Главная » Статьи » Qishloq xo'jaligi

МОЙЛИ ЭКИНЛАР МОЙЛИ БЎЛСИН ДЕСАНГИЗ...

Ҳозирги кунда республикамизда ҳайдаладиган лалмикор экин майдонлари қарийб 800 минг гектарни ташкил этади. Бундай майдонларда мойли, дуккакли ва озуқабоп экинлар етиштириш ва улардан ҳосил олиш аҳолининг турмуш даражасини ошириш билан бирга ҳудуддаги фермер хўжаликларининг иқтисодий аҳволини яхшилайди. Маълумки, махсар, зиғир, кунжут, кунгабоқар, ундов каби мойли экинлар мойи озиқ-овқат саноатида экологик тоза маҳсулот сифатида ишлатилади. Дуккакли экин нўхат, горох, ясмиқ каби экинлар юқори оқсилга бой озиқ-овқат сифатида ишлатилса-да, бу экинлар тупроқ унумдорлигини сақлаш ва оширишда биологик соф азот тўпловчи вазифасини ҳам бажаради, шунингдек, сидерат ўғитлар сифатида қўлланилади.
Мойли экинлардан мой ажратиб олингандан кейин уларнинг тўпони ёки кунжараси чорва моллари учун тўйимли озуқа бўлади. Бундан ташқари улардан саноатда олиф, линолеум, лак, бўёқ ва мойлаш материали тайёрланади, тиббиётда доривор восита олинади. 
17.02.2015 МОЙЛИ ЭКИНЛАР МОЙЛИ БЎЛСИН ДЕСАНГИЗ...
Махсар лалмикор ҳудудлар учун катта аҳамиятли ва истиқболли экин ҳисобланади, унинг мойи озиқа сифатида бошқа ўсимлик мойлари қаторида кенг истеъмол қилинади. Махсар икки гуруҳга бўлинади: тиканли ва тикансиз, гул тўплами саватча, кўп гулли ва кўп уруғли, диаметри 1–4 см, саватчасида 20–80 донагача уруғ жойлашади. Уруғининг ядроси таркибидаги мойлилиги 48–60 %, бутун уруғнинг мойлилиги эса 25–30 фоизни ташкил этади. Экин иссиқликка айниқса, гуллаш ва пишиш фазасида жуда талабчан бўлади, уруғи +1–2 оС да униб чиқа бошлайди, майсалари -6–8 оС совуққа ҳам бардош беради. Махсарни март ойининг биринчи ва иккинчи ўн кунлигида, тоғолди ҳудудларда эса март ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунлигида экиш мақсадга мувофиқ. Уруғи эрта экилганда ҳашаротлар кам зарарлайди, шунда уруғида мой миқдори юқори бўлади. Махсар майдонлари 20–22 см чуқурликда ҳайдалади. Ерни экишга тайёрлаш ва эрта баҳорда нам сақлаш учун бороналаш зарур. Экишда уруғ сифатини эътиборга олган ҳолда СЗТ-3,6 сеялкаси билан қатор оралари 30 см, экиш чуқурлиги 5–6 см, экиш меъёри 20–22 кг/га, агар қатор ораси 45 см бўлса 18–20 кг/га уруғ сарфлаш тавсия этилади.
Тоғолди ва тоғли ҳудудларда экиш меъёрини 8–10 фоизга ошириш мумкин. Тупроқда ҳарорат 4–5 оС бўлганда уруғи 10–15 кунда униб чиқади. Экиш учун уруғ тозалиги 95, унувчанлиги 85 фоиздан кам бўлмаслиги зарур. Лалмикор ҳудудларда махсарнинг тикансиз “Милютин–114” ва тиканли “Fаллаорол” навларининг уруғини экиш тавсия этилади. 
17.02.2015 МОЙЛИ ЭКИНЛАР МОЙЛИ БЎЛСИН ДЕСАНГИЗ...
Зиғир уруғидан сифатли парҳез хусусиятига эга бўлган қимматбаҳо мой олинади. Уруғи таркибида 30–47,8%, яхшиланган навлардан эса 47–50% мой олиш мумкин. Мойи саноатда лак, бўёқ, линолеум, плёнка ва бошқа ёмғир ўтмайдиган материаллар тайёрлашда ишлатилади. Кунжараси таркибида 33,3% оқсил ва бошқа тўйимли моддалар бўлади. 100 кг кунжарасида 186 озиқа бирлиги бўлиб, тўйимлилиги жиҳатидан юқори экин ҳисобланади, бундан ташқари зиғир пояларидан сифатли қоғоз тайёрланади ва тола олинади. Уруғи +5 оС да уна бошлайди. Униб чиққандан гуллагунча ҳавонинг ҳарорати ўртача 15–17 оС, пишиш даврида 19–20 оС талаб қилади, майсалар -6 оС совуққа чидайди. Лалмикор минтақалардаги оч тусли бўз ва тўқ тусли бўз, тоғли минтақада чимли бўз тупроқлар зиғир учун қулай ҳисобланади. Уруғи экилган далалар бегона ўтлардан тоза бўлиши лозим. Зиғирни экиш муддати март ойининг биринчи ва иккинчи ўн кунлигига тўғри келади. Унинг “Бахмал–2” ва “Баҳорикор” навларини экиш мақсадга мувофиқ. Экиш меъёри текислик минтақаларда 16–18 кг/га, тоғолди минтақасида 20–22 кг, тоғли минтақада эса 25–30 кг/га бўлиб, уруғлар 4–6 см чуқурликка экилади. Тупроқдаги намлик ва ҳарорат етарли бўлганда уруғлар 6–12 кунда униб чиқади. 
17.02.2015 МОЙЛИ ЭКИНЛАР МОЙЛИ БЎЛСИН ДЕСАНГИЗ...
Ўзбекистонда кунжут қадимдан экиладиган мойли экинлардан ҳисобланади. Уруғининг таркибидаги мой миқдори бўйича мойли экинлар орасида биринчи ўринни эгаллайди. Совуқ пресслаш (жувозда) йўли билан олинган кунжут хуштаъмлиги бўйича зайтун мойига тенглашади. Уруғида 48–65 % мой, 16–19 % оқсил ва 15–17,5 % эрийдиган углеводлар сақланади. Совуқ пресслашда олинган кунжарасини таркибида 40 % оқсил, 8 % ёғ бўлиб ундан чорва моллари учун озиқа сифатида фойдаланиш мумкин. Кунжут суғориладиган ерларда ҳосилдорлиги 20–25 ц/га, лалмикорликда 10–15 ц/га. ни ташкил этади. Кунжут иссиқсевар ўсимлик бўлиб уруғлари 15–16 оС ҳароратда уна бошлайди, майсалари қийғос униб чиқиши учун ҳарорат 18–20 оС қулай ҳисобланади. Лалмикорликда йиллик ёғингарчиликлар миқдори 350–400 мм бўлганда, умуман серёғин йилларда тоғли ва тоғолди минтақаларда яхши ҳосил беради. Ўсув даври 73–150 кун бўлиб, навлари эртапишар, ўртапишар, кечпишар гуруҳларга бўлинади. Кунжутнинг «Ташкентский–122» нави мамлакатимизнинг барча минтақаларида экиш учун Давлат реестрига киритилган. Лалмикор майдонлар учун кунжутнинг экиш меъёри 3–4 кг/га, чуқурлиги эса 2,5–3 см. ни ташкил этади. Экиш муддати апрель ойининг учинчи ва май ойининг биринчи ўн кунлигига тўғри келади.
С.Тешаев. З.Каримов  http://navoiagro.uz/interaktiv-hizmatlar/262-17022015-moyli-ekinlar-moyli-blsin-desangiz.html

Категория: Qishloq xo'jaligi | Добавил: azizjon_ibragimov (18.06.2016)
Просмотров: 1288 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar