Главная » Статьи » Qishloq xo'jaligi

Sabzavotkorlarga tavsiyalar

Республикамизнинг ажойиб иқлими, бир йилнинг ўзида икки, ҳатто уч маротабагача ҳосил олиш имконини беради. 
Ушбу имкониятдан унумли фойдаланган сабзавоткорлар ёзнинг сўнгги ойи – августда такрорий сабзавот экинларидан шолғом, турп, пиёз каби сабзавотлар экиладиган майдонларни тайёрлашга киришадилар. Бунда ерни ҳайдаш олдидан албатта яхшилаб суғориш талаб этилади. Ер етилгач кетма-кет ЧКУ-4 ёки БСО-3 русумли борона билан 10–12 см чуқурликда юмшатиб, кейин экин турига мос равишда КРН-2,8А, КРО-4 русумли культиваторлар ёрдамида 70 см ёки 90 см оралиқда эгатлар олинади. 
Юртимиз шароитида шолғом ва турп уруғи асосан августда сепилади. Бунда шолғомнинг «Наманган маҳаллийси», «Самарқанд маҳаллийси», «Муяссар», турпнинг «Андижон–9», «Марғилон маҳаллийси», дайкон ёки япон турпининг «Содиқ» ва «Куз хадяси» навларини экиш тавсия этилади. Мазкур экинлар уруғи мамлакатимизнинг марказий минтақасида жойлашган ҳудудларда 1–15 августда, шимолий ҳудудларда 25 июль – 10 август ва жанубда 20 август – 20 сентябрда сочма ёки қатор (лента) қилиб СОН-2,8 сеялкасида экилади. 
Ҳар икки усулда ҳам эгат ораси 70 см ёки 60 см бўлиши лозим. Бунда турп уруғи 4–5, шолғом уруғи 2–3 кг/га меъёрда сарфланади. Турп уруғи 2, шолғом уруғи эса 1,5 см чуқурликкда экилади. Экин бегона ўтдан тозаланиб, ягана қилингандан сўнг ҳар гектарга 400 кг суперфосфат ва 150–180 кг азотли ўғитлардан бири билан озиқлантирилади. Шунингдек, қатор оралари КРН-2,8А русумли культиватор билан культивация қилиниб, эгат бағрини юмшатиш ва зарарли ҳашоратларга қарши курашга жиддий эътибор бериш зарур.
Пиёз уруғи августнинг иккинчи ярми, сентябрнинг биринчи ўн кунлигида сепилади. Бунда пиёзнинг маҳаллий эртапишар «Сумбула» навини экиш тавсия этилади. Пиёз уруғи ернинг нишаблигини инобатга ошган ҳолда 70–90 см оралиқда СКОН-4,2 русумли сеялка билан тўрт қаторли усулда ёки сочма ҳолда сепилади. Уруғларнинг 1,5–2 см чуқурликка кўмилишини таъминлаш мақсадга мувофиқ. 
Гектарига 14–16 кг уруғ сарфланиб, кўчат ораси 5–6 см.ни ташкил этади. Дастлаб ўсимликларнинг бўйи 6–8 см. га етганда, иккинчи марта боғлаб чиқариладиган товар ҳолига келганда экин икки-уч марта ўтоқ ва ягана қилинади. Қатор ораларига КРН-2,8 А русумли культиватор билан 15–16 см чуқурликда ишлов берилади. Кўзланган ҳосилни олиш учун ҳар гектар майдонга ўртача 300 кг азот, 220 кг фосфор ва 90 кг калий миқдорида минерал ўғит бериш мақсадга мувофиқ. Бунда фосфор ўғити йиллик миқдорининг 70–75 фоизи ерга асосий ишлов беришда, қолган қисми эса бороналаш олдидан солинади. Азот ўғитини эса вегетация даврида, озиқлантириш пайтида тенг иккига бўлиб берилади. 
