Ипак қуртидан мўл ва сифатли пилла етиштириш кўп жиҳатдан озуқа базаси — тут дарахтлари ва тутзорлардан олинадиган барг ҳосилига боғлиқдир. Шу боис айни кунларда якка тартибда қаторлаб экилган тут дарахтларига, мавжуд баланд танали ва бута шаклидаги тутзорларга ишлов бериш муҳим аҳамиятга эга. Тут дарахтлари тагини юмшатиш, қатор ораларига ўғит солиш, ишлов бериш каби юмушлар ўз вақтида амалга оширилса, сифатли ва мўл барг ҳосили олиниб, улардан ипак қурти боқилганда сифатли ва юқори пилла ҳосили етиштирилади. Фермерлар баҳорда янги тут кўчатлари экишга жиддий эътибор беришлари зарур. Кўчатлар экилгандан сўнг суғорилса, ниҳоллар ерга яхши жойлашиб, тез кўкаради. Кўчатлар ўз вақтида сифатли парваришлаб турилса 3—4 йилда барг ҳосили бера бошлайди. Шу кеча-кундузда амалга ошириладиган муҳим тадбирлардан яна бири ўтган йили новда ва шохлари кесилмай қолиб кетган тут дарахтларини ёшартиришдир. Дарахтларни ёшартиришни февраль-март ойларида танасида шира ҳаракати бошланмасдан олдин амалга ошириш керак. Бунда қуйидагиларга риоя қилиш лозим: дарахт бир каллакли бўлса, бу каллак тагидан 5—10 см қолдириб кесилади, кўп каллакли бўлса ҳамма каллаклар тагидан кесилмай, каллакдаги бутоқларнинг учларигина қирқилади. Баргидан бир неча йил давомида ёки бутунлай фойдаланилмай келаётган тут дарахтларини ёшартиришда ўсиб кетган бутоқлардаги асосий шохларнинг учдан икки қисми кесилиб, 1/3 қисми қолдирилади. Ёшартирилган дарахтларни яхши парваришлаб, уларнинг баргидан фойдаланмаслик лозим. Бундай дарахтларга шакл бериш келгуси йилги мавсумда бажарилади. Тут дарахтларидан юқори сифатли ва мўл барг ҳосили олиш учун якка қатор тут дарахтлари ва тутзорлар март-апрель ойларида ўғитланади. Ўғит берилгандан сўнг уларни қондириб суғориш талаб этилади, акс ҳолда ўғитларнинг таъсирчанлиги камаяди. Тутзорларга ўғит беришда ернинг шароитига қараб, ҳар гектар тутзорга 360—400 кг аммиак селитраси ва 400—500 кг суперфосфат солинади. Якка қаторлаб экилган тут дарахтларига ёшига қараб, ҳар бир туп дарахтга: 10 ёшгача — 375 г аммиак селитраси, 300 г суперфосфат; 10 ёшдан-20 ёшгача — 750 г аммиак селитраси, 625 г суперфосфат; 20 ёшдан-40 ёшгача — 1500 г аммиак селитраси, 1250 г суперфосфат берилади. Ўғитларнинг ярми шу кеча-кундузда, қолган қисми эса барги кесиб олингандан сўнг солинади. Тут дарахтлари ва тутзорларни ўз вақтида озиқлантириб суғорилса барг ҳосили 25—30% га ошади. Баргнинг таркибида ипак қурти учун зарур бўлган моддалар етарли бўлади, қуртлар бақувват ва соғлом ўсади. Юқорида айтилган агротехник тадбирлар ўз вақтида бажарилса, сифатли ва юқори барг ҳосили етиштирилиб, пилладан мўл ҳосил олишга замин тайёрланади.
Ф.Ҳамроев http://navoiagro.uz/interaktiv-hizmatlar/238-29012015-tutzor-tadbirlari.html
|