Кунлар исиши билан боғ-роғларда иш авжига олади. Боғбонларимиз кўмилган токларни очиш, дарахтларга шакл бериш, дарахтлар танасини оқлаш каби юмушларни бажаришга киришади. Агротехника тадбирларини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш мевалар сероб бўлишининг муҳим шартидир. Бунда боғбонларга қуйидаги тавсиялар асқотади, деган умиддамиз. Эрта баҳорда экин қатор оралари юмшатилади ҳамда бу иш ҳар бир суғоришдан кейин такрорланиши мақсадга мувофиқ. Бунда ерга ишлов берувчи МПВ—1 машина, КЗУ—03 культиваторидан фойдаланилади. Дарахт танаси атрофларига ишлов бериш ФА—76 механик фрезада амалга оширилади. Баҳор—ёз ойларида қатор оралари тупроғининг сув-ҳаво тартиботини яхшилаш ва бегона ўтларни йўқотиш учун 10—12 см чуқурликда юмшатиб туриш зарур. Ҳосилга кирган боғларга 2—3 йилда бир маротаба октябрь—ноябрь ойларида ёки эрта баҳорда фосфор ва калий ўғитини гектарига Р180 К90 кг миқдорда солиб, 45—50 см чуқурликда ағдармасдан ҳайдаб юмшатиш керак. Тупроқ ости шағалли ерларда ўғитлар миқдори 50% кўпайтирилади, азот уч маротаба: баҳорда, июнь ва июль ойларида солинади. Микроўғитлар тупроққа асосий ўғитлар билан биргаликда баҳорда гектарига таъсир этувчи модда ҳисобида: рухли микроўғитларни 3 йилда бир маротаба 3, марганецни 2 йилда бир маротаба 5, борли микроўғитларни ҳар йили 1,5—2 кг. дан солиш мақсадга мувофиқ. Комплекс минерал ўғитлар (аммофос, нитрофос ва бошқалар) оддий ўғитларга нисбатан бир қатор агрокимёвий иқтисодий афзалликларга эга. Озуқа элементлари бўйича уларнинг солиш миқдори оддий ўғитлар учун тавсия этилган солиш миқдори билан бир хил. Шунинг учун озиқа элементлари таркибини баландлаштириш учун комплекс ва оддий ўғитлардан биргаликда фойдаланиш керак. Масалан, суғориладиган ҳосилдор токзорларда ҳар йили баҳорда токлар очилгандан кейин гектарига 225 кг аммофос билан бирга 225 кг аммиакли селитра ва 250 кг калий тузлари ёки 455 кг нитрофос ҳисобида минерал ўғитлар солинади. Данакли мевали дарахтларда мустаҳкам шохлар шаклланиши, ўсиши ва ҳосил беришини тартибга солиш, ҳосилдорлик ва мева сифатини яхшилаш учун буташ зарур. Ҳар бир данакли мевали дарахтга турига қараб ўзига хос шакл берилади. Данакли мевали дарахтлар кўпинча бир ёшида ҳосилга киради, эскироқ шохларда шаклланган ҳосил новдалари эса уруғлиларга нисбатан унча кўп яшамайди, оқибатда шохлар ичи тезда пўкакка айланади. Бунга йўл қўймаслик учун буташ орқали ҳар йили кўплаб бир йиллик новдалар ўсиб чиқиши ва уларни шохлар орасига тўғри жойлаштириб, ҳосил беришига эришиш зарур. Токзорларни куртаклари бўртмасдан олдин очиш зарур. Ёш токлар дастлабки йилда баҳорда кесилади. Занг ва ҳосил олиш учун қолдирилган новдалар туплар очилиши билан симбағазларга боғланади. Бу иш куртаклар бўртгунча тугалланиши керак. Туплар қатор орасига ишлов беришда машинанинг бемалол ўтиши учун енглар биринчи сим сатҳигача кўтариладики, бунда ҳосил берувчи ва кўк новдалар ишга халақит бермасин. Агар токзорга кузда ишлов берилмаган бўлса, баҳорда токларни механизация усулида чала очиш билан биргаликда ер ҳайдалади. Токлар очилгандан кейин қатор ораларидаги тупроқни текислаш учун культивация қилинади ёки бороналанади.
Баҳор-ёз давомида юмшоқ қатлам ҳосил қилиш ва бегона ўтларни йўқотиш учун НЮ—18 плуги ўрнатилган мослама билан ток тупи атрофига ишлов берилади. Лалми токзорларда тупроқ баҳорда чуқур юмшатилади ва кейин вегетация давомида 18—20 см чуқурликда юмшатиб туриш яхши самара беради. Баҳорги ёмғирлардан, шунингдек ҳар бир суғоришдан кейин тупроқнинг етилишига қараб намни сақлаб қолиш мақсадида ток қатор ораларини ўз вақтида юмшатиш зарур. Уруғли мевали боғларга зараркунандалардан калифорния ва бинафша ранг қалқондорлар, олма қурти, ғилофли ва гирдак куялари, мева куяси, нок шира бургаси, мева каналари, бир қанча шира турлари ва тоғолди-тоғ минтақаларда калмараз ( парша), ун шудринг касалликлари зиён етказади. Кейинги йилларда монилиоз касаллиги ҳам кенг тарқалмоқда. Бу зараркунандаларга қарши олма, нок ва беҳи дарахтлари куртак ёзгунига қадар 5 фоизли №30 препарати (40—100 кг/га) пуркалади. Унинг ўрнига золон (фозолон) ёки карбофос препаратларининг 0,5 фоизлигини қўлласа ҳам бўлади. Данитол, Фуфанон препаратлари (1,5—3 кг/га) ҳам самаралидир. Нок шира бургасига қарши нокзорлар гуллаш арафасида шу препаратлар билан такрор дориланади. Олма ва нокнинг парша, беҳининг монилиоз касалликларининг юқумини йўқотишда дарахтлар атрофини ағдариб чопиш самарали тадбир ҳисобланади. Шу даврда бордо суюқлигининг 3 фоизлиги (100 л сувга 3 кг мисс купороси+3 кг сўндирилмаган оҳхак) сепилади. Унинг ўрнига темир купороси (100 л сувга 2—3 кг) ёки мис купороси (100 л сувга 0,5— 1 кг) ни ҳам сепиш мумкин. Беҳи ва бошқа турдаги зарарланган мева дарахтларида монилиозга қарши куртаклар бўртиш арафасида дарахтларни 3—4 фоизли бордо суюқлиги билан жиққа хўллаб ювиш зарур. Бунда 5 градусли оҳак+олтингугурт қайнатмаси (ИСО) ёки 2—3 фоизли темир купороси ёки 1 фоизли мис купоросини қўлласа ҳам бўлади. Ўрик, шафтоли ва олхўри дарахтларининг клястероспориоз, барг бужмалоқлиги касалликларига қарши гул куртаклари бўрта бошлаган даврда 3 фоизли бордо суюқлиги пуркалади. Гулдан чиққач 1 фоизли бордо суюқлиги 1—2 марта сепилади. Токзорларда доғли антракноз, оидиум (кул), бактериал рак касалликларининг олдини олиш учун куртаклар бўртгунга қадар 3—4 фоизли бордо суюқлиги пуркалгани маъқул. Ўтган мавсумда оидиум (кул) касаллиги кенг тарқалган токзорларда оҳак+олтингугурт қайнатмасининг 3—5 градуслигини қўлласа ҳам яхши самара беради.
З.Каримов http://navoiagro.uz/interaktiv-hizmatlar/237-29012015-meva-ml-blsin-desangiz.html
|