Главная » Статьи » Qishloq xo'jaligi

Март ойида чигит экиш бўйича тавсиялар

Жорий йилги ўзига хос ўзгарувчан об-ҳаво шароитида пахтадан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда даладаги ишларни ўз вақтида маромига етказиб бажариш, мавжуд сув, минерал ва маҳаллий ўғитлардан унумли фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. ЕРЛАРНИ ЭКИШГА ТАЙЁРЛАШ. Экиш олдидан эрта баҳорда ўтказиладиган бороналаш дала тупроғининг майин, донадор, зичлиги меъёрида бўлишини таъминлаб, намликнинг сақланиш хусусиятини оширади. Натижада чигит бир хил чуқурлик ва намга экилади, ниҳоллар бир текис униб чиқиб, ғўза барвақт ўсиб-ривожланади, ҳосилдорлик ошади. Аксинча, ушбу тадбирлар мақбул муддатда ўтказилмаса ёки сифатсиз бажарилса, тупроқ намлиги тез қочиб, чигит униб чиқиши қийинлашади ва ниҳоллар сийрак, нотекис ва ҳар хил муддатларда униб чиқади, касалликка тез чалинади, бу эса пахта ҳосилининг 20–30 фоиз камайишига сабаб бўлади. Далага экиш олдидан ишлов бериш ва чигит экиш тадбирлари тупроқнинг ҳолатига қараб амалга оширилади. Жумладан, шўрланмаган, бегона ўтлардан нисбатан тоза майдонлар экиш олдидан бороналаниб, кейин мола бостирилади ёки бир вақтнинг ўзида бороналанади ва текислагич агрегатлар ёрдамида ёки мола билан текисланади. Бегона ўтлар ўрта ва кучли тарқалган майдонларда ясси кесувчи ишчи органлар ўрнатилган ҳолда чизелга тиркалган бороналар воситасида кўп йиллик бегона ўтлар илдизлари тозалаб чиқарилади. Юзада қолган илдизлар эса қўлда терилиб, ёқиб юборилади. Сўнг нотекисликларни бартараф этиш учун мола бостирилади. Чизель ўтказишда ишлов чуқурлиги 10–12, культивация ўтказилса 6–8 см. дан ошмаслиги керак. Кўп йиллик бегона ўтлар билан кучли даражада зарарланган, яхоб суви берилган майдонлар истисно тариқасида, ағдаргичи олиб ташланган, орқасига борона ва мола тиркалган плуг билан 16–18 см чуқурликда юмшатилади. Типик бўз ва ўтлоқи тупроқларда экиш олдидан юза ишлов бериш яхши натижа беради. Шўри ювилган майдонларда чизель орқасига борона ва молатиркалган ҳолда зичлашган қатлам чуқурлигида юмшатилади. Механик таркиби оғир тупроқлар чезель ёрдамида 20–22 см. гача чуқурликда ишлов берилади. Бунда ҳам чизель орқасига мола тиркалган бўлиши зарур. Механик таркиби енгил ва ўрта бўлган ўтлоқи тупроқлар бороналаниб, молаланади. Кузда шудгор остига минерал ўғитлар солинмаган ёки шўри ювилган майдонлар бўлса, экиш олдидан фосфорли ўғитлар йиллик меъёрининг 60–70 фоизи (физик тукда аммофос 200 кг/га ёки супрефос 385 кг/га ёки нитрофос 600 кг/га) ҳамда калийли ўғитларнинг 50 фоизи (калий хлориди 80 кг/га) чизель-борона остига солинади. Тажрибалардан маълумки, чигит экиш олдидан тупроққа кўп ишлов берилса, далага машина-механизмлар кўпроқ киритилса ҳайдалма қатлам зичлашади, бу эса тупроқ табиий намининг йўқолишига олиб келади, ниҳоллар бир текис униб чиқмайди, ғўзанинг ривожланиши кечикиб, ҳосилдорликнинг пасайиб кетишига олиб келади. Андижон вилоятининг кўп йиллик тажрибасига таянган ҳолда плёнка остига чигит экиладиган майдонларда кузда пушта олиб қўйиш, экиш олдидан бажариладиган юмушлар сонини минималлаштириш, тупроқ зичланишини камайтириш имконини беради. Бунда экиш олдидан махсус бороналар билан тупроқнинг юза қисмига ишлов берилиб, чигит экишга киришилади. Тупроқнинг табиий намлигига чигитни ундириб олиб бўлмайдиган жойларда нам тўплаш мақсадида 20–25 см пушта олиниб, тупроқнинг механик таркиби ва қишда тўпланган намлик ҳисобга олиниб, гектарига 1000–1200 м3 миқдорида захира суви берилади. Бу тадбирни ўтказишдан мақсад, чигитни табиий намга бир текис ундириб олишдир. Пушта олинган майдонларни чигит экишдан олдин бороналашда чопиқ тракторларига осиладиган махсус бороналардан фойдаланиш яхши самара беради. Экиш олди ишлари ва чигит экишни туман ва вилоятлар шароитида қисқа (7–10 кун) муддатда ва сифатли ўтказиш чораларини кўриш лозим. Бунинг учун чигит экиш олдидан ўтказиладиган борона, текислагич ва бошқа агрегатлар, сеялка, уруғлик чигит, ЁММ, малакали мутахассислар, ишчилар учун иссиқ овқат ва бошқалар тахт қилиб қўйилиши керак. 
20.03.2015 Март ойида чигит экиш бўйича тавсиялар
ЧИГИТНИ ЭКИШГА ТАЙЁРЛАШ. Чигит экишда унувчанлиги 90–95 фоиздан кам бўлмаган, намлиги 8–10, механик шикастланганлиги 7–8 фоиздан ошмаган, сараланган, дориланган, яхши сақланган юқори сифатли уруғлардан фойдаланиш зарур. Уруғлик чигитларни пахта тозалаш заводлари ва уруғлик чигит тайёрлаш цехларида тозалаш, саралаш, дорилаш ва сақлаш жараёнида соҳа мутахассислари чигитларнинг тавсия этилган уруғдорилар («Далброн», П-4, «Баҳор» ва ҳ.к.) билан тўғри дориланиши ҳамда далаларга тўғри тақсимланишини қатъий назорат қилиб боришлари талаб этилади. Фермерлар тукли чигитни экишда уни намлашга жиддий эътибор беришлари керак. 1 тонна уруғлик чигитни 60 фоиз миқдорда намлаш учун 600 литр меъёрида сув сарфланади. Шу миқдорда намланган чигит экиш учун энг мақбул ҳисобланади. Чигитни намлаш ишларини бетонланган махсус майдончаларда ўтказиш мақсадга мувофиқ. Бундай майдончаларнинг бўйи 3–4 метрдан 5–6 метргача, эни 2–3 м ва чуқурлиги 30–35 см ўлчамда бўлиши мумкин. Чигитни намлаш вақтида сувнинг оқиб кетишига йўл қўймаслик керак. Бунда дастлаб чигит 20–25 см қалинликда ёйилади ва белгиланган (200 л) меъёрдаги сув қуйилиб, ишчилар бир-бирига қарама-қарши туриб, ёғоч курак билан чигитни бетўхтов аралаштиради. Чигит талаб даражасида намланиб, сув шимилгач бир жойга 60–70 см қалинликда тўпланади ва 3–4 соат димлаб қўйилади. Кейинги босқичда яна 200 л сув солинади ва аралаштирилиб 4–5 соат, учинчи марта яна шунча миқдорда сув солиниб, аралаштирилиб 5–6 соат димланади. Шунда чигитнинг тўлиқ ва сифатли намланишига эришилади, бу эса тупроқ намлиги кам бўлган сув танқис йиллари чигитнинг униб чиқишига ижобий таъсир этади. Намлаш билан биргаликда ёки заводларда уруғлик чигитларни тайёрлаш жараёнида стимуляторлар билан ишлов берилади. Бунда «Гумимакс» (0,8–1 л/т), «Узгуми» (0,7–0,8 л/т), Фитовак (200–300 мл/т), «Альбит» (50–75 мл/т) препаратлари қўлланилиши, ноқулай об-ҳаво (қурғоқчилик, намгарчилик, паст ҳарорат) ва тупроқ шароитида (шўрланган, шағалли, тошлоқ) ҳам чигитнинг унувчанлигини 10–15 фоиз оширади, илдиз тизимини бақувват ривожлантиради, сувсизликка чидамлилиги ортади, гоммоз, илдиз чириш, вилтга бардошли бўлади, ўсиб-ривожланиши тезлашади, ҳосилдорлик 3–5 ц/га кўпаяди. Намланган чигитни сақланиш муддати 18 соатдан ошмаслиги даркор. Намланган ва талаб даражасида димланган уруғлик чигитлар қопларга солиниб, далаларга олиб борилади. Уруғни намлашда бир кунда қанча майдонга экиш, далага олиб бориш ва бошқа ишларга кетадиган вақт ҳам ҳисобга олиниши чигит исрофини камайтиради. Туксиз чигитлар заводларда сараланиб, уруғдорилар билан дорилангани боис намланмасдан экилади. 
20.03.2015 Март ойида чигит экиш бўйича тавсиялар
ЧИГИТ ЭКИШ. Чигитни мақбул муддатда экиш тупроқнинг табиий намлигидан оқилона фойдаланиб, ғўзанинг сувсизликка чидамлигини ошириш имконини беради. Шу сабабли фермерлар экиш мавсумини қисқа муддатда сифатли ўтказиш учун техника ва агрегатларни пухта ҳозирлаш, механизатору сеялкачилар, уруғлик чигитни намловчи ва етказиб берувчиларга қулай шарт-шароитлар яратишга жиддий эътибор беришлари керак. Республикамиз минтақаларининг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда, тукли чигитларни тупроқнинг 0–10 см чуқурликдаги ўртача ҳарорат 12–14 даражага, туксизлантирилган чигитларни эса 14–16 даражага етганда экишга киришиш мақсадга мувофиқ. 
Чигит экиладиган дала тупроғи тобга келганлигини қуйидаги оддий усулда аниқлаш мумкин: тупроқни қўлда сиқиб, ғўлалаб ерга ташлаб юборганда майдаланиб кетса етилган ҳисобланади. Шунингдек, алоҳида тупроқ намлигига эътибор қаратиш лозим. Ёғин-сочин кам кутилган шароитда чигит экиш вақтида тўпланган намлик тез йўқотилиши туфайли тўлиқ кўчат олиб бўлмайди. Аксинча, ёғин-сочин кўп кутилган шароитда эса экилган чигитлар етарли ҳарорат олаолмаганлиги сабабли униб чиқиши кечикади. Бундай ҳолларда ерни экишга тайёрлашда техникани керагидан ортиқча киритмасликка алоҳида эътибор бериш лозим. Тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда кўп йиллик маълумотларга кўра, чигит экиш ишларини Сурхондарё вилоятининг жанубий туманларида 25 мартдан 10 апрелгача, шимолий туманларида 1–10 апрель оралиғида, Қашқадарё вилоятининг чўл минтақасидаги туманларида 1–10, тоғолди туманларида эса 5–15 апрелда ўтказиш мақбул муддат ҳисобланади. Жорий йилда бу муддатни белгилашда об-ҳаво шароитини инобатга олиш зарур. Пуштага ва чигит суви берилиб экиладиган майдонларда суғориш ишларини ҳар йилгидан 10–15 кун олдин бошлаш керак. Ер етилиши билан чигит экишга киришилади. Қорақалпоғистон Республикасида чигит экишнинг мақбул муддати жанубий туманларда 10–20 апрель, шимолий туманларда 20–30 апрель, Хоразм вилоятида 10–25 апрель ҳисобланади. Бу муддат Тошкент вилоятида 5–15 апрель, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида 1–12 апрель оралиғига тўғри келади. Самарқанд ва Навоий вилоятларининг тупроғи оғир механик таркибли, юза қатлами тезда қотиб қоладиган тоғолди ва ярим чўл ҳудудларида 5–12, Бухоро вилоятида 1–10 апрель энг қулай муддатдир. Фарғона водийси вилоятларида чигит экишнинг мақбул муддати 1–15 апрель ҳисобланади. Плёнка остига эса 25 мартдан 5 апрелгача экиш лозим. Чигит экишни аввало тез етиладиган енгил, ўртача қумоқ, кейин эса оғир тупроқли майдонларда ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Тупроқ ҳарорати паст бўлганда чигитнинг бир қисми чириб кетади ва ниҳоллар сийрак ўсиб чиқади, бунга йўл қўймаслик зарур. Чигит механик таркиби оғир, секин қизийдиган тупроқларда 3–4, бошқа барча тупроқларда 4–5 см чуқурликда экилади. Далалар чети, симёғоч ва ўқариқлар атрофларига ҳам чигит экилгандан кейингина экиш якунланган ҳисобланади. 
Чигит экишда унинг меъёрига алоҳида аҳамият бериш даркор. Тукли чигит гектарига 45–55 кг, туксиз чигитлар 25–30 кг миқдорда экилади. Агар чигит қўш қатор усулида экилса, якка қаторларга нисбатан 20–25 кг кўпроқ уруғлик сарфланади. Шу меъёрларда экилган чигитлар далада мақбул кўчат қалинлиги ҳосил қилишни таъминлайди. Чигит экиш билан бир вақтда гектарига соф ҳолда 15–20 кг азот, 20–25 кг фосфорли ўғитлар сеялкага ўрнатилган махсус мосламалар ёрдамида экиш чизиғидан 10–12 см четга, 12–16 см чуқурликка солинса, ниҳоллар дуркун ва соғлом ўсиб-ривожланади. Бегона ўтларга қарши «Стомп» (0,8–1 л/га), «Которан» (1–1,2 кг/га) ва бошқа гербицидлар сепилса, бегона ўтлар зарари камаяди, ортиқча чопиқ ишларини ўтказишга ҳожат қолмайди. 
Таъкидлаш керакки, ғўзани қўшқаторлаб экиш балл-бонитети 30–40 ва 50 балли, текис, механик таркиби енгил (қумли, қумоқ, тош-шағалли) ва ўрта тупроқларда, кўп йиллик ва бир йиллик бегона ўтлар кам учрайдиган далаларга жойлаштирилиши лозим. Бунда кўчат қалинлиги бир қаторлаб экишга нисбатан ўртача унумдор тупроқларда 20–30, унумдорлиги паст тупроқларда 35–40 фоиз кўпроқ қолдирилади. Бу усулда экилган майдонларда пахта ҳосили 10–13 кун эрта етилади, ҳосилдорлик 6–8 ц/га юқори бўлади. Кенг қамровли (6–8 қаторли) сеялкалардан фойдаланиш тупроқ зичланишининг олдини олади, иш унумдорлигини оширади ва тупроқ табиий намлигига қисқа муддатда чигит экишни таъминлайди.
Чигит экишни мақбул муддатларда, юқоридаги агротехник талабларга тўлиқ риоя қилган ҳолда ўтказиш, ниҳолларни тупроқнинг табиий нам¬лигига ундириб олиш ҳамда пайкалларда соғлом ва бир текис ниҳоллар ҳосил қилишни таъминлайди ҳамда мўл ва сифатли ҳосил етиштиришга пухта замин тайёрлайди.

http://navoiagro.uz/interaktiv-hizmatlar/288-20032015-mart-oyida-chigit-ekish-byicha-tavsiyalar.html

Категория: Qishloq xo'jaligi | Добавил: azizjon_ibragimov (18.06.2016)
Просмотров: 1573 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar