Главная » Статьи » Qishloq xo'jaligi

Ғўза апробациясини ўтказиш бўйича тавсиялар

Республикамизда пахта етиштирувчи фермер хўжаликларининг келгуси йилда юқори ҳосилли ҳамда сифатли уруғлик чигити билан узлуксиз таъминлаб бориш мақсадида, ҳар йили уруғлик пахта учун экилган майдонларда апробация (танлов) ўтказилади. 

                                                                     
Бу йилги қишлоқ хўжалиги учун ўта мураккаб, сув танқислиги юз берган йилда ғўза апробацияси минтақаларнинг турли тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, жорий йилнинг 5 августидан 20 августигача бўлган муддатда ўтказиш мақсадга мувофиқдир. 
Апробация учун районлашган ғўза навларининг биринчи, иккинчи, учинчи ҳамда, агар уруғлик чигит тайёрлаш режаси учун чигит етмаса, тўртинчи авлодли (репродукцияли) уруғлик майдонлари ҳам танлаб олинади. Мамлакатимизда жорий йилда тендер танловида ғолиб, деб топилган 3390 та фермер хўжаликларининг 148196 гектар уруғлик учун экилган пахта майдонларида апробация ўтказиш мўлжалланган. 
Ғўза апробацияси натижасида навларнинг элита ҳамда авлодли экилган майдонларида навнинг ҳақиқий нав тозалиги (навдорлиги), нав аралашмалари, ўсимликларнинг касаллик ва зараркунандалар билан зарарланганлик даражаси ҳамда кутилаётган умумий пахта ҳосили, шу жумладан, уруғлик пахта миқдори ва ундан олиниши кутилаётган уруғлик чигит миқдори ҳам аниқланади. 
Апробация режаси ҳамда унинг умумий майдонлари барча вилоятларда ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида тасдиқланиб, пахта терими бошлангунча вилоятлар Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари ҳамда “Пахтасаноат”, “ўўза уруғчилиги” вилоят бирлашмалари ва “Давуруғназоратмарказ”ларига етказилади. 
Агроном-апробаторлар уруғлик пахта етиштиришда энг яхши, серҳосил, навдорлиги юқори далаларни танлаб олиш учун апробация вақтида қуйидагиларга эътибор беришлари лозим: 
I.Барча фермер хўжаликларида экилган ҳамда сарфланган уруғлик чигит тўғрисидаги ҳужжатларнинг мавжудлигини, шу ҳужжатлар бўйича селекцион нав, репродукцияси ҳамда навдорлиги ҳақидаги маълумотларни апробация режаси билан таққослаб, ўзаро мос келишини, қайта экиш ёки оласига экилган бўлса, улар учун сарфланган уруғлик чигит миқдорини ҳам ҳисобга олиши, агар ғўза нави, репродукцияси ёки навдорлиги орасида фарқ бўлса, бу ҳақда дарҳол катта апробаторга хабар бериши лозим. 
II.Уруғлик тайёрлашга яроқсиз далаларни бракка чиқариш ва аксинча яхши, тоза далаларни танлаш учун апробация қилинадиган барча далалар кўриб чиқилади. Бошқа нав чигити ёки шу навнинг бошқа репродукцияси экилган ҳамда жуда қуриб қолган далани, кам ҳосил ва зараркунанда ҳамда касалликлар билан кучли зарарланган ўсимликларни бракка чиқаради. 
III.Барча апробация қилинган майдонларда (кам ҳосил, чанқатиб қўйилган, навдорлиги пастлиги сабабли уруғлик тайёрлашга яроқсиз, деб топилган майдонлардан ташқари) ғўзаларнинг вертициллёз ёки фузариоз вилт ва гоммоз билан зарарланганлик даражаси аниқланади. ўўзанинг илдиз чириш касаллиги билан зарарланган майдонларни бирор гуруҳга киритишни ҳар йили Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги белгилаб беради. 
IV.Мўлжалланган ялпи ва уруғлик пахта ҳосили барча элементларини, жумладан бир гектардаги ўсимликлар сонини, бир тупдаги кўсакларнинг ўртача сонини, битта кўсак пахтасининг вазнини ҳисоблаб чиқиш билан аниқланади. 
V.Ғўзанинг навдорлиги апробация қилувчи агроном томонидан фермер хўжаликларида ҳар бир нав ва репродукциялар бўйича алоҳида ажратилган участкаларда аниқланади. Бунда ғўзанинг морфологик белгилари ҳисобга олинади. 
VI.Апробация натижалари апробация далолатномаларини тузиш билан расмийлаштирилади. Туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимлари, пахта тозалаш корхоналари ва пахта уруғчилиги лабораториялари дала апробацияси тўғрисида тузилган далолатномалар (1-2-3 шакллар) асосида апробация натижалари ҳақида ҳисобот тузадилар ва апробация тамом бўлгандан кейин 3 кун ичида шу ҳисоботни вилоят Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасига ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига тақдим этадилар. 
Вилоятлар Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари “Вилоятуруғназорат-марказ”, Ғўза уруғчилиги ва “Пахтасаноат” ҳудудий бирлашмалари билан биргаликда дала апробацияси натижасига кўра, уруғлик тайёрлашнинг дастлабки режасига мувофиқ пахта тозалаш корхоналарига уруғлик пахта ва чигит тайёрлаш режасини ғўза навлари ва репродукциялари бўйича тайёрлайди. 
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги эса дала апробацияси натижалари асосида ҳамда “Ўздавуруғназоратмарказ” нинг дала-грунт назорати лабораториясидан олинган маълумотларни ҳисобга олган ҳолда, апробация қилинган ғўзаларнинг навдорлик даражасини тасдиқлайди ва “Ўзпахтасаноат” уюшмаси билан биргаликда уруғлик пахта ва чигит режасини белгилайди. 
2014 йилнинг 1 сентябридан кечиктирмай бу режани ғўза навлари ҳамда репродукциялари бўйича белгиланган тартибда барча вилоятлар Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари, “Пахтасаноат” ва ўўза уруғчилиги бирлашмаларига етказиб беради. Улар ўз навбатида ҳар бир туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимлари, пахта тозалаш корхоналари ва уларнинг пахта уруғчилиги лабораториялари, пахта қабул қилиш масканлари ҳамда уруғчилик фермер хўжаликларига уруғлик пахта тайёрлаш режасини етказадилар.

http://navoiagro.uz/interaktiv-hizmatlar/102-1170za-aprobaciyasini-tkazish-byicha-tavsiyalar.html

 

Категория: Qishloq xo'jaligi | Добавил: azizjon_ibragimov (18.06.2016)
Просмотров: 1326 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar