Эл дастурхонини мева билан тўкин этиш мақсадида республикамизда янги боғлар чунончи интенсив, тез ҳосилга кирувчи пакана пайвандтагларга уланган мева кўчатлари экилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Пакана ва ярим пакана мева боғларни афзаллиги шундаки, мева дарахтларининг танаси кичик бўлганлиги учун улар билан ишлаш қулай (ишлов бериш, суғориш, кесиш, шакл бериш, дори сепиш ва мевани териш). Бундай боғларда дарахт танасига ёруғлик тушиши, ҳаво айланиши яхши бўлганлиги учун меваси сифати юқори бўлади. Мевасини теришда ҳам анча қулайликлар бор, айниқса, симбағазга олинган боғларда нарвон ишлатмасдан ҳосил терилади, бунда иш унумли, юқори бўлиши билан бирга маҳсулотнинг товар сифати ҳам юқори бўлиб, нобудгарчилиги камаяди. Пакана ва ярим пакана мева боғлар ҳосилдорлиги юқорилигини таъминлашда, тупроқ унумдорлигини ошириб туриш зарур. Бунинг учун ҳар йили 30-40 т чиринди, соф ҳолда 240-260 кг азот, 120-150 кг фосфор ва 60-70 кг калий солиш мақсадга мувофиқ. Ушбу агротехник жараёнлар ўз вақтида ўтказилса, ҳар гектар майдондан 4-5 йилда 50-60 т ҳосил олишга эришилади. Маълумки, иқлим шароитимизда пакана пайвандтагларга уланган кўчатларнинг турлари ва навларига қараб, парвариш олиб бориш талаб этилади. Хўш, пакана ва ярим пакана мева боғларни барпо этиш ҳамда уларни парваришида нималарга эътибор бериш керак. Янги экилган кўчатларни дастлабки даврида суғоришга катта эътибор бериш зарур. Кўчатлар тўлиқ кўкариб кетиши учун (агар томчилатиб суғориш системалари ишга тушмаган бўлса) кўчат атрофида айлана шаклида ариқ олиб, ариқ тўлгунча сув қуйиш лозим ёки ариқ орқали суғорилса, кўчат атрофидан сувни айлантириб ўтказиш зарур. Об-ҳаво ва тупроқ шароитига қараб ёш боғларга йил давомида 12-20 маротабагача сув берилади. Кўчат атрофи қатқалоқ бўлиб қолмаслиги учун ҳар сувдан сўнг 10-12 см чуқурликда юмшатиб турилади. Боғларни касаллик ва зараркунандаларга чидамлилик даражаси анча паст бўлади. Бунинг олдини олиш чораларини вақтида кўриш зарур. Пакана пайвандтагда экилган пакана ва ярим пакана мева кўчатлар 60 см. юқоридан кесилиб, шакл берилади. Хориж кўчатларини веретино шаклида, яъни асосий лидер новда қолдирилиб, ёнига кўпроқ новда беришга қаратилади, яъни шохлатилади.
Шакл беришда кўчатнинг асосий лидер шохида штамби учун 50 см ундан юқорисига 8-10 кўз, ундан сўнг яна шип —3 та кўз қолдирилиб, ортиқчаси кесилади. Келажакда етарли шохлаши учун 50 см. танасидан юқорида жойлашган 3 кўз ойсимон шаклида (кўчат кўчатхонасида шохламаган бўлса) кўзни ўсиши қисмидан кербовка (кесиш) қилинади ва яна учта кўз ташлаб, яна учта кўз тўғри чизим шаклида кербовка қилинади. Бу жараённи кўчат яхши ўса бошлаган даврда қилса янаям яхши натижа беради. Шохланган шохлар июль-август ойларида 900 эгилади ва боғланади. Ёш новдаларда мева куртакларини ҳосил қилиш мақсадида, улар маълум вақтида чилпиб (чеканка) турилади. Бу усул мева куртакларини кўпроқ ҳосил бўлишини таъминлайди. Кўчатларни биринчи йилни ўзида симбағазларга боғлаб, парвариш қилиш учун темир-бетон устунлар ўрнатилади. Схемасига қараб кўчатларни ҳар гектар майдонга қатор ораси 3 метр бўлса 429 дона, 3,5 метрда – 370 дона, 4 метрда – 325 дона темир-бетон устун сарф бўлади. Рухланган 2,5 мм қалинликдаги симдан 450-600 кг сарфланади. Олма, нок боғларга темир-бетон устунлар ҳамда сим тортилгач, кўчатларнинг новдалари симларга боғлаб чиқилади ҳамда новдалар ўсиб, ривожланиши учун парвариш ишлари кучайтирилади. Ёш кўчатлар яхши ривожланиб, ўсиши учун апрелнинг иккинчи ярмида ҳар бир кўчат атрофига 100-120 г. дан азотли ўғит солинади. Иккинчи марта-июнь ойида ҳам шунча миқдорда яна азотли ўғит солинади. Томчилатиб суғориш системаси бўлган боғларда барча минерал озуқаларни сув орқали бериш мақсадга мувофиқдир. Бунда ўғитни ўзлаштириш самарадорлиги анча юқори бўлади. Ёш пакана пай¬ванд¬тагли боғлар орасига биринчи йили сабзавот, полиз, картошка экинлари экиш мумкин. Иккинчи йилдан эса ушбу экинлар экилмайди. Биринчи йили ёш кўчатлар қишга яхши тайёрланиши боис сентябрь ойининг иккинчи ярмидан суғориш тавсия этилмайди. Октябрь-ноябрь ойларида кўчат қатор ораси чопилиб, юмшатилиб бегона ўтлардан тозаланади. Шунда тупроқда намлик яхши сақланади. Кузда, яъни ноябрь ойида гектарига 90 кг фосфор, 45 кг калий ва 20 тн. органик ўғит солиниб, қатор ораси юмшатилади. Мазкур агротехник тадбирлар сифатли ўтказилса, янги пакана ва ярим пакана мева боғлари иккинчи йилдан бошлаб ҳосилга киради, 4-5 йили эса тўлиқ ҳосил бера бошлайди.
З.Каримов http://navoiagro.uz/interaktiv-hizmatlar/243-30012015-pakana-va-yarim-pakana-bo1171lar-parvarishi.html
|