«Трактор» атамаси лотинчада «тортаман», «ташийман» деган маъноларни англатиб, двигатель ёрдамида ҳаракатланувчи ғилдиракли ёки занжирли ўзиюрар машина эканлигини ҳамда у қишлоқ хўжалиги ва бошқа юмушларни бажариш, тиркама, ўрнатма ва ярим ўрнатма иш қуролларини тортиш ва ҳаракатлантиришга хизмат қилишини кўпчилик яхши билади.
Бу ишларни сифатли бажариш учун аввало тракторнинг двигатели юқори қувват билан равон ишлаши, муфта, узатмалар қутиси, юриш, бошқариш, тормоз, гидравлика тизимлари ҳамда электр асбоблари доимо соз ҳолатда бўлиши керак. Шу боис механизаторлар, муҳандис-техник ходимлар бу тизимлардаги носозликларни аниқлаш ва тузатиш йўлларини пухта билиб олмоқлари зарур.
Қуйида носозликларнинг белгилари ва юзага келиш сабаблари келтирилган. Дизель бехосдан тўхтади (шовқин сўндиргичдан қора тутун, сапундан эса буғ чиқмоқда) – тирсакли вал бир ёки бир нечта поршен цилиндр гильзаларида қисилиб қолган. Дизель тақиллаб ишлаяпти – поршен ва гильзалар ейилган. Дизель картеридаги мой сатҳи баланд – зичлагич ейилганлиги сабабли унинг четларидан мой томчиламоқда; қопқоқни насос корпусига маҳкамлайдиган болтлар бўшашган; насос қопқоғи остидаги зичловчи ҳалқа ейилган. Дизелдан қора тутун чиқмоқда – тақсимлаш шестернялари нотўғри ўрнатилган. Дизель қизиб кетмоқда – совитиш суюқлиги камайган; шамолпаррак тасмаси бўшашган; радиатор ифлосланган; совитиш тизимида чўкинди ва қуйқа бор; термостат клапани тўлиқ очилмаган; радиаторнинг шторкаси ёпиқ. Дизелдан кўк тутун чиқяпти – блок-картер тубидаги мой меъёридан ортиқлиги сабабли ёниш камерасига тушмоқда.
Мой босими паст – монометр носоз; блок-картер тубида мой меъёридан кам; қувурлардан мой томчилаяпти; насос трубкаси тиқилиб қолган. Мой босими умуман йўқ – монометр носоз; мой насосининг вали синган; насос юритмаси шестернясининг штифти кесилган; центрафуганинг насадкаси жойидан қўзғалиб қолган. Мойнинг босими юқори – центрафуганинг сақлаш клапани ёпиқ ҳолатда қисилиб қолган. Дизель қизиб кетмоқда – мой насоси радиатор секциясининг шестерняси айланмаяпти; радиатор секциясининг клапани ростланмаган. Мой сарфи юқори – поршен ҳалқалари ва ариқчалари ейилган; улар орасида катта тирқиш пайдо бўлган; гильзаларнинг конуслиги ва оваллиги бузилган;
Дизель ўт олмаяпти – ёнилғи билан таъминлаш тизимига ҳаво кирган; фильтрлар ифлосланган; ёнилғи насосининг рейкаси қисилиб қолган; Дизель текис ва тўла қувват билан ишламаяпти – таъминлаш тизимига ҳаво кирган; ёнилғи пуркагичнинг нинаси қисилиб қолган ёки тешиклари коксланган; ёнилғи босими паст; насос бузилган; плунжер қисилиб қолган; плунжерлар жуфтлиги ейилган; насос ростланмаган. Дизелдан қора тутун чиқмоқда – ҳаво билан кам таъминланмоқда; фильтр элементлари ифлосланган; ёнилғи пуркагичнинг нинаси қисилиб қолган; ёнилғи пуркашни илгарилатиш бурчаги нотўғри ўрнатилган.
Дизелдан тақиллаган товуш чиқмоқда – ёнилғи пуркашни илгарилатиш бурчаги олдинроққа ўрнатилган; форсункалардан бири ишламаяпти. Дизель бир маромда ишламаяпти – ёнилғи насоси регуляторининг корпусида мой сатҳи баланд; ёнилғи насосини рейкаси ёки меъёрлагич юритмаси қисилиб қолган.
Тишлашиш муфтаси салт айланмоқда – сиқиш подшипниги тираки ва қисиш ричаглари ҳалқаси оралиғида тирқиш йўқ; етакланувчи дискнинг фрикцион қопламаси ейилган; сиқувчи пружиналар эскирган ёки синган; етакланувчи дискнинг фрикцион қопламаси мойланиб қолган; сиқувчи диск қийшайган. Тишлашиш муфтаси тўлиқ ажратмаяпти – сиқиш подшипниги тираки ва қисиш ричаглари ҳалқаси оралиғидаги тирқиш катта; оралиқ диск ўрта ҳолатга ўрнатилмаган; етакланувчи диск қийшайган; сиқувчи диск қийшиқ турипти; педалнинг эркин йўли йўқ. Тишлашиш муфтаси буровчи моментни тўлиқ узатмаяпти – педалнинг эркин йўли йўқ; етакланувчи дискнинг фрикцион қопламаси ейилган; етакланувчи диск мойланган.
Узатмалар қутисидан мой сизаяпти – бирикмалардаги болт ва гайкалар тортилмаган; корпус ва қопқоқлар орасидаги қистирмалар мойни ўтказиб юбормоқда. Узатма қийин қўшиляпти – блокировка механизми ростланмаган; шлицалар урилган, шестернялар тишлари ейилган. Узатма ўз-ўзидан ажралиб кетаяпти – узатмаларни қўшиш вилкаси ва тишли ғилдираклар кареткасининг ҳалқасимон чуқурчалари ейилган; узатмаларни қўшиш вилкасини қотириш болтлари бўшаган; қайдлаш қурилмаси ейилган. Трансмиссиядан ортиқча шовқин эшитилмоқда – дифференциалдаги роликли подшипникларнинг бўйлама люфти катталашган; асосий узатма шестерняларининг тишлари кўп ейилиб, ён тирқиш 1,5 мм. дан каталашган ёки дифференциалдаги роликли подшипниклар ортиқча ейилган.
Олдинги ғилдираклар шиналари тез ейилмоқда ва қатламларга ажралиб кетмоқда – ғилдиракларнинг ўзаро яқинлашуви бузилган. Олдинги ғилдираклар текис ҳаракатланмаяпти – ғилдиракларнинг ўзаро яқинлашуви бузилган; ғилдиракларнинг конуссимон подшипникларида тирқиш катта; ўнг ва чап ғилдираклар шиналаридаги ҳавонинг босими ҳар хил. Занжир етакчи ғилдиракда сирпанмоқда ва тақилламоқда – занжир бўш тортилган, звеноларнинг бармоқлари ва каллаклари ейилган; етакчи ғилдирак тишлари ейилган.
Руль чамбарагини буриш қийин – гидрокучайтиргич тизимида мой етарли эмас ёки ҳаво кириб қолганлиги сабабли мой кўпикламоқда; насос дозаторнинг сақлаш клапани бузилган; насосдан мой сизиши ортган; червяк-сектор илашмаси қадалиб қолган. Руль чамбарагининг салт бурилиши катта – червяк-сектор илашмасининг тирқиши ортган; карданли муфта юритмаси бирикмаларидаги тирқиш катта. Ҳаво тизимида босим секин кўтарилмоқда – компрессор клапанидан ҳаво чиқмоқда; компрессор ҳалқалари ейилган; туташтирувчи қопқоқни резина зичламасидан ҳаво чиқмоқда. Ҳаво тизимидаги босим паст – тизимдан ҳаво кўп чиқяпти.
Аккумулятор батареялари қайта зарядланмоқда – қисқа туташув ёки конденсатор занжирида узилиш бор; ростланувчи қувват ортиб кетган; мавсумий ҳолатни ростловчи винт «З» – қиш белгига ўрнатилган. Аккумулятор батареялари зарядланмайди – ростланувчи қувват камайиб кетган; мавсумий ҳолатни ростловчи винт «Л» – ёз белгига ўрнатилган. Гидравлика насоси мой бермаяпти ёки кам миқдорда ҳайдаяпти – бакда мой йўқ, мой сатҳи паст, зичловчи ҳалқалар йиртилган ёки ейилган. Насос ишлаганда бакнинг бўғизидан кўпик сачрамоқда – насос етакчи шестерняси валининг зичлагичидан ҳаво сўрилмоқда; сўрувчи қувурни насосга бириккан жойидан ҳаво сўрилмоқда; бирлаштирувчи қувурлар орасидан ҳаво кирмоқда. Иш жараёнида насос ва мой тез қизиб кетмоқда – золотник қадалиб қолган ва тақсимлагич клапани осилиб қолган; мой қувурларини беркитиш муфтасининг гайкаси бўшаб қолган. Насос ишлаганда ортиқча шовқин эшитилмоқда – бакдаги мой сатҳи жуда паст; мой қувурларининг трактор деталларига тегиб турган жойлари титрамоқда.
Носозликларни бартараф этишда уларни келтириб чиқарувчи сабаблар бирин-кетин бартараф этилиши зарур. Масалан, дизель ўт олмаса дастлаб тизимдан ҳаво чиқариб юборилади, бу ёрдам бермаса фильтрлар тозаланади, бунда ҳам ўт олмаса, насоснинг рейкаси созланади.
М.Тошболтаев, И.Тўланов http://navoiagro.uz/interaktiv-hizmatlar/17-traktor-hakida.html
|