Главная » Статьи » Qishloq xo'jaligi

Тоғ ва тоғолди минтақаларида узумчилик

16.02.2015 Тоғ ва тоғолди минтақаларида узумчилик
Республикамизда узум етиштиришни кўпайтиришда тоғ ва тоғолди ҳудудлар катта аҳамият касб этади. Бундай ҳудудларнинг табиий шароитлари узумчиликни ривожлантириш учун жуда қулай. Жумладан, Бўстонлиқ, Паркент, Оҳангарон, Ургут, Нурота, Хатирчи, Ғаллаорол, Фориш, Зомин, Китоб, Яккабоғ, Чироқчи, Шаҳрисабз, Деҳқонобод, Денов, Олтинсой, Сариосиё каби туманларда токзорларни ривожлантириш учун қулай шароит мавжуд. 
Тоғ токчилигининг парвариш технологияси биринчи навбатда тупроқдаги намни сақлаб қолиш, экишдан олдин тупроққа ишлов беришнинг ўта қулай усулларини қўллаш, эриган қор ва ёмғир сувларидан унумли фойдаланиш ҳамда тоғ ёнбағирларида эрозия жараёнларининг олдини олишга қаратилиши керак. 
16.02.2015 Тоғ ва тоғолди минтақаларида узумчилик
Тупроққа ишлов беришнинг қулай муддати куз ва баҳордир. Нишабли майдонлардаги токзорларга ишлов беришда текис ерларда қўлланиладиган трактор ва механизмлардан фойдаланиш мумкин. Жойларнинг қиялик даражаси 7–80 бўлганда плантаж плуги билан (ИП-60) 40–60 см чуқурликда ҳайдалади. Бу тупроқни эрозиядан сақлаб нам йиғилишини яхшилайди. Узумнинг тури ва ва навлари нишаб жойларнинг йўналиши, майдоннинг денгиз сатҳидан баландлиги, шунингдек, тур ва навларнинг биологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда танланади. Тоғ ва тоғолди ҳудудларда узум туплари денгиз сатҳидан баландлиги 700–1400 м бўлган Жанубий Шарқий ва Ғарбий қияликларда жойлаштирилади. Тоғ қияликлардаги шартли суғориладиган майдонларда ток 3х2,5, лалмида 3х3 м масофада экилади. Кўчат экишдан олдин тупроқ 15–18 см чуқурликда юмшатилади. Лалми ерларга кўчат экишнинг энг мақбул муддати куз ойларидир. Баҳорда эса қорлар эригач, апрель ойининг ўрталаридан кечикмасдан экиш лозим. Тупроқ пиллапоя усулида тайёрланиб, кўчат пиллапоя ўртасига экилади. Лалми шароитда тупроққа сув яхши сингиши учун уни 35–40 см чуқурликда ҳайдаш керак. 
16.02.2015 Тоғ ва тоғолди минтақаларида узумчилик
Дастлабки тўрт йилда тупроқ 40–50 см чуқурликда юмшатилади, кейинги йилларда эса 25 см. гача камайтирилади. Бу тадбир тупроқда микроорганизмлар фаолиятини жадаллаштириб, тупроқ унумдорлигини оширади, тупроқда ҳаво алмашинишини яхшилайди, намликнинг максимал йиғилишига имкон беради ва ниҳоят қияликлардан сувнинг оқиб кетишига йўл қўймайди. Суғориш имкони бор майдонларда кўчат экиб бўлингач, кўчатнинг икки томонидан ариқлар олиниб сув берилади. 
Суғориш имкони бўлмаган майдонларда эса кўчат экиб бўлингач, ҳар бир туп атрофига қўлда 6–8 л миқдорида сув қуйилади. Ўсув даврида тупроқда намликни сақлаш учун кўчатлар атрофи культивация қилиб турилади. Ҳосилли токзорларнинг ҳар гектарига солинадиган ўғит ҳосил миқдорига қараб йилига соф ҳолда азот 120, фосфор 60–90, калий 30–50 кг. ни ташкил қилади. Умуман 2–3 йилда бир марта органик ўғитлар солиш тавсия этилади. Азотли ўғитлар фақат баҳорда, органик ва фосфорли–калийли ўғитлар эса кузда қатор ораларига шудгордан олдин солинади. Йилига 800–900 мм ёғин ёғадиган тоғли ҳудудларда кузда умумий миқдордан азотнинг 30–40 фоизи, яъни 30–40 кг ва фосфор 60–70 кг миқдорда солинади. Азотнинг қолган қисми эса баҳорда солинади. Ниҳолларнинг яхши тутиши ва тез ўсиши учун кузги-қишки ёғинлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Қиялик 10 даража бўлган контурли экилган жойларда суғориш имконияти бўлса, ўсув даврида 3–4 марта, қиш ойларида 1–2 маротаба суғорилади. 
16.02.2015 Тоғ ва тоғолди минтақаларида узумчилик
Токзорларга зараркунандалардан ток мевахўри, касалликлардан ун шудиринг, доғли антракноз зарар етказади. Эрта баҳорда куртаклар ёзилишидан олдин юқумли касалликлар оидиум, антракноз, бактериал ракка қарши 3 фоизли Бордос суюқлиги ёки 5 фоизли оҳак-олтингугурт қайнатмаси ёки 1 фоизли мис купороси билан ишлов берилади. Токлар 5–6 чинбарг чиқарган вақтда оидиум (кул) касаллигига қарши гектарига 25 кг туйилган олтингугурт, 15 кг оҳак кукуни ёки 0,02 фоизли Фоликур ёки Вектра сепилади. Гуллаш тугагандан 15 кун ўтгач, гектарига 30 кг туйилган олтингугурт ва – 15 кг оҳак аралашмаси чангланади. Узум мевахўри (шингил қурти) ва бир йўла оидиумга қарши тўпгуллар тўлиқ шаклланганда Карбофос (0,27 %) ёки Золон (0,29 %) ёки Каратэ (0,047 %) билан ишлов берилади. Мазкур тавсияларни жорий қилиш токзорлар ҳосилдорлигини ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш, шунингдек соҳанинг иқтисодий самарадорлигини кўтаришда муҳим омил бўлади.
C.Тешаев http://navoiagro.uz/interaktiv-hizmatlar/259-16022015-to1171-va-to1171oldi-minta1179alarida-uzumchilik.html

Категория: Qishloq xo'jaligi | Добавил: azizjon_ibragimov (18.06.2016)
Просмотров: 1207 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar