиб кетади. Махсар ҳосили комбайиннинг бир ўтишида ўриб янчиб олинади. Фермер хўжаликларида юқорида келтирилган агротехник жараёнларга амал қилинса, лалми ерларнинг ҳар гектаридан 8-10 центнердан 30 фоиз мой миқдорига эга бўлган махсар ҳосилини етиштириш мумкин бўлади.
Ф.Ҳамроев. З.Каримов http://navoiagro.uz/interaktiv-hizmatlar/249-10022015-lalmikor-maydonlarda-mahsar-etishtirish-byicha-tavsiyalar.html
|