Нўхат лалмикор майдонларда бошоқли дон ва бошқа экинлар учун яхши ўтмишдош ҳисобланади. Уруғни экиш учун бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонлар 20–22 см чуқурликда кеч кузда ёки эрта баҳорда (февраль-мартда) ағдариб ҳайдалади. Ерни текислаш ҳамда бегона ўтларни йўқотишда оғир вазнли, ўткир тишли зиг-заг бороналар қўлланилади. Нўхатни экиш муддати тупроқнинг механик таркиби ва об-ҳавога боғлиқ ҳолда тупроқнинг етилганлиги билан белгиланади. Лалмикор майдонларнинг қир-адирлик минтақаларда март ойининг биринчи ўн кунлигида, тоғолди ва тоғли минтақаларида эса март ойининг учинчи ўн кунлиги ва апрелнинг биринчи ўн кунлигида уруғини экиш энг мақбул муддат ҳисобланади. Баҳор ойларида ёғингарчилик кўп бўлганда нўхатнинг илдиз чириш, фузариоз ва аскохитоз касалликлари билан зарарланиши кузатилмоқда. Бу дон ҳосилининг кескин камайишига олиб келмоқда.
Қир-адирлик минтақаларида жойлашган лалмикор майдонларда нўхатнинг аскохитоз касаллигига чидамли “Лаззат” навини гектарига 50–55 кг, йирик уруғли «Жаҳонгир», «Ирода–96», «Юлдуз» навларини 60–70 кг, тоғолди ва тоғли минтақаларда эса 75–80 кг экиш мақбулдир. Экиш чуқурлиги тупроқнинг механик таркибига қараб, хусусан енгил қумоқли тупроқларда 4–5 см, оғир таркибли тупроқларда 5–6 см бўлса, уруғнинг бир текис униб чиқишига замин яратилади. Бунда уруғ қатор оралари 45–60 см тартибда дискали сошниклар ўрнатилган СЗТ-3,6 русумли сеялкалар ёрдамида экилади.
Нўхат бошқа дуккакли экинлар қатори фосфорга талабчанлиги сабабли экиш билан биргаликда гектарига 30–40 кг соф ҳолда фосфорли ўғитлар берилади. Тупроқнинг гумус (чиринди) миқдори кам бўлган, унумдорлиги паст майдонларда гектарига 30–40 кг соф ҳолда азотли ўғитлар билан озиқлантириш ҳосилдорликни ошириш имконини беради. Нўхатнинг ўсиш-ривожланиш даврларида асосий эътиборни бегона ўтлардан тозалаш учун агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун қатқалоқ пайдо бўлган ва уруғ униб чиқмаган майдонларда бир йиллик бегона ўтларни йўқотиш учун зиг-заг ўткир тишли енгил ва ўрта вазнли бороналар билан тупроққа даланинг диагонали бўйлаб ишлов берилади. Апрель ва май ойларида учрайдиган кўп йиллик бегона ўтларни йўқотиш учун экин қатор ораларига культиватор ёки қўл кучи ёрдамида ишлов берилади.
Аскохитоз касаллиги об-ҳаво серёғин келган йиллари экинга жиддий зарар етказиши мумкин. Бу шароитда нўхатнинг қатор ораларига кўпроқ ишлов бериш ҳамда олтингугурт кукунини гектарига 20 кг, “Фоликур” препаратини эса 2–3 л ҳисобида қўллаш юқори самара беради.
Ф.Ҳамроев. З.Каримов http://navoiagro.uz/interaktiv-hizmatlar/263-17022015-nhat-ekmo1178chimisiz.html
|