Мой инсон учун энг зарур бўлган, бошқа ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари сирасига киради. Шу боис мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, халқимизни ёғ-мой маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашга устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, республикамизнинг лалмикор ва суғориладиган ерларида кунгабоқар, махсар, кунжут ва бошқа мойли экинлар кенг майдонларга экилмоқда. Махсар (Carthamus tinctorus) қимматбаҳо техник экин ҳисобланиб, уруғи таркибидаги мой миқдори 25–37 фоизгача бўлади. Махсар ўсимлигига 18 тур ҳашаротлар зарар етказади. Шундан 12 тури қаттиқ қанотлилар ва тўғри қанотлилар туркумига мансуб бўлса, қолганлари махсар ширалари, махсар пашшаси, махсар парвонаси ва тунламлардир. Айниқса, махсар катта ва кичик узунбурун қўнғизлари, махсар парвонаси ва махсар пашшасининг зарари катта. Касалликларидан эса фузариоз сўлиш, махсар занги ва қўнғир доғланиш касалликлари кузатилади. Махсар катта узунбуруни (Larinus bardus) ва Махсар кичик узунбурун (Bangasternus orientalis) қўнғизлари тупроқ остида 5–25 см чуқурликда қишлайди. Баҳорда ўртача кунлик ҳаво ҳарорати 10–140С бўлганда, қишки тиним давридан чиқади ва бегона ўтлар барги билан озиқланиб яшайди. Кейинчалик махсарнинг янги униб чиққан ниҳолларига зарар келтира бошлайди. Қўнғизлар ўсимлик баргларини ҳамда новда атрофидаги ўсимталарни кемириб еб кетади. Лекин, узунбурун қўнғизлари кўпроқ бутонларни хуш кўради.
Махсар экинлари гуллаш фазасига кирганда узунбурун қўнғизларининг ялпи учиши кузатилади. Ҳар бир бутонларда биттадан бештагача узунбурун қўнғизлари личинкаларини кўриш мумкин. Зараркунанда личинкалари махсар гул ғунчаларини тўлиқ еб битиргач, шу жойнинг ўзида ғумбакка айланади ва орадан 9–11 кун ўтгач ғумбаклардан узунбурун қўнғизлари учиб чиқади. Ғумбакдан чиққан узунбурун қўнғизларининг янги авлод вакиллари тупроққа қишлаш учун тушиб кетади. Бу зараркунандалар 1 йилда бир авлод бериб кўпаяди. Махсар пашшаси (Acanthiophilus helianthi Schr) Махсар пашшаси ғумбаклик фазасида қишлайди. Лаборатория ва дала кузатувлари натижасининг кўрсатишича, махсар пашшаси ғумбаклик, айрим ҳоллардагина личинкалик фазасида қишлайди. Мавсум давомида йиғилган намуналар таҳлили шуни кўрсатдики, зараркунанда кўп тарқалган далаларда ҳар 100 махсар саватчасидан 40–50 таси зарарланган, ҳар бир саватчада 1–5 тагача пашшалар личинкаси борлиги кузатилди. Зарарланмаган 100 та саватчалардаги сифатли писталар сони ўртача 2000, зарарланганларидаги писталар сони 800–1000 донани ташкил қилди. Зарарланган саватчалардаги махсар донлари майда, буришган бўлади. Махсар парвонаси (Myelois cinctipalpella Christoph) Ўрта Осиё, Қозоғистон ва Арманистонда кенг тарқалган бўлиб, энг хавфли зараркунандалардан биридир. Бу ҳашарот ўсимлик ғунчаларини нобуд қилади, поясини кемиради, гулини шикастлайди ва саватчадаги уруғларни еб нобуд қилади. Йил давомида бир авлод бериб кўпаяди.
Зарарланган ўсимликлар ўсишдан орқада қолади, ҳосил саватчалари яхши ривожланмайди, олинадиган ҳосил миқдори кескин пасайиб кетади. Махсар бити (Macrosiphum jaceae L) Бу зараркунанда махсар ўсимлигининг барги, пояси ва гулдасталарида ғуж жойлашиб олиб, ўсимлик ширасини сўриб яшаши оқибатида махсар ғунчалари тўкилиб, ўсимлик заифлашиб, ҳосили камайиб кетади. Махсар бити ўсимликка ғунчалаш пайтидан бошлаб тушади, тез урчиб катта тўдаларни ҳосил қилади. Бу ҳашарот махсардан таш¬қари кўпгина мураккабгулдошлар оиласига мансуб ўсимликларда, жумладан бўтакўз, бўзтикан, какра каби бегона ўтларда кўп учрайди. Фузариоз сўлиш (Fuzarium oxysporium sp. carthami). Касаллик чақирувчи замбуруғ тупроқда яшаб ўсимлик илдизларини зарарлайди. Зарарланган ўсимликнинг барги сўлиб, сарғайиб қолади. Бу касалликнинг зарарини ўсимликнинг ниҳоллик пайтидан бошлаб то пишиб етилгунча кузатиш мумкин. Фузариоз касаллигини қўзғатувчи замбуруғ ихтисослашган шаклдаги тупроқ организми ҳисобланади ва бошқа сапрофит микроорганизмлар сингари ўсимлик қолдиқларидан озуқа сифатида фойдаланиб қишлаб чиқади. Фузариоз замбуруғлари ўсимликнинг илдизидан кириб бутун поянинг сув ўтказувчи найчалари ичида ривожланади. Натижада касаллик бутун мавсум давомида кузатилиши мумкин. Махсар занги (Puccinia carthami). Бу касаллик барча махсар экиладиган ҳудудларда учрайди. Занг касаллиги асосан махсар ўсимлигининг пастки баргларини зарарлайди. Дастлаб зарарланган ниҳолларнинг баргларида сариқ - қизғиш рангли ёстиқчалар пайдо бўлади, ке¬йинчалик улар қўнғир рангга киради ва ёрилиб замбуруғ споралари бошқа ўсимликларга ҳам тарқалади. Инфекция манбаи бўлган телейто споралар ўсимлик қолдиқларида қишлаб чиқади. Махсар занги кўчат қалинлиги зич бўлган жойларда кўп учрайди. Касалланган ўсимликлар уруғлари пуч бўлиб қолади. Қўнғир доғланиш (Ramularia carthami). Бу касаллик фақат махсар экинида учрайди. Ҳаво ҳарорати пастроқ ва сернам бўлганда баргнинг юза қисмида қўнғир рангли думалоқ доғлар пайдо бўлади. Кейинчалик бу доғлар кенгайиб бир-бирига қўшилиб кетади, оқибатда бу барглар қуриб тўкилади. Касаллик туфайли ўсимлик танасида модда алмашинуви бузилади, айрим ҳолларда ўсимлик қурийди. Қўнғир доғланиш билан касалланган ўсимликлар ҳосили пасайиб, уруғлари таркибидаги ёғ миқдори ҳам камайиб кетади. Инфекция спора ҳолида ўсимлик қолдиқлари остида қишлаб қолади. Махсарнинг зараркунанда ва касалликларига қарши асосий кураш чораларидан бири бу агротехник қоидаларга тўлиқ риоя қилишдир. Ерни 25 - 30 см чуқурликда ҳайдаш тупроқда қишлаб қолувчи симқуртлар ва узунбурунларнинг кўплаб нобуд бўлишига олиб келса, эрта баҳорда, яъни февраль охири ва март ойи бошларида экилганда мавсум давомида учрайдиган зараркунанда ва касалликлар билан зарарланиши кескин камаяди. Экин майдони ва унинг атрофидаги ҳудудлардан бегона ўтларни йўқотиш махсар пашшаси ва узунбурунларнинг махсар экинларига ўтишининг олдини олади. Махсар экинларида учровчи зараркунанда ва касалликларга қарши 2008 - 2010 йиллар давомида бир неча турдаги фунгицид (уруғдорилагичлар – махсарнинг фузариоз сўлиш касаллигига) ва инсектицидлар (махсар пашшаси, парвонаси, тилла қўнғиз, узунбурунлар ва бошқаларга қарши) синовдан ўтказилди. Тажрибалар ВИЗР (1996) ва ЎзЎҲҚИТИ (2004) услубий қўлланмалари асосида Тошкент вилоятининг махсар экилган майдонларида ўтказилди. Тажрибалар учун инсектицидлардан Петра, 5 % э.к.–05 л\га; Атилла, 5 % э.к. – 0,4 л\га; Римон стар, э.к. 0,1 – 0,15 л\га; Циперметрин, 25 % э.к. – 0,3 л\га; ва Каратэ, 5 % э.к. – 0,4 л\га сарф миқдорида, фунгицид (уруғдорилагич) лардан Витовакс 200 ФФ – 2 л\т; Пахта 42 % суюл. – 0,5 л\т сарф миқдорида қўлланилди. Тажрибаларимиз натижаларидан шу аниқ бўлдики, махсар зараркунандаларига қарши Каратэ, 5 % э.к. –0,4 л\га ва Атилла, 5 % э.к. препарати эса – 0,4 л\га сарф миқдорида қўлланилган вариантларда биологик самарадорлик энг юқори кўрсаткичга эга бўлди. Уруғдорилагичларнинг самарадорлиги эса 72,0 – 73,3 % гача бўлди.
Ф.Ҳамроев http://navoiagro.uz/interaktiv-hizmatlar/250-12022015-mahsarning-zararkunanda-va-kasalliklari.html
|