Қурғоқчил минтақада жойлашган мамлакатимиз шароитида одатда эрта кузда тупроқ таркибида нам миқдори кам бўлади. Бундай шароитда кузги ғалланинг бир текис униб чиқиши учун тупроқда зарур миқдорда намни ҳосил қилиб, кейин уруғни экиш мақсадга мувофиқ.
Бунда, айниқса, экиш олдидан нам ҳосил қилувчи енгил суғоришларни ўтказиш жуда қўл келади. Айниқса, оч тусли бўз тупроқли ва чўл ҳудудларидаги тақир тупроқли, ер ости сувлари сатҳи чуқур жойлашган далаларда нам тўпловчи суғоришларнинг экинлар илдизи озиқланадиган қатламини намлашдаги аҳамияти жуда юқоридир.
Дон экиш олдидан ўтказилган тупроқда нам яратувчи суғоришлар кузги буғдойни бир текис ундириб олишга имконият яратади. Нам ҳосил қилиш суғоришларининг муддат ва меъёрлари тупроқ шароитларига қараб белгиланиши лозим. Оғир ва оғирсозли тупроқларда нам ҳосил қилиш суғоришлари эртароқ ўтказилгани маъқул.
Бу ҳолат тупроқнинг тезроқ етилиши ва уруғ экишни ўз вақтида ўтказилишига имконият яратади. Бундай суғоришлар Қорқалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятида муҳим аҳамият касб этади.
Шўрланмаган ва кам шўрланган ерларда нам ҳосил қилиш мақсадида юқори меъёрда (1,5 минг м3/га атрофида) сув бериб ўтказиладиган суғоришни шўр ювишнинг яна бир тури деб, ҳисоблаш мумкин. Ер ости сувлари сатҳи чуқур жойлашган ерларда нам ҳосил қилиш учун суғоришлар ўтказилса самараси жуда юқори бўлади.
Бундай ҳолатда экинлар қўшимча суғоришсиз униб чиқади, парвариш давридаги суғоришлар сони қисқаради, суғоришга ишлатиладиган сувларнинг умумий миқдори камаяди. Бундай суғоришни ўтказиш учун аввал тупроқ 30–35 см чуқурликда ағдариб ҳайдалади ва дискали молада молаланади.
Тупроқ чуқур юмшатилгандан сўнг майдон юзаси обдон текисланиб, қатор оралиғи 45–60 см бўлган калта (узунлиги 50–100 м) эгатлар олинади ва улар суғорилади. Бунда суғориш даланинг этагидан бошланади ва даланинг юқори қисми энг охирида суғорилади.
Экиш олдидан ўтказиладиган нам тўпловчи суғоришларнинг меъёрлари одатда тупроқда етишмаётган намлик миқдоридан келиб чиқиб белгиланади. Уларнинг миқдори оғирсозли тупроқларда 1000–1200 м3/га бўлса, соз ва қумоқ каби енгил тупроқларда 800–900 м3/га. ни ташкил қилади.
Суғориш суви беҳуда исроф бўлишининг олдини олиш учун далаларни экишга тайёрлаш ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Шунинг учун ерларни экишга тайёрлаш жараёнида ерга маҳаллий ўғитлар (гўнг) бериб, чуқур ҳайдалишига эътибор бериш, бунда иложи борича йирик кесаклар ҳосил бўлишига йўл қўймаслик лозим.
Катта кесаклар суғориш вақтида сув йўлини тўсиб, сувнинг беҳудага сингишига сабаб бўлади. Ҳайдалган ерни яхшилаб текислаш ҳам сувнинг эркин оқишига имконият яратади ва суғоришнинг самарали бўлишига ёрдам беради.
Ерга уруғ қадалаётган пайтда тракторнинг эгатларни тўғри олишига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ариқларнинг тўғри бўлиши сув юришини осонлаштиради ва сувнинг кўллаб қолиши ва ерга сингишининг олдини олади. Суғоришга ишлатиладиган сувдан самарали фойдаланиш учун биринчи галда фермерлар Сувдан фойдаланувчилар уюшмалари (СИУ) билан сув етказиб бериш тўғрисидаги шартномага тўлиқ амал қилишлари лозим.
Сув олиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида СИУ билан шартнома тузиш учун фермерлар экин тури ва майдонлари тўғрисидаги маълумотларни СИУга тақдим этишлари лозим. СИУ эса бу маълумотлар асосида сувдан фойдаланиш режасини ишлаб чиқади.
Фермерлар сув олиш учун СИУга беш кун олдин ёзма талабнома бериши керак. Сувдан фойдаланганлик бўйича СИУ билан фермер ўртасида кундалик, ўн кунлик, ойлик ва суғориш мавсумлари бўйича махсус шаклларда ҳисоботлар юритилади.
Фермерлар ҳар куни олган суви тўғрисида СИУга маълумот бериб боришлари лозим. Сув танқис бўлган шароитда каналдан олинаётган сув кичик миқдорларга бўлиб далаларга узатилса, сув тежалмайди ва далага берилаётган сувнинг умумий миқдори кўпайиб кетади. Шунинг учун фермерлар ғаллани навбатма-навбат суғоришса, катта миқдордаги сув бир далага йўналтирилиб, сув тежашига эришилади.
Ғаллани суғориш меъёри, вақти ва давомийлиги об-ҳаво, ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароити, тупроқ тури, ер ости сувининг сатҳи, экинни ривожланиш фазаси ва бошқа хусусиятларга боғлиқ. Тупроқ намлиги ўзгариши (камайишини) ва униб чиққан майса ҳолатини доимо кузатиб бориш лозим.
Суғоришни ўз вақтида ўтказиш ниҳолларнинг бир текис униб чиқиши ва меъёрида ўсишини таъминлайди. Шу боис далаларни тезлик билан пешма-пеш суғориш талаб қилинади. Суғоришнинг сифатли бўлишида сувни тежаш учун эгатларнинг узунлиги ва сувнинг йўналишига ҳам алоҳида эътибор бериш лозим.
Эгат узунлиги дала нишаби ва тупроқнинг сув шимиш хусусиятига қараб танланади. Агар эгат узун олинса, сув унинг охирига етиб боргунича, кўп қисми эгатнинг бош қисмида тупроққа беҳудага сингиб исроф бўлади.
Шунинг учун эгат узунлигини дала шароитидан келиб чиқиб иложи борича калта ўқариқлар олинса, суғориш вақтида сувнинг ерга беҳудага сингиши камаяди ва эгатнинг бошидан то охиригача бир текис намланишига эришилади.
Даланинг бир текис намланиши ҳосилдорликнинг юқори бўлишини таъминлайди. Эгатнинг бутун узунлиги бўйича тупроқнинг бир текис намланишига эгатга берилаётган сув сарфини ўзгартириб туриш орқали эришиш ҳам мумкин, яъни бунда эгатга аввал кўп сув бериб, оқова чиққанда сув камайтирилса оқова сувлар миқдори 15–20 фоизга камаяди.
Суғоришни кечаю-кундуз узлуксиз ўтказиш лозим. Тунги суғоришда юқори сифатга эришиш учун сувчилар зарур асбоб-анжомлар билан таъминланиши лозим. Сув ўта танқис бўлган ҳозирги шароитда ғаллани бир текис ундириб олиш бўлғуси ҳосил тақдири биринчи галда фермер ва сувчиларнинг малакасига боғлиқ.
Эгатларга сувнинг бир текис оқишини таъминлаш, тупроқ тўла намланиши билан сувни тўхтатиш, далаларни ортиқча намланишдан сақлаш ва сув кўллашининг олдини олиш бир текис майса олишга имконият яратади.
С.Маматов, Ф.Ибрагимов http://navoiagro.uz/interaktiv-hizmatlar/140-tupro1179da-etarli-namlikni-taminlash-byicha-tavsiyalar14092014-y.html
|