Биринчи озиқлантириш пиёз яганаланиб, ўтоқ қилингандан сўнг, иккинчиси эса пиёз боши шакллана бошлаганда ўтказилади. Шунингдек, пиёзни уруғи билан тўғридан-тўғри далага экиш билан бирга кўчат қилиб экиш ҳам мумкин. Бунинг учун юқоридаги экиш муддатида 0,1 га майдонга 4–5 кг уруғ сепилади ва пиёз кўчати 2–4 барг чиқаргандан сўнг 1 га майдонга ноябрь-февраль ойида кўчириб ўтқазилади. Бунда уруғ 3–4 баробар кам сарфланади ҳамда ўтоқ ва ягана қилиш учун меҳнат сарфи камаяди ва маҳсулотнинг товарбоплиги юқори бўлади. 
Айни кунларда ёзги муддатда экилган картошка майдонларда уруғлик тўлиқ униб чиққунча об-ҳаво ва ер шароитига кўра 1–2 марта суғориш талаб этилади. Суғориш натижасида ўсиб чиққан бегона ўтларни йўқотиш мақсадида, суғоришдан 4–6 кун ўтгач қатор оралари ва эгатларнинг устки қисмига ишлов берилади. Ниҳоллар тўлиқ униб чиққандан 20–25 кун ўтгач, ўсимликларга биринчи комплекс ишлов берилади. Қатор оралари 15–16 см чуқурликда, 10–12 см ҳимоя масофаси қолдирилиб юмшатилади. Кейин эса ўсимлик оралари енгил чопиқ қилиниб, бегона ўтлардан тозаланади. 
Шундан сўнг экин КРН-2,8А, КОН-2,8А, КХО-4 русумли культиватор ёрдамида биринчи марта азотли ўғит (50%) билан озиқлантирилиб, пешма-пеш суғориш тавсия этилади. Иккинчи комплекс ишлов орадан 25–28 кун ўтгач ёки ўсимликлар ёппасига ғунчалайдиган даврда амалга оширилади. Кечки картошка ўсув даврида 8–10 кун оралатиб бир меъёрда суғорилади. Ҳосилни йиғиб-териб олишга 2–3 ҳафта қолганда сув бериш батамом тўхтатилади. 
Сабзавотлардан мўл ҳосил етиштиришда ҳар бир экин тури талабига мувофиқ майдонларни 7–12 кун оралатиб 450–500 м3/га меъёрда суғориш ва ҳар 2–3 сувдан кейин ўсимликлар қатор ораларини 12–14 см чуқурликда юмшатиб туриш тавсия этилади. Суғоришни айниқса, тунги пайтларда ўтказиш мақсадга мувофиқдир. 
Бундан ташқари, экин майдонларида пайдо бўлаётган касаллик ва зарарли ҳашаоратларга қарши курашишга жиддий эътибор бериш. Картошка, помидор ва бақлажон ўсимлигига энг кўп зарар етказадиган колорода қўнғизига қарши: 10% Фастак (0,1 л/га), 20% Маспилан (0,02 л/га), 25% Цирокс (0,16 л/га), ТАДЖ (0,035 л/га), 30% Бензофосфат (1,7–2,3 л/га), 2,5% Децис (0,1–0,5 л/га) препаратларнинг бирортасини 300–600 литр сувга аралаштириб пуркаш тавсия этилади. 
Пиёзда учрайдиган трипсга қарши 55% Циперфос (0,3 л/га), 20% Суми-альфа (0,1 л/га), 40% БИ-58 (0,5–1 л/га) дорилардан бирортасини юқоридаги меъёрда сувга аралаштириб қўллаш яхши самара беради. Оққанот ва полиз шираларига қарши 25% Апплауд (0,5 кг/га), ўргимчаккана, занг каналарга қарши 10% Ниссоран (0,1 кг/га), 57% Омайт (1,5 л/га), 20% Митак (2,5 л/га) препаратларини сувга қўшиб пуркаш лозим.

http://navoiagro.uz/interaktiv-hizmatlar/60-sabzavotkorlarga-tavsiyalar.html

Категория: Qishloq xo'jaligi | Добавил: azizjon_ibragimov (18.06.2016)
Просмотров: 1052 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar