Главная » Статьи » Qishloq xo'jaligi

Тежамкорлик – файзу барака омили

Марказий Осиёда сув азалдан энг азиз табиий неъмат, минтақада истиқомат қилувчи барча халқлар учун ривожланиш ва фаровонлик омили бўлиб келган. Аммо ўтган асрда пухта ўйланмаган хўжалик фаолияти оқибатида юзага келган экологик муаммолар, хусусан, Орол денгизи сатҳининг чекиниши минтақада табиий муҳитнинг бузилишига сабаб бўлди. 

Президентимиз Ислом Каримов 1993 йил Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 48-сессиясидаги маърузасида дунё жамоатчилиги диққат-эътиборини мазкур муаммога қаратиб, Оролбўйидаги экологик фалокатни бартараф этиш, Орол денгизини қутқариш бўйича биргаликда чора-тадбирларни амалга ошириш минтақаларо ҳамкорлик доирасида алоҳида аҳамиятга эга, дея таъкидлаган эди. 

Орол денгизини сақлаб қолиш орқали ҳудуддаги табиатни асраш ҳамда инсонлар ҳаёт тарзини яхшилаш ва фаровонлигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Натижада фермерлар ва сувдан фойдаланувчилар аграр соҳа тараққиёти ва юрт фаровонлиги сувдан тежаб-тергаб фойдаланишга боғлиқ эканини чуқур англаб етмоқда. 

Сув танқислигини юмшатишнинг энг мақбул йўли ундан самарали фойдаланишдир. Шу боис мамлакатимизда қатраси олтинга тенг оби ҳаёт манбаларидан тежамли, мақсадли ва самарали фойдаланиш чоралари кўрилмоқда, соҳага янги илғор технологиялар татбиқ этилмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 19 апрелдаги “2013-2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада дастуриламал бўлаётир. Мазкур қарорда 25 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш тизими, 45,6 минг гектарда эгатга плёнка тўшаб суғориш усули, 34 минг гектар майдонда ўқ ариқлар ўрнига кўчма эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш усуллари жорий этиш белгиланган. Айни вақтда барча вилоятларда молиялаштириш манбаларини аниқлаштириш, лойиҳалаш ва қуриш ишлари бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида мамлакатимизда 2200 гектардан ортиқ майдонда томчилатиб суғориш тизими барпо қилинди. Самарқанд ва Тошкент вилоятлари бу борада пешқадамлик қилмоқда. 

– Эгатлаб суғориш усулида сув кўп исроф бўлгани учун ҳозир томчилатиб суғоришдан фойдаланиш кўлами кенгаймоқда, – дейди Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг сув ресурслари баланси ва сувни тежайдиган технологияларни ривожлантириш бошқармаси бўлим бошлиғи Зокир Эшпўлатов. – Бу – кам сув сарфлаб, юқори ҳосил олишга хизмат қилади. Ўсимликка сувнинг қувурлар воситасида етказиб берилиши суғориш ва озиқлантириш жараёнини тўлиқ автоматлаштириш имконини беради. Шу боис мазкур технология фермерларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Томчилатиб суғориш технологиясининг барча бутловчи буюмлари ва тизимлари “Шўртангазкимё” мажмуасига қарашли “Термопласт” заводи, “САНИПЛАСТ” қўшма корхонаси, “Агропласт монтаж сервис” фирмаси, “Махсусполимер”, “Жиззах пластмасса” ва бошқа кўплаб корхоналарда ишлаб чиқарилаётгани ушбу усулнинг янада оммалашишида қўл келмоқда. 

Бу усул мураккаб рельефли, қурғоқчилик узоқ давом этадиган ва кучли шамол турадиган ҳудудлар, тупроқ қатлами юпқа, сув шимилиши юқори майдонларда, айниқса, яхши самара беради. Тупроққа фақат зарур миқдорда сув қуйилиши ер ости сувларининг кўтарилиши ва ер шўрланишининг олдини олади. Зеро, томчилатиб суғориш усулида суғоришлар сони ва меъёри бошқарилади. Ўсимлик илдиз қатламида оптимал намликни таъминлаш зарур бўлган вақтда сувга керакли ўғитлар қўшилади. Сув ва озуқа далага бир текис тақсимлангач, экинлар баравар ривожланиб, ҳосил бир вақтда етилади. 

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳам мазкур йўналишда янги имкониятлар яратмоқда. Фармонга кўра, томчилатиб суғориш технологиясини жорий этган юридик шахсларни, ушбу технология жорий қилинган ер майдони бўйича 5 йил муддатга ягона ер солиғи тўлашдан озод этиш юзасидан Солиқ кодексига ўзгартишлар киритилди. 

Мамлакатимизда сувни тежайдиган илғор технологияларни, жумладан, эгатга плёнка тўшаб ҳамда ўқ ариқлар ўрнига эгилувчан кўчма қувурлар ёрдамида суғоришни кенг жорий этишга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Хусусан, жорий йилда 11 минг 500 гектардан ортиқ майдонда ғўзани эгат оралатиб суғориш, кўчма ва эгилувчан қувурлар ҳамда полиэтилен плёнка орқали суғориш усуллари йўлга қўйилди. Натижада ушбу майдонларда 20-30 фоизгача сувни тежашга эришилди. Таъкидлаш жоизки, кўчма эгилувчан қувурларда суғориш Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларида яхши йўлга қўйилган. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 21 июндаги “Томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш ва молиялаштиришни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори сувни тежайдиган замонавий суғориш усулларни жорий этган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Томчилатиб суғориш ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этганларга тежалган сув ресурслари ҳисобидан бўшаган майдонларда қишлоқ хўжалиги экинлари ўстириш учун фойдаланиш ҳуқуқи, сувни тежайдиган суғориш технологиялари учун бутловчи буюмлар ишлаб чиқарувчи ихтисослаштирилган ташкилотларга полиэтилен гранула харид қилиш учун йиллик квоталар ажратилаётгани шулар сирасидандир. 

Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан сувни тежайдиган технологияларни жорий этадиган ер эгаларига имтиёзли фоизларда кредитлар ажратилмоқда. Бу сармоялар энг кам ойлик иш ҳақининг 1000 бараваригача миқдорда, 6 ойлик имтиёзли давр билан, камида 3 йил муддатга, хизмат кўрсатувчи тижорат банкининг маржаси ҳисобга олинган ҳолда, имтиёзли фоиз ставкаси бўйича амалга оширилади. 

Наманган вилояти Косонсой туманидаги “Аҳмадхон ҳожи” фермер хўжалиги 110 миллион сўм, Тўрақўрғон туманидаги “Илҳом-Икром Бозоров” фермер хўжалиги 96 миллион сўм, Учқўрғон туманидаги “Гулхумор” фермер хўжалиги 39 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит эвазига томчилатиб суғориш тизимини жорий этди. 

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 5 августда қабул қилинган фармойишига биноан Урганч шаҳрида шу йилнинг октябрь ойи охирида ўтказиладиган «Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш» мавзусидаги халқаро конференция мамлакатимизда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда иқтисодиётимизнинг барча тармоқларига сув етказиб берилишини таъминлайдиган самарали тизимнинг янада такомиллашувига хизмат қилади.

http://navoiagro.uz/interaktiv-hizmatlar/180-23092014-tezhamkorlik-fayzu-baraka-omili.html

Категория: Qishloq xo'jaligi | Добавил: azizjon_ibragimov (18.06.2016)
Просмотров: 1453 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar